Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 2

Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий

1875 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 2

Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий

Сулаймон ибн Абдулмалик муъминларга етакчи бўлиб турган паллаларда эди. Хуросоннинг волийси, ислом учун қиличини яланғочлаган кучли саркарда Язид ибн Муҳаллаб юз мингга етган қўшин билан Форснинг Журжон ва Табаристон ерларига фатх ишларига қасд қилган эди. Ихтиёрий аскарлар ичида тобеъин олим Мухаммад ибн Васеъ ал-аздий ҳам бор эди. У киши “фақиҳлар безаги” деб лақабланган эди. “Басра обиди” дея танилган ҳам эди. Мухаммад ибн Васеъ сахоба Анас ибн Молик, яъни Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ходими бўлган кимсанинг шогирди бўлганлар.

Язид ибн Муҳаллаб Диҳистон деб аталмиш маконга қўшин билан келиб тушди. Уларнинг рақиблари қаттиқ мудофаага эга бўлиб, қалъа қўрғонлари мустаҳкам эди. Улар мусулмонлар билан жанг қилгани ҳар-куни қалъадан ташқарига чиқишарди. Уларга қаттиқ машаққат етгач, баланд тепаликларга ва тоғларга чиқиб кета бошлашди.

     Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий жуссаси нозик ва заиф бўлишига қарамасдан бу мухорабада унинг мақоми баланд эди. Мусулмон лашкарлари очиқ чеҳрали Мухаммаддан балқиган иймон жилоси билан рохат топар эдилар. Унинг ёқимли тилидан таралаётган зикр ҳароратидан завқланар эдилар. Шиддат ва қайғу лаҳзаларида у қилаётган дуолар сабабидан кўнгилларида хотиржамлик уйғонар эди. Унинг нидосини, жангга чорловини эшитган лашкарлар душманларига шерлар қочган ўлжани қувгандек ташланишарди. Майдонга ташна одам муздеккина, соф сувга интилгандек талпиниб киришарди.

     Шиддатли жангларнинг бирида душманлар сафидан бир отлиқ ажраб чиқди. Унинг келбатидек гавдага кўз тушмаган эди. У қувватда ашаддий, журъатли ва олишувга бўлган шашти баланд эди. У жанг майдонида сафларни кезиб, айланар эди. Мусулмонлар турган ўринларидан четланишди. У ўзи билан олишгани чиқадиганларни кибр ва ҳаддан ошув билан чақира бошлади.

     Унга қарши Мухаммад ибн Васеъ олишиш учун ўрнидан қўзғалди. Шу вақт мусулмон лашкарларининг ҳамияти жўш уриб, тўлқинланиб кетишди. Жангчилардан бири шайхнинг ҳузурига чиқиб, уни тўхтатди ва Аллоҳни ўртага қўйиб, олишгани чиқмаслигини илтимос қилди. Олишувни тарк этиб, шу ишни менга қўйиб беринг, деди.

     Шайх уни илтимосини қабул қилди ва у жангчига Аллоҳдан нусрат ҳамда қўллашини сўраб дуо-илтижо қилдилар. У иккови яккама-якка олишувга чиққанлар кучли шерлардек жангни бошлашди. Қўшиннинг кўзлари ва ҳар тарафдан уларга боқиб турган қалблар у иккисига қадалган эди. Уларнинг олишуви бир соатга қадар давом этди. У иккисидан жуда кўп жидду-жахд сарфланди. Сўнг иккиси қиличларини бошлари узра кўтариб, бир лаҳза ичида қиличбозлик қилишди.

     Мусулмон отлиқнинг бошидаги дубулғада душманнинг қиличи ҳаракатсизланди, мусулмоннинг қиличи эса унинг пешонаси узра тушиб, калласини икки бўлиб юборди. Мусулмон жангчи ғолиб ҳолда мусулмонлар сафига қайтди. Унинг мисолидақа (довюрак)нинг кўринишига ҳечам кўз тушмаган эди. Қўлида қилич, ундан қон томиб турарди. Дубулғасига ўрнашиб қолган қилич эса офтоб шуъласида ярқираб турарди.

     Уни мусулмонлар таҳлил (“Ла илаҳа иллоллоҳ”), такбир (“Аллоҳу акбар”) ва тахмид (“Алхамдулиллаҳ”) калималари билан кутиб олишди. Язид ибн Муҳаллаб икки жилоланиб турган қиличларга қараб деди:

  • Унинг форсдан бўлган отаси қандай яхши-я, бу одам ким ўзи?!

Унга жавоб қилиндики:

  • Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздадийнинг дуолари барокот берган кимсадир!

     Душман отлиқнинг ҳалокатидан сўнг қувватлар мезони тўнтарилди, мушриклар ичида саросима ва хавф пайдо бўлди. Мусулмонларда эса иззат ва фахр туйғуси жўш ура бошлади. Жанг мусулмонларнинг омади билан ниҳоясига етди.

     Душман томон Язидга элчи юбориб, сулҳ тузишни, ўзлари эса таслим бўлишни, юртларидаги-ю, қўлларидаги нарсаларни ҳам топширишга кўнганлигини билдиришди. Ўзларига ва хонадон аҳлларига омонлик сўрашди. Сулҳга эътиборан Язид уларга етти юз минг дирҳам маълум муддатга беришни, тўрт юз минг нақд беришни ва тўрт юз ҳайвонга ортилган заъфарон келтиришларини шарт қилиб белгилади. Шу билан бирга тўрт юз нафар одам ҳар-бирининг қўлида идишда кумуш бўлишини, бошларида эса ипакдан бўлган бурнус (бошни қопловчи кийим) бўлишини ҳам тайинлади.

     Жангдаги ўлжалар маконига келиб тушгач, Язид ибн Муҳаллаб хазинабонга буюрди:

  • Ўлжаларни ҳисобла, ҳар-бир хақ эгасига уни топширамиз!

     Хазинабон кишилари билан уни ҳисоблаб чарчашди ва ҳолдан тойишди. Ўлжалар аскарлар орасида риоя билан бўлиб, тақсимланди. Бу ўлжалар ичида ҳақиқий тилладан ясалган қимматбаҳо тожни кўришга мусулмонлар гувоҳ бўлди. Тож – дур ва жавоҳирлар билан ўралган, нақшлар билан безатилган,  кўзлар уни кўрса қамашар эди.

     Язид уни қўлига олиб кўтарди, уни (тожни) аскарлардан кўролмаганлар кўришга муваффақ бўлди. Сўнг Язид деди:

  • Дарҳақиқат бир кимса борки, бу тождан ўзини зуҳдга олади (яъни, уни олишни ўзига раво кўрмайди)!
  • Аллоҳ амирни ислоҳ этсин, ким экан у – ундан (тождан) ўзини зуҳд этадиган, дейишди.
  • Албатта Мухаммад алайҳис-салоту вас-салам уммати ичида зуҳд этиб келаётган кимсани яқинда кўриб оласизлар. У киши бу тождангина эмас, балки бунга ўхшашнинг ер юзи тўласидан ҳам зуҳд қила олади, деди Язид ибн Муҳаллаб.

Сўнг хос хизматчисига қараб буюрди:

  • Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздийни топиб кел!

     Хос хизматчи уни ҳамма томондан қидира кетди. Уни одамлардан узоқроқ жойдаги макондан топди. У тик турган ҳолда намоз ўқирди, дуо қиларди, ўтиниб Аллоҳга илтижо қиларди ва истиғфор айтарди.

     Унга юзланиб деди:

  • Амир сиз билан йўлиқиш учун чақиряпти, бир соат ичида боришингизни илтимос қилди.

     Мухаммад хос хизматчи билан амирнинг олдига борди, унга салом бериб, яқинроғига бориб ўтирди.

     Амир унга унданда яхшироқ салом қайтарди.

     Сўнг қўлига тожни олдида:

  • Эй Абу Абдуллоҳ, мусулмонлар қўшини бу қимматбаҳо тожни қўлга киритишди. Мен сизни унга лойиқ деб топдим, уни сизга улуш қилиб бераман, деди.

     Бу ишга лашкарларнинг нафси ҳам ором топди. Мухаммад ибн Васеъ эса:

  • Уни менга улуш қилиб берасизми, эй амир! – деди.

Амир Язид ибн Мухаллаб унга жавоб қилди:

  • Ҳа, у сизнинг улушингиздир!
  • Менинг унга хожатим йўқ эди, эй амир!... деди Мухаммад.

Амир айтди:

  • Аллоҳнинг номи ила илтимос қиламан, уни албатта олинг, илтимос!

     Мухаммад ибн Васеъ амирнинг илтимосини рад қила олмади. Тожни олгач, ундан кетишга изн сўради ва чиқиб кетди. Шайхни баъзи танимайдиган кимсалар деди:

  • Дарҳақиқат у тожни ўзиники қилиб олди, уни олиб кетдику!

     Язид эса хизматкорларидан бирига, яшириниб бориб, шайх нима қилганининг хабарини олиб келишга амр этди. Хизматкор Мухаммаднинг ортидан хуфёна равишда пойлаб борди. У эса ўзини кузатилаётганидан бехабар эди. Тожни қўлида тутган ҳолда Мухаммад ибн Васеъ йўлда кетар экан, ҳурпайган, чанг-ғуборли ва эътиборсиз бир киши:

  • Аллоҳнинг молидан... дея сўраб қолди.

     Шайх ўнг томонига, чапига ва орқа томонига қаради. Қачонки ўзидан бошқа одам йўқ эканлигига амин бўлгач, тожни сўровчина тутқазди. Кейин эса ниҳоятда шоду-хуррам ҳолатда жўнаб кетди. Елкасидан оғир юк қулаган кимсалардек ўзини ҳис қилди.

     Амирнинг хизматкори сўровчини қўлидан тутди ва уни амир олдига етаклаб борди. Бўлган ишнинг тафсилотини баён қилди. Амир сўровчининг қўлидан тожни олди ва уни рози қиладиган даражада катта мол берди. Сўнг амир аскарларига қарадида:

  • Сизларга айтмаганмидим, албатта Мухаммад алайҳис-салоту вас-саламнинг уммати ичида бу тождан зуҳд қиладигани ҳали бор, деб! Унга ўхшаш нарсаларнинг ўхшашидан ҳам у киши зуҳд эта олади!

     Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий мушрикларга қарши Язид ибн Муҳаллаб қўшини ичида иштирок этиб юраркан, хаж мавсуми ҳам яқинлашиб қолди. Жуда оз фурсат қолаётгани боис у Язиднинг ҳузурига кирди ва хажга тайёргарлик қилиб, жўнаш учун ундан изн сўради. Шунда Язид унга деди:

  • Эй Абу Абдуллоҳ изнингиз ўз қўлингиздадир! Ҳоҳлаган пайтингизда жўнашингиз мумкин! Хаж сафарингизга сарфланажак маблағни ҳам буюриб, тайинлаб қўйганмиз.

     Шайх Мухаммад сўради:

  • Эй амир аскарларингизнинг ҳар-бирига ҳам шу молдек нарсани буюрдингизми, (улар ҳам мендек маблағ олиши мумкинми?)

Амир:

  • Йўқ, деди.

Шунда ал-Аздий айтди:

  • Мусулмонлардан алоҳида мен учун хосланган нарсага менинг ҳожатим йўқ!

     Сўнг у хайрлашиб жўнаб кетди. Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздийнинг сафари Язид ибн Муҳаллабга қаттиқ айрилиқ машаққатини солганидек, бутун мусулмонларнинг ўша жойда қарор топган аскарларига ҳам ҳижрон олиб келди. Улар унинг суҳбатларига, илмига жуда, жуда муштоқ эдилар. Ундан маҳрум бўлганларига, қилажак дуоларига етиша олмаётган музаффар қўшин кўп афсусда эди.

     Шайхнинг хаж маносикларини адо этиб қайтиб келишига, кўз тикишиб, уни яна қайта кўришни орзу этардилар. Ер юзида адолатни, ободликни ўрнатишни истаб ўзга диёрларда юрган мусулмон лашкарлар ўз сафларида “Басра обиди” деб танилган Мухаммад ибн Васеъдек шайх бўлишини жуда, жуда ҳоҳлашарди. Унинг улар билан бўлиши уларга кўтаринки кайфият бағишлар эди. Аллоҳ Азза ва Жалладан умид этиб, шайхнинг Хақ Таъолога ўтиниб қиладиган дуоларни қўмсаб, унинг йўлига кўз тикар эдилар.

     Шайхнинг кичкинагина жуссаси бўлишига қарамай, одамлар наздида у улкан инсон эди. Молик ибн Дийнор у шайх хусусида:

     “Амирларнинг ўзларига хос қорилари бор, бойларнинг ўзларига хос қорилари бор ва Мухаммад ибн Васеъ – Рохман (исмли Аллоҳ)нинг қориларидандир!” – деганлар.

     Исломнинг йирик фатхи, Мовароуннаҳрга ислом байроғи билан кирган саркарда Қутайба ибн Муслим айтганлар:

     “Дарҳақиқат Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздийнинг биргина бармоғи – мен учун мингта машҳур қиличдан ва уни кўтариб юрадиган мингта навқирон йигитдан махбуброқдир!” Шу ўринда бу сўзнинг айтилмиш воқеасини ўрганиб ўтамиз.

     “Қутайбанинг етакчилигида мусулмонларнинг қўшинлари саксон еттинчи ҳижрий санада Марв шаҳридан Бухоро томонларга фатхга юра бошлашди. Қутайба ибн Муслим рақиб қўшинларининг жамланганидан ва қаршиликнинг жиддийлигидан маконидан на олдига на ортга силжишга имконият қилолмади. Қўшин Пойканд шаҳри бўсағасида ана шундай ҳолда икки ой қолиб кетишга мажбур бўлди. Қутайба эса ўз ишида ҳайрону-лол эди. Мусулмон ўлкаларида қўшин учун фатху-нусратлар сўралар, имому-муқтадийлар ҳам дуо қилиб зафар қучишни Хақ Таборока ва Таъолодан илтижо қилардилар. Улар ичидаги бу ишда энг пешқадами – Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздийдек улкан тобеъинлардан бўлган олим турарди.

     Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилийнинг ажнабий халқдан (араб бўлмаган) жосуси бор эди. У Тайзар деб номланарди. Тайзар жуда тажрибали ва доно, ўз ишининг устаси бўлган одам эди. Аммо Тайзарнинг душман тараф унга мол сарф этиб, хуфёна тарзда ўзларига оғдириб олган эди. Тайзардан мусулмонлар қувватини заифлаштириш, уларни урушсиз орқага чекинтиришни талаб қилишган эди.

     Тайзар Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилийнинг ҳузурига кирди. Унинг ҳузуридаги мажлисда кибор етакчилар ва қўшин саркардалари мавжуд эди. Тайзар Қутайбанинг ёнига келиб ўтирди, унинг қулоғига яқин туриб, шивирлаб гапирди:

  • Агар ҳоҳласангиз эй амир, мажлисни якунлашингиз мумкин.

     Мажлис аҳлига Қутайба кетиш учун ишора қилгач, улар чиқиб кета бошлади. Фақат улар орасидаги Зирора ибн Хусайнгина қолди. Шу вақт Тайзар Қутайбага бурилиб деди:

  • Эй амир сизга хабарлар бор!

Қутайба бетоқатлик билан деди:

  • Гапир!

Тайзар деди:

  • Дамашқда амирул-муъминин Хажжож ибн Юсуф ас-Сақафийни узоқлаштириб, четлатди. Унга тобеъ бўлган етакчиларни ҳам четлатди. Сиз ҳам ўшалардан бирисиз! Қўшинларга янги етакчиларни тайинлади ва уларни ўз ишларига жўнатмоқда. Сизнинг ўрнингизга келувчи ўринбосар кеч ва чошгоҳ орасида келиб қолади. Менинг фикрим, қўшинингиз билан бу юртдан Марвга қайтсангиз ва ишингизни уруш майдонларидан узоқроқ жойда мулоҳаза қилсангиз...

     Тайзар сўзини тамомламай туриб, Қутайба ибн Муслим хизматкори Сияҳни чақирди, олдига келгач, унга буюрди:

  • Эй Сияҳ, манави хоиннинг бўйнига ур!

     Сияҳ амир буюрган қатлни адо этгач, келган жойига қайтиб кетди. Қутайба Зирор ибн Хусайнга қайрилиб деди:

  • Ер юзида бу хабарни сен ва мендан бошқа биронтаси эшитгани йўқ. Мен Олий ва Улуғ Аллоҳга қасамёд қилиб айтаманки, агар бу хабар урушни тугатмасимиздан олдин тарқалса, манави сотқиннинг ҳолатига сени ҳам соламан! Агар сени нафсингни сақлаб қолишга ҳожатинг бўлса, тилингни тийиб, бу ишни кўмгин! Ва билгинки, бу хабарни ёйилиши аскарларнинг қувватига шикаст етказади. Бизнинг устимизга ёмон мағлубият тушади.

     Сўнг Қутайба одамларни киришга изн берди. Улар Тайзарни ерга ағанаб, ўлдирилган ҳолда кўришгач, ҳайронлик ва даҳшатона тусга киришди. Тайзарни қонга ғарқ бўлган жасади уларга жимлик олиб келди.

     Қутайба уларга деди:

  • Нега сотқин хиёнатчи кишининг ўлимидан даҳшатга тушасизлар?!

Улар айтишди:

  • Биз уни мусулмонларга насиҳатгўй деб, ўйлаган эдик.

Қутайба деди:

  • Йўқ, у душманлар учун товламачилик қилувчи кимсадир, Аллоҳ уни гуноҳи сабабли олди.

Сўнг баланд товушда буюрди:

  • Ҳозир душманларингизни рўбарўсига жанг учун қўзғолинглар!...

     Қўшин етакчилари Қутайба ибн Муслим буйруғига биноан душманларига қарши чиқиш учун жўнай бошладилар. Саф тортишгач, душман тарафнинг кўплигини кўргач, нафсларга хавф оралади.

     Қутайби ибн Муслим қўшиннинг ҳайбати қочганини, кайфияти махзун бўлганини пайқаб қолди. Бўлинмаларнинг сафларини айланиб уларни жангга илҳомлантирди ва уларнинг рухларини кўтариб, ниятларини мустаҳкам қилишга чорлади. Сўнг атрофидагиларга қараб:

  • Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий қани?! – деди.
  • Эй амир, у ана ўнг томонда! – деб жавоб қилишди.
  • Нима қиляпти, деб сўради Қутайба.
  • Найзасига таяниб, кўзи самога қадалган ҳолда бармоғини қимирлатиб турибди. Эй амир уни чақирайликми?
  • Йўқ, тек қўйинглар! (Дуо қилаверсин!) деб сўзини орқасидан қўшимча қилиб деди:
  • Аллоҳга қасамки, анави бармоқ менга минг машҳур қиличдан ва уни кўтариб юрадиган мингта навқирон йигитдан маҳбуброқдир! Бас уни тек қўйинглар, у дуо қилаверсин. Биз фақатгина унинг дуоси мутажоб бўлганинигина биламиз!

     Мусулмон қўшинлар рақиб қўшини билан аёвсиз тарзда бар-бирига дуч келди. Худди денгиз тўлқини бўронли кунда бир-бирига шиддатли урилганидек икки тараф ўзаро рўбарў, тўқнаш келди. Аллоҳ мусулмонларнинг қалбларига хотиржамлик туширди. Ўз ҳузуридан рахмат ёғдириб, мадад берди. Ўша куни кундуз бўйи қиличбозлик, жанг давом этди. Тун қоронғулашгач, Аллоҳ мушрикларнинг қадамига ожизлик, қалбларига эса қўрқув-хатар солиб қўйди. Улар Қутайбадан сулҳ тузишни таклиф этди. Бас сулҳ тузилди.

     Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий Қутайба ибн Муслимга ҳушёрликни, фатхнинг асосий мақсади нима эканлиги ҳақида эслатиб турарди. Чунки, Қутайба ибн Муслим бошчилигида Самарқандга кириш, маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлган, мусулмон қўшин устидан халифа Умар ибн Абдулазизга шикоят ҳам бориб етган эди. Бу воқеа шундай бўлган.

     “Самарқанд аҳлидан бўлган элчилар Сўғд волийси бўлиб турган Сулаймон ибн Абу Саррий ҳузурига келишиб, айтишди:

  • Сафдошингиз Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий бизнинг юртимизга огоҳлантиришсиз кириб келди. Сизлар йўналтирган урушга биз йўналган эмасдик. Дарҳақиқат сизлар душманларингизни исломга киришликка чорлашларингизни биз биламиз! Агар исломга кирмай, юз ўгирилса жизя беришликка чорлашларингизни ҳам биламиз! Агар ундан ҳам юз ўгирилган ҳолатдагина сизлар урушни эълон қилишларингиз лозим эди! Дарҳақиқат биз халифаларингизнинг адолатли, биз интилаётган нарсада тақво этажагини, қўшинларингиздан шикоят қилишимизни қабул қилади деб, биламиз!Эй амир, халифаларингиз олдига элчиларимиз бориб, биз хақли бўлмаган зулмни кўрганимиздан арз этишимизга рухсат беринг! Агар бизнинг хаққимиз бўлса, уни бизга берар, агар ундай бўлмаса, борган жойимиздан қайтиб келамиз!

     Сулаймон Самарқандлик элчиларга Дамашққа халифа ҳузурига боришга изн берди. Элчилар етиб боришгач, мусулмонлар халифаси Умар ибн Абдулазизга арзларини изҳор этишди. Умар ибн Абдулазиз волий Сулаймон ибн Абу Саррийга мактуб йўллаб, жумладан шундай деган эди: “Аммо баъд... Самарқанд аҳли билан ўтириб, уларнинг шикоятларини қозига ҳавола эт! Агар уларнинг фойдасига ҳукм бўлса, мусулмонлар қўшинига дарҳол буюрки, уларнинг шаҳарларини ташлаб чиқиб кетсинлар! Уларнинг орасида муқим бўлганларини ҳам уларнинг ҳузуридан чиқаргин! Уларнинг диёрига Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий киришлигидан олдин қандай бўлсаларингиз ва улар қандай ҳолда бўлсалар, ўшандай қайтинглар!”

     Сулаймон ибн Абу Саррийга амирул-муъмининнинг мактубини чопар олиб келгач, қози маҳкамасидаги жараённи уюштиришга шошди. Самарқандликларнинг шикоятларига назар солди. Мусулмон аскарлари ва бошлиқ-қўмондонлар билан ҳам гаплашиб, уларнинг сўзларини тинглади. Даъво қилинаётган нарсанинг тагига етиб, тўғрилигини билишга ошиқди. Шундан сўнг волий мусулмон лашкарларини чиқиб кетишга ҳукм қилди. Улар Самарқандни тарк этиб, чиқиб кета бошлашди. Самарқанд қавмининг катталари, бу ҳукмни эшитиб, ислом адолатига, тўғрилигига амин бўлдилар”.

     Демак, Мухаммад ибн Васеъдек насийҳатгўй олим Қутайбага ниҳоятда зарур эди. Бухоро бўсағасидаги фатхдан сўнг, эллик минг хитой ипагини ваъда қилган кимсанинг сўзини эшитган Қутайба қўшиндан:

  • Нима дейсизлар? – деб сўради.

Улар унга жавобан:

  • Бу мол мусулмонларнинг ўлжасини янада зиёда қилади, дейишди.

Қутайба эса шайх Мухаммадга қараб:

  • Эй Абу Абдуллоҳ, сиз нима дейсиз? – деб сўради.

Шайх Мухаммад ибн Васеъ деди:

  • Эй амир, мусулмонлар ўз диёрларидан (бу ерларга) ўлжа жамлашлик учун, молу-дунёларини кўпайтириш учун келган эмас! Балки улар, Аллоҳнинг ризоси ва у беражак савоблар учун, ер юзига динни таратишлик учун чиқишган!...

Қутайба эса унга миннатдорчилик билдириб:

  • Аллоҳ сизни яхшилик ила мукофотласин! – деди.

     Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий Уммавийларнинг Язид ибн Муҳаллаб ва Қутайба ибн Муслим сингари амирлари билангина эмас, балки шаҳар ва вилоят волийлари билан ҳам ишлаб, фаолият кўрсатган. Шундай волийлардан бири Басра волийи Билол ибн Абу Бурдадир.

     Волий бир куни дағал жундан қилинган ҳубба кияётганида шайх кириб қолди. Шунда Билол сўради:

  • Эй Абу Абдуллоҳ, бу дағал кийимга нима дейсиз?

     Шайхнинг фикри машғул бўлиб қолди. Волийга жавоб қилмади. Волий унга қарадида:

  • Эй Абу Абдуллоҳ, сизга нима бўлди, менга жавоб қилмаяпсиз?

Шайх деди:

  • Зуҳд этган ҳолда, сўзлашимни кареҳ кўрдим, бас нафсимни поклаяпман. Фақатгина сўзлашимни кареҳ кўряпман, бас Роббимга шикоят этмоқдаман! Мен бу ва ўша (дағал жундан бўлган ҳубба) ҳақидаги нарсани ҳоҳламайман!

Волий сўради:

  • Эй Абу Абдуллоҳ, ҳожатингиз йўқми? Уни адо қиламиз!

Шайх деди:

  • Одамларнинг бирортасидан сўрайдиган ҳожатим йўқ! Фақат мен сенинг олдингга мусулмон биродарнинг ҳожати учун келгандим. Агар Аллоҳ уни бўлишлигига изн берган бўлса, уни сен бажара оласан ва мақтовга сазовор бўласан. Агар уни бўлишига изн бермаган бўлса, уни сен бажара олмайсан ва узрли кимса бўласан.

Волий унга қараб:

  • Эй Абу Абдуллоҳ, қазо ва қадар ҳақида нима дейсиз? – деб сўради.

Шайх унга жавоб қилиб деди:

  • Эй амир, Аллоҳ Азза ва Жалла бандаларидан қиёмат куни қазо ва қадар ҳақида сўрамайди, фақатгина уларнинг амаллари ҳақида сўрайди.

Волий ундан уялди ва жим бўлиб қолди...

     Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий бир неча маротаба қозилик мансабига таклиф қилиндилар. Аммо қаттиқ қаршилик кўрсатиб, рад қилдилар.

     Бир куни Басра миршабларининг сохиби Мухаммад ибн Мунзир шайхнинг олдига келиб, мақсадини баён этди:

  • Ироқнинг амири мендан сизни қозиликка тайинлашимни талаб қилди.

Шайх деди:

  • Мени авф этинглар ўша ишда, сизларни Аллоҳ авф этсин!

     Миршаб икки ёки уч маротаба таклифни баён этган бўлди:

  • Аллоҳга қасамки, сиз ё қози бўласиз ё мен сизни дарра уриб, шарманда қиламан!

Шайх деди:

  • Агар ўшандай қилмоқчи бўлсанг, албатта сенинг қўлингда эрк бор, хукмронлик бор. Дарҳақиқат дунё азоби охиратдаги азобланишдан яхшироқдир!

     Миршаб шайхдан хижолат бўлди ва яхшилик билан жўнаб кетди.

     Басра масжидидаги Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздийнинг илм мажлиси – толиби илмлар унга мурожаат этадиган манзил ва ҳикматга рағбат қилувчиларга, мавъизага интилганларга хос илм-маърифат ўчоғи эди. Илм истаб келаётганлардан бири шайхга деди:

  • Эй Абу Абдуллоҳ менга насиҳат қилинг!

Шунда у иккиси ўртасидаги савол жавоб бўлиб ўтди:

  • Дунё ва охиратда подшоҳ бўлишлигингни насиҳат этаман!
  • Эй Абу Абдуллоҳ буни қандай қила оламан?
  • Дунёдаги завол топувчи нарсалардан, одамлар ҳузурида турганлар ашёлардан беҳожат бўлсанг – мана бу ерда подшоҳ бўласан! У юз ўгиришинг сабабидан анави охиратда ҳам савобларни гўзаллигидан, Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофотлар билан подшоҳ бўлишга эришасан!
  • Эй Абу Абдуллоҳ, мен сизни Аллоҳ йўлида яхши кўраман!
  • Мени яхши кўрганинг учун, сени ҳам Аллоҳ яхши кўрсин!

     Сўнг бурилиб кетаркан: “Аллоҳумма инний аъузубика ан-ухабба фийка ва анта лий мақит” (яъни, “Парвардигоро, сенинг йўлингда мен учун сен ёмон кўрган нарсани суюкли бўлиб қолишидан паноҳ сўрайман”), деди.

     Ҳар қачон одамлар шайхни тақвоси ва ибодатларини эътибор қилиб мақтаётганини эшитиб қолсалар, шайх уларга айтарди:

  • Агар гуноҳларнинг таралиб турадиган ҳиди бўлганда эди, мендан таралаётган ҳиднинг озорига сизлар менга яқин келмоқликка бирорталарингиз қодир бўла олмас эди!

     Мухаммад ибн Васеъ шогирдларини Аллоҳнинг китобини лозим тутишга, унинг кенгликларида яшашга қизиқтиришдан тўхтамас эди. У киши насиҳат қилар эдилар:

     “Қуръон – муъминнинг бўстонидир. Унинг қаерига тушса, у гулзорга тушган бўлади”.

     У оз таомланишга чорлаб, насиҳат қилганлар:

     “Кимки таомни оз қилса, фаҳмлайдиган ва фаҳмлантира оладиган бўлади. Мусаффо бўлади ва мулойимлашади. Албатта таомнинг кўпи, киши ҳоҳлаб турган нарсаларининг кўпини оғир-юкли қилиб қўяди”.

     Мухаммад ибн Васеъ бир куни бозорга эшагини сотгани борди. У кишидан бир кимса сўради:

  • Эй шайх, буни менга сотаверишга рози бўласизми?

Шайх:

  • Ўзимга бўлишини ҳоҳлаганимда, уни сотмас эдимку, дедилар.

     Ал-Аздий хаётлари давомида гуноҳларидан хавфсираб ўтдилар. Улар билан Роббиларига рўбарў бўлишдан қўрқиб, эҳтиёт бўлишга ошиқардилар. У кишидан агар: “Эй Абу Абдуллоҳ қандай тонг оттирдингиз?” – дея сўралса: “Ажалимга яқин ҳолда, умидимдан узоқ ҳолда ва амалим ёмон аҳволда тонг оттирдим”, дердилар.

     Мухаммад ибн Васеъ ал-Аздий бетоб бўлиб қолдилар. У кишининг хаётидаги сўнги хасталиклари эди. Шайхни зиёрат қилиш учун одамлар кўпайди. Уйи кирувчилару, чиқувчиларга тўлди. Масканида тик турувчилар ҳам, ўтиргувчилар ҳам бор эди. Хос одамларидан бири уни ўнг тарафига мойил қилаётган эди, шайх деди:

  • Эртага (яъни, қиёмат кунида) агар биз пешона ва оёқлардан тутилсак анавилар мени нимадан беҳожат қила олишади?! Агар дўзахга ташлансам, менга қандай фойда келтира олишади?!

     Сўнг Робб Таъолога муножот қилиб: “Парвардигоро, барча турган ёмон мақомларимдан сенга истиғфор айтаман ва барча ўтирган ўрнимнинг ёмон ўрнидан, кирган ўринларимнинг барча ёмон кирувларимдан, чиққан ўринларимнинг барча ёмон чиқувларимдан, ҳар-бир қилган ёмон амалимдан, ҳар-бир сўзлаган ёмон сўзимдан истиғфор айтиб, сендан кечиришингни сўрайман! Парвардигоро мана шу нарсаларинг ҳаммасига истиғфор айтаман! Мени ўшалардан кечиргин! Сенга ўшалардан тавба қилиб илтижо этаман, менинг тавбамни қабул айла! Мени ҳисоб қилмасингдан олдин, ўзингга омонлик ила йўлиқтиргин!” дедилар. Сўнг бу фоний, ўткинчи олам билан видолашдилар.

     Аллоҳ Хақ Таъоло у кишининг дунё устида қила олган зуҳдларидан бизга ҳам насиб этсин! У кишининг ётган жойларини жаннат боғларидан, бир боғга айлантирсин!

- - -