Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Антокия қавмининг ҳалокати”

1695 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Антокия қавмининг ҳалокати”

Антокия қишлоғига Аллоҳ икки элчини юбориб уларга хақни етказдиради. Аммо у қишлоқликлар у иккисини ёлғончи қилишганда, учинчи элчини ҳам юборади. Бу элчилар насиҳатлари қавмга кор қилмагач, шаҳарнинг четидан келган Хабиб исмли кимса уларга сўнгги тушинтиришни айтсада, уни қатл этиб юборишади. Бу қисса Қуръонда зикр қилинган.

     (Эй Мухаммад) сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳлини у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг! Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисини ёлғончи қилишгач, учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас (учала элчи Антокия аҳлига): “Дарҳақиқат биз сизларга (юборилган) элчилармиз”, деган эдилар. Улар: “Сизлар ҳам худи ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Рохман (яъни Аллоҳ) бирон нарса ваҳий нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар”, дедилар. (Элчилар) айтдилар: “Парвардигоримиз билурки, бизлар шак-шубҳасиз сизларга (юборилган) элчилардирмиз. Ва бизларнинг зиммамизда фақат (Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга) очиқ-равшан етказишгина бордир”. Улар дедилар: “Ҳақиқатан бизлар сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар (бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар албатта сизларни тошбўрон қилурмиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етар”. (Элчилар) айтдилар: “Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг уфрларингиздан бадгумон қилингиз!) Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб дўқ-пўписа қилурмисиз?!) Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз! (Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб, деди: “Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар! Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар!” Бу сўзларни эшитган қавми: “Ҳали сен ҳам шуларнинг динидамисан?!” деганларида, У айтди: “Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайинми? Сизлар ҳам (дунёдан ўтгач) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар. Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмасман, чунки) агар Рохман менга бирон зиён етказишни истаса у (бут) ларнинг оқловлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмас ва улар мени (Аллоҳнинг азобидан) қутқара олмаслар. У ҳолда мен шак-шубҳасиз очиқ залолатда бўлурман. Ҳақиқатан мен (жонсиз бутларга эмас, балки барчаларингизни яратган) Парвардигорингизга иймон келтирганман, Бас мени тинлангиз!” (Лекин жоҳил қавм Хабиб ан-Нажжорнинг сўзларига қулоқ солмасдан уни қатл қилишгач, унга) “Жаннатга кир” дейилди. (Аллоҳнинг амри билан жаннатга киритиб, у жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач); у айтди: “Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени иззат-икромли кишилардан қилганини билсалар эди”. Биз (Хабиб ан-Нажжорни ўлдирганларидан) кейин унинг қавми устига (уларнинг ҳалок қилиши учун) осмондан бирон қўшин (яъни азоб фаришталарини) туширмадик. Биз (ҳеч нарса) туширгувчи бўлмадик. Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар “ўчиб” қолдилар”.

(Йасин; 13-29 оятлар мазмуни)

     Яхши сўз қийматини англамайдиган Антокия қавми уч элчидан ташқари Хабиб ан-Нажжорнинг ҳикматли сўзларини, насиҳатларини менсишмади. Шуъайб алайҳис-саломга Мадян қавми дўқ ургандек улар ҳам Хабибга дўқ пўписа қилибгина кифояланишмасдан, уни қатл қилиб юборишди.

     Меҳрибон Зот Аллоҳ хақ йўл устида турган ва қавмини эзгуликка чорлаган Хабибни жаннат билан мукофотлади. У мукофот ва иззат-икром тўғрисида Аллоҳнинг Ўзи билдирди. Аммо жоҳил қавм эса “даҳшатли қичқириқ” билан яксон бўлди ва ер юзида уларнинг нишонаси қолмади.

     Юқоридаги оятларда васфи келган қавм “асхабул-қорйа” деб номланган бўлиб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Каъбул-Ахбор ва Ваҳб ибн Мунаббиҳлар “У Антокия шаҳридир...” дея шарҳ берганлар. Демак, “асхабул-қоря” “Антокия қавми” экан!

     Бу қавм тарихда тўрт нафар хаққа чақирувчини инкор этган ва уларга нафрат билан қараб, қаршилик кўрсатган эл бўлди. Улар Аллоҳнинг дўстларига уруш эълон қилган, бахтиқаро қавм бўлди. Шаҳарнинг четидан яхшилик умидида келган, қавмнинг-элнинг ободлигини ўйлаган Хабибдек жонкуяр, солиҳ бир бандани аёвсиз тарзда қатл қилишди. Натижада эса ўзларининг бир чинқириқ билан саодатдан махрум қилишга бориб етишди.

- - -