Солиҳ зурриёт сари

Фарзандлар улғайган чоғдаги ота-оналар муносабати

2273 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Фарзандлар улғайган чоғдаги ота-оналар муносабати

Аллоҳ иродаси ила дақиқалар кетидан соатлар, соатлар ортидан ҳафтаю-ойлар, ундан кейин эса бебаҳо йиллар чархпалак айланишидек айланиб ўтиб, кечагина уй ичини жажжи йиғи ва чинқириққа тўлдираётган гўдак балоғат ёшига етиб қолади. Фарзанд балоғат ёшини қарши олар экан, ўзгача олам бунёд бўлади, кечагина йўл-йўриқ, кўрсатма асосида қадам ташлайдиган норасида ўз ўй-хаёллари, тафаккури ва дунёқараши асосида иш кўрмоқчи бўла бошлайди. Ҳар-бир ўзини мусулмон билган ота-она улғайиб, вояга етган бу ёшдаги фарзандлар ҳолатини аввалгисидан фарқлай билиши керак. Йўл-йўриқ кўрсатишда, эркалатиб-суйишда, иш-буйруқ топширишда ўзгача йўл-тадбирларни қўлламоқ керак. Дейлик, бир ота фарзандини ёшлигида қанд-қурс бериб эркалатиб-суйган бўлса, ёши улғайган бола энди бу эркалатишни “бачканалик” деб қарши оладиган бўлади. Аввалги

йўл-йўриқларда оддий бир ишни беш-олти бор айтиб-деб, ақл ўргатиб қилдирган бўлса, энди бундай ҳолдаги йўл-йўриқ ёши улғайган фарзандда ортиқча нафратни, ота-онани эзмаланадиган шахс сифатида ижирғаниш билан қарши оладиган ҳолатга элтиб қўяди.

     Ота-она доим фарзанди ўз қўз ўнгида юргани учунми, ёшлиги муҳрланиб кетиб қолмайдигандек бўлгани учунми, ҳар ҳолда фарзанд ҳаққини баъзида тан олгиси келмайди, уни фикрлари, соғлом маслаҳатларини инкор этиб “ёш боласанда” қабилида муомала қилишда давом этаверади.

     Хаётий тажрибада уламолар ёши улуғларга қараганда илм ва тафаккурда, иймону-диёнатда ёши қуйироқлар орасида ҳам афзал инсонлар шаклланишини исботлаб берганлар.

     Абдуллоҳ ибн Умардан: “Росулуллоҳ (с.а.в): “Дарахтлар орасида бир дарахт бор, баргини ташламайди, у мусулмонга ўхшайди, айтингизчи, бу қайси дарахт?”  - дедилар. Одамлар қишлоқларидаги бор дарахтларни санаб чиқдилар. Менинг кўнглимдан “хурмо дарахти” деган фикр ўтди. Лекин (айтишга) уялдим. Одамлар: “Ё Росулуллоҳ, ўзингиз айтиб беринг!” – дедилар. Росулуллоҳ (с.а.в): “ У хурмо дарахтидир”, - дедилар. Мен кўнглимга келган бояги фикрни отам Умарга айтдим. Шунда отам: “Ўшанда айтганингда-ку, менга фалондақа – пистондақа ишлар насиб бўлиб, яхши бўлар эди”, - дедилар.

                                                                               (Имом Бухорий ривояти)

      Алишер Навоийнинг отаси бўлмиш Ғиёсиддин хонадонида машҳур “Кофия” китобига шарх битган “Шархи мулла” сохиби Жомий ҳазратлари ёш Алишердан тинглаган икки байт эвазига бутун ижодни алмашмоқчи бўлганлиги ҳам билим ва тафаккур ёш танламасликка яққол мисолдир.

     Энди хаёт тажрибасига ўзи эркин эга бўла бошлаган фарзандлар мисолига эътибор қаратилса, улар ўз эркини бировлар орқали бўғилишини истамайдилар. Бу уларни бира тўла тарк этиш дегани ҳам эмас. Балки улар билан муомала-муносабат даражаси олдингидан ўзгариб, уларнинг қалбидаги, тафаккуридаги ўй ва фикрларни ҳам инобатга олиш зарурлигини билдиради. Авваллари “мана бу ишни қил! Бунисини қилма!”, деб буйруқ оҳангида иш юритаётган бўлса, энди “мана бу ишни қилсанг, қандай бўларкин?” ёки “бу ишни ортида ҳалокат йўқмикин” қабилида, у фарзандга ҳам фикр билдириш ўз эркини сақлаб қолиш сифатларини эъзозлаган ҳолда иш юритиш муваффақият келтиради иншааллоҳ.

     “Мана бу ишни қилсанг, қандай бўларкин”, деган жумбоқ фарзандга кўндаланг қилинса, уни тафаккури, билими ота-онасиникидан устун бўлса, етук ва оқилона маслаҳатни айтиши мумкин. Агар тафаккури ва билими ота-онасиникидан ноқис ва заифроқ бўлса, ота-она маслахатига мухтож эканлигини оқил фарзанд ўзи тан олиб, иқрор бўлади. Баъзида ота-она билими, дунёқараши паст ва заиф бўлишига қарамай боласига зуғум қилиб, зулм ўтказади. Тўғри ва ҳаққоний фикр юритаётган, солих ва шаръан жоиз бўлган амалларда иш юритаётган фарандининг роъйиларини ҳам инкор этади ва Аллоҳ тамонидан ато этилган “ҳур”лик эркини оёқ ости қилишиб, махлуқ олдидаги “қул”га айлантирадилар. (Аслида ота-она фарзандини Ҳолиқу-Буюк Аллоҳгагина “қул” қилмоқ учун яшашлари зарур эдику).

“Бир йигит отаси билан бўлган можородан сўнг ноқис ва заиф хулосага эга бўлган ота раъйига юришдан бошқа чораси қолмаганидан афсусда ўтмоқда. У йигит мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, дорулфунунда тахсил олиб, муҳандис бўлмоқчи эканлигини изҳор этди. Аммо далага эрта тонг саҳарлаб кетиб, шом ғира-ширасида қайтадиган “бободеҳқон” отага бу “билоғон, махмадона” ўғилнинг бу фикри маъқул келмади ва “оталаримизни ер боқиб келган, улар меҳнатдан қочишмаган, сенлар эса “оқбилак” бўлиб шинам хонада енгил-елпи иш қилиб, таннозларча хаёт кечиришни ҳоҳлайсанлар, ўргилдим сендақа муҳандису, профессорлардан”, деб жеркиб солди.                                   

     Йигит падари бузруквори билан ортиқча гаплашишга ўрин йўқлигини билиб, бошини қуйи солди ва қора ер устида “тер-тўкиш”га мажбур бўлди.  

     Бу бир оилага таъалуқли бир масалада дейишимиз мумкин. Асло бундоқ эмас! Чунки ўша йигит шу соҳага, ўша фанга “жони” билан, қалби билан ёндошиптими, ўша ишда ўз раъйига қўймоқ керак эди. У етук муҳандис бўлса, халқига, жамиятига қанчадан қанча фойдалар келтириши мумкин эди. Қора ер устида “тер тўкиш” меҳнату, шинам хонада кўркам бинолар, масжиду-мадрасалар лойиҳасини чизиш меҳнат эмасми?!

     Айрим ота-она, ёши катталар қора ишларнигина “меҳнат” деб биладилар холос. Аммо ақл воситаси билан, билим иштирокидаги ишларни эса “енгил-елпичилик” ҳисоблаб, меҳнат сирасига қўшмайдилар. Ваҳолангки ҳамма халқ, элларда “қора меҳнат” ишчиларини топишингиз мумкин, аммо  21- аср ривожига “тоб,бардош” бера оладиган етук билимга эга бўлган “мутахассис” шахсларни эса ҳаммага ҳам насиб бўлмаётганини билиб қўйишимиз керак. Бу ҳам ота-оналарнинг фарзанд фикрини, салоҳиятини инобатга олмасликдаги нозик нуқталардан бирига ишора бўладиган ҳолатдир.

     Имом Бухорий ҳазратлари онаси ва акаси ҳамсафарлигида хажга бордилар. Хаж маносикларини адо қилгач, мусофир юртида қолиб, илм излашга қарор қилдилар. Солиҳа ва тақводор она ўз фарзандининг шаръий раъйига қарши чиқмадилар балки суюкли фарзандини ўзга юртга ташлаб, Бухорога қайтдилар.

  юклаб олиш