Солиҳ зурриёт сари

Фарзандлар ўртасидаги адолат

2085 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Фарзандлар ўртасидаги адолат

Баъзида адолат деганда, подшоҳнинг фуқороларга, ҳакамлару-қозиларни маҳкамада қилган адолати тушинилади. Аммо, фарзандлар ўртасидаги адолатга ҳамма ҳам эътибор-диққатини қаратавермайди. Фарзандлар – келажакда мева берувчи ниҳоллардир. Улар бир-бирлари билан аҳил ва иноқ ўсишлари керак. Улардан ҳам насл қолганда ўрталарида келишмовчиликлар, ғилла-ғашликлар бўлмаслиги зарур. Бунинг учун оила пешволари улар улғаяётган даврда улар орасида адолатни мустаҳкам ушлаши ниҳоятда аҳамиятли бурчдир. Нуъмон ибн Башир (р.а) отаси билан Росулуллоҳ (с.а.в) нинг олдига келган эканлар. Оталари Росулуллоҳ (с.а.в) га “ўғлимга бу нарсани бердим”, деганда, Росулуллоҳ (с.а.в): “Бошқа болаларингга ҳам шундоқ қиласанми”, дедилар. Башир айтди: “йўқ”. Шунда Росулуллоҳ (с.а.в): “Аллоҳдан қўрқинглар, фарзандларингиз (ораси)да адолат қилинглар!” деб айтдилар.

     Бир фарзандни бошқа бир фарзанддан юқори ва аъло кўрмаслик, уммат етакчиси бўлмиш Мухаммад (с.а.в)нинг чиройли намуналаридандир.

     У зот асхобларида, умматларида фарзандлар орасидаги келишмовчиликларнинг олдини олишни адолат билан олиб бормоқликка монанд эканлигига урғу берганлар. Ушбу адолатга қулоқ солмаган ота-она ва бошқа оила пешволари (бобо ёки момо) фарзандлар орасидаги ҳамжиҳатликка раҳна солиб қўйишади.

     Яқин йилларда рўй берган воқеани бир киши афсус ва надомат билан сўзлаб берган эди. Бир ота-онанинг икки ўғил фарзанди бўлиб, улар иккови ҳам оилали бўлишгач, қай-бирини бошқа ҳовлига чиқариш муаммоси пайдо бўлибди. Ота бу ишга ўз ўлчови билан ёндошибди. (Ҳамма мусулмонман деганлар-ла бу ишга Росулуллоҳ (с.а.в) мезонидек “адолат”ни ўйлаб кўрмас эканларда!). Ўғилларидан қайсиниси кўп молу-давлат топишини инобатга олиб, ўша ўғлини олиб қолишиптида, наригисини уйдан суриб чиқарипти.

     Бугунги воқеъликда бундан-да ачинарли, разолатли ҳолатлар бўлмоқдаки, ўша ҳолатни пайдо қилувчи катталар бу ишда ўзларини ҳеч қандай айблари йўқдек ҳис этяптилар.

     Аммо бу адолатсизликлари эвазига наслида душманлик, қон тўкишлар зоҳир бўлади. Яхлит бир умматни пайдо қилишга сабабчи бўлиш керак бўлган насл адолатсизлик қурбонига айланди. “Менинг оиламдаги адолатсизлик бошқа кимга ҳам таъсири бўларди”, дегувчи мусулмонлар ҳам бўлиши мумкин. “Унда нега бир ота ва онадан туғилган Одам зурриёти шунча келишмовчилик, ирқчилик, миллатчилик таъсирига тушиб қолди экан”, деб сўраймиз у муғомбир, парвойи-палак, ўзининг қадами остинигина кўрувчи “жоҳил” кимсалардан.

     Фарзандлар орасидаги АДОЛАТ – жамият мустаҳкамлиги ва насл баркамоллигининг рамзидир. Бир қовлда: “Фарзандларим менинг ҳаққимни адо этмасдан хору-зор этишларидан қўрқмайман, аммо мен уларнинг ҳақларига риоя эта олмай, адолатсизликка йўл қўйиб, Парвардигор ҳузурида жавобгар ота сифатида туришдан қўрқаман”, - дейилган.

      “Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Павардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавоблврдв ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!

Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган Зотдир!.

                                                                       (Нисо сураси, 1- оят мазмуни)

 

- - -