Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Бани Исроил қавми”

2493 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Бани Исроил қавми”

Аллоҳ Хақ Таъоло Бани Исроил қавмининг саркашлилигини бир қанча оятлар орқали фош қилган. Улар пайғамбар Мусо алайҳис-салом ҳаётлигида ҳам кўп жиноят ва маъсиятлар содир қилган. “(Эй Мухаммад) аҳли Китоб сиздан кўкдан бир китоб туширишни сўрайди. Мусодан бундан ҳам каттароқ нарсани сўраган эдилар: “Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат”, дейишган эди. Шунда золимликлари сабабли уларни чақмоқ урган эди. Сўнгра уларга аниқ-равшан хужжатлар келганидан кейин бузоқни худо қилиб олишди. Буни ҳам авф этдик ва Мусога очиқ ҳужжат ато этдик. Аҳдни бузганлари сабабли устларига Тур тоғини кўтардик ва уларга: “Бу дарвозадан сажда қилган холингизда кирингиз”, дедик. Яна уларга: “Шанба кунлари (балиқ овлаш билан) хаддингиздан ошманг”, дедик ҳамда улардан қаттиқ аҳд-паймон олдик. Сўнгра аҳду паймонларини бузганликлари, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганликлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари ва: “Дилларимиз қулф” деганликлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Йўқ! Балки куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйгандир. Бас камдан-камлари иймон келтирадилар. Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни “бизлар ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, Ийсо ҳақида талашиб – тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган – ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтаргандир”. (Нисо; 153-158 оятлар мазмуни)

Бани Исроил ўзларига мадад бериб, ризқлар етказаётган Улуғ Аллоҳни қўйиб, бузоқни худо қилиб олишгани, пайғамбарларни нохақ ўлдиришгани жуда катта бахтсизлик белгисидир.

     “Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ йўлида тўсганлари сабабли, яна манъ этилган бўлсалар-да, судхўрлик қилганлари ва одамларнинг молларини ноҳақ еганлари сабабли уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни харом қилиб қўйдик. Ва улардан кофир бўлган кимсалар учун аламли азобни тайёрлаб қўйдик”.

(Нисо; 160-161 оятлар мазмуни)

     Бани Исроилнинг энг йирик жиноятларидан яна бири – судхўрлик қилишидир. Бу иллат одамлар орасида кенг ёйилган жиноят бўлиб, инсониятга жуда кўп уқубатлар дунёнинг ўзида ҳам у сабабли етиб турибди. Унга ўралашиб қолганлар, уй-жойларидан, мол-мулкидан ва бебаҳо бўлган инсоний қадр-қиймати, ҳурлик ихтиёриданда маҳрум бўлмоқдалар. Аллоҳимиз инсоният учун зарар бўлган ҳар-бир ишнинг бошини манъ этиб, тақиқлаб қўйганки, уни фақат саодат аҳли бўлган – иймон ва тақво эгаларигина тушинадилар холос. Саодатдан махрум кимсалар эса “тақиқ”нинг асл ҳикмати ва моҳиятини илғай олишмайди-да, одамларни ҳам, ўзларини ҳам йўлдан адаштириб, дунё ва охират хорлигига дучор бўлишади.

     Аллоҳ Хақ Таъоло Бани Исроилга кўп зиёдалик, бошқа халқлар кўрмаган неъматлар ато этганки, улар бу яхшиликларни шукр билан қарши олиш ўрнига фақат нонкўрлик ва зулм билан жавоб беришган.

     “Ва булутни устингизга соябон қилдик ва осмондан ширинлик ва беданалар ёғдириб, “Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар”, (дедик). (Бани Исроил) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилувчи бўлдилар. “Ушбу қишлоққа (Қуддусга) киринглар-да, ундан хоҳлаган жойларингизда еб-ичинглар. Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда киринглар ва “авф эт” денглар, бизлар хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшилик эгаларига зиёда неъматлар ато қиламиз”, деганимизни эсланглар. Шунда золим кимсалар уларга айтилган сўздан бошқа сўзни алмаштириб айтдилар.  Бас, Биз қилган исёнлари оқибатида бу золимлар устига осмондан бало ёғдирдик. Эсланг (эй бани Исроил), Мусо ўз қавми учун сув тилаганида: “Асоингни тошга ургин”, дедик. Бас, ундан ўн икки чашма отилиб чиқди ҳар бир қабилага (улар ўн икки уруғ эдилар) ўз суви маълум бўлди. “Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар. Ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар”. Эсланг: “Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин”, деганингизда, у: “Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Қайси шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?” деди. (Ношукрликлари сабаб) уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилганлари ва пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидир. Бунга сабаб итоат қилмай тажовузкор бўлганларидир”.

(Бақара; 57-61 оятлар мазмуни)

     Юқоридаги оятларда агар синчковлик билан қаралса жуда кўп маъсиятлар Бани Исроил томонидан содир этилган. Бир хатони тузатиб, ўнгламай иккинчисини тап тортмай қилавериш уларга гўёки ёд бўлиб кетган ишдек. Улар томонидан содир этилган маъсиятларни тартиб ила ўрганиб чиқамиз.

  1. Булут соябон қилиб қўйилса, осмондан тайёр “манна ва салва” каби нозу – неъматлар, таомлар тушириб турилсада, унга қаноат этмай зулм йўлини тутишлари бўлди.
  2. Қуддусга дарвозадан “хиттотун” (яъни, авф эт) деб кириш ва ҳоҳлаган жойда еб-ичиш изни берилса-да, уни бошқа бир сўзга айлантириб осийлик қилишлари содир бўлди. Аслида шундай қилсалар, уларга хатоларини мағфират қилиниши ва зиёда неъмат ваъдаси қилинган эди. Оқибатда эса осмондан ёғадиган балога йўлиқишди.
  3. Қурғоқчиликка йўлиқишганда, Робб Таъоло уларнинг ёдларига тушди ва Мусо алайҳис-саломдан сув сўраб беришни илтимос қилишди. Мусо алайҳис-салом уларнинг талабларини рад этмай, Робб Таъолодан сув тиладилар. Аллоҳ Таъоло уларга бир ўриндангина эмас, ўн икки ўриндан, ҳар-бир уруғга етадиган тарзда чашма ато этди. Чунки Бани Исроил ўн икки уруғ эди. Қурғоқчилик Аллоҳнинг изни билан улар устидан кўтарилиб, серобчиликка дохил бўлсаларда хато ишларидан завқ олишда тийилишмади. “Ер юзида бузғунчилик қилманглар” дейилган илоҳий амрга бефарқ қарашди.
  4. Осмондан тайёр тушаётган ризққа кифояланмай, ердан униб чиқажак ризққа интилишлари, бошқа халқларда кузатилмаган бир ҳол бўлди. Ҳатто Мусо алайҳис-салом: “яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми?” дея савол берганлар. Бани Исроил эса доимги итоатсизлиги ва тажовузкорлиги йўлида қолаверди.
  5. Аллоҳнинг оятларини инкор қилиб, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришлари эса ўта разил ва улкан қабоҳат бўлган. Аллоҳнинг оятларини инкор этиш – энг катта кофирликдир. У Зотдан элчи бўлиб, инсониятга ҳидоят олиб келадиган элчиларни қатл қилиш эса – бахтиқароликнинг чўққисидир.

     Бу жиноятлари эвазига Хақ Таъоло уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилганини билдирмоқда ва Ўзининг ғазабига дучор бўлишларини ҳам эслатмоқда.

      Мусо алайҳис-салом вафот этиб кетганларидан кейин ҳам Бани Исроил ўз саркашликларидан тийилганлари йўқ. Сўнгги пайғамбар бўлмиш Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам келгунларига қадар китоб аҳлидан бўла туриб, бу Бани Исроил қавми вакиллари мушрикликда истиқомат этаётган арабларга қўшилиб, урушлар қилиб, қон тўкиб, ватанидан одамларни ҳайдаб чиқариб, аср олиш ишларини авж олдиришган эди. Бу ишларни содир қилиш уларга мумкин эмас эди. Бу ҳолни билгувчи Аллоҳ уни Ўзи фош қилди.

     “Эсланг, “Бир-бирингизни қонингизни тўкмайсиз, бир-бировларингизни диёрларингиздан ҳайдамайсиз”, деб аҳду паймонингизни олгандик, сўнгра (Ислом келган даврда) ўзингиз гувоҳ бўлганингиз ҳолда бунга иқрор бўлгандингиз. Кейин эса сизларнинг ўзингиз бир-бирингизни ўлдирмоқдасиз, ўз тоифангиздан бўлган бир гуруҳни диёрларидан ҳайдаб, уларнинг устида гуноҳ ва зулм билан бир-бирингизга ҳамкорлик қилмоқдасиз. Агар улар сизларга асир ҳолда келишса, товон тўлаб қутқариб ҳам оласиз. Ҳолбуки, уларни ҳайдаш сизларга ҳаром қилинган эди. Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир. Ана ўшалар охират ўрнига дунё хаётини сотиб олган кимсалардир. Бас, азоблари енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди”.

(Бақара; 84-86 оятлар мазмуни)

     Яҳудий қабилалардан Бану Қурайза Авс номли араб қабиласи билан Бану Назр деган яҳудий қабиласи эса Авснинг душмани бўлган Ҳазраж деб аталадиган араб қабиласи билан иттифоқдош эди. Қачон Авс билан Ҳазраж ўртасида уруш бўлса, яҳудийлар ҳам иттифоқдошлари билан бирга урушга чиқиб, ўз диндошларининг қонини тўкиб, мол-мулкларини талашар эди. Ҳолбуки, диндошлар бир-бири билан урушиб, қон тўкишлари Тавротда ҳаром қилингандир. Энди, уруш тўхтаганидан кейин эса бир қабилага иттифоқдош бўлган яҳудийлар иккинчи қабилага иттифоқдош бўлган яҳудийлардан асир тушганлар бўлса товон тўлаб қутқариб ҳам олардилар. Шунинг учун юқоридаги оятда: “Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми?” – дейилди.

     Бани Исроилнинг қилган жиноятлари, ўшандай мажоро, қон тўкишлардангина иборат бўлмай, Қуръонга ва пайғамбар ҳақларида ҳам маъсият содир этганлар. Улар сўнгги пайғамбар келишини араблардан кўра яхши билганлар. Унга нозил этилган Китобга эса, ўзидан олдинги Мусо алайҳис-саломга нозил бўлган Тавротни-да тасдиқ этиб келган бўлишига қарамай, фақат ўзимизга нозил бўлган нарсагагина иймон келтирамиз, деб бўйин товлашди.

     Ҳолбуки, Мухаммад алайҳис-саломга нозил бўлган Қуръонга иймон келтиришни Ягона Зот уларга буюраётган эди. У Ягона Зот Тавротни ҳам Ўзи уларга Мусо алайҳис-салом орқали етказган эди. Иймонга қарши иш кўриш ана шундай залолат кўчасига кириб қолишга сабаб бўлар экан. Улар Китоблар эгаси Аллоҳ буйруғига қараб эмас, балки ўзларининг залолатга мойил қалблари билан иш кўришга кўникиб қолган эканлар. Куръон борасидаги итоатсизликлари қуйида келажак оятларда баёни берилган.

     “Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи китоб келганда ҳолбуки, илгари кофирларга қарши ўша китобдан ёрдам кутардилар бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай. Аллоҳ бандаларидан хоҳлаган зотга Ўз фазлу карами билан (ваҳий) юборишига қарши чиқиб, Аллоҳ нозил қилган нарсага кофир бўлишлари сабабли улар ўзларини энг ярамас нарсага сотдилар. Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар. Кофирлар учун хор қилувчи азоб бордир. Қачон уларга: “Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг”, дейилса, “Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз”, дейдилар. Ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи ҳақ (китоб)га кофир бўладилар. Айтинг (Эй Мухаммад), “Агар муъмин бўлган бўлсангизлар, нима сабабдан илгари Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирар эдингизлар?”

(Бақара; 89-91 оятлар мазмуни)

     Бани Исроил пайғамбарни ўз уруғидан чиқишини ҳоҳлаб, арабдан чиқишини ҳоҳламас эди. Лекин борлиқда фақат “Аллоҳнинг иродаси” билангина иш бўлишини англаб етмадилар. Балки ваҳий Мухаммад алайҳис-саломга туширилишига қарши чиқдилар. Навбатта келадиган оятларда эса Бани Исроилнинг яна янги саркашлиги ва саодатдан юз ўгиришига етаклаган разолатлари зикр этилгандир.

     “Эсланг (эй Бани Исроил), биз аҳду паймонингизни олгач, устингизда Тур тоғини кўтариб туриб: “Келтирган нарсамизни (динимизни) маҳкам ушланг ва қулоқ солинг”, деганимизда, “Эшитдик ва бўйинсунмадик”, дедилар. Кофирликлари сабаб кўнгиллари фақат бузоққа ибодат қилиш билан тўлади. Айтинг: “Агар сиз муъмин бўлсангиз, иймонингиз сизларни мунча ярамас нарсаларга буюради?” Айтинг: (Эй Мухаммад), “Агар Аллоҳ ҳузурида охират диёри (жаннат) бошқа одамларсиз фақат сизларники бўлса, у ҳолда ростгўй бўлсангизлар, ўлимни орзу қилинглар!” Қилган кирдикорлари сабабли ҳаргиз уни (ўлимни) орзу қилолмайдилар. Аллоҳ золимларни билгувчидир. Уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) очкўз кишилар эканини кўрасиз, уларнинг айримлари минг йил умр кўришни истайдилар. Ҳолбуки, узун умр уни азобдан узоқлаштирмайди. Ахир Аллоҳ қилаётган амалларни кўриб тургувчидир. Айтинг: (Эй Мухаммад) “Ким Жаброилга душман бўлса, (у Аллоҳга душмандир). Зеро у (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги китобларни тасдиқ этадиган ва муъминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни нозил қилди. Ким Аллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Мекоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир. Ҳақиқатан Биз сизга очиқ оятлар нозил қилдик. У (оятларга) фақат фосиқларгина кофир бўладилар. Ҳар қачон бирон аҳдга аҳдлашсалар улардан бир гуруҳи бузаверадими? Ҳақиқатан уларнинг кўпи иймонсизлардир. Қачон уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқ этувчи Пайғамбар келса, китоб (Таврот) берилган кимсалардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китобини (Қуръонни) ҳеч нарса билмагандек орқаларига отадилар.”

(Бақара; 93-101 оятлар мазмуни)

     Бани Исроилнинг маъсиятлари рўйхати яна жиноятлар силсиласи билан давом этган. Улар Парвардигори Оламнинг “қулоқ солинг” деган амрига, “эшитдик ва бўйинсунмадик”, дея жавоб беришди. Яна иймонни даъво қилишиб туриб, ярамас иш бўлган бузоққа сиғинишди.

     Жаннат бизники, у ерга биз кирамиз деб қилаётган орзулари ҳам, Аллоҳ Хақ Таъоло Мухаммад алайҳис-саломга таълим бергандек, ўлимни рўбарў қилиниши билан орзу этолмайдиган нарсага айланди. Улар ҳатто, аҳли китоб бўлмаган мушриклардан ҳам хаётни яхши кўришини, минг йил умр кечиришни ҳоҳлаши маълум бўлди. Аммо Аллоҳ кескин жавоб ила узоқ умр кўриш азобдан йироқлаштирмаслигини билдирди.

     Бани Исроил адоватда жуда кучли қавм эканлигини Жаброил алайҳис-саломга ёв қараш қилишидан аён бўлади. Чунки, улар Мухаммад алайҳис-саломга Жаброил нега ваҳий олиб тушади, Бани Исроилдан бўлганга олиб тушмайдими, деган маънодаги тарафкашлиги фариштага душманлигини изҳор этишга сабаб бўлган. Ахир Жаброил ўзининг инон-ихтиёри билан иш қила олмайдику! Фраишталарнинг барчаси фақат Аллоҳнинг буйруқларинигина бажарадилар холос. Демак ким фаришталарга душманлик эълон қилса, у уни юборган Аллоҳга ҳам душманлик эълон қилган бўлади.

     Чуқур илдиз отган душманликлари орқали сўнгги ва барча инсоният учун эргашиши, амал қилиши лозим бўлган Қуръонга ишонишдан бош тортишиб, уни орқаларига отадилар. Ваҳоланки, кўринмас жин олами ҳам Қуръонга ишониб, иймон келтирганлари Аллоҳимиз томонидан маълум қилинган.

     (Эй Мухаммад), айтинг: “Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришган), дедилар: “Дарҳақиқат бизлар Хақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз”.

(Жин; 1-2 оятлар мазмуни)

     Пайғамбаримиз Мухаммад алайҳис-саломнинг амакиларининг ўғли бўлмиш – Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу гувоҳлик беришларича, пайғамбар алайҳис-салом бомдод номозини ўқиётган пайтларида бир гуруҳ жинлар ҳозир бўлишиб, Қуръон оятларини тинглаганлар ва дарҳол унга иймон келтирганлар. Лекин росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у жинларнинг келишганидан ҳам, Қуръонга қулоқ тутишганидан ҳам бехабар эдилар.

     Қачонки юқоридаги сура нозил қилингандан кейингина бу воқеадан пайғамбар огоҳ бўлганлар. Бу воқеадан маълум бўладиган энг катта жиҳат эса; Қуръон фақат инсоният учунгина эмас, балки жинлар олами учун илоҳий кўрсатма бўлиб нозил қилингани эълон этилган.

     Бани Исроил эса на пайғамбарга ва на Қуръонга иймон келтирмади. Иймон шартлари бажарилмаслиги тамомий иймон-эътиқодни парчалайди ва инсондаги иймон-ишончга путур етади. Бани Исроил сўнгги элчи ва сўнгги Китобга ишончсизлиги боис – иймон ва унинг ортидан келажак саодатдан махрум бўлди. Абдуллоҳ ибн Саломдек ҳидоят йўлини тутиб, пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирган ва у кишига эргашганлари эса мустаснодир.

     Бани Исроил келаси оятларда ўз пайғамбарларидан ўзларига подшоҳ тайинланишини сўрар эканлар. Аммо у подшоҳга кўплари итоат этмай, нафс кўйларига тушиб қолишади.

     “Бани Исроилдан бўлган, Мусодан кейинги бир жамоатнинг ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики, улар ўзларининг пайғамбарларига: “Биз учун бир подшоҳ тайинлагин, биз (у билан бирга) Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, дейишди. “Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол урушмассиз?” деди (пайғамбар). Улар айтдилар: “Диёримиздан ҳайдалиб болаларимиздан (ажралиб) турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?” Қачонки уларга уруш фарз қилинганда озгина кишидан ташқари ҳаммалари бош тортдилар. Аллоҳ зулм қилгувчиларни билгувчидир. Пайғамбарлари уларга айтди: “Албатта Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ қилиб тайинлади.” “У қаёқдан бизга подшоҳлик қилсин, ахир биз подшоҳликка ундан ҳақлироқмиз-ку, қолаверса, унга кенг-катта мол-давлат ато қилинмаган бўлса” дейишди. Пайғамбар айтди: “Албатта Аллоҳ уни сизларнинг устингизга сайлади ва унга исмда ва жисмда қувватни зиёда қилди. Аллоҳ мулкини Ўзи истаган кишига беради”. Аллоҳ (фазлу карами) кенг билгувчидир. Пайғамбарлари уларга айтди: “Унинг подшоҳ бўлиб сайланганлигининг аломати сизларга бир сандиқ келишидирки, унда Парвардигорингиз томонидан ҳотиржамлик ва Мусо ва Хорун оилаларидан қолган мерос жо қилинган бўлиб, фаришталар кўтариб турадилар. Агар чиндан иймон эгалари бўлсангиз, шубҳасиз бу воқеада сизлар учун оят-аломат бордир. Қачонки Толут аскарлари билан (шаҳардан) чиққач, айтди: “Албатта Аллоҳ сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади. Бас, ким ундан сув ичса менинг (аскарим)дан эмас ва ким ундан ичмаса, у мендандир, магар ким қўли билан фақат бир ҳовуч олса (жоиздир)”. Бас у дарёдан озгиналаридан бошқа ҳаммалари ичдилар. У иймон келтирган кишилар билан бирга дарёдан ўтгач (аскарлар) айтдилар: “Энди бу кун Жолут ва унинг лашкарларига кучимиз етмайди”. (Шунда) Аллоҳга рўбарў бўлишларига ишонадиган зотлар: “Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”, дедилар. Қачонки Жолут ва унинг лашкарларига кўринганларида айтди: “Парвардигоро, устимиздан сабру-тоқат ёғдиргин, қадамларимизни собит қил ва Ўзинг бизни бу кофир қавм устига ғолиб қил!” Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар”.

     (Бақара; 246-251 оятлар мазмуни)

     Подшоҳ тайинланишини кутган қавм, у маълум бўлгач, уни ўзларига лойиқ деб билмай ғавғо кўтаришди. Итоатсиз қавм – бирор кимсага қулоқ тутишни ўзларига эп кўрмайдиган безбет қавм бўлади. Уларга сандиқда мўъжиза келгачгина ғала-ғовурларини бас қилишди. Аммо дарё лабида эса кўплари синовга дош беролмай, тайинланган буйруққа зид иш қилишди.

        “Яҳудийлар: “Аллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни бахил)”, дедилар. Ўзларининг қўллари боғланиб қолган ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар. Йўқ! У Зотнинг қўллари очиқдир ва Ўзи истагандек инфоқ-эҳсон қилур. Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса (Қуръон) улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Уларнинг ораларига то қиёмат кунигача кетадиган буғзу адоватни ташлаб қўйганмиз. Улар қачон (сизга қарши) уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни ўчирур. Улар ерда бузғунчилик қилиб юрурлар. Аллоҳ эса бузғунчи кимсаларни севмас. Агар аҳли китоб иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсалар эди. Биз албатта ёмонликларини ўчирган ва жаннат неъматларига дохил қилган бўлар эдик. Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар. Уларнинг ораларида адолат эгалари бўлган кишилар ҳам бор. Аммо уларнинг кўплари нақадар ёмон амалларни қиладилар”.

(Моида; 64-66 оятлар мазмуни)

     Аллоҳ шаънига ёмон сўз айтиш бу ярамас қавмнинг одатидир. Улар Аллоҳни бахил дейишди. Унинг ризқини еб туриб, у берган умрда яшаб туриб, уялишмади.

     “Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо бинни Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси ҳаволари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди уларга абадий азобда қолгувчидирлар. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни – кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир”.

(Моида; 78-81 оятлар мазмуни)

     Бани Исроилдаги зоҳир бўлган гуноҳлардан бири – нолойиқ ишлардан бир-бирларини қайтармасликларидир. Яъни, мункарни кўрсалар – наҳий мункар қилмасликлари осийлик аломати сифатида таъриф этилди. Бу иш аҳамиятсиз кўрингани билан, барча ёмонлик-маъсиятларни таралиб-ёйилишида айнан қайтармаслик (наҳий) қўлланмасликдан келиб чиқади.

     Жамият ичида томир отиб кетган гуноҳларнинг асли ҳам – ўз вақтида инсонлар бир-бирларини ўша нарсадан яъни, зиён амаллардан қайтармаганларидандир. Наҳий қилиниб турилган пайтларда аёллар беҳаё, шармсиз ҳолда юрмас эдилар. Бобо-момоларимиз ҳузурларида биров нос ёки сигареталарни бамайлихотир тутунини буруқсатиб чеккан эмас. Чунки улар: “Эй бадбахт, бу ифлос ишингни бас қил!”, дея баралла наҳий этиб, қайтара олганлар. Ҳозирги умматда ҳам алҳамдулиллаҳ ўшандай “хақни хақ, нохақни нохақ”, деб, ёмон ишлар гувоҳи бўлганда қайтарувчилар бор, лекин жуда оздир. Кўплари Бани Исроилда мавжуд бўлгандек харом-хариш ишларни кўрсада, ундан жамият беҳисоб зарарларни кўриб турсада, лом-мим демай, кўрмаганга олади ўзини. Бир мункар иш қилинса, у рад қилинмаса у қилинавериб “одатий” нарсага, ҳатто “яхши” амалга айланиб қолиш хавфи ҳам бор.

     Масалан, қизлар куёвга узатилаётганида барча жиҳоз ва хўжалик ашёларини уларга қўшиб бериш “катта расм – русмга” айланиб қолган. Ваҳоланки барча уламолар билиттифоқ: “Рўзғорга зарур барча ашёлар – эркак киши зиммасидадир!” деб айтганлар. Лекин одамлар бу жиноят, яъни қизга қўшиб “мўътабар” куёвга ва қайнонага уйига зарур эҳтиёжларни жўнатиш иши биринчи зоҳир бўлиши бошлангандаёқ қайтариб – наҳий қилганларида эди, ҳозирги кунгидек савобли ишлар қолиб, бу жирканч ишга муккасидан кетгувчилар бўлмас эди.

     Бошқа илдиз отиб кетган гуноҳларга разм солинса ҳам, унинг аввалида қайтармаганлик оқибатидан вужудга келиб қолганига амин бўласиз. Бани Исроилда зоҳир бўлган ва Қуръонда гуноҳ иш қаторида баёни келган “Бир-бирларини ёмонлик-гуноҳдан қайтармаслик” ислом динимизда қандай тафсилоти бор эканлигига тўхталиб ўтамиз. Чунки бу иллатдан “мусулмон” даъвосида юрганлар ҳам бугун ҳоли эмаслар.

     Маккаи-Мукарраманинг имом хатиби бўлмиш Солих ибн Абдуллоҳ ибн Хумайд ва биродари Абдуррахмон ибн Мухаммад таълиф этган асарларида наҳий мункарга шундай таъриф битганлар: “Наҳий мункар (яъни ёмонликдан қайтариш дегани) – нафс ва шаҳват майл этган нарсадан қайтаришдир. Шариъат ва иффат ундан нафратланадиган – хунукликдир. Ва у Аллоҳ Таъоло шариъатида жоиз бўлмаган нарсадир”, деб “амру-маъруф ва наҳий мункар” мавзусида Қуръонда 13та оят, 33та хадис ва 13та саҳоба-ю, тобеъин ҳамда уламолардан асарларни далил қилиб келтирганлар.

     Оиша онамиз розияллоҳу анҳо, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитдим деганлар: “Яхшиликка буюринглар ва ёмонликдан қайтаринглар-ки, сизларнинг дуоларингиз ижобат қилинмай қолишлигидан олдин!”

(Ибн Можжа ривояти)

     Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтганлар: “Албатта Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хутба айтиб турган ҳолатларида (жумладан) шундай деганлар: “Огоҳ бўлингки, бир кишини одамларнинг ҳайбати хақ сўзни айтишдан асло-ҳечам тўсмасин, агар у (хақ)ни билса!”

(Ибн Можжа ва Тирмизий ривоятлари)

     Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилганлар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилла узукни кўриб қолдилар. Уни ечиб, улоқтириб ташладиларда: “Сизлардан бирларингиз оловдан (дўзахдан) бўлган тошга таяниб, уни қўлига тақиб олипти”, дедилар. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан кейин (халиги) киши учун айтилинди: “Узугингни олгин, бошқа нарсага (ишлатиб) манфаатланавер!” (У киши): “Йўқ, Аллоҳга қасамки, уни ҳечам олмайман. Дарҳақиқат уни Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам улоқтириб ташладилар”, деди.

(Муслим ривояти)

     Юқоридаги ҳадисга эътибор берилса, эркак киши тилла узук тақиши мумкин эмас. Пайғамбар алайҳис-салом уни улоқтириб юборганидан сўнг эса у тилладан бошқа ўринда фойдаланавер деб айтилсада, уни олиб ишлатишга ҳам кўнгиллари мойил бўлмади. Қайтарилган ишга сахобалар ана ўшандай керагидан ортиқча даражада тақво қилиб, ундан ўзларини жуда маҳкам ушлаб қолганлар.

     Ибн Нухас ёзганлар: Астаъий айтадики: “Ато ибн Абу Рабох халифа Абдулмалик ибн Марвон (уммавий халифалардан бири)нинг ҳузурларига кирди. У халифа ҳузурларида ҳар-бир жойдан келган шараф эгалари бор эди. Хаж мавсуми эди. Халифа ўрнидан турди ва унга назар солдида уни ёнидаги ўриндиғига ўтқазди, ўзи ҳам унинг олдига ўтирди. “Эй Абу Мухаммад нима ҳожатинг бор”, дея сўради. У киши эса тўрт марта, тўрт ўринда “Аллоҳдан қўрққин!” дея уни баъзи нарсалардан огоҳ этиб, насиҳат этди. Шунда халифа унга: “бажараман” дея ўрнидан турди ва уни ушлаб туриб: “Эй Абу Мухаммад, сен биздан ўзингдан бошқасининг ҳожатини сўрадинг. Албатта уни бажарамиз. Ўзингнинг ҳожатингни айтмайсанми?” деди. У эса: “Менинг махлуққа ҳожатим йўқ!” деди ва чиқиб кетди. Шунда (халифа) Абдул-Малик: “Аллоҳга қасамки, бу қандай шараф! Аллоҳга қасамки, бу қандай шараф!” деди”.

     Муъминлар ана шундай хақ сўзни ҳатто ўзларининг бошлиқлари, раҳбарлари олдида қўрқмай, бошқа нарсаларни умид қилмай, Аллоҳ учун айтиб қайтара олганлар. Бу эса Қуръоний ҳукм бўлган наҳий мункарга бўлган баланд иштиёқлари туфайлидир, албатта.

      Бани Исроилдан юзага келган яна бир маъсият – Қуръонда баёни келишича, кофир бўлган кимсаларни дўст тутишлари бўлган. Маълумки дўст – одамлар ўртасидаги юқори мухаббатлашув тимсолидир. Иймон келтирган, Аллоҳга мухаббати бор бўлган кимсалар, дўст тутишда фақат иймон аҳлини дўст тутиши лозим бўлади. Аммо саркаш қавм бу ишда ҳам ўз билган йўлидан қолмади. Улар дўст тутиш ишида кофир кимсаларни ихтиёр этишди. Аммо даъволари эса иймон устидамиз, биз ҳам Аллоҳга ишонамиз янглиғ даъволар бўлган.

     Бу қавмдан қолган асорат ҳозирда ҳам мавжуд бўлиб, одамлар бир-бирлари билан дўст бўлишларининг негизи – иймонлари сабабидан эмас, балки баъзи важҳлар эвазига бўлаётгани уларнинг тутаётган ишларидан маълум. Агарки улар кофирликни ирода этаётган бўлсалар ҳам.

     “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан гарчи улар ўзларининг оталари, ёки оға-инилари, ёки қариндош уруғлари бўлсалар-да дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлга­­­­­­­н Руҳ Қуръон билан қувватлантиргандир”.

(Мужодала; 22-оят мазмуни)

- - -