Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Иброҳим алайҳис-саломнинг саркаш қавми ва отаси”

1581 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Иброҳим алайҳис-саломнинг саркаш қавми ва отаси”

Иброҳим алайҳис-саломнинг қавми ҳам Нух пайғамбарнинг сувга ғарқ бўлган қавми сингари саодатдан юз ўгирувчи, бахтиқаро қавм бўлди. Улар Яратган Аллоҳ ҳақида Иброҳим алайҳис-салом билан мунозара қилиб тортишишди. Бу ҳол қуйидаги оятларда баён этилган. “Қавми у билан тортишган эди: “Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир (Унинг Ўзи) мени ҳидоят қилди-ку?! Мен сизлар Аллоҳга ширк қилган бутларингиздан қўрқмайман. (Чунки у бутлар ҳеч қандай зиён етказа олмас), магар Парвардигорим ҳоҳлаган нарсагина (бўлур) Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!” – деди. “Сизлар (Аллоҳ) бирон ҳужжат туширмаган бутларни Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангиз (айтинг-чи), қайси гуруҳ (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ?” Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар – ана ўшалар хотиржам бўлгувчилар ва ўшалар ҳидоят топгувчилардир.” (Анъом; 80-82 оятлар мазмуни)

Саодатдан махрум бўлган қавм ўзининг устидаги пайғамбарга қулоқ тутмади. Булар орасида Иброҳим алайҳис-саломнинг отаси Озор ҳам бор эди. (Эй Мухаммад), уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг! Ўшанда у отаси ва қавмига: “Нимага ибодат қилмоқдасизлар?” деганида. Улар: “Бут санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас уларга содиқлигимизча қолурмиз”. дедилар. (Иброҳим) айтди: “Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларнинг (илтижоларингизни) эшитадиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!” Улар дедилар: “Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай (бутларга ибодат) қилишларини кўрганмиз (шунинг учун бизлар ҳам бутларга ибодат қиламиз)”. (Иброҳим) айтди: “Сизлар ўзингиз ҳам, қадим-қадим ота-боболарингиз ҳам ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Шак шубҳасиз улар мен учун душмандир (бас мен уларга ибодат қилмайман). У (Аллоҳ) мени яратгандир, бас Ўзи мени ҳидоят қилур. Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур. У мени ўлдирур, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтирур. У жазо (қиёмат) кунида менинг хато-гуноҳларимни мағфират этишини умид қилурман. Парвардигорим, менга ҳикмат-илм ҳадя этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин. Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин. Яна мени ноз-неъматлар боғининг ворисларидан қилгин. Отамни ҳам мағфират қилгин. У шубҳасиз адашганлардан бўлди. Ва (барча жонзот) қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур).

(Шуаро; 69-89 оятлар мазмуни)

     Иброҳим алайҳис-саломнинг узоқ тушинтиришлари қавмига ҳам, отасига ҳам кор қилмади. Аксинча ўзларининг пуч даъволарида маҳкам туриб олиб, ҳидоят йўлига юришдан бош тортишди. Иброҳим алайҳис-салом оталари Озорга саодат нуридан махрум бўлаётганига ачиндилар. Адашган эканликларини эътироф этиб, отасининг мағфират этилишини дуолари ичида Парвардигордан илтижо қилиб ўтдилар. Аммо саодатдан бенасиб ота залолат ичра гумроҳ бўлишида қолиб кетаверди. Аввалги икки набий Нух ва Лут хонадонидаги аёллар ва ўғил залолати кетидан Иброҳим пайғамбарнинг отаси Озор ҳам бахтдан ажровчи, ўзининг энг яқини пайғамбар бўла туриб, унинг қўлидан тутувчи бўлолмади.

     Саодатдан махрум бўлган Озарнинг қиёмат кунидаги хорлиги Бухорийнинг сахихларида ворид бўлган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят этган хадисда, жумладан шундай дейилган: “Иброҳим Қиёмат куни отаси Озарни учратади. Озарнинг юзида қайғу қоралиги ва ғубор бўлади. Иброҳим унга дейди:

- Менга осийлик қилмангиз деб айтмаганмидим?

Унга отаси айтадики:

- Бугун сенга осийлик қилмайман.

Бас, Иброҳим дейди:

- Эй Робб! Албатта сен менга қайта тириладиган кунда хафа-махзун бўлмайсан деб ваъда қилган эдингку!

Отамдан йироқ бўлишдан кўра хорроқ хорлик борми?

Бас Аллоҳ:

-Дарҳақиқат мен жаннатни кофирларга харом қилганман, дейди.

Сўнг Иброҳим учун айтилинади:

-Оёғинг остидаги нима?

Бас у қарайди, у (отаси) баногоҳ ғуборли-кир тукли бўри(га айлантирилган) бўлади. Унинг елкаларидан ушланади-да, дўзахга улоқтирилади”

(Имом Бухорий ривояти)

     Дунёда ҳақ йўлга юришни истамай, кибри, туғёни баланд бўлган Озар қиёмат куни юқорида эслаб ўтилган ҳадисда келган жуда аянчли оқибат билан ҳалокат топар экан. Аллоҳ ўшандай ёмон оқибатдан Ўзи асрасин!

- - -