Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Назр ибн Хорис”

1866 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Назр ибн Хорис”

Мушриклар орасида куфри ва исёни сабаб оят тушган кофирлардан яна бири Назр ибн Хорисдир. У жуда ҳам оғир сўзларни тили билан сўзлади ва ашаддий душманлардан эканлиги Қуръон ичида баён қилинди. “Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари-қаватлари соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидан кофирларга тушгувчи, биров қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради”. (Маъориж; 1-3 оятлар мазмуни) Бу оятлар мушриклардан Назр ибн Хорис ҳақида нозил бўлган. Пайғамбар алайҳис-салом кофирлар учун тайёрлаб қўйилган Аллоҳ Таъолонинг азоби бор эканлигини билдириб, уларни огоҳлантирганларида Назр туриб: “Эй Аллоҳ, агар мана шу (Қуръон) сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин, ёки бизларга аламли азоб келтиргин”, дейди. Мана шу тилакнинг ўзидан Назр ва у кабиларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар ҳақ йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида:

     “Эй Аллоҳ, мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин” деган бўлар эдилар.

     Кофир ва мушрик бўлган кимсаларнинг сўзлари, қилаётган ишлари бир-бирларига ўхшаш ҳамда монанддир. Од ва Самуд қабиласидаги куфр эгалари каби Макка мушриклари ҳам ўзларига Яратгандан офият-омонлик эмас, балки азоб ёғилишини сўрашлари фикримиз далилидир.

     Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

     “Аллоҳумма ахсин ақибатана фил-умури куллиҳа ва ажирна мин хизйид-дуня ва азабил-ахиро”, деб дуо қиларканлар.

(Имоми Ахмад ривояти)

     Маъноси: “Аллоҳим ишларнинг барчасидаги оқибатимизни яхши-гўзал қилгин ва бизни дунё хорлиги ва охират азобидан қутқаргин!”

     (Эй инсон), Аллоҳнинг неъматини (яъни иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига ўзи кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у! Улар (одамларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун У Зотга “тенг”ларни (ўйлаб) топдилар. (Эй Мухаммад), айтинг: “Фойдаланиб қолинглар! Ҳеч шубҳа йўқки, оқибат борадиган жойларингиз дўзахдир”.

(Иброҳим; 29-30 оятлар мазмуни)

- - -