Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Абу Жаҳл”

2020 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Абу Жаҳл”

Макка мушриклари ичида кофирлиги билан машҳур бўлган Абу Жаҳл ислом умматига, айниқса пайғамбарга ашаддий душман бўлган. ’’Жаҳолат отаси’’ номини олиши ҳам унинг қанчалик бадбахт ва ярамас инсон эканидан далолатдир. У мусулмонларга ўта бешафқат, золим кимсалиги билан донг таратган. У пайғамбар алайҳис-саломни ҳақоратлар, ишига ва ибодатига тўғаноқ бўлишни одат қилган эди. Қуръон оятларида бу бадбахт Абу Жаҳл ҳақида ҳам алоҳида баёнлар келган. У пайғамбар алайҳис-саломни Масжидул Харомда намоз ўқишдан тўсиб: “Агар Мухаммад яна шу ерга келиб намоз ўқийдиган бўлса, унинг бўйнини эзиб, юзини тупроққа белайман”, деб ўзининг бутлари номига қасам ичади. Унинг бу қилмишларидан Хабардор Зот унинг ҳолатини, кирдикорларини кўриб туришини маълум қилган.

      ’’(Эй инсон), бир  бандани  (яъни  Мухаммад  алайҳис-саломни)  намоз  ўқиган   вақтида  (намозидан)  тўсадиган  кимсани  кўрдингми?! Хабар  бергинчи, агар  у  (намоз  ўқигувчи)  ўзи  Тўғри  йўлда  бўлса, ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан  қўрқишга)  буюрса  (уни  намоздан ва  тақводан  тўсган  кимса   ҳалок   бўлмасми?). Хабар  бергинчи, агар  у (намоздан  тўсгувчи  кимса  Аллоҳнинг   китобини) ёлғон  деса  ва (У Китобга иймон келтиришдан) юз ўгирса, албатта Аллоҳ (унинг барча қилмишларини) кўриб туришини билмасми?!’’                                                                                 

    (Алақ; 9-14 оятлар мазмуни)       

     Абу Жаҳл хусусидаги оятлар бу билан хотима бўлмай, балки у жинояти ва гумроҳлигидан тўхтамаса, қандай азоб-уқубатга гарифтор бўлиши тўғрисида қуйида келажак оятларда яна хабар берилади.

      “Йўқ! Қасамки, агар у (бундай гумроҳликдан) тўхтамаса, албатта Биз унинг пешона сочидан ўша ёлғончи, адашган пешона сочидан тутармиз-да (жаҳаннамга отурмиз)! Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз!”

(Алақ; 15-18 оятлар мазмуни)

     Кишини солиҳ амаллардан, эзгуликдан қайтариш Абу Жаҳлнинг “суйган” амалларидан бўлган. Биров унга хақ-маош тўламаса ҳам ўз-ўзидан жазаваси тутиб ибодат устида турган кимсага нафрат билан қарашлик қилар эди. Ҳатто бу ишда бошқа кимсаларни ҳам гиж-гижлаб ислом амалларига, пайғамбарга зид иш қилишни буюрарди. Унинг изини ўзига йўл тутган кўплаб инсонлар босиб ўтди. Баъзиси ибодатхона – масжид қурилишига, баъзиси Қуръон ўрганишга, баъзиси эса аёллар ўзларини сатри-аврат қилиб, бошига рўмол ўраса, ҳаё билан юришига қарши чиқишди. Рамазон кунларида рўза тутганларнинг рўзасини очириш учун елиб, югурганлар бўлди. Мақсад эса – Абу Жаҳл каби ислом кўрсатмаларига мос амал қилмоқчи бўлганларни амалдан тўсиш, улар қилаётган яхши амаллардан нафратланиб унга зиён етказиш каби бузғунчилик ёйишдир.

     Бундай бахтақаролик йўлига кирган фасодчилар хаётнинг ўзида ҳам тугалланишлари, хотималари ҳам қўрқинчли ва жирканчли бўлган. Охиратда қандай бўлишини эса Ягона Аллоҳ ўзи билади.

     Исломнинг ашаддий душмани, Қурайш қабиласининг Махзум уруғидан бўлган Абу Жаҳл (Абу Ҳакам) Бадр ғазотида пайғамбарлик келганидан 14 йил ўтгач, жанг майдонида ансорий ака-укалар томонидан боши танасидан жудо қилинган. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга фақатгина ёш болани умричалик қаршилик қила олди холос. Аммо абадий, мангу оламга жуда хунук тарзда Аллоҳга, пайғамбарга қарши қилич кўтарган ҳолда равона бўлди. Аллоҳ мусулмонларни бундай золимликдан ва жирканчли хотимадан ўзи сақласин!

- - -