Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 1

ХОТИМА

1645 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 1

ХОТИМА

Аллоҳга чексиз ҳамду-санолар бўлсинки, ушбу рисолани адоғига етказишимизга мадад берди! Гувоҳи бўлганингиз ушбу рисолада инсоният ичида қутлуғ қадам билан ҳаётни босиб ўтган забардаст олимлар таржимаи ҳоллари баҳоли қудрат ёритиб ўтилди. Олимларнинг ҳаёти, илми ва амали ўрганишга ҳамда ҳавас қилишга арзигулик улкан ибодатдир! Ҳар қадамимиз тойилиш, оқибатсизлик, хоинлик, хасад ва гиналарга тўлган ҳозирги ҳаётимизда уларнинг босиб ўтган изларини тадқиқ этиб, чуқур фикр-мулоҳаза юритиб, уларнинг ҳаёт йўлини андоза этиб олсак, анча муаммоларни бартараф этган бўлардик! Ато ибн Абу Рабох сингари олимлар қуллик ҳолатида ҳам ибодатни, илмни канда қилмади. Аллоҳга муқарраб бўлишни ирода этган бу каби қуллар

бу олам машаққатларидан ҳам холос бўлдилар. Саййидасининг қалбига Аллоҳ уни озод этишни солиб қўйди. Натижада Ато ибн Абу Рабох қулликдан бўшаб, ҳур инсон бўла олди. Яна йиллаб илмга умрини тикди. Ҳатто муъминлар пешвоси халифа уни намоздан фориғ бўлишини ортидан интизор бўлиб кутадиган ва ундан билмаган нарсаларини сўрайдиган мартабага етди.

     Умар ибн Абдулазиз ва ўғли Абдулмаликка разм солинг! Мусулмонлар етакчиси бўлиб туриб ҳам оиласини, уларнинг камчиликларини идора эта олишлари, фарзандлари ҳам фақат исломга хос яшаш умидида эканликлари, отасининг норозилиги уларга улкан бахтсизлик эканлигини қайд қилиши, олимларга ҳос сифатлардир. Биз ҳам ўшалардек илм сохиби бўлишни, улардек илмга амалли инсонлар бўлишимизни, фарзанд ва аҳлларимизни ҳам илми нофеъ сари қадам ташлаб, солихлардек ҳаёт кечиришни Яратгандан сўраб қоламиз!

      Кейинги қисмлардаги олимлар ҳаёти билан танишишимизни Яратган насиб этсин!  Ер юзига илмни зиё, олимларни йўлга бошловчи қилиб яратган Аллоҳга хамду санолар бўлсин! Унинг росулига саловот ва саломлар бўлсин! 

- - -