Солиҳ зурриёт сари

Фарзандлар нега тарбиясиз қолмоқда?

2475 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Фарзандлар нега тарбиясиз қолмоқда?

Асримизнинг энг долзарб ва нозик масалаларидан бири фарзанд тарбияси бўлиб келмоқда. Ҳеч бир ота-она ўз фарзандини ёмон бўлишини истамаслиги аниқ, аммо уни яхши бўлиш йўлида ҳам керакли амалларни ишлата олмаётгани эса ажабланарлидир. Турмуш қуриб, фарзанд оғушида яшаётган кезларда ота-она “уни ундоқ қилиб ўстираман, уни бундоқ қилиб ўстираман” деган хом хаёлларда юради. Ҳақиқий воқеъликка келганда эса, уни чиройли кийинтириб, ёш болалар аравачасига солиб, келин-куёв қўлтиқлашиб юришдан бошқа юмушларга эса эриниб қоладилар. Бола тарбиясини ота-она эплолмаган чоғда, уни мураббийларга, устозларга ҳавола қилинади. Аввал бошда қилинмаётган тарбия, энди мутлақо тўхтайди ёки унутилади. Гўёки мураббий ва устозлар уларнинг топган фарзандларига 100% жавоб берадигандек. Устозлар фарзанднинг тарбиясини олиб борувчи иккинчи даражали кишилардир. Биринчи даражали шахс ота-онадир. Ҳар-бир киши ўзи киришаётган иш илмини билиши шарт.

Намоз ўқувчи шахс, намоз илмини, хажга отланаётган хожи, хаж илмини ўрганиши лозим бўлгандек, оила қўрғонига дохил бўлаётган ота-она ҳам фарзанд тарбиялаш илмини билиши ниҳоятда зарурдир.

     Болаларнинг тарбиясиз қолишидаги жиҳатларга тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик. Чунки ўша жиҳатлар синчиклаб ўрганилар экан, тарбиясизлик мухити озгина бўлсада кўтарилиши ҳамма жамият аҳли учун фойдайи кон бўлади иншааллоҳ.

 

Тарбиясизликнинг келиб чиқиш жиҳатлари:

 

1-жиҳат. Болага Аллоҳ Таъолони танитмаслик ортидан келиб чиқади. Аллоҳимиз ўзи: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканлигини билинг!” – дея мархамат қилган.

                                                                 (Мухаммад сураси, 19-оят мазмуни)

     Мурғак қалб эгаси бу оламни Яратувчиси бор эканлигини билиб ўсса, уни У Зот доим билиб туришини ҳис қилса, алал-оқибат ҳар-бир ҳатти-ҳаракати ва сўзлаган сўзи учун Аллоҳ олдида жавоб бериши муқаррарлигини сезса, ана ўшанинг ўзи энг катта ва ечимли тарбия бўлади.

     Аллоҳнинг Зоти сифатлари хусусида боланинг ёши ва савиясига қараб тушунтиришлар олиб боришлар керак. Улар ёши катталар ўрганадиган ҳажмда илм олишга тоқат қила олмайдилар. Уларга бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсани ўзлаштириб юборишни ҳам таклиф қилиб бўлмайди. Бу ҳол унда илмга нисбатан эриниш ҳиссини вужудга келтиради, ҳатто илм ва унга таъаллуқли ишларни ёмон кўриб қолади.

(Изоҳ: Ёзишни ва ўқишни ўзлаштирган кичкинтойлар учун Бишкек шаҳрида 2006-2007 йилларда чоп этилган “Илм чашмаси”  номли икки жузъли китобни тавсия қилиб ўтамиз. Унда Аллоҳ Зоти – сифати хусусида енгил матнли иборалар ва ҳикоявий жумлалар нашр этилган. Ундан ташқари суюкли Пайғамбаримиз ва бир – қанча набийлар тўғрисида, намоз, рўза, хаж, сахобалар, дўстлик, жаннат, дўзах ва шунга ўхшаш мавзуларда болалар ёши ва савияси эътиборга олинган ҳолда битилган ҳикоя ва шеърлар мавжуд)

     2-жиҳат. Бола суюкли пайғамбиримиз Мухаммад (с.а.в) ни танимаслик ва у кишини яхши кўрмасликдан келиб чиқади. Агар пайғамбар (а.с) қандай киши бўлган ва умматлари учун қандай меҳрибонликлар қилганини билса, бола у пайғамбар хулқига, юриш-туришига эргашмоқчи бўлади. У кишига эргашган ҳар қайси инсон мукаммал инсон даражасига кўтарилади.

     3-жиҳат. Ота-она давомли тарбия ўрнатмаслиги оқибатида келиб чиқади. Қачон фарзандларда феъл-атвор ёмонлашса ё бирор жиноятга қўл урса ўшанда тарбиявий ишларга енг шимарилса, кейин яна ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бир ҳил мувозанат сақланмайди. Тарбия ҳаётнинг энг кичик жабҳаларида ҳам олиб борилиши керак. У таом еб, сув ичишда, ётиш ва туришда, дарсга қатновда ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Кийм кийишда ҳам алоҳида ота-она тарафидан кўрсатмалар бўлиб туриши керак. Ўғил болалар тор, ипак ва тилло либослардан эҳтиёт қилинмоғи зарур. Қиз болалар эса калта, авратларини намойиш қилиб турувчи ва ўғил болаларга мос кийимлардан манъ қилинишлари керак. Имкон қадар ҳар икки жинсга расмли, суратли либос кийишни тақиқлаган афзал. Ойнаи-жаҳон қаршисига ўтказиб қўйиш ҳам уларнинг тарбиясига катта зиён етказади. Ўзининг ёшига, имкониятига мос кўрсатувлар бундан мустасно.

     4-жиҳат. Ота-оналар фарзандларни мутлақо ташлаб, уларга бепарво бўлганликлари оқибатида ҳам тарбиясизлик вужудга келади. Мол-дунё илинжида, тирикчилик важҳи билан бўлиб ота-она болаларига вақт ажрата олмайдилар. Бу бўшлиғ ўрни болада бошқа тарбиялар эвазига тўлади. Бола қаровсизлик оқибатида бошқа “боши берк” кўчаларга кириб қолади.

     Баъзида бу ҳол ота-она йўқлигидан ёки ота ва она ажралишиб кетган оилаларда ҳам рўй беради. Мусулмонлик жамияти шунинг учун азалдан етимпарварлик ғоясини илгари сурган. Қаровсиз қолган болалар кимнидир қарамоғига ўтса, улар қобилятли ва инсофли бўлиб тарбия топишига замин ҳозирланган бўлади.

     Бундан бошқа яна тарбиясизлик кўчасига етаклайдиган жиҳатлар ҳам бўлиши мумкин, ҳар ҳолда бу ўринда ўша жиҳатларнинг кўзга кўринганроқ қирраларини айтиб ўтдик ҳолос. Мақсадимиз ўрганилган ва пайқалган жиҳатларни таҳлил этиб, фарзандларни бетарбия қолдирмасликдир.

- - -