Саодатдан маҳрум бўлганлар

Иймонсизлик

1466 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

Иймонсизлик

Саодатдан махрум этадиган, мустақим йўлдан оғдирадиган энг катта важҳ – иймонсизликдир. Инсонда ўз Яратувчисига иймон, яъни ишонч бўлмаслиги, дунёнинг ўзидаёқ катта ҳалокатдир. Ўзига умр, ризқ ва бошқа барча нарсаларни ато этган Зотни танимаслик, Унга иймон келтирмаслик – бахтиқароликдир. Ислом инсондан аввало иймонни талаб этиши, сўнгра амалга буюришининг ўзи ҳам, иймон инсонга амалдан кўра муҳим эканлигига далолат қилади. Демак, иймонсизликка асосланган амалдан наф йўқ, бахт ҳамда саодат ҳам йўқ! Ўтмишда яшаб ўтган қавм ва халқлар турмушига назар солганимизда ҳам фақат нажотга иймонли бўлганларигина эришдилар. Иймондан юз ўгириб, иймонсизликка юз тутганлари эса жиноят ва маъсият жарликларига қуладилар. Амаллари турли-туман, эгрилик ва ноҳақликлар устига бино қилинди. Чунки Ягона Зотга иймон келтирган инсонгагина хақ йўл ва унинг устидаги амал очиқ-равшан бўлади.

Парвардигорини танимаган, унга ишонч ҳосил қилиб, иймон келтирмаган кимсаларга амал йўли зулматли кечадек ёруғ ва равшан бўлмайди. У тўғри иш қиляпман деб гумон қилади ва ўйлайди. Лекин залолатдан бошқа нарсага эриша олмайди.

     Иймондан бенасиб қавмлар ўзларини яхши амал устидамиз деб ўйлаганлари учун, бутга сиғинишни, қиз фарзандларини кўмишни, аёлларни қулдан кўра хор аҳволга солишлари одатий бир расм-русмга айланган. Йиллар, асрлар мобайнида маъсиятлар исканжасида, бўғма илон бўғувида қолгандек яшаб келишган. Иймонсизлик ана ўшандай қабихликларга ботишликни раво этадиган йўлдир. Тўғрилик ва саодат йўлини фақат Ягона Аллоҳгина насиб этади. Инсон ҳар қанча чираниб, тиришса-да ўзи хақ бўлган, саодатга элтадиган йўлни топа олмайди.

     “Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар”.

(Анъом; 82-оят мазмуни)

     Хотиржамлик ва ҳидоят учун иймон зарурлиги, иймон эса ширк билан қўша бўлмаслиги – Қуръон таълимотидир. Зеро, иймонгина инсонни тўғри амал қилишга йўллайдиган илоҳий, ягона омилдир.

     Яна иймон ортидан иймонлиларга Аллоҳ томонидан ёрдам берилади. Аллоҳнинг ёрдамисиз эса ҳеч бир жонзот бирон бир муваффақиятга ҳаргиз эргашолмайди.

     “Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга хаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз”.

(Ғофир; 51 оят мазмуни)

    Иймон Аллоҳ Субханаҳу ва Таъологина берадиган неъматлиги кўпчилик англаб етадиган ҳол эмас. Бошқа ҳис-туйғулар инсонга жасади билан қўша берилса, иймон Аллоҳ ирода этган бандаларгагина берилади холос. Иймон сабабли кишилар, бошқа иймонсизлар кўролмайдиган ва ишонмайдиган ҳолатларни кўра биладилар ҳамда аниқ ишонадилар. Иймонсизлар бугунги мавжуд ҳолдан ҳам бехабар бўладир ва ўзлари кутмаган бало-офатларга рўбарў бўлиб, ҳаловатларини йўқотадилар.

     “Иймон келтирган кишилар агар Аллоҳ ҳоҳласа, шак-шубҳасиз (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу Аллоҳ учун ҳеч нарса эмаслигини) билмадиларми? (Лекин Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У Зот ҳидоят йўлига юриш ё юрмасликни бандаларининг ихтиёрига ташлаб қўйгандир)   То Аллоҳнинг ваъдаси келгунча (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатх қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилур). Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. (Эй Мухаммад) сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам кулиб – масхара қилганида, Мен ўша (пайғамбарларни ёлғончи қилиб) куфр йўлини тутган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб, сўнгра уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз). Ҳар бир жоннинг қилган амали устидан (кузатиб) тургувчи зот (ҳеч нарсани кўрмайдиган , эшитмайдиган жонсиз бутларга ўхшайдими?) Улар (махлуқларни) Аллоҳга шерик қилиб олдилар. (Эй Мухаммад, уларга) айтинг: “У бутларингизнинг номларини (ва уларнинг қўлларидан келадиган ишларини) айтинглар-чи? Балки (Аллоҳга) Ер юзидаги билмайдиган бирон нарсасининг хабарини берарсизлар?! Ёки фақат юзаки гап билан (яъни, ҳеч қандай иш-амал қўлидан келмайдиган жонсиз нарсаларни қуруқ сўзларга ишониб худо деб сиғиниб юрибсизларми?”) Йўқ. Куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг макр-алдовлари чиройли кўрсатилди ва улар ҳақиқат йўлидан тўсилдилар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам азоб бўлур. Аммо охират азоби оғирроқ қаттиқроқдир. Уларни Аллоҳ (азоби)дан сақловчи бўлмас”.

(Раъд; 31-34 оятлар мазмуни)  

     Аллоҳ бирон бир кимсани адаштирса, у хақ, иймон йўлини топа олмайди. Шунинг учун ҳар-биримиз Ягона Аллоҳнинг ўзидан иймон, ҳидоят сўраб, илтижо қилишимиз ҳамда иймон берилгандан сўнг эса, уни йўқотиб қўймаслигимиз учун У Ягона Зотга талпиниб, сиғинишимиз лозим. Чунки У Зот агар иймон, ҳидоят ато этмаса, ёки ҳидоятдан сўнг қалбимизни хақдан оғдириб юборса, иймонсизликка юз тутамиз. Иймонсизлик эса бизни дунё ва охиратдаги саодатдан четлатиб, махрум этадиган жуда ёмон оқибатдир.

     “Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин энди дилларимизни хақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан рахмат ато эт! Албатта Сенгина барча яхшиликларни ато этувчисан! Парвардигоро, албатта Сен одамларни ҳеч шак-шубҳасиз келадиган бир Кунга тўплагувчисан. Албатта Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмагай! Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир”.

(Оли-Имрон; 8-10 оятлар мазмуни)

     Меҳнат қилиб, ҳаракат ва жидду-жаҳд билан топилган мол асқотмаса, боқиб катта қилган, вояга етказиб, ундириб-ўстирган фарзандлар наф бермаса – бу қандай бахтиқаролик бўлди?! Бу иймонсизлик оқибати бўлган – куфр йўлини тутишликнинг айнан ўзгинаси! Иймонсизликнинг оқибати эса – дўзахга ўтин бўлишлик билан якун топишидирки, Аллоҳ ундан Ўзи сақласин!

     Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

     “Парвардигоро! Бизни иймонда ва ишончда ҳамда фиқҳда зиёда қилгин!” дер эканлар.

(Имоми Ахмад ривояти)

     Умайр ибн Хабиб ибн Хумома айтганлар:

     “Иймон зиёда бўлади ва нуқсонланади. Айтилиндики: Нима сабабдан зиёда бўлади-ю, нима сабабдан нуқсонга учрайди (яъни, камаяди, заифлашади)? (Жавоб қилиб) айтдиларки: Агар Роббимизни ёд этиб, эсласак ва Ундан қўрқсак анашу унинг зиёдалигидир. Агар биз ғофил бўлсак ва унутсак ҳамда зоеъ қилсак анашу унинг заифлашувидир!”

     Фузайл ибн Иёз рохимаҳуллоҳ иймонни тушинтира туриб, у – шаҳодат (яъни гувоҳлик бериш)дан иборатлиги, фарзларни адо этгандан кейин эса; тўғрисўзлик, омонатни сақлаб, мухофаза эта олишлик, хиёнатни тарк этишлик, аҳдга вафо қилишлик, силайи рахмни қойим этиш, жамики мусулмонларга насиҳат қилиш ва одамларнинг оммасига рахм-шафқатли бўлиш, дея таърифлаган эканлар.

     У кишининг сўзларидан иймон жуда кенг қамровли эканлиги намоён бўлмоқда. Инсон ўша нарсаларни батамом қилувчиси бўла олса, иймоннинг барча жиҳатларини ўзида мужассам эта олган мартабага кўтарилади. Яна ўша кишидан Хатиб ал-Бағдодий нақл қилишларича, иймон - орзу-ҳавас билан адо бўлмаслиги лекин у қалбдаги виқор ва амаллар билан тасдиқ этиладиган нарса эканлигига далолат қилганлар.

     Умар ибн Абдулазиз: “Албатта иймоннинг фарзлари, ҳолатлари, чегаралари ва суннатлари бор. Ким уни мукаммал этса, иймонни мукаммал этибди. Ким уни мукаммал этмаса, иймонни мукаммал этмапти”, деган эканлар.

     Имом Бухорий эса: “Юрт ва шаҳарларда мингдан ортиқ уламоларни учратдимки, улардан бирортасини; Иймон – сўз ва амалдир, у зиёда бўлади ва заифлашади деган (қоидага) ихтилоф қилганларини кўрмадим”,

(Асқалоний; Фатхул Борий)

     Иймонсизларнинг баъзи даъволари бор; улар – агарки иймонли бўлишмасалар ҳам яхшилик қилувчимиз, биз ёмонликни ҳоҳламаймиз дейдилар. Яхшилик сўзи нима?! Одамни хаётига келган иш-амал барчаси яхшилик бўлаверадими?! Бу саволларга иймонсизларнинг кўнглига келган нарсаларни яхшилик деб аташлари, фол очишдек ишга айлантириб олганларидан жавоб изласак, оз миқдорда бўлсада жавоб олармиз!

     Жоҳилят пайтида иймонсизлик асоратидан юққан бир “дард” бор эди. Хаж амалини адо қилиб келаётган кимсалар доимий кириб юрган эшикларидан кирмай, уйларининг орқа томонидан киришни яхшилик деб пайдо қилган эканлар. Чунки бу яхшилик уларнинг кўнгилларига мос ва чиройли кўринган. Аммо барчамизнинг Роббимиз бу ишни бефойда иш эканлигини маълум қилган.

     “Уйларингизга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқинг! Шояд нажод топсангиз”.

(Бақара; 189-оят мазмуни)

     Демак, инсон ўй-хаёлига келган, маъқул ҳисоблаган нарсаси яхшилик бўлмайди. Фақат Яратган Зотгина яхшилик деб айтган ишларгина – яхшилик бўлади!

     Агар инсоний ақл билан ҳам фикр юргизиб кўрилса, ҳамма ўзига ёққан ва ўзининг нафси ҳоҳлаган ишни яхшилик деб атайверса, ўйлаб кўринг қанча-қанча сохта яхшиликлар вужудга келади. Ароқ ичиб, кайф қилаётган, тан сотиб фахш бозорини қиздираётган, қимор ўйнаб бировнинг хаққини “осон” ютиб олаётган, ўша ёмон ишлари ортидан садақаларни берган одам бўлишиб, ўзларини улар – биз ёмонлик қиляпмиз деб иқрор бўлавермайдилар. Балки улар ўзларини яхшилик қиляпмиз, деб даъво қиладилар. Хулоса шуки, Ёлғиз Аллоҳгина яхшиликни белгилашга хақли, У ҳамма нарсани яратган, ҳамманинг сир-асрорларини ҳам Ўзи билади. Бизга нима наф, нима зарар эканлигини ҳам билади. Бизга Роббимиз ҳеч қачон ёмонликни ва зиённи раво кўрмайди. Шунинг учун яхшилик нима деб, Парвардигордан билмоқчи бўлсак, яхшиликнинг аввали – боши иймон эканлиги, ундан сўнг эса солих ишлар ўрин олганлиги маълум бўлади.

     “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу-жадал пайтида сабр-тоқат қилгувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар”.

(Бақара; 117-оят мазмуни)

       Яхшиликнинг чўққиси - иймон демакдир. Иймонли  муъминларга  Аллоҳ  ажойиб  хислатларни ато этганки, иймонсизлар ўша хислатлардан ҳам махрум этилганлар.

      Диққат  қилган  бўлсангиз,  аввалги  сатрлардан  бирида,  иймонсизлар  ҳозирги  мавжуд    нарсаларни  ҳам  англай   олмайдилар  ва  кўра   олмайдилар   деб  айтиб  ўтилган  эди. Дарҳақиқат  иймонлиларга  Аллоҳ  Субҳанаҳу  ва  Таъоло  баъзи  нарсаларнинг  ҳақиқатини  кўра  билишлиги  учун  фаросат аталмиш   хислатни  инъом  этган.                                                

       Абу  Саъид   ал - Худрий   розияллоҳу   анҳудан  ривоят  қилинганки:  Росулуллоҳ   соллоллоҳу  алайҳи  васаллам: “Муъминнинг фаросатидан қўрқинглар! Албатта у Аллоҳнинг нури билан қарайди”,  дедиларда, ’’Албатта, бу  (ҳодиса) да  фаросатли  кишилар  учун  оят  ибратлар  бордир’’, деган  оятни  ўқидилар’’ (Эслатма: ўша  оят  Хижр   сурасининг  75 -  оятидандир) 

                                                                                            (Тирмизий  ва  Тобароний  ривоятлари)

         Иймонли  муъминга  ана  шундай  илғаб  олиш  жуда  қулай  бўлган  фаросатни  Аллоҳ ато  этган. У  билан  бошқаларга  номаълум  бўлиб  турган  нарсаларни  билишга  муваффақ  бўлинади.  У  фол  ҳам, сеҳр  ҳам, башоратчилик  ҳам  эмасдир!

          Анас  розияллоҳу  анҳу  айтдилар:”Росулуллоҳ  соллолоҳу  алайҳи  васаллам: “Албатта  Аллоҳнинг  бандалари  (борки), улар  одамларни  фаросат  билан  биладилар  (англайдилар)”,деган  эканлар.

                                                                                                    (Тобароний  ривояти)

         Аллоҳ Табарока ва Таъоло иймон аҳлига ана шу ажойиб хислатни ато этганини Қуръон оятлари ичида баёнини берганига уламоларимиз ишора этганлар. Юсуф алайҳис-салом туш кўриб, у тушни оталари Яъқуб алайҳис-саломга айтганда, оталари ажойиб фаросат ила унга эҳтиёт бўлиш тадоригини маслаҳатини берган эканлар.

      “Эсланг, Юсуф отасига деган эди: “Эй ота, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш. У (отаси) деди: “Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар. Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир”. Шунингдек, (яъни, сенга шундай улуғ туш кўришни насиб этгани каби) Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга барча тушларнинг таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исхоққа комил қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам, Ўзининг (пайғамбарлик) неъматини комил қилиб берур. Албатта, Парвардигоринг илм ва ҳикмат соҳибидир”.

                                                         (Юсуф;  4 -  6 оятлар мазмуни)

Пайғамбарлар - иймонлиларнинг сардоридирлар. Уларга ақл-заковат, зеҳн ва фаросат берилганки, Яъқуб пайғамбар ҳам  ўғли Юсуфга кўрган тушини ҳаргиз акаларига айтмасликни тайинлаган. Чунки отаси бу иш ортида ёмон оқибат келиб чиқмаса деган  ўйга борган экалар.

         Шунинг учун бўлса керак, акалари Юсуфни ўйнагани олиб боришлари учун сўраганларида, хавотирланиб уларга сўз сўзлаганлар.

        (Юсуфнинг акалари Яъқуб алайҳис-саломнинг олдига келиб) дедилар: “Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз уни шак-шубҳасиз холис яхши кўрувчилармиз-ку. Уни эртага биз билан айланишга юборгин, ўйнаб ёзилиб келсин. Албатта, биз уни қўриқлаб муҳофаза қилгувчилардирмиз”. (Яъқуб) деди: “Уни олиб кетишларингиз мени махзун қилур. Мен сизлар ғафлатда қолиб уни бўри еб кетишидан қўрқурман”.

                                                                                                    (Юсуф; 11-13 оятлар мазмуни)

       Бадниятли акалар Юсуф алайҳис - саломга хасадлари келиб, уни отасидан сўраганларида, отаси ўшандай хавотирни билдирган бўлди. Улар эса оталарига аҳд ва ваъда беришиб Юсуфни ўзлари билан олиб кетишди.

       Яъқуб алайҳис - салом билдирган хавотир ўз тасдиғини топди. Акалари Юсуфни қудуққа ташлашиб, унинг кўйлагига ёлғондан қон томизишиб, оталарининг ҳузурига (макрли) йиғи билан кириб келишган.

        “Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келишиб: “Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан’’, дедилар. Ва унинг (Юсуфнинг) кўйлагини ёлғон қонга (яъни бир қўйни сўйишиб ўшанинг қонига) бўяб келтирдилар. (Шунда Яъқуб) айтди,” Йўқ, сизларга ҳавойи нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ, мусибат) устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир’’.

                                                                                                      (Юсуф; 16-18 оятлар мазмуни)

   Фаросат ила гапирган Яъқуб алайҳис - салом қиссасини Қуръондан ўқиган кимса, унинг фаросатини тез ва равшан илғаб олиши қийиин эмас. Аллоҳ ана шундай қилиб, ўзининг ҳоҳлаган бандаларига баъзи ишларнинг оқибати ва уни қилиш ёки қилмаслик борасида кўнгилларига ажойиб ҳолатларни солиб қўяр эканки, ўшандай ҳолатлардан бири - фаросат ишлатиб, ишнинг оқ-қорасини  ажрата  билиш  экан.                                                                                       

        Юсуф   ҳақида   қилган  ҳавотиридан   ташқари, ўғилларининг ҳавойи нафслари  ёмон  нарсани  чиройли қилиб  кўрсатишлари  ҳақидаги  хавотирни  англаб, айтиши  ҳам  у  кишининг  яна ўткир  фаросатларига  ёрқин далилдир.

        Қуръон  қиссалари  ичида  Билқийс (яъни  Яман  мамлакатининг  Сабаъ  шаҳрида  маликалик  қилган   аёл) донолиги, фаросати ҳам баён этилган.

       (Қачон ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб малика Билқийснинг олдига ташлагач) у деди: “Эй одамлар, ҳақиқатан менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Сизлар менга кибр – ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйинсунган ҳолингизда келингиз!” (Малика) айтди: “Эй одамлар, менга бу ишимда фатво – маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилгувчи эмасман”. Улар дедилар: “Бизлар куч – қувват ва журъат эгаларидирмиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар эса сенга итоат этурмиз)”. У айтди: “Аниқки подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этурлар, аҳолисининг обрў – эътиборлиларини эса хор – зор қилурлар. Уларнинг қилмиш – одатлари шудир. Мен уларга бир ҳадя юбориб кўрайчи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар”.

(Намл; 29-35 оятлар мазмуни)

     Билқийснинг:   “Ҳадя  юбориб  кўрайчи”,  деган  фаросатли  тадбирлари  жуда  донолик  белгисидан  аломатдир. Чунки, Билқийс - доно  малика   эди. У  ҳадя  юбориш  билан  Сулаймон  алайҳис -  саломнинг  ҳақиқий  пайғамбарми  ёки  оддий  босқинчи  подшоҳми  эканлигини  имтиҳон  қилади. Маликанинг  фикри шундай  эди: “У  агар  оддий  подшоҳ  бўлса, ҳадяни  дарҳол  қабул қилади, демак унга қарши ҳужум уюштириш ҳам мумкин бўлади. Энди агар у Аллоҳ Таъолонинг пайғамбари бўлса ҳадя қабул қилмайди, у ҳолда унга бўйинсуниш лозим бўлади”.

        “Бас қачонки (Билқийснинг элчилари унинг юборган ҳадясини олиб) Сулаймон (ҳузурига) келгач, у деди: “Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингизки), Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку-давлат) У зот сизларга берган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқдир). Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгинки, агар ҳузуримга бўйинсунган ҳолларида келмасалар) албатта биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида қувиб чиқарурмиз”.

(Намл; 36-37 оятлар мазмуни)

       Билқийснинг элчиси унинг олдига ҳадя билан қайтиб бориб Сулаймон алайҳис-саломнинг жавобларини етгазгач, у: “Бу оддий подшоҳ эмаслигини билган эдим”, деди ва Сулаймон пайғамбарга: “Мен сенинг кимлигингни ва даъват қилаётган дининг қандай дин эканлигини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга бормоқдаман”, деган хабар билан чопар юбориб, ўзи ўн икки минг одам билан йўлга тушди.

       (Қачонки маликанинг келиши яқинлашиб қолгач, Сулаймон унинг фаҳму-фаросатини синаш учун) деди: “Унинг тахтини танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўйинглар, у (ўз тахтини танишга) йўл топурми ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан бўлурми, кўрурмиз”. Энди қачонки у келгач: “Сенинг тахтинг шундаймиди?”дейилди. У ҳайратга тушиб: “Худди ўшанинг ўзи-ку”, деди. Шунда Сулаймон айтди: “Алхмдулиллаҳки”, бизларга ундан илгари илм маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз. Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофир қавмдан эди. (Маликага): “Саройга киргин”, дейилди. Энди қачонки у (саройни) кўргач, уни сув деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон): “Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир”, деди. (Малика) айтди: “Парвардигорим, дарҳақиқат мен жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар ҳожаси Аллоҳга бўйсундим”.

(Намл; 41-44 оятлар мазмуни)

      Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (ўзларининг фаросат - зеҳнлари кучлилигига далолат этиб) : “Мендан бирортаси бирон нарса (ҳақида) сўраса унинг фақиҳ ёки фақиҳ эмаслигини биламан”, деганлар.

       Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: “Одамларнинг фаросатлироғи учтадир;

Юсуф давридаги Азиз. У аёлига: “У (Юсуф) ни яхшилаб жойлаштиргин! Шояд бизга фойдаси тегса ёки уни ўзимизга фарзанд қилиб олсак”, деган эди. (Юсуф; 21-оят мазмунидан)

 Шуъайбнинг қизи отасига Мусо ҳақида: “Уни ижарага олсангиз!”  деган эди. (Қасас; 26-оят мазмунидан)

  Абу Бакр ўз ўрнига Умарни ўринбосар этиб тайинлаган эди”.

         Ибн Масъуднинг бу ривоятидан маълум бўлаётган нарса шуки, фаросатлироқ бўлган кимсалардан бири Юсуф алайҳис- салом замонасидаги Азиз (яъни Миср юртнинг катталаридан бири) Юсуфни қудуқдан олиб сотишганда харид қилиб олиб, ўзининг аёлига Юсуфни топишра туриб, у боладан яхшиликни умид қилган экан.

        Иккинчиси, Шуъайб пайғамбарнинг қизи ўзларига ёрдамлашиб , уларга нигоҳ ташламай, тақво билан иш кўрган Мусо алайҳис-саломни ишчи қилиб ёллаш борасида, отасига маслаҳат солган эканлар.

            Учинчиси, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафотларидан аввал Умар розияллоҳу анҳуни ўзларининг ўринларига номзод этиб кўрсатишлари, мусулмонларга фойдайи кон бўлган.

             Бошқа ривоятда эса  яна фаросатли кимсалар рўйхатига Фиръавннинг аёли (Осиё) ҳам қўшилган.

             “Фиръавннинг хотини (унга):  “(Бу бола) мен учун ҳам,сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни            ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса уни бола қилиб олсак”, деди”.

 (Қасас; 9-оят мазмунидан)                                                                                                                                                          

      Боладан мурод Мусо алайҳис –салом бўлиб, оналари Фиръавн зулмидан Мусони қутқариб қолиш учун, уни сандиққа солиб ташлайди. Сандиқда кетаётган жажжи Мусони Фиръавннинг аскарлари тутиб олиб, Фиръавн ҳузурига олиб келишганда, Осиё онамиз эри Фиръавнга юқоридаги оятда васф этилганидек, болани болани олиб қолганлар.

                  Абдуллоҳ ибн Равоха розияллоҳу анҳу шеър (назмий) ҳолда Набий соллоллоҳу алайҳи васалламга: “Дарҳақиқат фаросат билан сизни билдимки, сизда яхшилик бор, билурман уни!

 Аллоҳ билувчироқдир, дарҳақиқат мен кўришнинг собит-мустаҳкамидурман!” деган эканлар.

                   Умар розияллоҳу анҳу олдиларидан Саввад ибн Қориб ўтиб қолганларида, у кишини мутлақо танимас эканлар: “Менинг гумоним хато қилди, албатта бу коҳин (фолбин) ёки жоҳилиятда коҳинликни билган (кимса) бўлган дептилар. Қачонки (ибн Қориб) келиб, у (Умар)нинг ҳузурида ўтиргач, ўша сўзни Умар унга айтди. (Шунда ибн Қориб): 

-Субханаллоҳ, эй муъминларнинг амири сизнинг суҳбатдошларингиз сиз менга кўндаланг қилган нарсага ўхшаш нарсани бирортаси кўндаланг қилмаган эди, деди.

   Умар розияллоҳу анҳу дедилар:

-Биз жоҳилиятда ундан-да улуғроқ (гуноҳ) ичида бўлганмиз. Лекин сен мен сендан сўраган нарсамнинг хабарини айтчи!

-Тўғри сўзни айтдингиз, эй муъминларнинг амири! Мен жоҳилиятда коҳин бўлган эдим, деди.

        Имоми Шофеъ ва Мухаммад ибн Хасан икковлари Каъба (атрофидаги) кенгликда эдилар. Бир киши масжид эшиги олдида эди. Икковларидан бири:

-Менинг билишимча эшик олдидаги киши уста-дурадгордир, деди.

Бошқаси айтдики:

-Балки темирчи бўлса керак!

Кишининг олдида ҳозир бўлишга шошилишди ва ундан сўрашган эди, у киши:

-Уста -дурадгор бўлган эдим. Ҳозирги кунларда эса темирчиман, деб жавоб қилди.

       Абдуллоҳ ибн Салом яҳудийлар ичидаги олим кишилардан бўлиб, пайғамбарни Мадинага келгани борасида сўзлаб, шундай деган эдилар:

       “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган чоғларида одамлар у кишининг ҳузурига шошиб кела бошлашди. Мен одамлар орасида у кишини кўришлик учун келдим. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг юзида равшан-очиқликни кўрдим. Билдимки, у кишининг юзи –  ёлғончининг юзи каби эмас эди...”

                                                                                             (Тирмизий, ибн Можжа ва Доримий ривоятлари)

    Дарҳақиқат Аллоҳ Хақ Таъоло иймон аҳлига ана шундай  фаросатни ато этдики, у хислат  иймонсизларда топилинмас, ноёб хилқатдир. Шунинг учун иймонсизлик-кўзнинг кўр бўлуви, қулоқнинг кар бўлуви  каби хақни ажратолмаслик, тўғриликка юра олмаслик дардига мубтало этади. Иймонсизлик оқибатида қанчадан-қанча қавм, кимсалар сиротул –мустақийм йўлидан тойилдилар, Ягона илоҳга сиғиниш ва иймон-ислом мазасини тотгувчи бўлмадилар. Иймонлилар эса иймон лаззатини тотиш билан бирга қувватли зеҳн, мустаҳкам ақл-идрок ва фаҳм-фаросатга ҳам муяссар этилдилар.

- - -