Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 3

МУХАММАД ибн ХАНАФИЙЙА

1459 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 3

МУХАММАД ибн ХАНАФИЙЙА

Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари охирлашиб қолган пайтларнинг бирида куёви Али ибн Абу Толиб билан бирга ўтирган эди. Шунда Али розияллоҳу анҳу деди: -Эй Аллоҳнинг росули сиздан сўнг мен фарзанд кўрсам, уни сизнинг исмингиз билан номласам, куниянгиз билан атасам бўладими? -Ҳа, дедилар. Кунлар кетидан кунлар ўтиб,пайғамбар алайҳис-салом рофиқул-аълога рихлат қилдилар. Бир қанча ойлар ўтиб Фотима розияллоҳу анҳо ҳам бу олам билан видолашди. Али розияллоҳу анҳу эса Бани Ханифа қавмига куёв бўлиб, ханифалик Хавла бинти Жаъфарга уйланди. Хавла ўғил фарзанд туққач, Али розияллоҳу анҳу уни “Мухаммад” деб исмлади ва Абул Қосим дея кунялади. Аммо одамлар уни чақирганда акалари Хасан ва

Хусайндан  ажратиб Мухаммад ибн Ханафиййа деб мурожаат қилишадиган бўлишди. Тарихда ҳам ўшандай аталиш билан из қолдирди.

          Мухаммад Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалигининг охирларида таваллуд топган. Отаси Али ибн Абу Толиб қўл остида тарбия топиб, улғайди. Отасининг ибодати, зуҳди, ишжоъти- ю ботирлигини ўзига ибрат билиб, ўзлаштиришга муваффақ бўлди. Алидан фасохат ва балоғатдан дарс олди.Кўзлар уйқуга кетиб, ором олинадиган зулуматли кечаларда Ҳақ Таъолога қўрқувчи ҳолда турарди.

          Жанггоҳларга баъзида Хасан, Хусайнларни олиб борса ҳам, Мухаммадни Али розияллоҳу анҳу машаққатлар борлиги учун бирга олиб кетарди. Мухаммаднинг қасди ва қаноати заифлашмас, балки матонату-жасорат билан турарди. Кунлардан бир куни унга айтилди:

          -Сени отанг, ҳалокатли ўринларга рўбарў қилиб, қийинчилик ҳалокатларга дохил қилмоқда. Аммо акаларинг Хасан ва Хусайнни эса ундай қилмаяптику?

Шунда Мухаммад жавоб қилди:

            -Ундай қилишининг сабаби шуки, акаларим отамнинг икки кўзи ўрнидадир. Мен эса отам наздида қўли ўрнидаман. У (отажоним) икки кўзини қўли билан мухофаза этадилар.

          “Сиффин” воқеаси бўлган жангда Али ибн Абу Толиб ва Муовия ибн Абу Суфён ўртасида низо олови алангалаган эди. Мухаммад “Сиффин”да отасининг байроқдори бўлган эди. Шиддат билан ўралган бу жанггоҳ манзарасини Мухаммаднинг ўзи ҳикоя қилиб берган.

          “Мен ўзимизни Сиффинда кўрдимки, Муовиянинг одамлари билан тўқнашдик. Орамизда шундай шиддатли жанг бўлдики, мен биздан ҳам, улардан ҳам бирортаси тирик қолмади, деб гумон қилдим. Ишни даҳшатли деб ҳисобладим ва уни муҳим санадим. Сўнг ортимдан бир қичқирувчининг: “Эй мусулмонлар жамоаси, Аллоҳ, Аллоҳ, эй мусулмонлар жамоаси! Аёллар ва болалар учун, дин ва тасодифлар учун, Рум ва Дайлам учун ким бор! Эй мусулмонлар Аллоҳдан эҳтиёт бўлинглар! – деганини эшитдим. Ўша кундан эътиборан ўзимга - ўзим мусулмоннинг юзига қилич кўтармайман, деб аҳд қилдим.”

   Али розияллоҳу анҳу жиноятчи, золим кимсанинг қўлида шаҳид бўлдилар. Баъзи маълумотларга қараганда у жиноятчи - Абдуррохман ибн Мулжим деган кимса эди. Халифалик Муовия ибн Абу Суфёнга ўтди. Мухаммад нафси яхши кўрса ҳам, ёмон кўра ҳам ишни ислоҳ бўлиши ва ислом калимасининг бирлашуви учун унга байъат қилди. Муовия розияллоҳу анҳу бу байъатдаги содиқликни ва софликни сезди.Байъат сохибига қаттиқ хотиржамлик билан қаради ва уни кўришиш учун чорлади. Мухаммад уни Дамашқда  зиёрат қилди. Ундан кейин ҳам ўрталарида илиқ муомала давом этди.

     Рум подшоҳи Муовия розияллоҳу анҳуга хат ёзди. Унда жумладан шундай дейилган эди: “Бизда подшоҳликлар бир - бирлари билан хат ёзишиб, баъзилари баъзилари билан ўзларида бор ғаройибликларни совғалашади, ажойиботлари билан мусобақалашиб туришади. Агар изн берсанг, мен билан сенинг ўртангда ҳам, улар орасида бўлаётган нарсаларни қилсак!”

       Муовия ҳам бу ишга рози бўлиб, хат ёзиб, унга изн берди.Рум подшоҳи унинг ҳузурига икки ажойиб кишини жўнатди. Уларнинг бири бўйи жуда узун эди. Худди ўрмон ичидаги юксак қад кўтарган узун дарахтга ёки баланд иморатга ўхшарди. Иккинчи кимса эса жуда кучли бўлиб, вахший ов қилувчига ўхшаб кетарди. У иккисига қўшиб, мактуб ҳам жўнатилган эди. Мактубда: “Сенинг мамлакатингда бу икки кишига баробар бўладиган, узун бўйли ва кучли кишилар топиладими?”- дея ёзилган эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга маслаҳат солган бўлди.

          -Мен бўйи узунга ўхшайдиган, унга зиёда келадиганини топиб қўйдим. У - Қайс ибн Саъд ибн Убодадир. Аммо (иккинчи) кучли киши борасида сенинг фикрингни билмоқчиман!

           -Бу ишга икки кишини биламан, лекин улар сендан йироқ кимсалардир. У иккиси - Мухаммад ибн Ханафиййа ва Абдуллоҳ ибн Зубайрдир.

    Муовия деди:

           - Мухаммад ибн Ханафиййа биздан ўзини йироқ тутувчи киши эмас!

     Амр деди:                                                                                     

           -Лекин у- ўзининг қадрининг юксаклиги  билан одамлар орасида Румдан келган киши билан беллашишга рози бўлади, деб ўйлайсанми?

        Муовия деди:

         -У ислом азизлиги учун бундан кўпроқ нарсани ҳам қила олади!

Сўнг Муовия Қайс ибн Саъдни ва Мухаммад ибн Ханафиййани чақиртирди. Мажлис чақирилгач, Қайс ибн Саъд ўрнидан турди ва шалварини румликка отди. Уни кийишни румликка буюрди. Румлик шалвар иштонни кийган эди, иштон икки кўксигача келди. Уни аҳволига одамлар кулишди.

     Мухаммад ибн Ханафиййа таржимонга деди:

        -Румликка айт, агар ҳоҳласа ўтирсин мен тик тураманг сўнг қўлини у менга узатади. Ё мени тортиб ўтқазсин ё мен уни ўрнидан турғазиб юбараман. Агар ҳоҳласа у тик  турсин,  мен  эса ўтирай. Румлик  ўтиришликни  ихтиёр қилди.Мухаммад ибн Ханафиййа унинг қўлидан тутиб уни тортиб, тургизди. Румлик ўзини ўтирган ҳолда тутиб туришдан ожиз бўлди. Румликнинг  ҳамияти қўзиб, ўрнидан туришни, Мухаммадни эса ўтиришини ихтиёр қилди. Мухаммад румликнинг қўлини маҳкам тутиб турди ва уни ерга ўтқазиб қўйди. Бу икки румлик- дағал кишилар ўз юртларига бўйни эгик ва мағлуб бўлган ҳолларида равона бўлишди.

          Вақтлар ўтиб, Муовия, унинг ўғли Язид, ундан сўнг эса Марвон ибн Хакам бу оламдан кўз юмишди. Навбат Марвоннинг ўғли Абдулмаликка етиб келди. Шом аҳли унга байъат қилишди. Ҳижоз ва Ироқ аҳли эса Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга байъат беришди. Яна бир карра ислом кишилари ўртасига фитна олови оралади. Мухаммад ибн Ханафиййа “Сиффин” мухорабасидаги аҳдига биноан икки тарафнинг бирортасига ҳам қўшилмади. Иккови тараф бир калима атрофида жам бўлсагина байъат беришга розилигини изҳор этди. У кишига мухлис ва тобеъ бўлувчи кишилар сони етти мингга етди. Улар ҳам фитнадан ҳоли бўлиш йўлини тутишди. Аммо фитнага аралашиб қолиш бир нафасли иш эди. Бирорта одам ўйламай иш қилса, фитна оловини чарсиллаб ёнишига ўт ёққан бўлар эди. Мухаммад эса бундай қилинишига йўл қўймаслик чораларида собит эди.

       Унга тобеъ бўлганлардан бир гуруҳ кишилар ибн Зубайр билан урушишга изн сўради. Шунда Мухаммад ибн Ханафиййа уларга деди:

         -Ўзимиз четланган фитна оловини қўлларимиз билан ёқамизми?! Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сахобасига, сахобасининг ўғлига қўл кўтариб урушамизми? Йўқ , Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг ва росулининг ғазабини келтирадиган бирон нарса қилмаймиз!

        Абдулмалик ибн Марвон қулай фурсат топиб Мухаммад ибн Ханафиййа билан бирга бўлганларга хат юбориб, уларни Шом диёрига таклиф қилди. Бу таклифга биноан Мухаммад ва у билан бирга бўлганлар Шомни қасд этган ҳолда сафар қилдилар. Улар Айла деган шаҳарга етишгач, у ерни қароргоҳ қилиб тутишди. У шаҳарнинг аҳолиси уларни иззат икром қилиб кутиб олишди ва уларга жой беришди.Жуда чиройли қўшни бўлиш ҳаққини адо қилишди. Мухаммад ибн Ханафиййани эса мухаббат ила суюшиб, унга улкан ҳурмат кўрсатишди. Мухаммад уларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтарар эди. Улар орасида ислом шиорларини қойим қилиб, хусумат ва фирқаланишни ислоҳ этишга тарғиб қиларди. Одамлардан биронтаси бошқа бировга зулм қилмасликка чақирарди.

        Абдулмалик ибн Марвонга бу ишлар хабари етгач, ўзининг хос одамлари билан маслаҳат қилди. Улар унга дейишди:

      -Сен ўз салтанатингда унга изн берган эдинг, унинг қилган иши сен билган ҳолда (давом этмоқда). Ё у сенга байъат берсин ёки ҳоҳлаган ерига кетсин!

Абдулмалик Мухаммадга мактуб битиб, унга шундай деб ёзди: “Дарҳақиқат сен менинг юртимдан бўлган бир жойга ўрнашдинг. Мен билан Абдуллоҳ ибн Зубайр ўртасида эса уруш ловуллаб турибди. Сен мусулмонлар орасида катта мақом ва обрўга эгасан. Менинг фикрим шуки, менинг еримда тураркансан менга байъат беришинг зарур. Агар менга байъат берсанг, кечагина менга “Қолзам”дан келтирилган юзта кема ва унинг ичидаги одамлару, нарсаларнинг барчаси сеники бўлади. Яна сенга минглаган дирҳамлар ҳам тортиқ этиладики, у маблағ сени ўзингга, бола- чақангга, қариндошларингга, қулларингга ва сен билан бирга бўлганларнинг ҳаммасига улуш бўлади. Агар юз ўгирсанг менинг салтанатим бўлмаган жойга кет!”

         Мухаммад хатни ўқигач, унга жавоб йўллади: “Сенга салом бўлсин! Мен Аллоҳга хамд айтаманки, ундан бошқа илоҳ йўқдир ва у сенга ҳам илоҳ бўлган зотдир. Эҳтимол сен мендан хавфсираётгандирсан. Сени мен бу ишдаги (фитна урушидаги) тутган ўрнимни билади, деб ўйлаган эдим. Аллоҳга қасамки, агар мени қабул қилган бир қишлоқдан ташқари умматнинг барчаси мен билан  урушгани келсалар ҳам сира улар билан урушмаган бўлардим. Сен ўзинг менга хат йўллаб, Шом диёрига чақирдинг. Мен салтанатингни марказидан олис бўлган жойда рухсат ила қўним топдим. (Яъни, сенга ялиниб-ёлвориб илтифот кўрсатган эмасдим) Сен эса менга яна хат йўллабсан. Иншааллоҳ сени диёрингдан кетамиз!”

          Мухаммад ибн Ханафиййа ўз кишилари ва аҳли билан Шомдан жўнаб кетишди.Қачон бир манзилга келиб, тушмоқчи бўлса, уни у ердан чиқариб юборишар эди.Шундай бўлса ҳам Мухаммад фитнага учмаслик мақомида собит турди.Унга эргашган, аммо қалбларида заифлик бор баъзи кимсалар ғафлат ақллари ила янги даъволарни чиқара бошлашди.Уларнинг даъволари шундай эди: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайи васаллам Али ва унинг оила – хонадонига кўп илм сирларини қолдирган. У илмда дин қоидалари ва шариъат хазиналари мавжуддир. У илм фақат ўша оила аъзоларигагина хосдир. Улардан бошқаси унга кўтарила олмайди”.

          Амалли олим бўлган Мухаммад бу сўзлардан бузилиш ҳиди анқиб турганини сезди. Ислом ва мусулмонларга етажак хатар ва зарарларни идрок этди. Одамларни жамлади ва улар ичида туриб, хитоб қилди. Аллоҳга хамду - сано, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга саловот - салом йўллаб, сўнг деди:

        -Баъзи одамлар бизда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан байт аҳлига хос илм қолган, деб гумон қилмоқдалар. Биздан бошқаси унга кўтарила олмайди, дея баҳолашмоқда.Аллоҳга қасамки, бизга Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаламдан бу икки лавх орасидаги нарсагина мерос бўлиб қолган холос, дея Мусхафга ишора қилди ва яна сўзида давом этиб деди:

         -Албатта кимки,бизда Аллоҳнинг китобидан ташқари бир нарса бор ва уни бизни ўқийди деб гумон қилса, дарҳақиқат у ёлғон сўз айтибди!

 Яна баъзи унга тобеъ бўлганлар унга:

      -Ассалому алайка эй Маҳдий! – дейишарди.

У киши эса:

     -Ҳа, мен яхшиликка Маҳдийман, сизлар ҳам унга иншааллоҳ маҳдий бўлувчисизлар. Лекин менга салом берсаларингиз ўз исмим билан номланглар! Бас (менга гапирмоқчи бўлган кимсалар), асаламу алайка эй Мухаммад,  десин!

       Хажжож ибн Юсуф ас- Сақафий Хижозга волий бўлгач, унга халифа Абдулмалик мактуб йўллаб, Мухаммад ибн Ханафиййани эҳтиром этишни, унга эътиборли бўлишни буюрди. Лекин Мухаммад ибн Ханафиййа ундан сўнг узоқ яшамади. Аллоҳ Мухаммад ибн Ханафиййанинг қабрини мунаввар этсин! У киши ерда ноҳақ қон тўкилишини ва фасод ёйилишини мутлақо истамаган кимса эди. Одамлар орасида  “Алининг  ўғлиман” деб, ўзини юксакликка кўтаришга интилган  эмаслар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга  қарши Абдумаликка  байъат  қилишга катта бойликлар  таклиф  қилинсада, ундан  бош  тортганлар.

- - -