Хазиналар очқичи » Хазиналар очқичи 7

Аллоҳнинг ризоси – одамлар розилигидан устундир!

1747 Ko'rilgan Хазиналар очқичи 7

Аллоҳнинг ризоси – одамлар розилигидан устундир!

Оиша онамиз розияллоҳу анҳу пайғамбар алайҳиссаломдан эшитган хадиси шарифнинг мазмуни қуйидагичадир: “Кимки одамларга ёмон кўринсада, Аллоҳнинг розилигини изласа – Аллоҳ одамларнинг зарарларига ўзи кифоя қилади. Кимки одамларнинг розилигини Аллоҳга ёмон кўрган нарсалари орқали изласа – Аллоҳ уни одамларга ташлаб қўяди”. (Тирмизий ривояти)

Бир кимсаки, яхши бир амални Аллоҳнинг ризосига етишмоқ учун қилишга киришди. У балки, кўприк қуришдир, намоз ўқишдир ёки бошга аёл киши рўмол ўраб юришидирки – уни одамлар айнан ўша ишларни қилаётгани учунгина ёмон кўрар. Аммо ўша яхши амални қилувчи ишида давом этиб, одамларга парво қилмаса – Аллоҳнинг ўзи одамларнинг зарарлари-ю, макр-ҳийла ва суиқасдларидан сақлаб, одамларга кифоя қилар экан.

    Энди қайси бир кимсаки, гуноҳ ишларни одамларнинг мақтови ва уларнинг розилиги йўлида қилса, Аллоҳ уни ёмон кўраётган бўлади. Дейлик у – исроф қилиш билан машғулдир ёки одамларга харом нарсаларни қуйиб бермоқда. Уни ўшанинг сабаби ила мақташиб, кўкларга кўтаришмоқда. У суюниб, одамларнинг эътиборини ўзимга қаратдим деб, хурсанд бўлар, аммо Аллоҳни ёмон кўрган ишларини айнан одамларга яхши кўриниш учун қилгани учун – Аллоҳ уни одамларнинг ўзига ташлаб қўяр экан.

   Аллоҳ бандасига ўзи ёрдам бермаса, одамлар унинг ҳеч қандай мушкулини осон қила олишмайди. Аксинча бу оламдаги кўп зарарларнинг ўзи – айнан одамлар тарафидан келиб туриши ҳақиқатга яқиндир! Шунинг учун одамларнинг ризосини эмас, балки Ягона Роббимиз бўлган Аллоҳнинг ризосига талпиниш – олий бир интилишдир!

САВОЛЛАР:

  1. Оиша онамиз эшитган Аллоҳнинг ризоси ҳақидаги хадис мазмунини айтиб бера оласизми?
  2. Одамларга яхши кўриниш дегандаги маъсиятлар қайси?
  3. Кишининг ҳоли одамларга ташлаб қўйилиши яхшими?

- - -