Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 1

Иёс ибн Муовия ал-Музанний

1851 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 1

Иёс ибн Муовия ал-Музанний

Амирул – муъминин Умар ибн Абдулазиз бир кеча уйқулари қочди, қовоқлари ёпилмади ва ёнбошлаб кўзини юма олмади. Дамашқдаги бу совуқ кечада муҳим бир иш уни машғул қилган эди. Қўл остидаги Басра шаҳрига адолатли қозини тайинлаш иши уни машаққатга солган эди. Чунки у тайинлайдиган кимса одамлар орасида адолат тарозисини ўрнатиб, Аллоҳ нозил қилган ҳукм ила ҳукм қилмоғи ҳамда ҳақдан уни қўрқув ва на қизиқув тойилтирмаслиги лозим эди. Икки кимсани бу лавозимга тайинлашда анча ўйланиб қолдилар. Чунки иккови ҳам фазлда, диндаги фақиҳликда, хақдаги салобатда ва фикру-назардаги тиниқликда баробарга ўхшар эди. Умар ибн Абдулазиз бу ишда бирор хулосага келмадилар. Фақат Дамашқда ўша кунлари ҳозир бўлиб турган Ироқ волийси Адий ибн Артони чақирдилар ва унга тайинлаб, айтдилар:

  • Эй Адий, сен Иёс ибн Муовия ал-Музанний билан Қосим ибн Робиъа ал-Хорисийни жамлагинда, икковидан бирини Басрага қозилик ишига тайинлагин, улар билан гаплашиб ҳам кўргин!
  • Эшитдим ва итоат қилдим, эй амирал-муъминин!

     Адий ибн Арто Басрага етиб бориб, Иёс билан Қосимни чақиртирди ва деди:

  • Албатта амирул-муъминин менга икковларингдан бирларингизни Басрага қозиликка тайин этишга буюрдилар. Сизларнинг фикр-мулоҳазаларингиз қандай?

     Иккови ҳам биродарини ўзидан кўра ўша лавозимга лойиқроқлигини билдиришди. Биродарининг фазлини, илми ва фақиҳлигини баён этишди.

  • Икковларингиз бу ишни кесган ҳолдагина мажлисимни ташлаб чиқасизлар шекилли?! деди Адий ибн Арто.
  • Эй амир, мен ва Қосим ҳақида Ироқнинг икки фақиҳи Хасан Басрий ва Мухаммад ибн Сийрийндан сўраб кўринг! Бизни орамиздан кимимиз бўлишимиз кераклигини одамлар ичидаги энг ечувчироқлари – ўша кимсалардир! – деди Иёс.

     Қосим айтди:

  • Эй амир, мен ҳақимда ва у киши ҳақида биронтасидан сўрамай қўяверинг! Ундан бошқа илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, Иёс мендан кўра Аллоҳнинг динида фақиҳроқдир! Агар менинг қасамим ёлғон бўлса, сиз мени қозиликка қўйишингиз ҳалол бўлмайди! Агар мени сўзим тўғри бўлса, сиз учун мендан фозилроқ кимсани ўрнига қўймаслигингиз адолатингизга ножоиз бўлади!

     Иёс амирга қараб бу масъулият гўёки жаҳаннам чуқурлиги бўлиб, унга уни туртиб юборасизми, дегандек қилди. Шунда Адий деди:

  • Дарҳақиқат сизнинг фаҳмлашингиздек ким фаҳмлай олади?! Бу эса сизни қозилик аҳлига муносиб эканлигингиздир!

     Сўнг Иёсни Басрага қози этиб тайинладилар.

     Исми зикр этилган Иёс қирқ олтинчи ҳижрий санада Нажддаги Ямома минтақасида тавллуд топганлар. Тўлиқ номланиши Иёс ибн Муъовия ибн Қурро ал-Музаннийдир. Иёс кичкиналигида оиласи билан Басрага кўчиб келганлар. Ўша ерда улғайдилар ва илм олдилар. Дамашққа ҳам бориб, у ерда ҳаёт қолган сахобалардан ва тобеъинларнинг киборларидан насибайи-таҳсилга сазовор бўлдилар. Унда ёшлик кезларидаёқ закийлик ва иқтидор белгилари зоҳир бўла бошлади. Одамлар унинг хабарларини ва нодир ишларини нақл қиладиган ҳолатга етган.

     “Иёс аҳли зиммалардан бўлган бир яҳудий кимсадан ҳисоб илмидан таълим олар эди. Ўша яҳудий ўқитувчининг ҳузурига яҳуд дўстлари жамланишди. Улар дин ишлари ҳақида гаплашишди. Иёс эса жим қулоқ солди. Ўқитувчи дўстларига деди:

  • Мусулмонларга ажабланмайсизларми, улар жаннатда ейишларига сўнг ғоит (ҳожатхона)га бормасликка ишонадилар.

     Иёс унга қаради ва деди:

  • Эй муаллим сизлар баҳс қилаётган сўзларга жавоб беришимга изн берасизми?
  • Ҳа, деди ўқитувчи. Сўнг бу мулоқот бўлиб ўтди.
  • Дунёда ейилган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам ғоитда чиқадими?
  • Йўқ!
  • Чиқиб кетмаган нарса қаерга кетади?
  • Баданнинг озуқаси учун кетади!
  • Нега унда, дунёда ейдиган нарсаларимизнинг баъзиси озуқага кетса, жаннатда ейиладиган нарсаларнинг ҳаммасини озуқа бўлишига ишонмай, инкор қиласизлар?!”

     Бир йили Абдулмалик ибн Марвон Басрага ташриф буюрди. Ўша пайтда у халифа эмасди. Иёс ёш, ҳали мўйлаблари сабза урмаган йигит эди. Иёснинг ортидан тўрт нафар ёши улуғроқ қорилар боришарди. Абдулмалик ибн Марвон уларнинг олдида кетаётган Иёсни кўриб:

  • Бу ёши улуғларга ҳайф бўлсин, уларнинг орасида ёши улуғроғи йўқми? Бу боладан олдинроқда юрса бўлмайдими?

     Сўнг Иёсга қараб:

  • Эй йигит, ёшинг нечада? деб сўради.

     Шунда Иёс:

  • Аллоҳ амирнинг қолишини узоқ қилсин, менинг ёшим Усома ибн Зайд волий бўлган ёшдадир(ўн етти ёшга ишора қилмоқчи)! У (Усома)ни (ўша ёшида) Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ва Умар бор бўлган қўшинга амир этиб тайинлаган эдилар, деди.
  • Аллоҳ сенга барака берсин, юравер эй йигит, юравер... деди Абдулмалик ибн Марвон.

     “Бир йили одамлар Рамазон ҳилоли (янги чиққан ой)ни кўриш учун чиқишди. Улар орасида, уларга пешво бўлган кимса сахоба Анас ибн Молик ҳам бор эди. У пайтда Анас розияллоҳу анҳу жуда кексайиб қолган эдилар. Ёшлари юзга яқинлашиб қолган эди. Одамлар осмонга қарашди, аммо бирон нарса кўришмади. Анас ибн Молик осмонга тикилиб, деди:

  • Дарҳақиқат ҳилолни кўрдим... Ана у... У Иёсга қўли билан ишора қиларди, уни биронтаси кўрмади. Шунда Иёс Анас розияллоҳу анҳуга қарадилар. Унинг қошларининг туки узун бўлиб, кўзлари томонга тушган эди. Иёс ундан одоб ила изн сўраб, қўлини қошига чўзди ва уни силади, сўнг деди:
  • Ҳозир ҳилолни кўряпсизми яна эй Росулуллоҳнинг соҳиби?

     Анас унга қарай бошлади ва деди:

  • Йўқ у (ҳилол)ни кўрмаяпман, йўқ уни кўрмаяпман!”

     Иёснинг зеҳни, закийлиги хабари ёйила борди. Одамлар ҳар томон ва ҳар юртдан илм ва диндаги мушкулотларини кўндаланг қилиш учун унинг ҳузурига кела бошлашди. Баъзилар маърифат учун келса, баъзилар уни ожиз қолдириш ва ботил йўлдаги талашиб-тортишиш учун келарди.

     “Бир дуҳқон (форсча калима бўлиб, бошлиқ маъносини англатади) Иёснинг ҳузурига келиб, сўради:

  • Эй Або Воил, маст қилувчи ҳақида нима дейсиз?
  • Харом!
  • У қандай харом бўлиши мумкин. Ахир у мева ва сувнинг оловда қайнатилганику?! Унинг барчаси мубоҳ-ку, унда бошқа нарса йўқ-ку?!

Шунда Иёс деди:

  • Эй дуҳқон, сўзинг тугадими ёки яна гапирадиган сўзинг борми?
  • Тугади!
  • Агар мен бир кафт сув олиб, у билан сени урсам, сен оғриқ сезасанми?
  • Йўқ!
  • Агар бир кафт тупроқ олсам ва у билан сени урсам, у сени оғритадими?
  • Йўқ!
  • Агар бир кафт сомон олсам ва у билан сени урсам, у сени оғритадими?
  • Йўқ!
  • Агар тупроқ олсам, унга сомон қўшсам, иккаласи устидан сув қуйсам уни аралаштирсам сўнг уни қуёшда қуритиб гувала қилсам ва ўша билан сени урсам сени оғритадими?
  • Ҳа , дарҳақиқат мени ўлдиради!
  • Маст қилувчи ичимликнинг иши ҳам шундайдир. Унга кетадиган ашёлар жамланса ва маст қилувчи ичимлик таёрланса харом бўлади!”

     Иёс қозилик қилаётган пайтларда закийлик ва хақиқатларни кашф қилишликда чоралари жуда мустахкам эди.

     “Бир куни унинг ҳузурига икки киши ташриф буюрди. Бириси иккинчи ҳамроҳига мол берган эди. Аммо талаб қилганда, қайтариб беришликни инкор қилди. Иёс мол олган кишидан, олганлиги ҳақида сўраган эди, у жавоб қилди:

  • Агар шеригимда очиқ хужжат бўлса уни (молни) келтириб бераман.

     Иёс мол берган кишига қараб уни қайси маконда берганлигини суриштирди. У эса бир маконни айтди. Шунда Иёс билан мол берувчининг ўртасида ушбу сўзлашув бўлиб ўтди.

  • Ўша маконда нима бор?
  • Катта дарахт бор. Унинг остида ўтириб, соясида бирга таом еганмиз. Кетадиган чоғда унга молни берганман.
  • Сен дарахт бор маконга боргин, уни келтирсанг шояд молингни қаерга қўйганингни, унга нима қилганингни эслатса! Сўнг менинг олдимга қайтгин ва нима кўрсанг, ўшани хабарини менга етказгин!

Мол берувчи киши айтилган маконга жўнади. Иёс унинг шеригига деди:

  • Шеригинг келгунча, ўтириб тур!

     У ўтириб турди. Иёс бошқа ташрифчиларнинг ишларига киришди. Уларнинг шикоятларини таҳлил қилар, баъзида билдирмасдан ўтирган кишига зимдан қараб қўярди. Уни хотиржам ҳолда кўргач, унга хитоб қилди:

  • Сенга мол берган маконга шеригинг етиб боришга қодир бўлармикин?

Ўтирган кимса эса ўйланмасдан, беҳосдан сўзлай бошлади:

  • Йўқ, у мана бу ердан узоқроқда!

     Шунда қози Иёс унга деди:

  • Эй Аллоҳнинг душмани, молни инкор қиласану уни қайси маконда олганингни биласанми? Аллоҳга қасамки, албатта сен хоинсан!

     Киши даҳшатга тушди ва ўзининг қилган хиёнатига иқрор бўлди. У хибсга олинди. Шериги қайтиб келгач, олган нарсани унга қайтариб берилди”.

     “Яна икки кимса қотифа (духобадан бўлган эркак киши бошига осилтириб олувчи мато) хусусида хусуматлашиб Иёснинг ҳузурига келишди. Қотифанинг биттаси яшил рангда бўлиб, янги ва қимматбаҳороқ эди. Бошқаси эса қизил рангда, эскирган эди.

     Даъво қилувчи кимса айтди:

  • Мен бир ҳовузга чўмилгани борган эдим. Қотифамни кийимларим билан ҳовузнинг четига қўйиб тушган эдим. Мен билан хусуматлашган киши келиб, ўзининг қизил қотифасини менинг қотифам ёнига қўйди. Ҳовузга тушиб, мендан олдинроқ чиқиб, кийимларини кийгач, менинг қотифамни олиб бошига ташлаб, у билан кетиб қолди. Мен унинг ортидан эргашиб бориб, қотифамни талаб қилсам, уни меники деб айтяпти.

Иёс иккинчи кимсага қараб, деди:

  • Сен нима дейсан?!
  • Бу менинг қотифам ва қўлимда турипти.
  • Сенда уни тасдиқ этадиган ҳужжат борми?
  • Йўқ!

Иёс эшикбонига (хизматчига) буюрди:

  • Менга тароқ келтир!

     Унга тароқ келтирилгач, иккови кимсанинг бошини тароқ билан таради. Тароққа ёпишган сочнинг тукларига синчковлик билан эътибор қаратди. Кимнинг бошидан қизил ранг аралаш соч туки чиқса, унга қизил қотифани, бошқасига эса яшил қотифани узатди”.

     “Кўфада одамлар орасида салоҳиятли деб танилган бир кимса бўларди. У дунёдаги харом нарсалардан ўзини четга олувчи ва тақводор деб билинарди. Унга мақтовлар шу қадар кўпайган эдики, бъзи одамлар сафарга кетадиган бўлсалар молини унга омонат қўйиб кетарди. Агар ўлим яқинлашганлигини сезсалар болаларига васият қилиш ишларида ҳам уни чақиртириб келишар эди.

     Бир киши унга омонат деб мол берган эди. Аммо ўша молига эҳтиёж сезиб, сўрагани келганда, мақталган киши инкор қилди, тан олмади. Ўша мол эгаси Иёсга келиб, у ҳақида шикоят қилди. Шунда Иёс шикоятчига деди:

  • Шеригинг сени менинг ҳузуримга келганингни биладими?
  • Йўқ!
  • Кетавер, менинг олдимга эртага келасан!

     Сўнг Иёс ишончли деб омонат қўйиладиган кишиникига борди ва унга деди:

  • Менинг ҳузуримга етимларга аталган кўп мол йиғилиб қолди. У молга бирор кафил йўқ. Ўша молни сенга бериш фикрим бор, уларга сени васият этсам, сенинг манзилинг қўрғонли ва вақтинг кенгроқми?
  • Ҳа, эй қози!
  • Ундай бўлса, индинга менинг олдимга боргин, мол учун жой ҳозирлаб қўй ва ўзинг билан юк ташувчи-хаммоллардан у (мол)ни кўтариб келишлари учун етаклаб олгин!

     Эртаси куни Иёснинг олдига шикоят қилган кимса келди. Унга Иёс буюрди:

  • Сен шеригинг олдига бориб, ундан молни талаб қил, агар яна инкор қилса “сени қозига шикоят қиламан” деб айт!

     Киши тўғри бориб, молини талаб қилди. У молни беришни рад қилган эди, “ундай бўлса сенинг устингдан  қозига шикоят қиламан” деди. Ана шу сўзни эшитгач, у молни эгасига берди. Ҳақдор Иёснинг олдига қайтиб келиб, унга миннатдорчилик билдириб, шундай деди:

  • Шеригим ҳаққимни берди, сизни Аллоҳ яхшилик билан мукофотласин!

     Белгиланган куни яхши деб эътироф қилинадиган киши Иёснинг олдига ҳаммоллари билан келди. Уни тутди ва уни фош қилиб:

  • Сен қандаям ёмон кишисан эй Аллоҳнинг душмани! Сен динни дунё учун тузоқ қилиб олибсан! деди.

     Иёс ибн Муовия бир куни туш кўрдилар. Тушида ўзини ва отасини икки отга миниб кетаётганларини у отасидан ўзиб кетолмаганини, отаси ҳам ундан ўзиб кетолмаётганини кўрди. Отаси дарҳақиқат етмиш олти ёшда вафот қилган эди. Кечаларнинг бирида солинган тўшакдаги ўриндиғига жойлашар экан аҳлига деди:

  • Биласизларми бу кеча қандай кечалигини?

Улар дейишди:

  • Йўқ!

Шунда Иёс ибн Муовия деди:

  • Бу кечада отамнинг умри камолига етган (яъни, ёшининг айнан шу кечасида умри тугаган)!

Тонг отгач, уни вафот этган ҳолда топдилар. Аллоҳ Ўзи у кишини мағфират этсин ва бизларга у кишининг илми, зийраклигидан насиба ато этсин!

- - -