Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Иброҳим алайҳис-саломнинг жияни бўлмиш Лут алайҳис-саломнинг қавми бошига тушган бало”

1706 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Иброҳим алайҳис-саломнинг жияни бўлмиш Лут алайҳис-саломнинг қавми бошига тушган бало”

Муфассирларнинг ёзишича, Иброҳим алайҳис-салом фаришталардан Лут қавмининг ҳалок қилиш ҳақида эшитганда, уларга: “Агар у жойда кофирлар орасида элликта мусулмон ҳам бўлса барибир ҳалок қилаверасизларми?” – деган экан. Улар: “Йўқ”, - деб жавоб қилишгач, “Агар қирқта мусулмон бўлсачи?” – деб сўрайди. Улар: “Йўқ, ҳалок қилмаймиз” дейишади. Ниҳоят, Иброҳим: “Агар у жойда битта мусулмон бўлсачи?” – деганида, улар яна: “Йўқ, у кофирлар орасида битта мусулмон бўлса ҳам уларни ҳалок этмаймиз” деб жавоб беришгач, Иброҳим: “Ахир у ерда Лут борку?” – дейди. Шунда фаришталар Лут ва унга иймон келтирган кишиларга Аллоҳ Таъоло нажот беришини айтадилар. “(Фаришталар айтдилар): “Эй Иброҳим, бу бахсни қўй. Чунки Парвардигорингнинг фармони келиб бўлган. Албатта, уларга қайтариб бўлмас азоб келгувчидир”. Қачонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва уларнинг келишларидан юраги сиқилиб, деди: “Бу кун оғир кундир”. (Ҳуд; 76-77 оятлар мазмуни)

Бу оятлар тафсирида, фаришталар келганига Лутнинг сиқилишига сабаб, улар ёш ва ҳушрўй йигитлар суратида келишган эди. Лут қавмидаги кофир кимсалар эса баччабозлик дардига мубтало эдилар. Шунинг учун Лут пайғамбар улар бу йигитларнинг келганини пайқаб қолишиб, бемаънилик қилишларидан хавотирланиб, юқоридаги сўзларни айтди.

     (Дарҳақиқат, Лут пайғамбарнинг ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач) қавми унинг олдига чопиб келишди. Улар илгаридан ёмон ишлар баччабозлик қилар эдилар. У айтди: “Эй қавмим, анави қизларим (яъни шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун покроқ-ку (яъни ўшаларга уйланаверсангизлар бўлмайдими)?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Оранггизда бирон тўғри йўлга юргувчи киши йўқми?!”. Улар дедилар: “Сен қизларингга муҳтож эмаслигимизни аниқ биласан. Шунингдек, биз нимани исташимизни ҳам жуда яхши биласан”. (Лут) деди: “Қани эди, сизларга кучим етса ёки кучли бир суянчиғим бўлса”. (Шунда фаришталар) айтдилар: “Эй Лут, биз Парвардигорингнинг элчиларимиз. Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингиздан хотинингдан бошқа ҳеч ким атрофга алангламасин! Зотан унга (хотинингга) ҳам уларга етган бало етгувчидир. Уларга ваъда қилинган вақт субҳ (тонг)дир. Субҳ яқин эмасми? Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, у жойларни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Мухаммад), у жойлар бу золимлардан (яъни Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир, (яъни, ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!)

(Ҳуд; 78-83 оятлар мазмуни)

     Лут қавми энг нобакор қавмлардан бўлиб, унинг зикри рисоламиз бошида келган ва унинг аёлининг оқибати ҳам баён этилган эди. Улар тонг палласида ҳалокатга юз тутишди. Устларига сопол тошлар ёғдирилиб, дунё хорлигига дуч бўлишди. Пайғамбарга, хақ йўлга қарши туриш ва осийлик оқибати ана шундай хотимага элтди. Буни сўнгги пайғамбар Мухаммад алайҳис-саломга ҳам қаршилик қилиб, у кишига озор бераётган Макка мушрикларига эслатилмоқдаки, бу эслатма Қиёматга қадар исённи касб қилмоқчи бўлган ҳар-бир кимсага ҳам тааллуқлидир.

     Фахш ва фужур ишлар-бугунги куннинг кенг кўламли жинояти бўлиб тургани кўпчиликка сир эмас. Аллоҳнинг қудратига далолат бўлувчи сўлим масканлар, дарё ва денгиз соҳиллари кўплаб фисқу-фужур, фахш ишлар содир бўладиган ишратхоналарга айланиб кетган. Инсонларнинг покизалигига хизмат қилиши лозим бўлган қирғоқ-соҳиллар, хаммомлар маиший бузуқликлар манзилига айланиб қолган. Баъзи инсонлар эса тирикчилик важҳи билан ўшандай ифлос ишларга воситачилик қилиб пул топиш йўлларини ҳам кашф қилишган. Уйлар, дала ҳовлилар, машина-саййоралар ана ўшандай жирканч ишлар учун банд ва тахт қилинган. Аммо бу разилликларнинг якуни нима билан адоғига етишини эса аввалги ўтган ўзларининг “ҳамкасб-ҳаммаслак”ларининг бошига тушган оқибатлардан билиб олишса, ўзларига ва жамиятга наф бўлган, бўлар эди.

- - -