Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Самуд қавмининг ҳалокати”

1666 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Самуд қавмининг ҳалокати”

“Самуд қавмига ўз биродарлари Солихни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат – мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят – мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди (азобга йўлиқасизлар)”. (Аъроф; 73-оят мазмуни) Ривоят қилишларича, Солиҳ пайғамбарнинг қавми ундан ҳақ пайғамбар эканлигини тасдиқловчи бирон мўъжиза кўрсатишни талаб қилганларида пайғамбар уларнинг кўз ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантирадилар ва уни сўймай-ўлдирмай ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс, ҳолда бошларига бало келиши ҳақида уларни огоҳлантирадилар.

     “Сизларни Од (қавми) дан кейин халифа қилиб қўйганини ва сизларга ернинг текисликларида (ёзлик) қасрлар қуриб олишингиз, тоғлик жойларида (қишлик) бошпаналар йўниб (тиклаб) олишингиз учун маскан берганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва ерда бузғунчилик қилиб, санқиб юрмангиз!” (Шунда унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар бечораларига уларнинг ораларидаги муъмин бўлган зотларга): “Солиҳни Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбар деб билурмисиз?” дейишди. Улар айтдилар: “Албатта, биз унинг воситасида юборилган нарсага (динга) иймон келтирувчимиз”. Мутакббир кимсалар эса: “Биз сизлар иймон келтирган динга кофирмиз”, дейишди-да туяни сўйиб юборишди ва Парвардигорларининг амридан юз ўгиришди, кейин: “Эй Солиҳ, агар пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтирчи?” дейишди. Бас уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар). Кейин (Солиҳ) улардан юз ўгириб (ўзича) деди: “Эй қавмим, мана, мен сизларга Парвардигоримнинг динини етказдим ва сизларга насиҳатлар қилдим. Лекин сизлар холис насиҳат қилгувчиларни севмайсиз?”

(Аъроф; 74-79 оятлар мазмуни)

     Самуд қавмидаги мутакаббир кимсалар саодат йўлидан махрум бўлувчи тоифа бўлди. Улар ўзлари сўраган мўъжизани, яъни харсанг тошни туяга айлантирилганини аниқ кўриб турган бўлсаларда, пайғамбар Солиҳ алайҳис-саломнинг иршодларига мувофиқ ҳолда иш тутишмади. Уни тутиб, сўйиб юборишди ва азобни келишига мунтазир бўлишди. Демак, бу қавм пайғамбарни ва унинг рисолатини тан олувчи бўлмадилар. Набийнинг насиҳатига қулоқ солмай, унинг зиддига иш кўришлари, ўзларига дахшатли азобни сўраб олиб, унинг остида ҳалок бўлишларига сабаб бўлди. Самуд қавми учраган бало ва даҳшат Мухаммад алайҳис-салом вақтида ҳам унутилмади. Табук йили (яъни, мусулмонлар пайғамбар билан у кишининг бошчилигида Табукка борган сафар йили) Самуд қавми балога учраган макондан ўтган эканлар. Ўша воқеани Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилиб, айтганлар.

     “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам тош олдида туриб айтдилар: “Ана у азобланганлар (маконига) кирманглар, магар йиғлаган ҳолларингизда бўлса (майли). Агар йиғлаган ҳолда бўлмасаларингиз улар (азобланган Самуд манзили)га кирманглар. Уларга етган (бало) сизларга етиб қолмасин”.

(Имоми Ахмад ривояти)

     Аллоҳнинг ғазабига учраган қавм ҳалок бўлганига неча минг йиллар (балким миллион йиллардир, Аллоҳдан ўзга унинг саноғини билмас) ўтиб кетса ҳам, улар балога йўлиққан масканга киришдан пайғамбар алайҳис-салом хавф қилиб, кирилса ҳам фақат Аллоҳдан қўрқиб, йиғлаб киришга сахобаларни буюряптилар. Уларга келган бало ўзларининг бошларига тушиб қолмасликдан огоҳлантиряптилар. Пайғамбар алайҳис-салом умматларига итоатсиз қавм маконидан ўтишда Аллоҳдан қўрқишга ва йиғлашга буюраркан, биз ундан тўғри сабоқ олган кимсалар қатори бўлиб, ўзимиз ҳам ўша Самуд қавмидек саркаш, итоатсиз, ношукр қавм бўлмай, аксинча тавозеъли, итоатли ва шукр қилувчи мусулмон бўлмоғимиз даркор.

- - -