Саодатдан маҳрум бўлганлар

Абу Лаҳаб ва Умму Жамил

1577 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

Абу Лаҳаб ва Умму Жамил

Саодатдан махрум бўлганлар ичида куфри-исёни бўйича тажовузкор инсонлар ичида Абу Лаҳабнинг номи тилга олиниши жуда аянчли воқеадир. Чунки у кимса пайғамбар алайҳис-саломнинг амакиси бўлган. Иккинчидан, у кимсанинг бахтсизлиги Қуръон оятлари билан собит бўлган бўлиб, унинг ҳалокати ва киражак манзили яъни, дўзах маълум қилинган. Бу бахтсизликка аёли Умму Жамил ҳам дохил бўлган. У иккиси доимо кишиларни пайғамбар алайҳис-саломга қарши гижгижлаб, уларнинг ўртасида адоват ўтини ёқиб юришган. Қуръон баёнида Умму Жамил “ўтин орқалаган” деб сифатланиб, дўзахга эри Абу Лаҳаб билан бирга ўша ҳолида кириши ҳақида хабар берилган.

     “Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди – ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!”

(Масад; 1-5 оятлар мазмуни)

     Абу Лаҳаб – пайғамбар амакисининг лақаби бўлиб, пайғамбар алайҳис-саломга ҳаддан ташқари азиятлар етказгани учун “дўзах ўтининг отаси” деб номланиб қолганлигига уламолар далолат қилишган. Унинг ўзининг исми Абдулуззо бўлган.

     Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлар: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Батхога чиқдилар. Тоққа кўтарилиб, Қурайш жамланди.

  • Агар сизларга душман тонгда ёки кеч кирганда ҳужум қилиб қолишини сўзласам мени тасдиқ этасизларми? – деди.
  • Ҳа, дедилар.
  • Дарҳақиқат мен сизларга қаттиқ азоб (хабаридан) огоҳлантирувчиман, деди.

     Шунда Абу Лаҳаб:

  • Ҳалокат бўлсин сенга, мана шунинг учун бизни жамладингми? деди. Бас, Аллоҳ (Масадни) охиригача нозил қилди”.

(Бухорий ривояти)

      Робиъа ибн Ибод айтган эканлар: “Набий соллоллоҳу алайҳи васалламни жоҳилият даврида Зул-Мажоз бозорида кўрдим. У киши:

  • Эй одамлар! “Ла илаҳа иллаллоҳ” денглар, нажот топасизлар! дердилар.

     Одамлар унинг олдига жамланишар эди. Унинг ортидан (Абу Лаҳаб) юриб:

  • Албатта, у ёлғончи, (ота боболарининг) динидан қайтгувчи, дерди.

     У қаерга борса ортидан эргашиб юрарди. У (эргашиб, ёлғончи дея гап сўзлаётган) кишини сўраб, суриштирган эдим:

  • Бу кимса унинг (нажотга чақирувчининг) амакиси Абу Лаҳабдир, дейишди.

     Абу Зинод юқоридаги воқеани айтувчи бўлган Робиъадан:

  • Ўша пайтда кичик ёшда эдингизми, деб сўраганларида:
  • Йўқ! Аллоҳга қасамки албатта мен оқил кимса эдим, деган эканлар.

(Имоми Ахмад ривоятининг мазмунидан қисқартма)

     Бу маълумотлар орқали Абу Лаҳабнинг, жияни Мухаммад алайҳис-саломга жуда ҳам ашаддий душманлик қилганини сезиш қийин эмас. Яхшилик ва хаққа тарғиб этаётган одамнинг кетидан юриб, уни ёлғончига чиқариб, адоват қўзғаш уни саодатдан, ҳидоятдан баҳраманд бўлишидан махрум этди.

     Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан зикр этиладики: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қавмини иймонга чорлаган паллада, Абу Лаҳаб айтди:

  • Агар укамнинг ўғли айтаётган нарса хақ бўлиб қолса, мен ўз нафсимни қиёмат кунида аламли азобдан албатта молим ва бола-чақамни фидо этиб, қутқариб қоламан, деди.

     Бас Аллоҳ Таъоло:

     “Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари (яъни, боласи) унга асқотгани йўқ”, мазмунидаги оятни нозил қилди”.

     Абу Лаҳабнинг аёли Умму Жамил Абу Суфённинг синглиси эди. У Қурайш аёлларининг етакчиларидан бўлиб, эрига куфрда ва исёнда ёрдам берар эди. Қиёмат кунида ҳам унга (эрига) жаҳаннам оташида ёнишга “кўмак” берувчи аёл бўлишлиги “ўтин орқалаган” дея оятда васф этилган ҳолатдан маълум қилинди. У ўтин орқалаб, эрига олиб келаркан, азоб-ўт янада зиёдалашади. Бўйнидаги арқон эса Мужоҳид ва Урваларнинг тафсирича оловдан бўлган арқон экан.

     Авфий ишончли манбаларга таянган ҳолда: “У (Умму Жамил) Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига тиконларни қўйиб чиқарди”, деганлар.

- - -