Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 2

Омир ибн Шурохил аш-Шаъбий

1627 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 2

Омир ибн Шурохил аш-Шаъбий

Хасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтган: “Аш-Шаъбий илми кенг, ҳалимлиги улуғ киши бўлган. Албатта унинг исломда ўрни бор”. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалигининг олти санаси ўтганда Омир ибн Шурохил таваллуд топганлар. У Шаъбий деб ҳам танилган. Куфа шаҳрида туғилиб, ўша жойда улғайган. Шаъбийнинг Мадинаи-Мунавварага иштиёқлари баланд бўлиб, у ерда мавжуд бўлган сахобаларнинг охирларини кўриш ва учратишни қасд қилар эди. Куфада мавжуд сахобалардан бир қанчалари билан йўлиқиш бахтига муяссар ҳам бўлган эди.

     Омир ибн Шурохил аш-Шаъбий беш юз нафарга яқин сахобайи-киромларни кўришга муваффақ бўлган, тобеъин уламодир. Уларнинг бир қанчаларидан ривоят этганлари маълум. Уларнинг машҳурлари қуйидагилар:

Али ибн Абу Толиб,

Саъд ибн Абу Ваққос,

Убода ибн Сомит,

Зайд ибн Собит,

Абу Мусо ал-Ашъарий,

Абу Саъид ал-Худрий,

Нуъмон ибн Башир,

Абдуллоҳ ибн Умар,

Абдуллоҳ ибн Аббос,

Адий ибн Хотим,

Абу Ҳурайра,

Оиша онамиз розияллоҳу анҳумлар.

    

     Шаъбий Кўфа жомеъида ўтирар, атрофида кишилар халқа бўлиб жамланишар, одамлар унинг олдига гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишарди. Одамларнинг орасида тирик қолган сахобалар ҳам бўлар эди.

     Кунлардан бир кун Шаъбий ғазотлар ҳақида одамларга хабар бериб, гапириб турганда сахоба Абдуллоҳ ибн Умар унга қулоқ тутдилар. Шаъбий у хабарларни яширин ва нозик жойларигача айтиб берарди. Ибн Умар уни диққат билан тинглади ва: “У қисса қилиб бераётган нарсаларнинг баъзисини ўз кўзим билан кўриб, қулоғим билан эшитиб гувоҳ бўлганман. Шу билан бирга у (Шаъбий) – мендан кўра ривояти гўзалроқ кимсадир!” – деган эканлар.

     Дарҳақиқат Шаъбийнинг илми кенг ва зеҳни чуқур кимса эди. Яна бир воқеани ўзлари айтиб берганлар.

     “Менинг олдимга иккита фахрланаётган киши келди. Бири Бани Омир уруғидан, иккинчиси эса Бани Асаддан эди. Омирлик шеригидан устун келиб, унга ғолиб бўлган ва унинг кийимларидан тортиб, мен томонга уни тортқилаб кела бошлади. Асадлик кимса уни олдида бечораҳол  аҳволда, унга зорланар эди:

  • Мени қўйиб юбор, мени қўйиб юбор!
  • Аллоҳга қасамки, Шаъбий ҳукм қилмагунича сени қўйиб юбормайман, дерди Омирлик.

Омирликка қарадим ва унга айтдим:

  • Шеригингни қўйиб юбор, икковингиз устингизда ҳукм қиламан!

     Сўнг Асадликка қарадим ва дедим:

  • Сени унинг олдида ожиз ҳолда кўряппанми? Дарҳақиқат сизларнинг (қавмингизда) олтита фахр этадиган ҳол борки, у нарсалар араблардан бирортасида бўлмаган!

     Биринчиси; Сизлардан халқнинг саййиди Мухаммад ибн Абдуллоҳ (пайғамбар) никоҳига олган, етти осмон устидан Аллоҳ жуфт қилишликка изн берган “аёл” бор эди. У иккови (пайғамбар ва аёл) ўртасида Жаброил алайҳис-салом элчи-вакил бўлган. Дарҳақиқат анави “аёл” Зайнаб бинти Жахшдир! Бу мақталган феъл - сенинг қавминг учундир. Сизлардан бошқа бирортасида (бу мақом) йўқ!

     Иккинчиси; Сизларда жаннат аҳлидан бўлган киши бордир, у ер устида юрипти. У Укоша ибн Мухсиндир. Эй Бани Асад, бу сизлардан бошқа одамларда йўқдир!

     Учинчиси; Биринчи исломда топширилган байроқ сизлардан бўлган кишига берилган. У Абдуллоҳ ибн Жахшдир!

     Тўртинчиси; Исломда тақсим этилган биринчи ғаниматлар – унинг ғаниматлари бўлган.

     Бешинчиси; Ризвон байъатида биринчи байъат берган кимса – сизлардандир. Сизларнинг сохибларингиз бўлган Абу Синон ибн Ваҳб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам олдига келиб: “Йа росулуллоҳ, қўлингизни чўзинг, сизга байъат берай”, деган. (Пайғамбар унга) деди: “Ниманинг устида?”. У: “Нафсингиздаги нарсага”. (Пайғамбар) деди: “Нафсимдаги нима экан?!” У: “Фатх ва шаҳодатдир”, деди. Ҳа, у байъат берди ва одамлар Абу Синон байъати устига байъат бера бошлашди.

     Олтинчидан; Албатта сени қавминг бўлмиш Бани Асад – Бадр кунидаги муҳожирларнинг еттидан бири бўлгандир!”

     Омирлик ҳайрону, лол қолди ва жим бўлди. Шак-шубҳа йўқки, албатта Шаъбий бу ўринда заифҳол, мағлубга - кучли, ғолиб устида кўмак беришга аҳд қилган эканлар. Агарда Омирлик хору-зор бўлганда эди, у (Шаъбий) унга ҳам қавмининг фазли ҳақида баён этган бўлардики, у омирлик кимсанинг ўзи ҳам ўша хабарни зинҳор эшитмаган маълумот бўлиб чиқарди.

     Халифалик мақомига Абдулмалик ибн Марвон ўтирган кезда Ироқдаги омили, яъни волийсига мактуб ёзди: “Менга дин ва дунёда салоҳиятли бўлган кишини менга юборгин! Мен уни ҳамсуҳбат ва ҳамроҳ қилиб олай!”

     Унга Шаъбийни жўнатди. Уни (халифа) хос ва яқин кишилардан қилиб олди. Мушкул ишларида унинг илмига суянадиган, ўзи билан салтанатидаги фуқороларига вакил этиб юборадиган бўлди. Ҳатто подшоҳларга ҳам Шаъбийни элчи қилиб жўнатишни одат қилди.

     Бир куни Абдулмалик ибн Марвон Рум подшоси Жистиянга Шаъбийни элчи қилиб юборди. У Румга боргач, подшоҳ унинг сўзларига қулоқ солди. Унинг закийлигидан ва сезгирлигидан даҳшатга тушди. Хабардорлигининг кенглигидан ва баёнининг қувватидан ажабланди. Шаъбий элчиларнинг одатларига хилофан кўп муддат подшоҳнинг олдида бўлди. Дамашққа қайтиш учун жавоб талаб қилгач, Рум подшоҳи ундан сўради:

  • Сиз халифанинг аҳлиданмисиз?

Шаъбий деди:

  • Йўқ, фақат мен мусулмонлар қаторидаги бир кишиман холос!

Шаъбийнинг кетишига изн бергач, яна унга деди:

  • Сохибингизга (яъни, Абдулмалик ибн Марвонга) қайтиб борганингизда, у билишни истаган барча нарсаларнинг хабарини унга етказинг ва мана бу номани унга бериб қўйинг!

     Шаъбий Дамашққа қайтиб келгач, Абдулмалик ибн Марвонни кўришга шошди. Уни кўргач, ўзи эшитган ва гувоҳи бўлган нарсаларнинг ҳаммасини маълумотини айтди. Уни қизиқтирган саволларнинг барчасига жавоб қилди. Кетиш учун чоғланиб, тураркан:

  • Эй амирал-муъминин, Рум подшоси мендан сиз учун мана бу номани бериб юборди, дея унга номани тутқазди ва унинг ҳузуридан чиқиб кетди.

Абдулмалик уни ўқигач, хизматчисига буюрди:

  • Уни қайтаринглар, уни қайтаринглар!

У қайтиб келгач, ундан сўради:

  • Номада нима ёзилганини биласизми?

Шаъбий айтди:

  • Йўқ, эй амирал-муъминин!

Абдулмалик деди:

  • Рум подшоҳи менга: “Бу йигитдан бошқасини бошлиқ қилиб олган арабларга ҳайронман”, дея нома ёзипти.

Шунда Шаъбий унга жавобни тезлаштирди.

  • Сизни кўрмагани учун анави номадаги сўзни ёзган, эй амирал-муъминин! Агар сизни кўрганда эди, уни ёзмаган бўларди.
  • Тушиндингизми, Рум подшоҳи нима учун буни ёзган? – деди халифа.
  • Йўқ, эй амирал-муъминин! – деди Шаъбий.

Шунда Абдулмалик деди:

  • Менга буни ёзганининг сабаби, сизга хасад қилганидир! Мени сизга гиж-гижлаб, сизни ўлдиришимни ва сиздан халос бўлишимни ҳоҳлаган!

     Рум подшоҳига Абдулмаликнинг тахмини етказилганда, Жистиян ҳақиқатан ўшандай бўлишини истаганини маълум қилган.

     Омир ибн Шурохил аш-Шаъбий ўз замондошлари орасида етук илм эгаси бўлиш шарафига эга бўлди. Имоми Зуҳрий шундай деган эканлар: “Уламолар тўрттадир: Мадинада Саъид ибн Мусаййаб, Куфада Омир аш-Шаъбий, Басрада Хасан Басрий, ва Шомда Макхулдир”

     Аммо Шаъбий камтарлик ила бу “олим” деган унвонни бирортасига йўлиққанда айтиб қолса хижолат бўлиб қолардилар. Кунлардан бир куни ўшандай мақтовчилардан бири:

  • Эй фақиҳ, олим менга жавоб қилинг, деб мурожаат қилди.

Шунда Шаъбий айтди:

  • Ҳолингга вой бўлсин, бизда бўлмаган нарса билан мақтов айтишинг яхши эмас! Фақиҳ – у Аллоҳ харом этган нарсалардан ўзини тия олган кимсадир ва олим эса- Аллоҳдан қўрқадиган кимсадир! Биз ана у(мақом)лардан қаердамизу?!

     Бир кимса бир масъала хусусида сўраган эди, Шаъбий жавоб қилди:

  • У ҳақида Умар ибн Хаттоб “мана бундоқ” деган, Али ибн Абу Толиб у ҳақида “мана бундоқ” деган.

Сўровчи унга деди:

  • Эй Абу Амр сиз ўзингиз нима дейсиз?

Хаё билан табассум қилдилар ва дедилар:

  • Умар билан Али деганимни эшитганингдан сўнг менинг сўзимни нима қиласан?!

     Омир ибн Шурохил аш-Шаъбий фозил ахлоқ сохиби бўлиб, тортишувни ёмон кўрар ва унга шўнғиб кетишдан ўзларини мухофаза этарди. Кунлардан бир куни шерикларидан бири унга деди:

  • Эй Абу Амр!
  • Лаббай!
  • Анави икки киши ҳақида одамлар сўзлаётган нарсага нима дейсиз?
  • Қайси икки киши?
  • Усмон ва Али.
  • Аллоҳга қасамки, қиёмат куни Усмон ибн Аффон ёки Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумога хусуматли ҳолда келишлигимнинг фойдаси йўқ.

     Бир куни Шаъбийни бир кимса хунук сўзлар ва фахш каломлар билан сўкиб, ҳақорат қилди. Шунда Шаъбий қуйидаги сўзларни айтди:

  • Агар сен айтаётган сўзингда, менга тақаётган айбловингда тўғри бўлсанг, Аллоҳ мени мағфират қилсин! Агар сен ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сени мағфират қилсин!

     Шаъбий агар оддий бир инсондан ҳам ҳикматли сўз эшитиб қолса, уни маҳкам тутарди. “Бир аъробий унинг илм мажлисига доим қатнаб туришини одат қилган эди. Аъробий доим жим, сукут сақлаб ўтирарди, мутлақо гапирмасди.

     Унга Шаъбий деди:

  • Нега гапирмайсан?!

Аъробий жавоб қилди:

  • Сукут сақласам, омон бўламан. Тингласам, илм олиб, билувчи бўламан! Дарҳақиқат, кишининг қулоғидан олган насибаси ўзигагина қайтади, аммо тилидан олган насибаси эса ўзгага кетади!

     Шаъбий аъробийнинг сўзларини ҳаёти давомида такрорлаб юрадиган бўлди”.

     Ироқ амири Умар ибн Ҳубайра ал-Фазорий билан Шаъбий хибс қилинган жамоа ҳақида сўзлашиб қолди. Шаъбийнинг сўзлари балоғатли, уни тўғри тасарруф этувчи кимса бўлганлиги учун амир унинг сўзига қулоқ тутди. Шаъбий амирга деди:

  • Эй амир. Агар уларни ботил йўл билан хибс қилган бўлсангиз, хақ уларни (хибсдан) чиқаради. Агар уларни хақ ила хибс қилган бўлсангиз, уларнинг қилмишларини авф этиб, кечириб юборинг!

     Амир Умар ибн Ҳубайра унинг сўзидан таажубланди ва уларга яхши муомала қилиб, хибсдан озод этди.

     Омир ибн Шурохил аш-Шаъбийнинг ўзи хусусида айтган сўзларига диққат қиламиз:

     “Бирор нарсага одамлар қараб, кутиб турган бўлсалар, мен (ўша нарсага интизор бўлиб) навбатда турмадим. Хизматчини ҳеч қачон урган эмасман. Менинг яқин қариндошларим, агар бўйнида қарзи бор ҳолатда вафот этса, албатта унинг қарзини мен ўтаб қўйдим”.

     Қудуқдан сув олиб ичишми, у сувни идишларга қуйиб олишми, қандай иш бўлмасин, агар у ишга одамлар эҳтиёжи тушиб турган бўлса, ўша нарсани тарк этиб, навбатда турмаслик Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳам чиройли одобларидан бўлган эди. Кишининг енгилини осон қилишда, юмушларда хизмат қилаётган хизматчини ҳам эҳтиром қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо Шаъбий ҳаётлари давомида хизматчисини мутлақо урмаганлигини изҳор этмоқда. Бу эса амалли олимларнинг серқирра хулқ ва амалларидандир. Шу билан бирга қариндошлари қарздор ҳолда вафот топса, уларнинг қарзларини хақдорларга узиб, тўлаб қўйиш бебаҳо хислатлардандир. Чунки қариндошлар билан оддий муомалаларни адо этиш, улар билан силаи-раҳмда барқарор бўлишни ҳам барча уддалай олмайди. Энди улар қарздор бўлиб, оламдан ўтса, қабрида тинч ётиши учун зиммасидаги хақни адо этиб қўйиш чинакам хеш-ақраболикнинг тимсолидир.

     Ана ўшандай ноёб ахлоқларга фақат Аллоҳдан қўрқувчи қалб эгалари, яъни уламоларгина эга бўлганлар. Зеро Қуръон оятининг маъно таржимасида шундай баён берилган:

     “Фақат Аллоҳдан бандалари ичида олимларгина қўрқадилар”.

     Шаъбий саксон йилдан зиёдроқ умр кечирдилар. Аллоҳ у кишининг исломга қилган хизматларига ўзининг ҳузуридан ажру-азимлар ато айласин! Бизларни эса ўшандай Аллоҳдан қўрқувчи олимлар ахлоқларидан ибрат оладиган, илмни яхши кўрадиган, илм йўлида ҳормай-толмай меҳнат қиладиган, илм йўлидаги машаққатларга сабр этадиган мутаъаллимлардан қилсин!

    

- - -