Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Нух алайҳис-салом қавмининг ҳалокати”

1757 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Нух алайҳис-салом қавмининг ҳалокати”

“Қасамки, Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: “Эй қавмим Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир. Албатта, мен сизларнинг буюк Кун (қиёмат кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман”, деди. (Шунда) унинг қавмидан (задогон) одамлар: “Биз сенинг очиқ залолатда эканлигингни кўрмоқдамиз”, дейишди. У айтди: “Эй қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман, балки мен барча оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман! Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман. Сизларни (охират азобидан) огоҳлантириш учун ва тақводор бўлишингиз ҳамда (Аллоҳнинг) рахматига эришишингиз учун сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма (огоҳлантириш) ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида (яъни зиммамда) келганидан ажабландингизми?” Бас, уни ёлғончи қилдилар. Шунда Биз уни ва у билан бирга бўлган (унга иймон келтирган) зотларни кемада қутқардик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни ғарқ қилиб юбордик, чунки улар (кўнгиллари) кўр бўлган қавм эдилар”. (Аъроф; 59-64 оятлар мазмуни)

Саодатдан махрум бўлганлардан навбатдагиси Нух алайҳис-саломнинг итоатсиз қавмидир. Уларга пайғамбар Нух эслатма бериб турган бўлсада, улар бундан ибрат-насиҳат олганлари йўқ. Балки, насиҳат қилгувчи пайғамбарни адашган деб унга бўҳтон қилишди.

     Тўғрисўз, пок ва эзгулик истаган инсонга бадхулқлик билан муомала қилиш – бахтиқаролик кўринишидир. Нух алайҳис-саломга саркашлик қилган, саодатдан махрум кимсалар кўринишлари асрлар оша кўп авлодга “юққан” бир бало бўлди. Жамият ичидаги сара инсонларга нисбатан адоватда бўлиш, уларга турли “тамғалар” тақаб, бадном қилиш одатлари урчиб, анча жадаллашлик суръатига кириб,томир отди .

     Абу Ханифа (Имоми Аъзам), Имоми Ахмад, Бухорий сингари халққа илм ва амал борасида “чироқ” бўлганлар ҳам ўз даврида ўшандай номуссизлар томонидан озор-азиятлар чекканлар. Аслида покиза, тақводор, художўй инсонларга хушмуомала, меҳрли, тавозеъли бўлиш муҳим эди. Лекин унинг акси бўлган дағаллик, шафқатсизлик ва кибрли бўлиш уларни беҳурмат қилишга, уларга ҳар-ҳил тухматлар отишга, уларнинг сўзларига қулоқ солмаслик дардларига мубтало этди. Мана шу дард туфайли саодатдан махрум бўлажак оқибат сари юз тутишди. Саодатдан бенасиб бўлганлар сафига Нух алайҳис-саломга фарзанд бўлган ўғли ҳам қўшилиб қолди. У ўзининг отаси пайғамбар бўла туриб, ҳам оталик ҳам пайғамбарлик сўзини эътибор қилмасдан, итоатсизлик қилди ва натижада ҳалок бўлгувчилардан бўлди.

     “У (Нух) деди: “кемага мининглар! Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим Мағфиратли, Меҳрибондир.” Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нух бир четда қолган ўғлига нидо қилди: “эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!” У (ўғли) деди: “Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман”. Нух айтди: “Бугун Аллоҳнинг амридан сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи Раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)”. (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйдида, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди”.

(Ҳуд; 41-43 оятлар мазмуни)

     Нух алайҳис-саломнинг ўғлидан ташқари яна аёли, жуфти тўғри йўлдан четда қолди. Аллоҳ Хақ Таъоло Қуръон оятларида бу аёл билан бирга Лут алайҳис-саломнинг аёлининг бахтиқаролигини баён этган. Улар пайғамбар аёллари бўлсаларда, тўғри йўлдан бенасибликлари зикр қилинган.

     “Аллоҳ кофир бўлган кимсалар (ва уларни муъминлар билан бирга ҳаёт кечиришлари ҳам Аллоҳнинг азобидан қутқара олмаслиги) ҳақида Нухнинг аёли ва Лутнинг аёлини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банда қўл остида эдилар. Бас, у (аёл) лар (Нух ва Лутга) хиёнат қилган эдилар, (Нух ва Лут) Аллоҳ(нинг азоби)дан бирон нарсани у иккисидан даф қила омадилар, ва (уларга) “Кирувчилар билан бирга дўзахга киринглар!” дейилди.”

(Тахрим; 10-оят мазмуни)

     “Лут (пайғамбар) ўз қавмига: “Шундай бузуқлик қласизларми? Ахир сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди-ку?! (Наҳотки) Сизлар хотинларингизни қўйиб, нафсингизни қондириш учун эркакларга борсангиз?! Йўқ, сизлар хаддан ошувчи қавмдирсиз”, деганини эсланг! Қавмнинг жавоби эса фақат мана бундан иборат бўлди: “Уларни (яъни Лут ва тобеъларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан”. Бас, унга ва аҳлига (яъни Лут ва унга тобеъ бўлган зотларга) нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки у) қолиб ҳалок бўлгувчилардан эди. Уларнинг устига даҳшатли ёмғир тош ёғдирдик. Ана энди жиноятчи осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг.”

(Аъроф; 80-84 оятлар мазмуни)

       Лут алайҳис-саломнинг жирканч иш қилувчи қавмигина эмас, балки ўрганганимиз юқоридаги далиллардан намоён бўлдики, Нух алайҳис-саломнинг аёли ва ўғли, Лут алайҳис-саломнинг эса аёли саодат йўлига эргашувчилардан бўлишмади. Бу ҳол эса қиёматгача илм ўрганиб, ўша илм орқали ўтмиш қиссаларни Қуръони орқали билувчиларга катта ибратки, пайғамбар оиласи бўлмоқлик ҳам саодатга мушарраф бўлишга сабаб бўлмади. Аллоҳнинг ўзи тавфиқ ва ҳидоят бермаса, оқибатимиз жуда аянчли ва ҳалокатли бўлади.

     Ҳар бир кимсанинг қилгани – ўзига, деган нақл, мана шу иймон, ҳидояти, илми ёки амали меники демаслик учун айтилинган бўлса, ажаб эмас. Чунки ота таом ейишлиги билан ёки сув ичишлиги билан фарзандининг қорни тўйиб ёки ташна-чанқоқлиги нари кетмаганидек, ундаги (отадаги) илм, амал агар бола ўзи ҳаракату-жаҳд қилиб интилмаса, болага осмондан  осилиб тушиб ёки ердан отилиб чиқиб – унга илм ва амал насиб бўлмайди.

- - -