Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Ёмонлик оқибатидан огоҳлантириш”

1507 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Ёмонлик оқибатидан огоҳлантириш”

Меҳрибон Аллоҳимиз инсониятни эгри йўл, саодатдан махрум этажак амалдан огоҳлантириш берганки, уни илғаш учун бахтиқаролар ҳолини идрок этиб, ундай ҳолга тушиб қолишдан Яратгандан паноҳ сўрамоғимиз лозим. Қуйида ўрганадиган мавзуимизда куфр келтирган, мусулмонликдан юз ўгирган, дунё ҳою-ҳавасларига кўмилиб, огоҳлантиришдан четда қолганлар холини ўрганамиз. “Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китобнинг – равшан Қуроннинг оятларидир. Ҳали (қиёмат куни) кофир бўлган кимсалар мусулмон бўлишни истаб қолурлар. (Эй Мухаммад), уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар, орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Бас яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар”. (Хижр; 1-3 оятлар мазмуни)

     Дунёда огоҳлантиришдан етарли хулоса чиқармаганлар, қиёматга бориб “ақллари” яхши ишлаб қолар экан-ки, мусулмон бўлишни ўзларининг истаги қилиб қоларканлар. Имтихон тугаганда “кўз очилиши” ҳеч қачон натижага элтмайди. У кунги надомат ҳам “чақа”га қимматдир.

     (Эй Мухаммад), аниқки, Биз сиздан илгари ўтган, аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб қолган эдилар. Шунингдек, уни (яъни пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз. Улар унга (Қуръонга) иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг суннатлари ибратлари ўтгандир (яъни аввалги кофирлик билан ўтган кимсаларнинг оқибатлари нима бўлгани маълумдир). Агар биз уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, албатта улар: “Шак-шубҳасиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган кишилардирмиз”, деган бўлур эдилар”.

(Хижр; 10-15 оятлар мазмуни)

     Огоҳлантириш вазифасини Хақ Таъоло ўзининг элчи-пайғамбарларига юклаган. Аввалги мавзулардан маълумки; Нух, Иброҳим, Лут, Мусо, Ийсо пайғамбарлардан биронтасининг огоҳлантириши куфр келтирганларга наф бермаган. Шунингдек сўнгги пайғамбар Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга-да кофирларнинг муносабати аввалги кофирлардан яхши-ижобий томонга ўзгаргани йўқ. Ҳатто уларга самодан дарвоза очилиб, унга кўтарилиш неъмати берилса ҳам, уни Аллоҳнинг мўъжизаси деб эмас, “сеҳр”, деб бахтиқаро бўлишлари юқоридаги оятлардан маълум бўлмоқда.

- - -