Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Беҳудагарчилик”

1435 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Беҳудагарчилик”

Одам боласининг зиёнига, умрининг бесамара ўтишига сабаб бўладиган ишлардан бири – беҳудагарчиликдир. Қилаётган ва қилажак ишидан аниқ бир мақсадни кўзламаслик, дунё ва охират учун алоқаси бўлмаган ҳолатларнинг барчаси - беҳудагарчиликдир. Аллоҳ суйган банда эса барча разолатлар каби - беҳуда сўз ва амалдан ўзини эҳтиёт қиладиган, юз ўгириб кетадиган кимса бўлади. “Улар (яъни Рохманнинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида олийжаноблик билан (яъни ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтурлар”. (Фурқон; 72 – оят мазмуни)

Беҳудагарчилик жуда ёмон иллат, ундан олийжаноб инсонларгина мосуво бўладилар. Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлган аҳли китоблар ҳам исломий таълимотдан қониб ичгач, беҳуда сўз ва амални тарк этадиган бўлганлар. Билганларки,беҳудагарчилик  - умр заволи, охират саодатидан ҳам махрум бўлиш жарига қулатувчи омилдир.

           “Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни яҳудий ва насронийлар орасидаги муминлар) унга (яъни Қуръонга) иймон келтирурлар. Қачонки уларга ( Қуръон ) тиловат қилинса улар: “ Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта у Парвардигоримиз томонидан бўлган ҳақиқатдир. Шак     шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни Аллоҳни ягона билиб бўйинсунувчилар) эдик”, дерлар. Яна ўша зотларга (дину  - иймон йўлида) сабр тоқат қилганлари сабабли ажр мукофотлари қайтақайта ато этилур. Улар яхшилик (яъни сабр – тоқат) билан ёмонликни (яъни кофирларнинг озорларини) дафъ қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ эҳсон қилурлар. Қачонки беҳуда (сўз ё ишни) эшитсалар ундан юз ўгирурлар ва: “Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Биз нодон кимсалар билан (ҳамсуҳбат) бўлишни истаймиз”, дерлар.

                                                                                                                                                                                                                            (Қасас; 52-55 оятлар мазмуни)

           Беҳуда гап ва амаллар ҳозирда ҳам томир отиб, ривожланган ишлар сирасидан бўлиб қолди. Ўтирса ҳам, турса ҳам, ҳамма жойда беҳуда сўз ва амалларга дуч келинадиган бўлиб қолинди. Аммо охирати учун ғам қиладиган, амаллари соф бўлишни орзу этадиган кимса доим беҳудаликдан юз ўгирадиган ва ундан халос бўлиш йўлини излайдиган бўлади.       

         Қайс ибн Аби Ғораза розияллоҳу   анҳу айтди: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам биз бозорда турганиганимизда ёнимизга келдилар ва: “Албатта бу бозорда лағв (беҳудагарчилик) ва ёлғон аралашади. Бас уни садақа билан доғини кетказинглар”, дедилар.

                                                                                                                               (Насаий ривояти)

             Ушбу муборак хадисдан инсон ҳожати тушиб турадиган бозор – лағв ва ёлғон аралашадиган манзил эканлиги, садақалар беришлик билан ўша етган доғларни кетказиш мумкинлигига ишора қилинмоқда. Бозорда инсон тижоратидан кўпроқ фойда топай деб ёлғон    - яшиқни қўрқмай ишлатганда, харидор арзонроқ нарса олсам деган ўй билан матони пастга уриш билан овора бўлиб қолганда қабихлик юзага келади. Бу ўринда содир бўладиган бошқа ҳолатларда ҳам лағв эҳтимоли мавжуд эканки, пайғамбар алайҳис   -  салом ўшандан умматларини огоҳ этган эканлар.

              Саодатдан юз ўгирган кимсалар эса ўзларига зиён бўладиган лағвдан ҳам ёлғондан ҳам ҳеч хавфсирамайдилар. Улар учун бугунги кун “ёғли” ўтса бас. Аммо саодатни орзу этган эркагу     -  аёл пайғамбар ўгитига эътибор қаратиши, уни уқиб амал қилиши ниҳоятда зарур.

          Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Дарҳақиқат  Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар сен жумъа куни имом хутба қилаётганда шеригинг учун: “Жим ўтир!”деб айтсанг, лағв (беҳудагарчилик) қилган бўласан”.

                                                                                                                            (Бухорий ва Муслим ривоятлари)       

           Ибодат учун келган намозхон ҳам лағвга беэътибор бўлмаслиги керакки, ҳатто шеригига насиҳат маъносидаги “жим ўтир!” сўзи ҳам лағв бўлар экан. Шунинг учун бахт сари интилаётган мусулмон беҳуда ва бемаъни иш, сўзлардан  сақланиб, доим қилаётган  ишини ўйлаб, синчковлик  билан савоб умидида,тўғри  йўл  изн берган мақомда бажариши лозим.

          Молик ибн Анас рохимаҳуллоҳга  (хабар)  етибдики, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга бир киши: “Мен  аёлимни юз талоқ қўйдим, менга нима дейсиз”, депти. Шунда ибн Аббос: “Сендан учтаси  талоққа кетипти ва тўқсон еттитасида (эса) Аллоҳнинг оятларини ҳазил-мазаҳ қилипсан”, деган эканлар.

            Оғзига эрк берганлар ана шундай охирини ўйламай, оғзига келганини сўзлаб  юбораверади. Кейин афсус     - надоматга кўмилиб, нима қилсам,нима дейсиз, деб  сарсон бўлиб юради. Саодат йўли эса доим тадаббур ва тафаккур билан иш кўришга ундайди.   

Имом Бухорий: “Ҳар бир Аллоҳ Таъолонинг тоатидан машғул қиладиган кўнгилхуши - ботилдир”, деганлар.

 

- - -