Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 2

Робийъа ар-Роъй

1605 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 2

Робийъа ар-Роъй

Ҳижрий сананинг эллик биринчи йили эди. Мусулмон лашкарлари тоғлар, чўлу-биёбонлар оша шарқу- ғарб ерларига фатх ишига бел боғлаган пайтлар эди. Етук эътиқодни, соф исломни ёйиш учун қўлларнинг енглари шимарилган эди. Инсон инсонга қул бўлиб эгилишидан, Ягона Аллоҳга бўйсиниши учун хаққа, ҳидоятга чорлов бошланган эди. Бу мусаффо йўл устида саҳобалардан бўлган Робиъ ибн Зиёд ал-Хорисий розияллоҳу анҳу амирлик қилиб, Мовароуннаҳр диёрига етиб келган эди. Робиъ ибн Зиёд розияллоҳу анҳу Хуросон ўлкасининг амири эди. У Сижистонни фатх қилган, музаффар етакчилардан эди. Робиъ ибн Зиёднинг Фаррух исмли бир хизматкори-қули бор эди. Ислом қўшини Сайҳун (ҳозирги Сирдарё) дарёсидан ўтгач Робиъ ибн Зиёд ва унинг аскарлари Сайхуннинг сувида таҳорат қилишди. Қиблага юзланишди ва икки ракат Аллоҳ берган фатху-нусрат шукронасига Аллоҳ учун намоз ўқишди. Робиъ ибн Зиёд розияллоҳу анҳу хизматкори Фаррухга жуда чиройли муомала қилиб, уни қулликдан озод этди.

     Фаррухга тушган ўлжалардан жуда катта миқдорда насиба-улуш тортиқ этди. Фаррух катта зодга эга бўлгач, Мадинайи – Мунавварага жўнади. Унинг ёши ўттизга қараб кетмоқда эди. У Мадинага боргач, уй-ҳовли харид қилишни ва солиҳа хотинга уйланишни қасд қилди.

     Аллоҳ Табарока ва Таъоло Фаррухнинг ниятига етказди. Мадинанинг ўртароғидан ҳовли сотиб олди ва солиҳа, ақлли жуфт олишга насибадор бўлди. Жуфти ниҳоятда ахлоқли, ажойиб хислатлар эгаси бўлиб, у билан чиройли турмуш кечира бошлади. Ҳар қачон Мадинага фатх этилаётган масканлардан ислом лашкарларининг нусратга етишаётгани хабарлари келса, Фаррухнинг ҳам қалби яна фатхда қатнашишга интилар эди.

     Жума кунларининг бирида Фаррух Набавий масжиднинг имом-хатиби мусулмонларнинг исломий нусратлари ҳақида сўз сўзлаганини эшитди. Имом-хатиб бошқа кўнгилчанларни ҳам ўша фатх ишларида иштирок этиб, қатнашишларига тарғиб қилди. Фаррух уйга келгач, хотинига фатх ишларига бормоқчи эканлигини билдирди. Шунда аёли унга деди:

  • Эй Абу Абдуррохман! Мени ва ҳомиламни кимга ташлаб кетасиз? Сиз Мадинага ғариб-бегона бўлсангиз, сизнинг на қариндош-уруғингиз бор?!

Фаррух аёлига деди:

  • Сени Аллоҳга (омонат) қолдирдим! Сенга уч минг динор ташлаб кетаман. Ундан ўзинг тижорат этиб, кўпайтиргин! Сен ва гўдагингга сарф этгин! Мен ғанимат-ўлжа билан саломат қайтурман ёки мен орзу этган шаҳидликни Аллоҳ насиб этар!

     Сўнг эру-хотин хайрлашдилар, Фаррух ўз мақсади йўлида, фатх майдонларига равона бўлди. Орадан кунлар, ҳафталар ўтиб аёл ўғил фарзандли бўлди. Бола ниҳоятда гўзал юзли бўлиб, онасини бениҳоя хурсанд этди. Эри кетганидан буён бу қадар хурсанд бўлмаган эди. Унга Робийъа деб исм қўйди. Робийъада кичкиналигиданоқ ажойиб хислатлар намоён бўла бошлади. Унинг феълида, сўзларида закийлик балқиб турарди. Онажониси уни муаллимга жўнатди ва уларга жуда чиройли таълим беришни илтимос қилди. Кўп ўтмай ёш Робийъа ўқиш ва ёзишни ўзлаштирди. Сўнг Аллоҳнинг китобини (Қуръонни) Мухаммад алайҳис-саломга қандай нозил бўлган бўлса, ўшандай тарзда ёдлади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хадисларини ҳам ўргана бошлади. Ҳатто у кишига замондош бўлган одамлардан бири: “Робийъадан кўра суннатни муҳофаза этадиганроқ биронтасини кўрган эмасман!” деган.

     Робийъанинг онаси унинг илм йўлига жуда катта ҳомийлик қилди. Боласининг илми-маърифати йилдан йилга ўсиб, кўпайиб уни хурсанд қиларди. Аммо жуфти Фаррухнинг ғойиблиги уни қийнарди. Чунки у ўғлини ўзининг ва эрининг “кўз қувончи” қилишга эришган, ўша мақомга эри гувоҳ бўлмаётгани қалбини тирнар эди.

     Фаррух ҳақида ҳар-хил сўз ва хабарлар келиб турарди. Баъзилар: “У душманлар қўлига аср тушган”, дейишса, баъзилар: “Фатх ҳали ҳам давом этмоқда, албатта у ўша ерларда фатхда иштирок этмоқда”, дейишарди. Айримлар эса ҳатто: “Дарҳақиқат у орзу этган – шаҳидликка эришди!” дейишди. Бу сўзлар Робийъанинг онасини аҳволини махзун қиларди.

     Насийҳатгўйлар онага баъзи маслаҳатларни айтган бўлишди:

  • Робийъа ўз ёшидек йигитлардан кўра мукаммалроқ илмга эга бўлди. Қуръонни ёд олди, хадислар ривоят қилмоқда. Энди уни бирор машғулот манбаига (яъни, тирикчиликка) банд этсангиз, сизга ва ўзига нафақа оширармиди?!

     Шунда она уларга жавоб қилди:

  • Аллоҳдан унга дунё ва охиратида ўзи ихтиёр этадиган нарсани сўрайман! Албатта Робийъа ўз нафси учун илмни ихтиёр этди! Дарҳақиқат у ҳаёт бўларкан, таълим олувчи ва таълим берувчи бўлиб яшашни қасд этди!

     Робийъа онаси таъкидлаганидек илм йўлига ўзини бахшида этдилар. Сахобаларнинг ҳаёт қолганларидан илм олдилар. Уларнинг бошида суюкли пайғамбаримизнинг хизматчиси, сахоба Анас ибн Молик турарди. Кейин эса тобеъинларнинг аввалларидан таълим олдилар.

     Улар:

     Саъид ибн Мусаййаб,

     Макхул аш-Шомий,

     Салама ибн Дийнор...

     У бирортасига сўзласа, шундай дерди: “Биз шайх (устоз)ларимизнинг: “Албатта илмнинг баъзиси сенга берилмайди, агарки сен у(илм)га нафсингнинг барчасини бермагунингча!” – дейишганини эшитганмиз”.

     Робийъа илмда шундай нарвонга кўтарилдики, унинг зикри ёйила бошлади. Шогирдлари кўпайди, қавмига саййид бўлди.

     Энди эътиборимизни Мадинайи Мунавварага ташриф буюрган отлиқ чавандозга қаратамиз! У отлиқ киши ёшлари олтмишга қоралаб қолган кимса бўлиб, у Мадина кўчаларида бир ҳовлини қидириб юрарди. Лекин у ҳовлини аниқ билмагани учун кўп юришга тўғри келди. Чунки у Мадинани ўттиз йилдан бери кўрмаган, кўчалар ва уйлар анча ўзгариб кетган эди. Бу отлиқ кимса – Фаррух эди!

     Унинг бошида баъзи хаёллар ғужғон ўйнар эди. У кетаётганда тарк этган аёли нима бўлди?! Унинг хомиласи туғилдими?! Туққан бўлса, фарзанди ўғилми, қизми?!

     У ўй суриб Мадина кўчаларида, ҳовлисини излаб юраркан одамлар уни танимас, унга эътибор бермас эдилар. Улар бундай манзарага кўникиб қолишган эдилар. Чунки, Мадина кўчаларида отлиқ чавандозлар фатхдан қайтиб ёки фатхга қатнаб туриши одатий бир ҳол эди. Фаррух ниҳоят ўзига таниш бўлган бир эшик олдида тўхтади ва унинг аҳлидан изн сўрашга шошди. Қоронғу тун эди. Фаррух ҳовлига кириб борди. Ҳовлининг эгаси эшик ғичирлаганини эшитди ва болахонадан ойнинг ёруғида қилич таққан кимсани кўрди. Ғазабнок ҳолда унга ташланди ва деди:

  • Эй Алоҳнинг душмани кечанинг тим қоронғусида беркинмоқчи бўлдингми?! Масканимга бостириб кириб, ҳурматимга тажовуз қилмоқчи бўлдингми?!

     Фаррухга сўз сўзлашга ҳам фурсат қўймади. Иккаласи бир-бири билан олишар экан, уларнинг шовқини қўшниларини етиб келишига сабаб бўлди. Фаррухнинг бўйнидан тутиб, қўшнисига ёрдам беришмоқчи бўлишди. Уй эгаси уни ёқасидан ушлаб туриб деди:

  • Мен Аллоҳнинг душмани эмасман, мен гуноҳ содир этганим ҳам йўқ! Бу менинг уйимдир, менинг ишончли мулкимдир. Эшиги очиқ экан, бас унга кириб келдим!

     Сўнг одамларга юзланиб деди:

  • Эй қавм, мени эшитинглар! Бу уй менинг уйимдир! Уни ўз молимга сотиб олганман! Эй қавм, мен – Фаррухман!

     Одамлар орасида уни танийдиган кимса қолмаган эди. Суронли ўттиз йил ичида уни билган кимса йўқ эди. Уй эгасининг онаси ухлаётган эди. Ташқаридаги шовқиндан уйғониб кетди. Болахонанинг деразасидан эрини кўрди ва уни таниди. Бу манзарадан дахшатга тушиб, тили тутилди, фақат:

  • Уни қўйиб юборинглар! Эй Робийъа уни қўйиб юбор! Эй болажоним, уни қўйиб юборгин, ахир у – отангку! Эй қавм ундан йироқ бўлинглар! Аллоҳ сизларга барокот берсин! – деб айтди.

     Фаррух ўғли Робийъани бағрига босиб, қучди. Робийъа ҳам отасининг икки қўлини, бўйнини ва бошини қучиб, ўпа бошлади. Одамнинг юрак-бағрини эзадиган манзара пайдо бўлди. Одамлар икковини тарк этиб, ҳовлидан чиқиб кетишди.

     Умму Робийъа болахонадан тушди, жуфтига салом берди. Йиллар давомида, салкам учдан бир аср вақт мобайнидаги ғам-андуҳлари, эри ҳақидаги гумонлари тарқай бошлади. Ожиз тил билан айтганда, бу ёруғ оламдаги энг ажабтовур ҳодиса рўй берган эди.

     Эр-хотинига узоқ йиллар давомида қаерда бўлганлигини, қандай ҳодисалар рўй берганини ҳикоя қила бошлади. Хотини эса унга қайта йўлиққанининг хурсандчилигидан ва ташлаб кетган молни “зое қилиб юбормадингми”, дея койишидан хафсираб ўтирарди. У ўзига ўзи дерди:

     - Агар ҳозир у мендан ташлаб кетган катта мол омонатини сўраса, ундан бирон нарса қолмаганини қандай хабарини айтаман?! Ахир у молни менга васият қилиб, ундан кераклигича, маъруф ҳолда сарфланглар, дея тайинлаган эди-ку?! Менинг сўзимга қаноатланармикан, агар мен унга: “Менга ташлаб кетган нарсани ўғлингизнинг тарбиясига ва илмига сарф этдим”, десам!

     Шундай ўй-фикрлар билан ғарқ бўлиб турган Умму Робийъага эри деди:

  • Эй Умму Робийъа мен тўрт минг динор олиб келдим. Сенга омонат қўйиб кетган молни берсанг, икковини қўшиб боғ-роғ сотиб олиб, ҳаётимизнинг қолганини ўша жойда ўтказсак!

     Умму Робийъа унга бирор нарса демади. Шунда Фаррух хотинига яна деди:

  • Тур! Қани мол, олиб чиқчи! Мендаги бор молни ҳам унга қўшайлик!

     Хотини унга айтди:

  • У (мол)ни қўядиган лозим ўринга қўйганман! Иншааллоҳ озгина муддатдан кейин уни сизга албатта қайтараман!

     Икковининг сўзлашувини муаззиннинг азони узиб, бўлиб қўйди. Фаррух қўлига идиш олиб, тахоратга қўзғалди. Сўнг шошиб эшик томонга юрди ва деди:

  • Робийъа қани?
  • Масжидга чиқиб кетган...

     Фаррух намозни жамоат билан адо қилгач, пайғамбар равзаси томонга қараб салом берган бўлди. Одамлар эса илм мажлиси томон жамлана бошлади. Бундай кўринишга у олдин гувоҳ бўлмаган эди. Одамлар шайхнинг атрофига халқа бўлиб тўпланишар, қадам қўйгани жой йўқ эди. Унинг кўзи одамлар орасидаги катта ёшдаги кишиларга, шараф ва иззат эгаларига тушди. Хамманинг нигоҳи шайхга қадалган, ҳар-бир сўзни сокинлик билан тинглашар эди. Худди бошларига қуш қўнгандек эди. Шайхнинг сўзини мубаллиғлар (у пайтда овоз кўтаргичлар бўлмагани учун алоҳида етказувчи кишилар шайхнинг сўзини етказиб турганлар) одамларга етказишар эди. Унинг сўзларидан бирон калимани тушириб қолдирмай, узоқдагиларга ҳам етиб боришини таъминлашар эди.

     Фаррух нутқ қилаётган, ҳамма унинг сўзини мароқ ва завқ билан тинглаётган шайхни кўрмоқчи бўлиб, интилди. Бироқ, манзилнинг йироқлиги ва одамларнинг тиқилинчлиги унга имкон бермади. Унинг нутқи равон, илми чуқур ва хифзи ажиб эди. У шайхнинг ҳузурида ҳозир бўлган одамлар унинг илмига маҳлиё бўлган эди. Шайх мажлисини тугатиб, ўрнидан қўзғалди. Одамлар у томонга юзлана бошлашди. Ниҳоят даражада тиқилинч вужудга келди. Шайхни ўраб олишди, унинг ортидан эргашиб, масжидун-набавийнинг ташқарисига қадар бирга чиқа бошлашди. Шу вақт Фаррух ёнида ўтирган кишига:

  • Роббинг номи ила менга айтгин, бу – шайх ким? деди.

     Ёнидаги киши ажабланиб, сўради:

  • Сиз Мадина аҳлидан эмасмисиз?!
  • Ҳа (Мадина аҳлиданман) деди Фаррух.

     Киши айтди:

  • Мадинада шайхни танимайдиган бирон бир киши бўлмаса керак?!

     Фаррух деди:

  • Мени кечир, агар уни таний олмасам! Мен ўттиз йил атрофида Мадинадан узоқда бўлдим, фақат кечагина келгандим!
  • Ҳечқиси йўқ! Бироз менинг олдимда ўтиринг, сизга шайх ҳақида сўзлаб бераман, деди киши. Сўнг шайхнинг таржимайи ҳолини баён қила бошлади:

“Дарҳақиқат, сиз ошиқаётган бу шайх тобеъин саййидларининг саййидидир! Мусулмонларнинг машҳурларининг – машҳуридир! У Мадинанинг мухаддиси, фақиҳидир! Ёши кичик бўлишига қарамасдан Мадинанинг имомидир!

     Фаррух ажабланиб, деди:

  • Машааллоҳ, ла қуввата илла биллаҳ!

     Киши сўзида давом этди:

  • Албатта кўриб турганингиздек у шайхнинг мажлисига Молик ибн Анас (яъни, Имоми Молик), Абу Ханифа ан-Нуъмон (яъни, Имоми Аъзам), Яхё ибн Саъид ал-Ансорий, Суфёни Саврий, Абдуррохман ибн Амр ал-Авзоъий, Лайс ибн Саъд ва бошқалар ҳозир бўлишади. Ундан ташқари у шайх – гўзал хулқ эгаси, камтарин ва қўли очиқ, сахий кимсадир! Мадина аҳли ундан кўра дўстига ва дўстининг ўғлига сахийроқ кимсани билмайди! Ундан кўра дунё матоҳларига зуҳд қилувчи ва Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга рағбат қилувчи кимсани ҳам танимайди!

     Фаррух у кишига деди:

  • Лекин сен менга унинг исмини зикр этмадингку?!

     Киши деди:

  • Дарҳақиқат у – Робийъа ар-Роъйдур!

     Фаррух деди:

  • Робийъа ар-Роъй?!

     Киши айтди:

  • Ҳа, унинг исми Робийъа! Мадина уламолари ва шайхлари уни Робийъа ар-Роъй деб чақиришади. Чунки, улар бир ишда Аллоҳнинг китоби ва Росулуллоҳнинг хадисларидан далил топа олмай қолсалар, унга мурожаат қиладилар. У эса ўша ишда ижтиҳод қилади (яъни, ижтиҳод масаласида ўз раъйи-фикрини ишлата билганлиги учун уни исмига “ар-Роъй” деб қўшиб айтишган). Далил келмаган ишлар билан далилланган ишларни қиёс қилади. Мушкулот бўлиб, ҳукм сўраб келган кимсалар, у қилган ҳукм ила нафслари ва қалблари хотиржам бўлади!

     Фаррух деди:

  • Лекин сен у кимсанинг насабини менга зикр қилмадингку?!

     Киши деди:

  • Дарҳақиқат у – Фаррух ўғли Робийъадур... Отаси Аллоҳнинг йўлида фатхга отланиб, Мадинадан чиқиб кетганидан кейин туғилган. Унга онажониси ҳомийлик қилиб, уни тарбиялади ва ундириб-ўстирди. Дарҳақиқат мен намоздан сал олдинроқ эшитишимга қараганда, унинг отаси ўтган кеча келипти!

     Шу пайт Фаррухнинг икки кўзидан катта-катта ёш томчилари қалқиб чиқди. Гапираётган киши эса икки кўзидан ёш чиққан кишининг ҳолатини англамади.

     Уйи томонга Фаррух шошиб, юра бошлади. Қачонки аёли Умму Робийъага кўзи тушгач, икки кўзи лиқ ёшга тўлди. Шунда хотини ундан сўради:

  • Сизга нима бўлди, эй Абу Робийъа?!
  • Фақат яхшилик, деди Фаррух. Сўнг аёлига яна деди:
  • Дарҳақиқат мен боламиз Робийъани илм, шараф ва улуғлик мақомида кўрдим! Ундан олдин бирортасини бундай мақомда кўрмаган эдим!

     Умму Робийъа фурсатни ғанимат билиб, эридан сўради:

  • Сизга қайсиниси суюкли, уч минг динорми ёки анави болангизнинг илм ва шарафдан етган мақомими?
  • Ҳа, Аллоҳга қасамки бу мақом менга суюклидир! Дунёнинг барча ва барча молларидан афзалроқдир!!!

     Шунда аёли деди:

  • Дарҳақиқат мен сиз ташлаб кетган молни унга (ўғлингиз таълими ва тарбиясига) сарф этганман! Сизнинг нафсингиз мен қилган ишдан таскин топдими?!
  • Ҳа! Мендан, у (болам)дан ва мусулмонлардан сенга (эй онажониси) Аллоҳнинг ҳузуридан яхши мукофотлар сўралишига умид қиламан! – деди Фаррух.

Бугунги кунимизда хайвонларни ўргатаётганларни кўрмоқдамиз. Сувдагисими, қуруқликдагисими, самода парвоз этаётганими ҳар турли ўргатувлар мавжуд. Аммо ақлли бўлган одам боласини ўргатиб, расо инсон қилишнинг ўзи мушкул ишлигича қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо ўтмишдаги Умму Робийъа сингари оналар турмуш қийинчиликларини менсимай, эри ғойблигида фарзандининг тарбия, таълимида оламшумул ишни адо этишга эриша олди. Демак, одамда бир ишга қаттиқ муҳаббат бўлса, унга ихлос билан енг шимариб киришса ва Хақ Таъолодан сўраса, унга эришиш учун йўл очилади.

   Ҳозир эса бола тарбиясидан ҳам муҳим бўлиб кўринадиган ишлар, қизиқувлар талайгина бўлиб қолди. Умму Робийъа сингари оналар эри қолдирган маблағни илм-маърифат, тарбия йўлига сарф этган бўлсалар, ҳозирги оналар ўзларининг зебу-зийнатларига, беҳуда ҳашаматларга, катта-катта сарфли тўю-томошаларга, дугоналари  билан қатнашадиган зиёфат-ўтиришларига сарфу-харажат қилмоқдалар.

    Аллоҳдан ва охират диёридан умиди бор инсон ақлини йиғиб, бу ўткинчи оламдан унумли фойдаланиб қолишни истамоғи лозим. Бу истак эса солих фарзандларни ўстириш, улғайтириш билан ҳам амалга ошади. Аллоҳ бизларга Фаррух ва унинг аёли Умму Робийъага ато этгандек вафоли ҳаёт, ҳамда илмига амал этадиган фарзандлар насиб этсин !  

- - -