Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Од қавмининг ҳалокати”

1593 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Од қавмининг ҳалокати”

Навбатдаги саодатдан махрум бўлганлар тизмасида Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи ўрин олган. Улар бошқа халқлардан фарқли равишда, қадди қомати, келбатлари келишган инсонлар бўлишига қарамай, куфр халқининг “вабо”си бўлмиш хаққа, ҳидоятга унамаслик касалига мубтало бўлган эди. “(Эй Мухаммад), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми?” (Вал-фажр: 6-8 оятлар мазмуни)

     Бошқа оятларда Од қавмининг Ҳуд алайҳис-саломга қаршиликлари у кишига етказган озорлари баён этилган.

     “Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Унинг азобидан қўрқмайсизларми?!”

     (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: “Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз”, дейишди. У айтди: Эй қавмим, мен нодон эмасман, балки мен барча оламлар Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман. Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва мен сизлар учун ишончли насиҳат қилгувчиман”. Сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма (сизларни охират азобидан) огоҳлантириш учун ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида келганидан ажабландингизми? (Аллоҳ) сизларни Нух қавмидан кейин халифа (ўринбосар) қилиб қўйганини ва куч-қувватингизни зиёда қилиб яратганини эсланг! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, шояд нажот топурсиз. Улар: “Сен бизга, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У ҳолда, агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтиргин-чи?” дедилар. У айтди: “Энди устингизга Парвардигорингиз томонидан азоб ва ғазаб тушиши аниқ бўлди. Мен билан ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган (бутларингизнинг номлари ҳақида баҳслашмоқчимисизлар?) Ахир Аллоҳ (уларга ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку?! У ҳолда (Аллоҳнинг азобига) кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман”. Бас, унга (Ҳудга) ва у билан бирга бўлган (муъмин) зотларга Ўз раҳмат марҳаматимиз билан нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг думларини қирқдик (халок қилдик). Улар муъмин эмас эдилар’’.

(Аъроф; 65-72 оятлар мазмуни)

     Тарихдаги энг бахтсиз қавмлар ҳисобланган Од қавми тап тортмай Аллоҳнинг азобини ўзларига тушишини талаб қилишди. Уларнинг талаблари айнан Ҳуд алайҳис-салом уларга Аллоҳ томонидан ато этилган куч-қувват зиёдалигини ва бошқа неъматларни эслатгандан кейин зоҳир бўлди. Дарҳақиқат бизга кенг имконият берилди, шукр йўлини тутайлик, биздаги қувват Аллоҳимизнинг берган инъоми, дея иймон келтирмадилар. Уларга нонкўрликлари устига, ўзларининг “талаблари”га кўра жуда даҳшатли азоб юборилди.

     “Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз?”                                                          

(Ал-Хаққо; 6-8 оятлар мазмуни)

     Од қавми бир ҳафта давомидаги бўрон остида қолди. Бу уларнинг ҳаёти-дунёда кўрган азоб ва хорликларидир. Худди шундек азоб ва даҳшатли балолар ҳозирги кунда ҳам, оламнинг турли бурчакларида қаттиқ шамол, тўфонли довул ва қутурган бўрон тариқасида бўлиб турибди. Қуюн кўринишидаги катта чақиримларда айланиб юриб, атроф-муҳитни вайрон қиладиган балолар ҳам вужудга келди. Ҳатто балоларнинг ҳар-бирига алоҳида-алоҳида ном қўйишлар одат тусига кирди.

     Пайғамбаримиз алайҳис-салом шамол қўзғалганда юзларига хавотир тушиб қолишларида – биз умматлар учун катта ибрат бордир. Ҳамма эсаётган шамол – рахмат шамоли бўлмасдан, улар ичида азоб етаклаб келадиганлари ҳам мавжуддир. Шунинг учун ақлли инсон Од қавми одамлари сингари “зўрлиги” дан фахр қиладиган инсон бўлмай, улардек азоб билан якун топмай, азоб келишини сўрамай хаёт кечиришга интилиши керак. Бундай ёмон қилмишлар агар ўтмишдан яхши сабоқ олинсагина тўхташга тегишли бўлади.  

- - -