Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Шуъайб алайҳис-салом ва унинг қавми Мадян”

1939 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Шуъайб алайҳис-салом ва унинг қавми Мадян”

“Мадян қавмига ўз биродарлари Шуъайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз тарафидан хужжат (яъни дин) келди. Бас, ўлчов ва тарозини комил қилиб (тортингиз) ва одамларнинг ҳақларидан уриб қолмангиз ҳамда ер (пайғамбарлар юбориш билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, унда (кофирлик билан) бузғунчилик қилиб юрманглар. Агар муъмин бўлсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир. Ҳар кўчада (кишиларни) қўрқитиб ва Аллоҳга иймон келтирган зотларни Унинг йўлидан тўсиб ҳамда у йўлни бузишга ҳаракат қилиб ўтирмангиз! Озчилик (яъни куч-қувватсиз, ночор) бўлган пайтингизда сизларни кўпайтирганини (яъни куч-қудратли, азиз қилганини) эсланг ва бузғунчи кимсаларнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг”. (Аъроф; 85-86 оятлар мазмуни)

Жиноят содир этаётган қавмни огоҳ этган Шуъайб алайҳис-салом уларни қуйидаги маъсиятлардан қайтарди.

  1. Ширк келтириш (барча пайғамбарлар йўли ва иршоди ҳам ширкдан қайтариб, тавҳидга чорлашлик бўлган)
  2. Одамларнинг хақларини поймол этиш.
  3. Ўлчов ва тарозидан уриб қолиш.
  4. Бузғунчилик қилиш.
  5. Йўлтўсарлик қилиб, одамларни қўрқитиш.

     Аммо, пайғамбарнинг бу иршодлари қавмдаги мутакаббир кимсаларга ёқмади. Улар ўзларининг насиҳатгўйлари бўлган Шуъайб алайҳис-саломга энг хунук сўзларни сўзлашди.

     (Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: “Эй Шуъайб, ё сени ва сен билан бирга иймон келтирган кишиларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқарамиз, ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар”, дейишди. У айтди: “Агар (динингизни) ёмон кўрсак ҳам-а? Агар Аллоҳ бизга ўша динингиздан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку? (яъни аслида бўлмаган нарсаларни Аллоҳга шерик қилган бўламиз-ку?) Биз учун у динга қайтиш жоиз эмас, магар Парвардигоримиз Аллоҳ (бизни йўлдан оздиришни) хоҳласагина (қайтишимиз мумкин). Парвардигоримизнинг илми ҳамма нарсани қамраб олгандир. Аллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик (суяндик). Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидурсан”. (Шунда унинг) қавмидан кофир бўлган кимсалар: “Қасамки агар Шуъайбга эргашсанглар, албатта зиён кўргувчи бўлурсизлар”, дейишди. Бас уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар). Шуъайбни ёлғончи қилган кимсалар гўё у ерда яшамагандек бўлиб қолдилар. Шуъайбни ёлғончи қилган кимсаларнинг ўзлари зиён кўргувчи бўлдилар. Кейин (Шуъайб) улардан юз ўгириб, (ўзича) деди: “Эй қавмим, мана мен Парвардигоримнинг динини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим. Энди шунча ваъз насиҳатлардан кейин ҳам кофир (бўлган) қавмга қандай қайтурман”.

(Аъроф; 88-93 оятлар мазмуни)

     Иймон аҳлини ёмон кўриш саодатдан махрум бўлган бахтсизларнинг – одатидир. Шунинг учун улар иймонлиларга қишлоқдан чиқариб, ҳайдаб юбориш билан таҳдид солмоқда. Ёки шарт қўйишиб, Шуъайб алайҳис-салом пайғамбар бўла туриб, у киши ва унга эргашган иймонлиларга ўзларининг ўйлаб, топган сохта динига киргизишни исташди. Аллоҳ бу нонкўр қавмга ўзи бало юборди ва уларни мана шу дунёнинг ўзида ҳам жазо юборди. Келаси хабарларда Мадян қавмининг яна бошқа кирдикорлари зикр қилинади.

     “Агар муъмин бўлсангизлар (харом-хариш йўллар билан бой-бадавлат бўлгандан) Аллоҳ қолдирган (ҳалол) нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман”. Улар (масхара қилиб) дедилар: “Эй Шуъайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан ва ҳалийм ва рошид (тўғри йўлни топиб олган) кишисан-да!” У айтди: “Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ризқни харомга аралаштиришим керакми!?) Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалол-харомга аралаштиришни) ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман”, “Эй қавмим, тағин менга бўйинсунмаслигингиз сизларга ҳам Нух қавмига ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин. Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир”. “Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз: Албатта Парвардигорим (тавба қилгувчиларга) марҳамат қилгувчи ва (уларни) дўст тутгувчидир”. Улар дедилар: Эй Шуъайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпини англаб етмаётирмиз ва орамизда ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму-қариндошларинг бўлмаганида албатта сени тошбўрон қилган бўлур эдик. Сен бизлар учун азиз мўътабар киши эмассан”. У айтди: “Эй қавмим, менинг қавму-қариндошларим сизлар учун Аллоҳдан ҳам азизроқмики, У Зотга орқа ўгириб олдингиз (яъни сизлар менинг қавму-қариндошимни эмас, балки Аллоҳни ҳурмат қилишингиз лозим эмасми?) шубҳасиз Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб иҳота қилиб тургувчидир”, “Эй қавмим, ўзингиз билган ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилгувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб олурсиз. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиман”. Қачонки Бизнинг фариштамиз (яъни азобимиз) келганида, Шуъайб ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз рахматимиз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё ҳеч қачон (дунёда) яшамагандек, ўз диёрларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингизким, худди Самуд қабиласи ҳалокатга учрагани каби Мадян қавми ҳам ҳалокатга учради”.

(Ҳуд; 86-95 оятлар мазмуни)

   Топган ва топаётган молу-давлатни ҳалол бўлишини, уни тўғри тасарруф этишни ёқтирмаган Мадян қавми бўйинтовлашлик кўчасига киришди. Нух, Ҳуд ва Лут алайҳис-саломлар қавмига етган балолар билан огоҳлантиришлик ҳам уларга кор қилмади. Аксинча Аллоҳ томонидан элчи қилиб юборилган Шуъайб алайҳис-саломни “ожиз бир кимса” деб менсишмади.

     Саодатдан махрум кимсалар бойлиги йўқ ёки мансаби, шухрати ва куч-қуввати йўқ одамларни доим “ожиз” санашлиги одатий бир ҳолдир. Агар “ожиз” саналган одам солиҳ, Аллоҳдан қўрқувчи, ҳалол-покиза бўлса ҳам улар буни инобатга олишмайди. Ўйлашмайдики, солиҳ одамнинг мададкори “куч ва қувватди тенги йўқ Аллоҳ” эканлигига! Шунинг учун ҳам бу бахтиқаро қавм: “Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида албатта сени тошбўрон қилган бўлар эдик”, дея дағдаға қилишди. Лекин Шуъайб пайғамбар уларнинг дағдағаларига парво қилмадилар балки, яқинда ким шарманда бўлиб, хор бўлади ва ёлғончи эканлиги ошкор бўлишлигини айтиб, бу ҳолни кутиш кераклигини таъкидладилар. Кутилган муддат келди. Пайғамбар ва у кишига иймон келтирганлар нажот топди, аммо золим қавмни даҳшатли қичқириқ тутиб, ҳалок этди.

     Эътибор берган бўлсак, бу ҳалокатлар, дунёнинг ўзида келган жазолар васфи ва таърифи “Ҳуд” аталмиш сурада келяпти. Айнан Росулоллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар – устозимиз мана шу сура ҳақида: “Ҳуд мени қаритди”. Деган эканлар. Яъни, шу суралар нозил бўлганидан сўнг пайғамбар алайҳис-саломнинг соч-соқолларига оқ тушган.

     Уламоларимизнинг яна айтишларича Мадян қавмига берилган азобнинг таърифи қийидагича; “Аллоҳ Шуъайбга иймон келтиришдан бош тортишгач (Мадян қавмини) аввало қаттиқ иссиқ билан ушлаган. Шунда улар нафаслари қайтиб, уйларидан ташқарига – очиқ саҳрога чиққанларида Аллоҳ Таъоло уларнинг устига соябон қилиб бир булут юборган ва улар ўша соябон остида тўпланиб туришганида осмондан олов ёғилиб, барчалари тириклай ёниб кетишган”.

     “Бас улар (Шуъайбни) ёлғончи қилишгач, уларни “соябон” кунининг азоби ушлади. Дарҳақиқат у улуғ даҳшатли куннинг азоби эди. Албатта бунда (яъни, Шуъайб ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтирувчи бўлмадилар”.

(Шуаро; 189-190 оятлар мазмуни)

     Аллоҳимизининг Ўзи бу қиссада биз учун оят-ибрат бор эканлигини эслатди. Шунинг учун бу қиссаларни ўрганар эканмиз, биз ҳам Шуъайб пайғамбарнинг қавми каби бахтиқаро қавм бўлмайлик дея Аллоҳдан ўша қавмнинг ёмонлигидан ва итоатсизлигидан паноҳ сўрашимиз зарурдир.

- - -