Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 3

“Саъид ибн Жубайр”

1547 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 3

“Саъид ибн Жубайр”

Саъид ибн Жубайр кибор сахобалардан таҳсил олган тобеъин олимлардан бири эди. У кишининг устозлари; Абу Саъид ал- Худрий, Адий ибн Хотим, Абу Мусо ал- Ашъарий, Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумдир. Улардан ташқари уммул- муъминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ҳам илм ўрганган. Саъид ибн Жубайрнинг энг катта устози Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бўлган. Ибн Аббосдан Қуръон ва унинг тафсирини, хадисни ўрганганлар.Унинг қўли остида динда фақиҳ бўлдилар. Саъд ибн Жубайр Аллоҳнинг фазли ила илмнинг баланд мартабасига кўтарила олди. Мухаддис ва фақиҳ олим Ахмад ибн Ханбал у киши ҳақида шундай деган эди: “Саъид ибн Жубайр қатл этилгач, ер устида унинг илмига муҳтож бўлинганидек муҳтож бўладиган биронтаси қолмади”.

       Илми баркамол бўлгач, Кўфа шаҳрини ўзига ҳовли ва турадиган маскан қилиб олди. У ернинг аҳлига муаллим ва имом бўлиб қолдилар. Рамазон ойида одамларга имомликка ўтиб қолсалар, кечқурунги намозларида бир сафар Абдуллоҳ ибн Масъуд қироатида ўқисалар, бошқа сафар Зайд ибн Собит қироатида, кейингисида эса яна бошқа қироатда ўқирдилар. Агар оятлар ичида ваъда ёки ваъид оятлари чиқиб қолса, териси қалтирар, юраги ташвишга тушар ва кўзидан ёш томчилари тўкилар эди. Ҳар йили икки маротаба Байтул- харомга боришни ҳам одат қилган эдилар. Биринчиси Ражаб ойида умрага эхром боғласалар, иккинчисида эса Зул- қаъда ойида хажга эхром боғлардилар.

         Илм толиблари, яхшилик ва эзгулик шайдолари, насиҳат  тингловчиларнинг барчаси Кўфага Саъид ибн Жубайрнинг  ташналикни қондирувчи тотли булоқ сувидан насибадор бўлиш учун ташриф буюришар эди. Ундан:

           -Қўрқув нима у ?- деб сўрашса, у:

            -Аллоҳдан қўрқишлик ўша қўрқувдир. Аллоҳдан қўрқишлик эса сени ва гуноҳинг орасини ўраб олади, деб жавоб қиларди. Агар ундан:

             -Зикр нима у? деб сўрашса, у:

              -Зикр Аллоҳга тоатдир! Кимки Аллоҳга банда бўлмоқлик учун интилса ва унга итоат эса уни зикр этган бўлади. Агар ундан юз ўгириб, унга итоат этмаса, кечаси билан тасбех айтсин, тиловат қилсин, барибир зикр қилувчи бўлолмайди, деб уқтирарди.           

               Саъид ибн Жубайр Кўфада истиқомат қилар экан, Хажжож Ироқ ва Шарқ ерларига ҳатто Мовароуннаҳрга волий эди. Хажжож билан Абдуррохман ибн Ашъас орасида қарама- қаршиликнинг  таъсири Саъид ибн Жубайрга ҳам бўлган. Хажжожнинг волийлигида содир бўлган бу фитнанинг Саъид ибн Жубайр ташқари қурбонлари жуда кўп бўлди. Абдуррохман ибн Ашъас етакчи қўмондонларнинг бири эди. Хажжож билан унинг ўртасидаги тўқнашувнинг тафсилот тарихи қуйидагича бўлиб ўтган.

                 Хажжож қўмондон Абдуррохман ибн Ашъасни Сижистон ортидаги Ротбил деган минтақага қўшин билан юборади. Ибн Ашъаснинг музаффар қўшини Ротбилнинг катта қисмини ва қўрғонли қалъаларни эгаллаб олди. Кўп ўлжаларни қўлга киритишди, Хажжожга қувончли нусрат хушхабарини ва ўлжанинг бешдан бирини ҳам жўнатишди. Ибн Ашъас Хажжожга бир мактуб  жўнатган бўлди. Унда урушдан бир оз муддат тўхтаб туришни, уруш минтақаларини синчиклаб ўрганиш лозимлигини илтимос қилган эди. Бу услуб ибн Ашъасга бегона қавмларни ўрганиш ва қўшинини хатарга солмаслик учун қўл келарди. Бироқ бу мактубдан Хажжож ғазабланди. У ҳам мактуб битиб, уни ибн Ашъасга жўнатди. Мактубида уларни (яъни ибн Ашъас ва қўшинни) қўрқоқликда ва заифликда айблади. Ҳалокат ва ўлим билан таҳдид солиб, ёмон оқибатни эслатди. Абдуррохман ибн Ашъас қўшинни жамлаб, Хажжожнинг мактубини уларга ўқиб берди ва улар билан маслаҳат қилди. Улар ибн Ашъасга Хажжожга қарши туриб урушиш кераклигини, унинг итоатидан халос  бўлишликни тавсия қилишди. Шунда Абдуррохман уларга деди:

               -Унга қарши курашда менга байъат бериб, ёрдам кўрсатасизларми?  Шоядки Аллоҳ Ироқ ерини унинг қабиҳлигидан ва феълининг бузуқлигидан покиза этса!

Қўшин ўзи берган маслаҳат устида қўмондонларига байъат беришди.Ибн Ашъас қўшини Сижистонни, кейин Форснинг бошқа ўлкаларини эгаллай бошлади. Энди улар Кўфа ва Басрани қўлга киритиш учун отлана бошлашди. Шарқ томондан келаётган ибн Ашъас қўшини билан Хажжожнинг қўшини икки бўлакка бўлинган катта низо олови ичида қолди. Аввали ибн Ашъас қўшинининг қўли баланд кела бошлади. У кишининг сўзига тобеъинларнинг киборлари ва мусулмон имомлар ҳам ижобат қилишди. Улар қаторида Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди. Урушнинг кейинги қисмида Хажжожнинг қўли баланд кела бошлади. Ибн Ашъас қўшини эса охири бориб парчаланди, ўзи эса нажот қидириб Хажжождан йироққа жўнаб кетди.

                 Хажжож жарчиларига нидо қилдириб, унга қарши турганларга байъатларини янгилаб олишлари мумкин  эканлигини маълум қилди. Бу чақириққа баъзилар ижобат қилди,  баъзилар эса бош тортишди. Саъид ибн Жубайр бош тортганлардан эди. Хажжожга байъат учун келганлар ўзлари ўйламаган манзарага гувоҳ бўлишди. Улардан биттасига дейилди:

                  -Сен амирул- муъмининнинг волийига берган байъатингни бузиш билан кофир бўлганингга гувоҳлик берасанми?

                  У айтди:

                  -Ҳа!

                Унга байъатини янгилашига рухсат берилди. Сўнг озод этилиб, қўйиб юбирилди. Мабодо келганлардан бирортаси  “йўқ” деса, уни ўлдириб юборишга амр қиларди. Баъзилар ўз нафсини ўлимдан олиб қолиш учун куфр келтирганини тан олар, Хажжожга итоат этар эди. Ушбу мудҳиш воқеада мингларча кишилар қатл этилди.

              Ёши кекса бўлса, Хосъам қабиласидан келган  чол кириб келди. У Фурот дарёси ортида яшар эди.Чол ибн  Ашъасга ҳам Хажжожга ҳам қўшилмаган, бетараф кимса эди: У Хажжож ҳузурида деди:

               -Бу (уруш) олови аланга олганидан бери бу дарё ортида бетараф бўлиб турдим. Уруш не кашфиётлар қилишига мунтазир бўлдим. Сен зоҳир бўлиб, зафар қучганингдан сўнг ҳузурингга байъат учун келдим.

                Хажжож чолга деди:

                -Сенга ҳалокат бўлсин! Қўл қовуштириб, мунтазир бўлиб туравердингми? Амиринг билан бирга урушгани чиқмадингми?

                 Сўнг у қисувга олинди ва сўралди:

                 -Сен кофир эканлигингга гувоҳлик берасанми?

                 Чол деди:

                  -Саксон йил Аллоҳга ибодат қилиб туриб, сўнг ўзимни кофир дейишим, нақадар ёмон кишининг иши бўладику!

Унга деди:

-Ундай бўлса, сени ўлдираман!

 Чол деди:

   Агар мени ўлдирсанг, Аллоҳга қасамки, умримдан эшакнинг чанқоғига қилган сабрича муддат қолди холос. У (эшак) эрта тонгда ичади, кечаси вафот топади. Мен эса ўлимни эрта-ю кеч кутаман. Сен бошлаган нарсангни қилавер!

             Хажжож жаллодига чолни ўлдиришни буюрди. Чол ўлдирилгач мажлисда бирортаси қолмади. Фақат ёши каттароқ кимсагина унга ачиниб йиғлади...

             Мана шу ҳолатда аянчли бўлган бу фитна ўз домига одамларни торта бошлади. Саъид ибн Жубайр бу икки ишни устида бўлишни кареҳ кўрдиларда, Ироқ еридан чиқиб кетишга азму қарор қилдилар. Хажжожнинг кўзидан нари юриш учун Маккага кетишни ихтиёр қилди. Маккага Уммавийлардан янги тайинланган волий келган эди. У Холид ибн Абдуллоҳ ал Қосрий эди. Унинг ёмон феъли, ёмонликка ўч инсон эканлигидан хабардор бўлган Саъид ибн Жубайрнинг дўстлари ундан яшириниш зарурлигини айтишди:

            -Бу кимса Маккага келган экан, биз Аллоҳга қасамки, сизга омонлик бор деб, айта олмаймиз. Бизга қулоқ солинг ва бу шаҳардан чиқиб кетинг!

             Саъид ибн Жубайр деди:

              -Аллоҳга қасамки, мен ўзи бу ерга қочиб келганим учун Аллоҳимдан ҳаё қилмоқдаман! Ва қасд қилдимки, энди шу маконда қоламан! Аллоҳ мен ҳақимда ўзи ҳоҳлаганини қилсин!

              Одамлар гумони тўғри чиқди. Макка волийи Холид Саъид ибн Жубайрнинг маконидан хабар топгач,аскарларидан бўлган сариййани уни тутишликка жўнатди.Уни ушлаганларидан кейин Васит шаҳрига, Хажжож олдига кишанланган ҳолда элтишларини буюрди.Жўнатилган қўшин шайхнинг уйини қуршовга олди. Шайхнинг дўстлари ёнида унинг икки қўлига кишан солишди. Уни Хажжож олдига юборилаётганидан хабар топишди, аммо шайхнинг нафси хотиржам, қалби сокин эди. У дўстларига қараб,деди:

               -Ўзимни анави золимнинг қўл остида ўлдирилган ҳолда кўрмоқдаман.Дарҳақиқат мен ва икки сохибим ибодат кечаларининг бирида дуо ҳаловатини сездик. Тазарруъ этган ҳолда Аллоҳга дуо қилиб, шаҳодат топишни сўраган эдик. Аллоҳ иккови сохибимга ўша шаҳодатни бериб, ризқлантирди.Мен эса қолдим, уни интизор бўлиб кутмоқдаман!

              Шайх сўзини тамомлашга яқин қолганда кичкина қизчаси чиқдида, отасининг бўйнига осилиб олди ва йиғлай бошлади. Сўнг ҳўнграб йиғлади, шайх эса уни мулойимлик билан ўзидан четлаштирди ва деди:

  -Эй қизчам онажонингга айтиб қўйгин:“Иншааллоҳ бизнинг учрашувимиз жаннатда бўлади!”

           Амалли олимлардан бўлган Саъид ибн Жубайрни Васит шаҳридаги Хажжожнинг ҳузурига олиб боришди. Хажжож олимни кўргач, унга кек билан деди:

   -Исминг нима?

    -Саъид ибн Жубайр!

   -Балки, Шақий ибн Кусайр бўлсанг керак! ( Шақий - бахтиқаро,бахтсиз деганидир.Саъид - бахтли дегани эди.)

   -Онам менинг исмимни сендан билувчироқ бўлган!

   -Мухаммад ҳақида нима дейсан?

   -Мухаммад ибн Абдуллоҳ  солаватуллоҳи ва саламуҳу алайҳни назарда тутмоқдамисан?

   - Ҳа!

          -(У) одам болаларининг саййиди ва танлаб олинган набийдур! Башариятдан қолганларининг ва ўтиб кетганларининг яхшироғидур! Рисолатни етказди ва омонатни адо қилди! Аллоҳ учун, унинг китобига умумий мусулмонларни ва хосларини ҳам насиҳат қилди!

        -Абу Бакр ҳақида нима дейсан?

        -У Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосари Сиддиқдир! У мақталган ҳолда ва саодат билан яшаб ўтди.Набий солаватуллоҳу ва саламуҳу алайҳнинг йўлларида юрди, у йўлда  биронта ўзгарувни,ўрнини алмаштирувни вужудга келтирмади.

        -Умар ҳақида нима дейсан?

               -У Форуқдир! Аллоҳ у сабабли хақ билан ботилни ажратди. Уни Аллоҳ ва Росули ихтиёр қилди.У икки сохиби йўлида давомчи бўлиб, мақталган ҳолда яшади ва шаҳид бўлган тарзда қатл этилди (яъни, суиқасд қилингани сабабидан вафот этди).

               -Усмон ҳақида нима дейсан?

               -У “Мушкул қўшин”ни жиҳозловчи (яъни Табук сафарида қўшин мушкулини осон қилиб, сафар анжомларини тайёрлаб, инфоқ қилган) кимсадир! “Рума” қудуғининг  сохибидур! (яъни, юз туя эвазига қудуқ сотиб олиб, мусулмонларга тортиқ қилган кишидир).Ўз нафси учун жаннатдан уй сотиб олган харидордур! Росулуллоҳ сололлоҳу  алайҳи васалламнинг икки қизларининг куёвидур! Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг уни самодан келган ваҳий сабабидан жуфтлагандир! У зулм этилган ҳолда қатл этилгандир!

   -Али ҳақида не дейсан?

    -Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг амакисини ўғлидур ва йигитчалардан биринчи бўлиб исломга кирганлардандур! У Фотимайи- мутаҳҳаронинг куёвидур! Жаннат аҳли йигитларининг икки саййиди Хасан ва Хусайнларнинг отасидур!

      -Сени Уммавийларнинг қайси халифаси ажаблантирган?

      -Яратувчиси улардан рози бўлганлари!

      -Уларнинг қайси бири Яратувчисинирози қила олган?

      -Унинг илми уларнинг пичирлаганини ва сир тутганларини биладиганнинг ҳузуридадир!

      -Мен ҳақимда нима дейсан?

      -Сен ўзингни ўзинг билувчисан!

      -Сенинг фикрингни билишни ҳоҳлайман!

      -Ундай бўлса, сен махзун бўласан ва шод бўлмайсан!

      -Сен эшитишим шарт!

      -Сени Аллоҳ Таълонинг китобига хилоф иш қилувчи деб биламан.Ишларни ҳайбатни ҳоҳлаб қиласан, ўзингни - ўзинг ҳалокатга дохил қиласан, ўтга пешвоз боришга уринасан!

        -Аллоҳга қасамки, сени қатл этаман !

         -Ундай бўлса менинг дунёйимни, ўзингни эса охиратингни барбод қилурсен!

         -Ўз нафсингга қайси ўлим турини истайсан?

         -Йўқ, сен ўз нафсингга уни ихтиёр эт,эй Хажжож! Аллоҳга қасамки мени сен қандай қатл этсанг, Аллоҳ сени ҳам ўшандай охиратда қатл қилажак!

         -Сени кечиришимни ҳоҳлайсанми?

         -Агар кечирим бўлса у Аллоҳ Таъолодандир! Сендан эса кечирим ҳам, нажот ҳам йўқ!

        Хажжож аччиқланди ва буюрди:

       -Эй ғулом, қилич ва кунда(ни келтир)!

        Саъид ибн Жубайр табассум қилди.Хажжож унга деди:

        -Нега табассум қиляпсан?

        -Сени Аллоҳга қилаётган журъатингга ва Аллоҳни сенга ҳалимлигига ажабландим.

        -Эй ғулом, уни ўлдир!

Саъид ибн Жубайр қиблага юзланиб, деди: ”Юзимни тўғри тутган ҳолда осмонлару ернинг Фотири (янгидан пайдо қилувчи, яратувчи)га юзлантирдим. Мен мушриклардан эмасман”, деди.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                      

                                                                                                                                          (Анъом; 79-оят таржима мазмунидан)

  -Юзини қибладан бур, деб буюрди Хажжож.

   Саъид эса:

   “Юзларингизни қаерга бурсаларинггиз ҳам, Аллоҳнинг розилигини топаверасизлар”, деди.

                                                                                                                                       (Бақара; 115-оят таржима мазмунидан)   

     Хажжож айтди:

    - Уни ерга ағдаринглар!

Ўша ҳолда Саъид ибн Жубайр деди:

      “У (ер)дан сизларни яратдик, унга сизларни қайтарамиз ва ундан сизларни яна чиқарамиз”

                                                                                                                                          (Тоҳа; 55-оят таржима мазмунидан)

         Хажжож буюриб, деди:

      -   Аллоҳнинг душманини сўйинглар! Қуръон оятларини ундан кўра кучлироқ(далил сифатида) келтирадиган кимсани мен кўрган эмасман!

           Саъид ибн Жубайр кафтини дуога очиб: “Парвардигоро, мендан кейин Хажжожга борортаси устидан ҳукмронлик қилишга йўл бермагин”, дея илтижо қилди.

             Саъид ибн Жубайрнинг фожеасидан ўн беш кунча вақт ўтмай, Хажжож иситмалай бошлади ва у қаттиқлашиб, касаллик унга азоб бера бошлади. У бир соатча ухлаган бўлардида, кейин уйқуси қочарди. Хавфдан чўчиб уйғонардида, қичқирарди:

               -Бу Саъид ибн Жубайр менинг бўйнимдан тутмоқда! Бу Саъид ибн Жубайр: “нега мени қатл қилдинг?” деяпти. Сўнг Хажжож йиғларди ва дерди:

     -Саъид ибн Жубайрга мен нима қилиб қўйдим-а?! Менинг ҳузуримга Саъид ибн Жубайрни олиб келинглар!  

 Хажжож ўлгач,  уни тушларида кўрганларини айрим олимлар қайд этганлар. Хажжождан сўрашди:

       -Эй Хажжож, сен қатл этган кимсалар борасида сени Аллоҳ нима қилмоқда?

Хажжож жавоб қилиб:

        -Аллоҳ мени ҳар-бири киши учун биттадан, Саъид ибн Жубайр учун эса етмиш мартадан қатл қилмоқда, деган экан.

- - -