Солиҳ зурриёт сари

Фарзандлар нафақаси (таъминоти)

1820 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Фарзандлар нафақаси (таъминоти)

Фарзанд топган оила роъийси бўлмиш ота аҳли аёли қатори уларнинг ҳам нафақасини (таъминотини) ўз гарданига олиши керак. Ҳалол меҳнат ва касбдан ризқ излаш, уни исроф этмай сарфу-харажат этиш ўз масъулиятини идрок қилган мусулмон ота юмушидир. Бу юмушни бажариши ота учун ўз вазифасини адо қилиш билан бир қаторда унга ҳатто садақа қилди деб ёзиб қўйиладиган ажрга элтади. Сахобалардан Миқдом (р.а) Росулуллоҳ (с.а.в)дан шундай деганларини эшитган эканлар: “Ўзингни таомлантирган нарса у сен учун садақадир, болангни таомлантирган нарса у сен учун садақадир, ва жуфтингни таомлантирган нарса у сен учун садақадир, ҳамда хизматкорингни таомлантирган нарса у сен учун садақадир”. (Имом Бухорий ривояти) “Бир кишини қизлари бор эди. У киши уларни ўлишини орзу қиларди. Бундан хабардор бўлган Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) дарғазаб бўлдилар ва: “Уларга сен ризқ беряпсанми?” дедилар.” (Имом Бухорий ривояти)

     Баъзи хонадон вакиллари фарзандларини текинтомоқ, ризқига шерик деб улардан қутулиш йўлларини излашади. Ибн Умар (р.а) ўшандай хонадон вакилларидан бирига дарғазаб бўлганликлари бежиз эмас. Бугунги сув тошқини каби қалқиётган ҳаётда фарзандларни турли услублар билан йўқотишга уринишлар содир бўмоқда. Жоҳилият даврида фақат қизлар йўқ қилинган бўлса, энди ўғилу-қизга эътибор берилмай, бари “қирғинга” рўбарў бўлишмоқда.

     “(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз Ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир.”

                                                                            (Ал-Исро 31- оят мазмуни)

     Ота ўз касбу-ҳунари, меҳнату-тижоратидан топаётган нафақасини кўпроқ фарзандининг моддий эҳтиёжларигагина сарф этмай, балки кўпроқ маънавий эҳтиёжларига харж этиши керак. Емоқ-ичмоғи, кийинмоғини ранг-баранг, турли-туман қилишдан кўра кўпроқ, китоблар харид қилиб бериш, илм-маърифати ошадиган яна бошқа воситаларга диққатни жалб қилмоқ зарур.

     Келажакда ҳар-бир ўғил-қиз ота-онасининг янги либослар, мазали таомлар едиргани билан эмас, уни ҳаққа етаклаган, нурли йўлни кўришга ундаган китоблар олиб бергани билан, соғлом фикрли, амал билан илмни бир қўл остида ушловчи устозларга шогирд қилиб бергани билан шод-хуррам бўлсинлар!

- - -