Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Абдуллоҳ ибн Салул”

1372 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Абдуллоҳ ибн Салул”

Пайғамбар алайҳис-салом Мадинага ҳижрат қилиб келиб, қарор топганларидан кейин мунофиқлик тоифаси вужудга келди. Бу тоифа – пайғамбар ва мусулмонларга кўп зиён ва азият етказувчи – тоифа бўлиб, буларнинг бошлиғи ва етакчиси Абдуллоҳ ибн Салул бўлган. У зоҳирдан мусулмонликдан сўзласада, ичи ва қилаётган ишлари ислом ва мусулмонларга қаттиқ адоватидан далолат бериб турарди. Унинг кирдикорларини ва жиноятларини Аллоҳ Хақ Табарока ва Таъоло Қуръон оятлари орқали баёнини берган.

     “Улар (ўзларининг тобеъларига): “Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар, токи улар тарқалиб кетсинлар”, дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки осмонлар ва ер хазиналари ёлғиз Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар. Улар: “Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур”, дерлар. Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва муъминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар”.

(Мунофиқун; 7-8 оятлар мазмуни)

     Ушбу оятлар нузули ҳақида шундай дейилган. Пайғамбар алайҳис-салом саҳобалари билан Бани Мусталақ қабиласига қарши жанг қилиб ғалаба қозонганларидан сўнг Мадинага қайтаётганларида бир мунофиқ кимса муҳожир(Маккадан келган) мусулмонлардан бири билан сув талашиб жанжаллашиб қоладилар. Шу пайт ўша ерда ҳозир бўлган Абдуллоҳ ибн Салул ҳалиги муҳожир ва умуман барча муҳожир мусулмонлар ҳақида ножўя сўзлар айтиб, уларни ҳақорат қилади ва ўз қавмига қараб: “Бу келгиндиларга (яъни муҳожирларга) ёрдам ва хайр-саховат қилманглар, токи улар Мухаммадни ташлаб ўз юртларига қайтиб кетсинлар. Ҳали Мадинага қайтганимизда албатта кучлилар (яъни бизлар) кучсизларни (яъни мусулмонларни) Мадинадан қувиб чиқаради”, дейди. Аммо кейинроқ, пайғамбар алайҳис-салом бу воқеадан хабардор бўлганларидан кейин ундан: “Сен шу гапларни айтдингми?” деб сўраганларида эса қасам ичиб айтган сўзларидан тонади ва ёлғон қасамни қалқон қилиб олади.

     Бу мунофиқ доим ичидаги ёмонликни яшириб юришга, зимдан душманлик қилишга интилади. Юқоридаги воқеада ҳам айтган сўзидан тониб, уни айтмаганман дейиши бунга яққол мисол. У каби инсонлар ҳозирда ҳам топилади. Берган ваъдасидан, айтган сўзидан тониб, “бетини юлувчи” муттаҳам кимсалар ибн Салулнинг “ҳамкасб” ларидир.

     Абдулоҳ ибн Салул душманлик жиноятидан ташқари, тан сотиб, фаҳш ишни қилишлик устида “даллол” ҳам бўлган. Шу жирканч иш билан пул-мол топиш учун ўзининг икки чўрисини зинокорлик қилишга мажбурлаган. Улар пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига у мунофиқнинг устидан шикоят қилиб келганларида Аллоҳ пайғамбарга оят нозил қилади.

      “Покликни истаган чўриларингизни ҳаёти дунё нарсаларини истаб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас албатта Аллоҳ мажбурлаганларидан сўнг (у чўриларини) мағфират қилгувчи ва (уларга) раҳм-шафқат қилгувчидир”.

(Нур; 33-оят мазмуни)

     Инсон қадри у хўжайин бўладими, чўрими бебаҳодир. Уни нопок йўл орқали давлат ва мол топишга ундаш жуда жирканч ишдир. Нифоқ қалбига ўралашган кимсалар бу нопокликни англамайди. Англатилинса ҳам келажак пул-мол олдида кўзи кўр, дили қулф бўлиб қолади. Бу нопокликнинг турли йўллари ҳозирда пайдо бўлдики, ибн Салул издошлари ўша йўллар орқали тирикчилик қилишни йўлга қўйишган. Инсонларга хизмат кўрсатадиган баъзи масканлар “ишратхона”, “исловотхона”ларга айлантирилган. Бу ерларда мажбурлов билангина келган “хизматчи”лар эмас, балки ўз инон-ихтиёри билан зинокорлик орқали дунё матоҳларига эришувни кўзлаган аёллар ҳам мавжуд. Авваллари бундай бузуқилар жамиятдан ажралган ҳолда, жамият аъзолари улардан жирканиб, анча масофа нарида туриб истиқомат қилган бўлсалар, энди жамият ичидан уларга ўрин беришадиган, жинояти йўқ одамлардек уларга муносабат ўрнатишадиган бўлиб қолганлар. Муслима опа-сингилларнинг айримлари эса улар билан билак ушлашиб, дугоналик муомаласини ўрнатишгани эса жуда аянчли ҳолдир. Ёмон хислат ва ёмон иш эгаси билан ёнма-ён юриш, у билан сирдош-дўст бўлиш асло мумкин эмасдир, агарки кимса ўзи ўшандай паст ва ифлос ишни қилгувчи бўлмаса ҳам.

     Яна ўшандай бузуқлик ва фаҳш ишларни такомиллашувида телевидение, интернет, уяли телефонларнинг салбий таъсири ҳам кишиларга зарар бермоқда. Юқоридаги жиҳозларнинг манфаатли йўллари ҳам бор. Аммо ундан тўғри фойдаланмаслик эса, нопок йўлларга дохил бўлишга сабаб бўлмоқда. Бундай нопоклик билан кимса ҳоҳ эр киши бўлсин, ҳоҳ аёл албатта тавба қилмас экан, хорликка дучор бўлиши муқаррардир.

     “Қачон уларга: “Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар”, дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз”.

(Мунофиқун; 5-оят мазмуни)

     Абдуллоҳ ибн Салул ва унинг ҳамтовоқлари ҳақида оятлар нозил бўлгач, айрим кишилар унга: “Эй Абдуллоҳ, сенинг хусусингда қаттиқ оятлар тушди, сен росулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўрагин, у киши сенинг гуноҳларингни мағфират қилишини сўраб Аллоҳ Таъолога дуо қилсинлар, шояд Аллоҳ мағфират қилса”, дейишганида у бундан бош тортди ва: “Сизлар иймон келтир, дединглар, иймон келтирдим: молингнинг закотини бер, дединглар, закот бердим, энди бир камим бориб Мухаммадга сажда қилиш қолувди”, деб жавоб беради. Шунда юқоридаги оят нозил бўлади ва навбатдаги оятда эса ундай мунофиқ кимсалар ҳақида қилинган ҳеч-қандай дуо-илтижо ижобат бўлмаслиги уқтирилади.

     (Эй Мухаммад), сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми уларга баробардир Аллоҳ уларни ҳаргиз мағфират қилмас! Албатта Аллоҳ бундай фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас”.

(Мунофиқун; 6-оят мазмуни)

     Икки оят нузули сабабини мушоҳада этар экансиз, мунофиқ кимсалар ўзлари учун манфаатли бўлган кечирим сўрашлик амали – мағфиратни суймагани, уларнинг хаққа мойил эмасликларини кўрсатади. Қалбидаги кибр – ўзининг фойдасини ҳам кўролмаслигига етаклади. Абдуллоҳ ибн Салул ўзи борасида тушган оятлардан керакли хулосани чиқариб олмади, балки қалбидаги нифоқ билан ўтишга рози бўлди. Доим муъминларга ғараз билан юрди ва баъзи ишларда уларга тўғаноқлик ҳам қилувчи бўлди. Ухуд жанггоҳида ҳам ибн Салул қўшин руҳига таъсир этмоқчи бўлган.

     “Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди”.

(Оли-Имрон; 122-оят мазмуни)

     Ухуд куни мусулмонлар пайғамбар алайҳис-салом билан бирга чиққан эдилар. Улар минг кишилик лашкардан иборат эдилар. Душман қароргоҳига, яъни тўпланиб келган Макка мушрикларининг уч минг кишилик лашкарларига рўбарў бўлишди. Абдуллоҳ ибн Салул билан уч нафар кимса майдондан қочиб кета бошлади. Буни кўрган Бану Салама ва Бану Хориса қабиласидан бўлган мусулмонлар ҳам қайтмоқчи бўлишди, лекин Аллоҳнинг инояти билан бу қасдларидан воз кечишди. Ухуд майдонида мусулмонлар кўп азият ва қийинчиликларга рўбарў бўлишди. Пайғамбар алайҳис-саломга ҳам мусибат-машаққат етиб, жароҳат олганлар. Баъзи мусулмонлар душман томонидан шаҳид этилганлари ҳам бўлди. Бу ҳол ажабланарли ва мусулмонлар учун аянчли тугаганига ўхшаши мумкиндир. Аммо барча нарсаларни билгувчи Аллоҳ унинг ҳақиқатини ўзи билади.

     “Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва ҳақиқий муъминларни билиш учун ҳамда нифоқ йўлига кирган кимсаларни аниқлаш учун бўлди. Уларга: “Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар”, дейилса, “Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик”, дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билувчидир.”

(Оли-Имрон; 166-167 оятлар мазмуни)

     Абдуллоҳ ибн Салул жанг майдонида ғойиб бўлиб, унинг издошлари бўлмиш нифоқ эгалари – мунофиқлар эса дилида йўқ гапларни оғиз кўпиртириб гапиришдан уялишмади. Хабардор, Билгувчи Аллоҳ эса уларнинг кўнгилларида яширилган сирларини бизга маълум қилди. Бошқа оятда эса у мунофиқларнинг куфрга ёрдам берувчи кимсалар эканлиги ва номи масжид бўлиб, аслида муъминлар орасини бузувчи жой мақсади борлиги ошкор этилади.

     “Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (муъминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва муъминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши урушган (бир) кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: “Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик”, деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз ёлғончилар”.

(Тавба; 107-оятлар мазмуни)

      Мунофиқлардан ўн икки киши Абу Омир деган бир кофир кимсанинг буйруғи билан муъминлар орасини бузиш ниятида масжид қурадилар ва мусулмонларга қарши урушиш учун бошқа давлатлардан лашкар олиб келишга кетган Абу Омирнинг йўлига кўз тутадилар. Уларнинг бу мақсадлари мусулмонларга маълум бўлиб қолганидан кейин эса ўз қилмишларидан тониб, қасам ичадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ пайғамбарига бундай амр қилади:

     “(Эй Мухаммад), ҳеч қачон у масжидда намозга турманг!”

(Тавба; 108-оят мазмуни)

     Бу илоҳий таълимотлар асосида пайғамбар алайҳис-салом мунофиқлар барпо этган масжидда намоз ўқимадилар, балки уни бузиб ташлашга буюрадилар. Шундан кейин уни қурган мунофиқлар то ўлгунларича мусулмонларга нисбатан ғараз билан ўтадилар.

     “Қурган биноларининг (бузиб ташланиши) уларнинг кўнгилларида шак-шубҳа бўлиб қолур. Магар юраклари ёрилиб жонлари чиқиб кетсагина (шак-шубҳа ҳам йўқ бўлур). Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”.

(Тавба; 110-оят мазмуни)

     Ибн Салул бошчилигидаги мунофиқлар ислом жамиятига санаб бўлмас даражада азият ва озорлар етказганлар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, улар ўзидан кейинги яшовчи элларга ҳам нифоқ таъсирларидан излар қолдириб кетишди. Ҳозирда ҳам кейин ҳам бундай нифоқ кўринишлари зоҳир бўлиши мумкинки, муъминлар ундан жуда эҳтиёт бўлмоғи зарур. Чунки бу мунофиқлик саодатдан махрум этиб, энг ашаддий балоларга гирифтор бўлишга етаклайди.

     “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!”

(Нисо; 14- оят мазмуни)

“Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларга ҳамда кофирларга улар абадий қоладиган жаҳаннам оташини ваъда қилдики, ўша улар учун етарлидир. Аллоҳ уларни лаънатлади. Улар учун доимий азоб бордир. (Эй мунофиқлар), сизлар ҳам худди сизлардан илгари ўтган (мунофиқлар)га ўхшайсизлар. Улар сизлардан кўра қувватлироқ ва мол-мулк, бола-чақалари ҳам кўпроқ эди. Бас, (бу дунёдаги) ўз насибаларини кўрдилар. Сизлар ҳам, илгари ўтганлар насибаларини кўрганларидек, ўз насибангизни кўрдингиз ва улар шўнғиган нарсага (яъни, барча мунофиқларнинг) қилган амаллари дунё-ю охиратда беҳуда кетди. Ана ўшалар ҳақиқий зиён кўргувчилардир”.

(Тавба; 68-69 оятлар мазмуни)

     Мунофиқлик борасида илм аҳллари ҳам баъзи мулоҳазаларни билдирганлар. Шулардан, Журжоний “Таърифот”да: “Нифоқ – иймонни тил билан изҳор этиш ва куфрни қалбда яширишдир”, деганлар. Хофиз Ибн Ражаб нифоқни икки қисмга тақсимланишини айтганлар.

  1. Нифоқул – акбар. Яъни, катта нифоқ бўлиб, у иймонни келтириш ва иймон рукниларида иймонни зоҳирдагина билдириш, ботинда эса унинг бирчасини ёки баъзисининг хилофида бўлишдир.
  2. Нифоқул – асғар. Яъни, кичик нифоқ бўлиб, у амалдаги нифоқдир. Уни инсон зоҳирда ошкор этади ва ботинда эса унинг зиддини бажаради.

- - -