Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Ахнас ибн Шарийқ”

1533 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Ахнас ибн Шарийқ”

Ўзини мусулмон кўрсатиб, тилёғламачилик билан машғул бўлган яна бир йирик мунофиқ кимса Ахнас ибн Шарийқдир. У пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келиб, ўзининг ҳақиқий муъмин эканлиги ҳақида ёлғон қасамлар ичиш билан пайғамбарнинг кўнгилларини ўзига хайриҳоҳ қилишга уринган экан. Барча ишлардан Хабардор бўлган Хақ Субханаҳу ва Таъоло у мунофиқ Ахнас ҳақида учта оят нозил қилиб, ўз пайғамбарини огоҳлантиради ва у мунофиқнинг муъминларга етказаётган зиёнларини одамларга ошкор қилади. “(Эй Мухаммад) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги “иймонига” Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганда эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: “Аллоҳдан қўрққин”, дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!” (Бақара; 204-206 оятлар мазмуни)

     Тобарий келтирган далилда ҳам юқоридаги оятлар Ахнас ибн Шарийқ ас-Сақафий хусусида нозил бўлгани қайд этилган.

     Мужоҳид “экин ва наслларни ҳалок қилиш учун” ояти тахтида шундай деган эканлар: “Агар (кимса) ерда фасод-бузғунчилик ҳолда юрса, Аллоҳ (ёмғир-сув) томчини манъ қилиб қўяди. Бас (шунда) экин ва насл ҳалок бўлади”.

     Мунофиқ кимса бузғунчилик қилиб юрар экан, унинг сабабидан ер устидаги наботот (ўсимлик) ва хайвонотга ҳам зарари-касоди тегиб турар экан. Гўёки бир жой химикат ёки куйдиргувчи бирор ашё тушса ўша жойдан нарса унмагани янглиғ, Ахнас ибн Шарийқ сингари мунофиқлар жамиятга ҳам, табиатга ҳам офатлар келишига сабаб бўларкан.

     Ахнаснинг ва унинг маслакдошлари бўлган мунофиқларнинг кўриниш-сифатларидан яна бири – “Аллоҳдан қўрққин!” дейилса, кибру ҳавога минишидир. Барча ҳам ўзига қилинажак панд-насиҳатни “ўзимга фойда”, деб қабул қилавермайди. У фақат ва фақат иймонлиларга хос табиат – хулқдир холос. Аммо мунофиқлар ўзларига қилинадиган иршодни, айниқса Улуғ Аллоҳни эслатиб, ундан қўрқиш тавсия этилганда ҳам, ғазаби келиб кибрга кетади. Унга фақат “жаҳаннам”гина бас келар экан холос.

- - -