Солиҳ зурриёт сари

Болани тарбия этишдаги ота – она маъсулияти

2178 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Болани тарбия этишдаги ота – она маъсулияти

Болани тарбия этишда ота-онанинг, айниқса отанинг масъулияти жуда каттадир. Аллоҳ Қуръонда: “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур.” деб хитоб қилган. (Тахрим сураси 6 – оят мазмуни) Суюкли пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в) ўзларининг муборак хадисларида: “Барчаларингиз роъийсизлар ва барчаларингиз ўз раъийати (қўл остидагилар)дан масъулдир. Имом ўз раъийатига роъий ва масъулдир. Эр киши ўз аҳлида роъий ва раъийатига масъулдир. Аёл эрининг уйидаги раъийатда масъуладир. Бас, барчаларингиз роъий ва ўз раъийатидан масъулдир”, деганлар. (Муттафақун ъалайҳ)

     Дўзах оташидек мудҳиш азобдан сақлаб қолмоқлик эр кишиларга буюрилган масъулиятли вазифалиги юқоридаги оятдан маълум бўлади. Кишини дўзахдан ўзини сақлаб қолиши ўзи ниҳоятда мушкул ва қийин. Шунинг баробарида бошқа шахсларни: аёл, бола-чақа-фарзандларни у дўзах ҳалокатидан асраб қолиш янада масъулиятни жиддийлигини кўрсатади. Бугунги эрлар оила, фарзандларига емоқ-ичмоқни етказиб бериб ёки яшаш масканлари билан таъминлаб қўйишнигина масъулиятни адо этиш деб ўйламоқдалар. Ваҳолангки, уларни маънавий жиҳатдан баркамол қилиш; Аллоҳдан қўрқувчи, у зотга ибодат қилувчи шахслар қилиб тарбия этиш – муҳим вазифа ва масъулиятдир.

     “Салоҳият Аллоҳдан, одоб оталардан”, деб бежиз айтилмаган.

                                                                (“Адабул-муфрад лил-Бухорий” дан)

     Юксак тарбиялардан бири бу-пайғамбар (с.а.в)ни ўз умматларининг фарзандларини намозга чорлов тарбияси эканлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

     Пайғамбар (с.а.в): “Болаларингизни етти ёшда намозга буюринглар, ўн ёшга тўлсалар уларни у (намоз хусусида) учун уринглар!” деб мархамат қилдилар.                                       (Имоми Ахмад ва Абу Довуд р.)

     Кишининг ўз фарзандларидан талаб қиладиган энг аввалги тарбияси Аллоҳга саждалар қилиб, намоз ўқишлик ибодатини адо қилдириш бўлиши керак экан. Баъзилар тарбияни намозга буюришдан эмас, пул топишдан, меҳнат қилдиришдан бошлашга уринадилар. Баъзилар эса фарзандлар ёши ўндан ўтиб кетса ҳам намоз ҳақида қайғуришни эсларига ҳам келтирмайдилар.

     Бенамозлик ила улғаяётган болаларини қошу-кўзларига, бўй-бастларига маҳлиё бўладилар холос.

     “Эй иймон келтирганлар, жуфтларингиздан ва фарзандларингиздан сизлар учун душман бўлганлари бор, улардан огоҳ (эҳтиёт) бўлинглар...!”

                                                                                            (Тоғобун сураси, 14-оят мазмуни)

  Бошқа бир ояти каримада:

     “Молу (дунё) ва фарзандлар хаёти-дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир)”, дейилади.

                                                                        (Каҳф сураси 46-оят мазмуни)

- - -