Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Макка мушриклари”

1485 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Макка мушриклари”

Саодатдан махрум бўлган навбатдаги тоифа Макка мушрикларидир. Улар “пайғамбарлар отаси” бўлмиш Иброҳим ва унинг ўғли Исмоил алайҳис-саломларнинг ханиф динидан ҳам юз ўгириб, ширк йўлига гирифтор бўлишган эди. Улар ўзларига сохта олиҳалар ва санамлар ясаб, ўшанга ибодат қилишар эди. Ҳатто жонлиқлар сўйиб, уларга атаб қурбонликларни адо қилишар эди. Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам элчи қилиб юборилгач, уларнинг жиноятлари янада авж олди. Улар пайғамбар алайҳис-саломга, унинг атрофида хақ йўлга жамланган сахобаларга ва нозил бўлаётган илоҳий Китоб Қуръонга қаршилик кўрсатиш устида енг шимаришди.

     (Эй Мухаммад), шундай қилиб, Биз сизни (кўпдан кўп) авлодлардан кейин келган бир авлодга – улар Меҳрибон (Аллоҳ)ни инкор қилиб турган ҳолларида – биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун пайғамбар қилиб юбордик. Айтинг: “ У (Меҳрибон Аллоҳ) менинг Парвардигоримдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг Ўзига таваккул қилдим – суяндим ва унинг Ўзига тавба – тазарру қилурман”. Агар бир Қуръон бўлиб унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса, ё унинг ёрдами билан ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса), ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш ёлғиз Аллоҳнинг (илкидадир. Яъни Аллоҳ ҳоҳласа иймон келтирадилар, агар У Зот ҳоҳламас экан барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар)”.

(Раъд; 30-31 оятлар мазмуни)

     Юқоридаги оят мушриклар – пайғамбар алайҳис-саломга: “Агар ҳақиқий пайғамбар бўлсанг, тоғларни жойидан жилдириб, уларни ўрнида дарё ва чашмалар пайдо қилгин. Ўлган ота-боболаримизни тирилтиргин, улар тилга кириб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсинлар, шунда бизлар ҳам сенга иймон келтирамиз”, деганларида нозил бўлгандир. Мушриклар пайғамбаримиздан мўъжиза сўрашлари унга эргашишлари учун сўралаётган нарса эмаслиги диққат билан тарихга оқилона қараган одамга яққол билинади. Ўша жиҳатлардан баъзиларига тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламиз.

  1. Пайғамбар алайҳис-салом тиловат этаётган Қуръон оятлари олдида Макка мушрикларининг ожиз қолишидан ва у оятларни “бу башар-инсон сўзимас!” дея айтаётган иқрорларидан мўъжиза олдида турганлиги аён бўлмоқда. Мушриклар Қуръонни ўзидаёқ  Китоб келтиришларига чорланганлар. Кейин эса ўн сура келтиришларини Аллоҳ талаб қилган. Улар ҳатто бирор сура бўлса ҳам Қуръон мисолидек келтириши сўралганда ҳам ожиз бўлганича, хор ҳолатларида қолишган.

    “Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг. Энди агар бундай қилолмасангиз ҳаргиз қилолмайсиз ҳам у ҳолда одамлар ва тошлар ўтин бўладиган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг”.

(Бақара; 23-24 оятлар мазмуни)

  1. Мушриклар пайғамбарни рисолат келмасидан олдин уммий (яъни, саводи йўқ) эканлигини ҳаммадан кўра яхши билишлари ҳам, улар олдида мўъжиза содир бўлганига далолат қилади. Қирқ ёшгача на ёзишни ва на ўқишни билмайдиган кимса, энг етук илмдан гапириши, олдингиларнинг қиссалари-ю, келажак хабарлари борасида хақ ва рўйи – рост сўзлаши жуда катта мўъжиза нишонаси бўлган.

      “Айтинг (Эй Мухаммад): “Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтиринггиз ва унга эргашингиз шояд ҳидоят топурсиз”.

 

(Аъроф; 158-оят мазмуни)

     Демак, мушрикларнинг пайғамбардан яна бошқа мўъжиза сўраши уларнинг дилларидаги касаллик ва бузуқ эътиқодлари самараси экан. Шунинг учун мушриклар исломга, тавҳид динига эргашмаслик учун ҳар-хил нарсаларни ўйлаб топишди. Қўл остида турган молу-дунё билан банд бўлиб, ўзларига жуда катта фазлу-марҳамат неъмати берилганлигига эътибор беришмади. Аксинча улар пайғамбарни, ислом динини берилганига шукр қилиш ўрнига, Яратган Зотнинг шаънига ёлғон тўқийдиган бахтиқаро қавмга айланишди.

     “Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ эътиқодлардан иборат нарсаларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди. (Эй Мухаммад), айтинг: “Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-маҳрибонлиги (яъни Қуръон) билан мана шу (неъмат) билан шод-ҳуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир”. Айтинг: “Хабар берингиз-чи (Эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу-рўзнинг (айримларини) харом, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз”. Айтинг: “Хабар берингиз-чи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!” Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар қиёмат куни ҳақида қандай гумон қилар эканлар-а? Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ одамларга фазлу марҳамат соҳибидир. Лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар.”

(Юнус; 57-60 оятлар мазмуни)

     Ношукрлик йўлини  тутган мушрикларга Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган табиатдаги ҳодисалари белги қилиб қўйилсада, улар белги-аломатлардан насиҳат ола билмасликлари келгуси оятларда васф қилинади. Улар фақатгина Қиёмат кунинигина кутаётганлари ҳам Билувчи Зот томонидан фош қилинади.

     (Эй Мухаммад, Макка мушрикларига) айтинг: “Осмонлар ва ердаги нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларни) кузатинглар. (Чунки) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас. Улар фақат ўзларидан илгари ўтган (кофир) кимсаларнинг кунига ўхшаш (бир кунни, яъни қиёматни, Аллоҳнинг азоби)ни кутмоқдалар, холос. (Эй Мухаммад, уларга) айтинг: “Кутаверинглар. Мен ҳам сизлар билан бирга кутгувчиларданман”. Сўнгра (яъни қиёмат келиб, азоб нозил бўлгач), пайғамбаримиз ва иймон келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, (охир-оқибатда) иймон келтирган зотларга нажот бериш Бизнинг зиммамиздаги бурч бўлди. Айтинг: “Эй инсонлар, агар сизлар менинг динимдан шак-шубҳада бўлсангиз, бас (билингизки), мен сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинадиган бутларингизга ибодат қилмайман, балки сизларнинг жонингизни оладиган Зот Аллоҳга ибодат қилурман. Ва мен муъминлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман). Ва (менга буюрилганки), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (исломда) тутинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг ва Аллоҳни қўйиб сизга фойда ҳам, зиён ҳам еткиза олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз!”

(Юнус; 101-106 оятлар мазмуни)

     Улуғ Яратувчи пайғамбари Мухаммад алайҳис-саломга мушрик бўлмасликни ва фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган (сохта худо)ларга илтижо қилмасликни буюрди. Пайғамбарга буюрилган иш у кимсанинг умматларига ҳам тегишли бўлиб, улар ҳам золимлик йўли бўлган – ширк ва сохта худоларга ибодат-илтижо қилиш жиноятларидан эҳтиёт бўлмоғи зарур бўлади.

     Тарихга назар солсак, ўзини мусулмон ҳисоблаган айрим кимсалар ширк аралаштириб, сохта илоҳларни восита қилиб ибодатлар барпо қилишган, баъзи жойларни “муқаддаслаштириб” ўша ерга талпиниш, сиғиниш амалларини адо этишган. Хат ва саводдан йироқ бўлган оддий халқни онгини буриб, Аллоҳдан қўрқиш, Аллоҳга илтижо қилиш, Аллоҳгагина назр этиш ўрнига ажина-алвасти, руҳлардан қўрқитиш, чироқлар ёқиб, баъзи тушунарсиз маросимларни ўтказиш ва мозорларга назр аташ сингари амалларни вужудга келтиришган. Одамлар шунинг учун “дин” дейилганда соф ислом асосидаги динни эмас, ўша бузуқликлар қўшилинган “бузма” ва “ясалма” йўлларни тушинадиган бўлиб қолишган.

     (Аллоҳ) кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур, У қуёш ва ойни ҳам (сизларнинг манфаатингиз учун) бўйинсундириб қўйгандир ҳар бири муайян муддатгача (яъни қиёмат кунигача ўз фазосида) жорий бўлур. Ана шу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингизки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У Зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсаларда сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Мухаммад, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор Зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас. Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ Зотдир. Агар У ҳоҳласа сизларни (ер юзидан) кетказиб, (ўрнингизга) янги бир халқни келтирур. Ва бу (иш) Аллоҳга қийин эмасдир. (Қиёмат кунида) ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жонни юкини (яъни гуноҳини) кўтармас. Агар оғир гуноҳ эгаси бўлган жон бировни ўз юки гуноҳига (яъни гуноҳининг бир қисмини кўтаришга) чорласа (гарчи чорланувчи) яқин қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарса кўтарилмас (яъни у кунда ҳар ким ўз амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас). (Эй Мухаммад), сиз фақат ғайбдаги (яъни кўзларига кўринмайдиган) Парвардигордан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнинг огоҳлантира олурсиз. Ким покдамон бўлса у фақат ўз (фойдаси) учун покдамон бўлур. Ёлғиз Аллоҳгагина қайтилур.”

(Фотир; 13-18 оятлар мазмуни)

     Мухаммад алайҳис-саломнинг огоҳлантирувлари мушрикларга кор қилмади, Аллоҳнинг берган инъомлари эслатилсада, Улуғ Аллоҳга сиғиниш ўрнига “пўстлоқча” нарсага эга эмас бут-санамларга талпинишда давом этишди. Ўзлари “Амийн” (ишончли) деб юрган кимсага эргашишдан бенасиб бўлишди ва саодат эгаларининг йўлидан тойилишди.

     Баъзи манбаларга қараганда, мушрикларнинг пайғамбарга эргашмаганлигининг важҳларидан бири, ўша пайтда Маккага араб қабилаларидан бутларни зиёрат этиш, қурбонлик қилиш мақсадида одамлар келиб туришарди. Макка мушриклари “агар биз ягона илоҳга эътиқод этсак, Маккага бошқа қабилалар келмай қўяди, тижорат ва дунёмизга зиён етади”, деган эканлар. Аллоҳнинг мўъжизасини қарангки, улар баъзи араб қабилалари келадиган жой, бизга мана шу ишда фойда бор, мушриклик одатларини удум дея, иймонга келишмаган бўлса, Хақ Таъоло иймонга унаган ва унинг ортидан истиқомат этган халқ яшаган масканни бутун ер юзидан зиёратчилар келадиган ўринга айлантириб қўйди. Макка мушриклари ё дунё марҳаматига ё иймон неъматига мушарраф бўлмади. Бу эса пайғамбарга қилган исёнларига яраша жазо бўлса не ажаб!

        (Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантирувчи пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: “Бу бир ёлғон сеҳргардир. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса! Улардан катталари (бир бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: “Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни “ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш бизлардан) исталадиган талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат динда (ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир холос. Бизларнинг орамизда (шунча бой зодагонлар туриб) ўша(Мухаммад)га эслатма Қуръон нозил қилинган эмишми!” (Уларнинг бу сўзларни айтишларига сабаб ўта билимдонликлари эмас), балки улар Менинг эслатмам Қуръондан шак шубҳададирлар, балки улар ҳали Менинг азобимни тотиб кўрганлари йўқ (бас шунинг учун Қуръон ва пайғамбар шаънига мана шундай нолойиқ сўзларни айтмоқдалар).

                                                                                                                 (Сод; 4-8 оятлар мазмуни)

      Пайғамбарга  йиллар  давомида тўсқинлик  қилиб, беҳуда сўзларни  дашном  қилаётган  қавмга  бўлажак  оқибат  қуйидаги  оятлар  орқали маълум  қилинган.

       “Бас  (Эй   Мухаммад),  сиз   улардан (яъни   Макка  кофирларидан    маълум)  бир  вақтгача  юз  ўгиринг!  Ва  уларни  (яқинда  мағлуб  бўлганларида) кўринг! Бас  яқинда   улар  (куфрларининг  оқибати)  кўражаклар! Ҳали   улар  Бизнинг  азобимизни  шоштирмоқдамилар!  Бас  қачон  (Бизнинг  азобимиз)  уларнинг  ҳовлиларига  (яъни  устларига)  тушганида  ўша  огоҳлантирилган   кимсаларнинг  кунлари   жуда  ёмон  бўлур”.

                                                                                                            (Вассоффат;  174-177  оятлар  мазмуни)

     Макка мушриклари Мухаммад алайҳис-салом ҳаётлик кезларидаёқ инқирозга юз тутишди. Бутун Араб жазираси бўйлаб тавхид калимаси янграй бошлади. Мушриклик ислом ва иймон нури олдида туришга дош беролмади. Макка бут ва санамлардан тозаланиб, тавхид марказига айланди ва бу маскан мушриклар учун кириш тақиқланган жойга айланди.

- - -