Солиҳ зурриёт сари

Қайнота ва қайнонанинг фарзандлар ўртасидаги мақоми

1668 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Қайнота ва қайнонанинг фарзандлар ўртасидаги мақоми

Ўз фарзандини вояга етказмоқ, уларни ҳам оилали, фарзандли бўлишини гувоҳи бўлиб яшаш ота-она бахтларидан биридир. Ўз хонадонига меҳмон бўлиб келган келинни Аллоҳ учун меҳрибонлик ва ғамхўрлик ила қарши олиш жуда махбуб ишдир. Аллоҳ учун деган иборага урғу берганимиз шундан иборатки, баъзи қайнота-қайноналар одамлар олдида шарманда бўлмай, қуда-андалар ёнида хунук бўлади, деб келинни эъзозлашади, Аллоҳ неъмат қилиб берди, Аллоҳ буюрганидек эъзозлай бу меҳмонни дейиш ўрнини гўё “қалин қор” қоплаб қолгандек. Уй-хонадонга келган келин – бошқа юртдан кўчириб келтирилган ўсимлик кабидир. У эъзозга, чиройли қаровга муҳтождир. Ўша қайнота ва қайнонанинг наслини давом этишидаги иштирокчи шахсдир. Унга бегонадек ёв қараш қилиш, унга хунук ва қўпол муомала қилиш муслим ва муслима ота-оналаримизнинг иши эмас.

     Халқимизда “куёвни пайғамбарлар ҳам ҳурмат қилишган” деган сўз айланиб юради. Бу келинни ҳурмат қилмай, оёқ ости қилиб, ерга қориштириб ташлаш дегани ҳам эмас. Куёв тўра қанча иззат икромга дохил бўлса, келин унданда эъзозланиши зарур ва шарт. Куёв ўз хонадонида, таниш чеҳралар нигоҳида бўлади, аммо келин эса янги хонадон, нотаниш чеҳралар қаршисида юришга мажбур. Қоронғуда қолган кишини етаклаб, унга йўл топиб бергандек, янги хонадонга меҳмон бўлган келинни ҳам йўл топиб кетишига катталар “кўприк” бўлмоғи керак.

     Келиндан айб-кир ахтармоқ учун кунни кеч қилиб, тонг шафақини кутиб ётган ота-оналар жуда бисёрдир. Улар уялмай яна жойнамоз устида Робб Таъолога муножот қиладилар, мусулмон эканликларини фақат сўз билан исботламоқчи бўладилар. Росулуллоҳ (с.а.в)нинг қизларини аввалги турмушларидан мушрик ота-оналари ўғилларига талоқ қилдирганларини ҳам унутмаслик керак. Можаро кескин тус олса келинни кимлиги, нима учун келин бўлиб тушганлиги ҳам эътиборга олинмай қўйилади.

     Қиз узатилгач, уни қабул қилиб олган куёв ҳам қайнота ва қайнона томонидан илиқ қарши олиниши керак. Уни  қизи орқали мутеъ қилишга уринмаслик, уларнинг можароларига сабабсиз аралашмаслик – уларга яхшилик тилашдир.

     Айрим ҳолларда қизни узатган хонадон вакиллари куёвдан ўз яқинларининг талоғини ҳам сўраб олишдек хунук ишдан тап тортмайдилар. Агар эр ўз зиммасидаги вазифани адо қилмаса, оиласига эътибор қаратмай қўйса ҳам унинг йўриғи бошқа, аммо “ҳе йўқ, бе йўқ” ишларда ҳам куёвга қарши чоралар кўриш, ёмон оқибатни келтиради.

     Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қиладилар:  Росулуллоҳ (с.а.в): “Аёлнинг ўз синглисининг талоқ қилинишини макруҳдир. Бундай аёлни бети қурсин! Зеро, унга ҳам кўз тиккан бало бордир!” – дедилар.

                                                                                                (Имом Бухорий ривояти)

     Муъаққал ибн Йасар (р.а) ривоят қилганлар: “Мен синглимни бир кишига эрга берган эдим, у уни талоқ қилди. Кейин, у синглимнинг иддаси тугаганда уни яна хотинликка сўратгани келди. Мен унга: “ мен сени уйлантирдим, уйли-жойли қилдим, иззат-икром қилдим, сен бўлсанг, уни талоқ қилиб, энди яна хотинликка сўратгани келдинг, Аллоҳ Таъоло хаққи, уни энди сира ҳам сенга қайтариб бермаймиз!” – дедим. У ёмон одам эмасди, синглим ҳам уникига қайтиб боришни истарди. Шунда Аллоҳ Таъоло: “Уларга тўсқинлик қилмангизлар!” деган оятни нозил қилди. Мен Жаноб Росулуллоҳ (с.а.в)га: “Энди тўсқинлик қилмайман, ё Росулуллоҳ!” – дедим. У зот: “Уни эрига (қайта) турмушга бер!” – дедилар.

                                                                                                (Имом Бухорий ривояти)

 

- - -