Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 1

Робиъ ибн Хусайм

1596 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 1

Робиъ ибн Хусайм

Ҳилол ибн Исаф уйига ташриф буюрган меҳмон Мунзир ас-Саврийга деди: - Эй Мунзир, сени шайх ҳузурига олиб бормайинми, шояд бирор соат иймонлашсак! - Майли, Аллоҳга қасамки Куфага мени шайхингиз Робиъ ибн Хусайм билан йўлиқишга бўлган рағбат етаклаб келди. Унинг иймони таравотидан нафланиш мени қизиқтиради. Лекин у биз билан кўришишга изн берармикин? Мен учун айтилган эди: “Албатта у (яъни, Робиъ ибн Хусайм) фалажлик мусибати етгач, уйинигина лозим тутиб, Роббисигагина муножот этишни хуш кўрармиш ва одамлар билан йўлиқишни эса суймасмиш”. Ҳилол деди:

  • Унинг бетоб бўлиши, ундан бирон нарсани ўзгартирган эмас!

Мунзир деди:

  • Унда ҳечқиси йўқ! Лекин билингки, ана у шайхлар таъблари нозик бўлади. Шайхдан ҳоҳлаган нарсамизни сўрайверишимиз мумкинми ёки биз сукут сақлаб, у ҳоҳлаган мавзуни эшитамизми?

Ҳилол деди:

  • Агар сен Робиъ ибн Хусайм билан бирга ўтириб қолсанг, бир йил тўла ўтирсанг ҳам сен гапирмасанг уни гапиртира олмайсан, унга савол бериб сўрамасанг, ундан жавоб ололмайсан! У киши сўзларини зикр, жим туришини эса фикр қилиб олганлар.
  • Ундай бўлса Аллоҳнинг баракоти ила унинг ҳузурига жўнадик!

     Иккаласи шайх Робиънинг ҳузурига жўнадилар ва унга салом бериб, ҳол-аҳвол сўрадилар:

  • Қандай тонг оттирдингиз шайх?
  • Гуноҳкор, заиф ҳолда тонг оттирдим. У Зотнинг ризқини у (Робиъ) гуноҳкор бўла туриб емоқда ва ўз ажалини кутмоқда, деди шайх.
  • Дарҳақиқат Куфага чуқур билимли табиб келган, изн берсангиз уни ҳузурингизга чақирсак!
  • Эй Ҳилол, албатта мен даво хақ эканлигини биламан! Лекин мен тааммул қилиб, ўйлаб кўрсам Од, Самуд, Асхабур-Росс ва Қорунлар дунёга хирслари баланд, унинг матоҳларига қизиқиши улкан бўлган! Улар биздан кўра қувватда қаттиқроқ ва қудратда буюкроқ бўлган! Уларнинг ораларида ҳам табиблари ва бетобу-беморлари бўлган! Даволовчилари ҳам даволанувчилари ҳам боқий қолгани йўқ! деди шайх ва чуқур хўрсиндилар. Сўнг сўзларида давом этиб, айтди:
  • Агар у дард касалик бўлганида эди, ундан халос бўлган бўлардик !

     Мунзир изн сўраб, савол қила бошлади:

  • Эй саййидим шайх, дард нима у?
  • Дард – гуноҳлардир!
  • Даво нима?
  • Даво – истиғфордир!
  • Шифо топиш қандай бўлади?
  • Тавба қилишинг сўнг қайтмаслигингдир!

     Шайх яна давом этиб, гапирди:

  • Сирлар, сир тутилган, махфий сирлар! Сизлар одамлардан махфий, яширин тутиладиган сирлардан эҳтиёт бўлинглар! У сирлар Аллоҳ Таъолога барибир ошкордир! Ўша сирларнинг даволарини изланглар!
  • Ўша сирларнинг давоси нима? деди Мунзир.
  • Тавбайи насухдир (яъни, ўша гуноҳ ишга қайтмаслик шарти ила содиқ тавба қилишдир), деди шайх ва йиғладилар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлди.
  • Нега йиғлайсиз?
  • Нима учун йиғламайин, дарҳақиқат мен бир қавмни (сахобаларни) кўрганманки, уларнинг ёнларида биз ўғрилармиз(сахобалар еткизган иш устида ўғрилардек турибмиз), деди шайх.

     Ҳилол айтдиларки: “Биз шундай қилиб мулоқотни давом этказиб, турганимизда, шайхнинг ўғли кириб, биз билан саломлашди ва (отасига) деди:

  • Эй отажон, онам сизга холва таёрлаб, пишириб қўйдилар. Ундан тановул қиларкансиз, уни олдингизга келтирайми?
  • Келтир!

     Ўғли таомга чиқиб кетгач, эшикни бир сўровчи кимса таққиллатди. Шунда шайх:

  • Уни киргизинглар! деди.

     Ҳовлида кийимлари йиртилган бир кимсага кўзим тушди. Луъоби иягига тушган эди. Шайхнинг ўғли таёрланган нарсани олиб кирганда, шайх уни сўровчи кишини олдига қўйишга ишора қилди. У таомни уни олдига қўйди. Киши уни идишда тамом бўлгунча, барчасини еб битирди. Ўғли шайхга деди:

  • Аллоҳ сизга рахм қилсин, эй отажон! Онам буни сизга ҳозирлаб, пиширган эдилар. Бизлар ҳам ундан ейишга иштаҳамиз бор эди. Сиз бўлса, мана бу нима еятганини билмайдиган кишига едирдингиз.

     Шайх айтди:

  • Эй ўғилчам, агар у билмаса, албатта Аллоҳ билади! Сўнг У Зот Азза ва Жалланинг каломини тиловат қилди:

     “Сизлар яхши кўрган нарсаларингизни инфоқ қилмагунларингизча ҳаргиз яхшиликка етиша олмайсизлар”

(Оли-Имрон; 92-оят мазмунидан)

     Шу пайтда яқин кишилардан бўлган бир кимса кириб, деди:

  • Эй Або Язид, Хусайн ибн Фотима (пайғамбар алайҳис-саломнинг набираси) қатл қилиндилар, у кишига ва оналарига салом бўлсин!

Шайх деди:

  • Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

     Сўнг Аллоҳ Таъолонинг каломини тиловат қилдилар:

     “Айтинг, Парвардигоро  осмонлару-ерни пайдо қилгувчи Фотир бўлган Зот,  ғайбу-ошкорни Билгувчи Зот, Сен бандаларинг ихтилоф этаётган нарсалар орасида Хукм қилурсан!”

(Зумар; 47-оят мазмунидан)

     Киши у сўзларга қаноатланмадида яна сўради:

  • У (Хусайн)нинг қатли ҳақида нима дейсиз?
  • Уларнинг қайтиши Аллоҳгадир, ҳисоб-китоблари Ҳам Аллоҳгадир, деди шайх.

     Ҳилол айтдики: “Билдимки, пешин вақти яқинлашиб борарди. Шайхга айтдим”:

  • Менга насиҳат қилинг!
  • Эй Ҳилол, сени одамларнинг кўп мақташи мағрурлантириб қўймасин! Албатта одамлар сенинг зоҳиринг (ташқаринг)нигина биладилар холос! Билгинки, албатта сен ўзинг қилиб ўтган амалингга йўлиқувчисан! Ҳар-бир қилинган амал, агарки Аллоҳнинг розилиги унда ният қилинмас экан, барбод бўлади!

     Мунзир шайхга деди:

  • Менга ҳам насиҳат қилсангиз, сизга яхшилик ила миннатдорчилик билдираман!

Шайх деди:

  • Эй Мунзир, билган нарсанг устида Аллоҳдан қўрққин! Сенинг қилган амалинг хуфёна қолмас, бас уни Билгувчисига топширгин! Эй Мунзир, сизлардан бирорталарингиз “Парвардигоро албатта мен сенга тавба қиламан!” демасин, сўнгра тавба қилмаса у – ёлғон бўлиб қолади. Аммо “Парвардигоро менинг тавбамни қабул айла!” десин, ана ўша дуо бўлади. Эй Мунзир билгинки, сўзларда яхшилик йўқдир, магарам; Аллоҳга таҳлил айтишда, хамд айтишда, такбир ва тасбех айтишда, яхшилик-хойр сўрашда, ёмонликдан паноҳ тилашда, маъруфга буюришда ва мункардан қайтаришда, Қуръон қироатида (гина яхшилик бордир)!...

     Шайх бизнинг ҳаммаларимизга юзланиб, деди:

  • Сизлар ўлимни эслашни кўпайтиринглар, у (ўлим) – сизларга сохиб-йўлдош бўлувчи ғойибларингиздир! Агар ғойибнинг узайиши содир бўлса, ...

     Сўнг йиғлади, кўз ёшлари оқа бошлади:

  • Эртага нима қиламиз “Ер силкиниб, ларзага келса! Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келса! Ўша куни жаханнам келтирилса!”

(Фажр сурасидаги 22-оят билан бошланажак оятлар мазмунидан)

     Ҳилол айтади: “Робиъ сўзларини тамомлашига оз қолганда пешинга азон айтилди. Ўғли томонга юзланди ва деди:

  • Қани туринглар, Аллоҳнинг чақирувчисига ижобат қиламиз!

Ўғли бизга деди:

  • Отамни масжидга олиб боришга менга ёрдам беринглар, сизлар яхшилик ила мукофотланасизлар!

     Биз уни кўтардик. Ўнг томонини ўғлининг елкасига, чап томонини менинг елкамга қўйди, оёғи эса судралганича орамизда кетди. Шунда Мунзир  унга (шайхга) деди:

  • Эй Або Язид, дарҳақиқат сизга Аллоҳ рухсат берганку, уйингиздагина намозни ўқиб олаверсангиз бўлаверарди.
  • Албатта, сен айтганингдек (тўғри). Лекин мен чақирувчи – нидочининг:

     “Хаййа ъалал фалах, хаййа ъалал фалах (яъни, нажотга келинг, нажотга келинг)!” дея қичқираётганини эшитдим. Сизлардан кимки чақирувчини эшитса, бас унга ижобат қилсин, ҳаттоки икки қўли ва қорни билан судралиб борса ҳам, деди шайх Робиъ ибн Хусайм.

     Биз воқеани ўрганган бу икки кимса Ҳилол ибн Исаф ва Мунзир ас-Саврий тобеъинлардан бўлиб, Ҳилол – тобеъинларнинг аввалроғидан, Мунзир эса тобеъинларнинг охиргиларидандир. Улар зиёратига келган шайх эса – илм ва тақво эгаси бўлган Робиъ ибн Хусаймдир. Робиъ ҳақида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Эй Або Язид (Робиънинг куняси шундай бўлган ва одамлар унга шундай мурожаат этишган), агар сени Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кўрганларида эди, албатта сени яхши кўрган бўларди”!

     Келинг биргаликда бу олим ва муттақий кимсанинг ажойиб ҳамда қалбларни ларзага солиб, баҳор ҳавосидаги кўксимизни мусаффо айлайдиган воқеаларни ўрганиб чиқамиз!

     Робиъ ибн Хусайм аждод силсиласида суюкли пайғамбаримиз алайҳис-саломга уланганлар. 16-17 боболари Илёс ва Музорада насаби улашган. Балоғатга ҳали етмасдан олдин Робиънинг онаси кечқурун ухлагани ётиб, сўнг уйғонса, ўғли Робиъни мехробда, у (Аллоҳ)га тасбих айтиб, муножот этаётган ва намозга ғарқ бўлган ҳолда топарди.

  • Эй ўғилчам Робиъ, нега ухламаяпсан?
  • Уни кеча ўраб, зулмат қопласа қандай уйқуга қодир бўлади, дерди ўғил.

     Қари онажонисининг ёноқларидан кўз ёшлар оқиб тушарди ва ўғилчасига яхшилик тилаб дуо қиларди. Робиъ улғайган сайин Аллоҳга бўлган қўрқуви ҳам улғайиб борди. Ўғлининг тинмай Хақ Таъолога қилаётган тазарруъ ва нолалари онасининг қалбини юмшатибгина қолмай, ҳатто ўғли ҳақида гумонларга боришга етаклади.

  • Сенга нима мусибат етган болагинам! Бирортасини ўлдириб қўйганмисан, шояд жаримасини тўласанг?!
  • Ҳа онажон, дарҳақиқат мен бир нафсни қатл қилганман.
  • Эй ўғилчам, ким экан ўша ўлдирилган кимса, унинг аҳлига одамлар юбориб, сени авф этишларини сўрасак! Аллоҳга қасамки, шояд ўлдирилган кимсанинг аҳли сенга рахм қилишса!
  • Бирортасига айта кўрманг, мен ўз нафсимни гуноҳлари билан қатл қилганман холос!

     Робиъ ҳидоятда ва кўринишда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ бўлган сахоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд бўлганлар. Гўдак ўз онасига тааллуқли бўлганидек, Робиъ ҳам устози ибн Масъудга яқин эди. Робиъ устози ҳузурига унинг изни-рухсатисиз кирмас эдилар. Агар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳузурида Робиъ бўлса, у чиқиб кетмагунича бирортасини киришига устоз изн бермас эди. Ибн Масъуд Робиъдаги нафс мусаффолиги, қалб ихлоси ва ибодатдаги эхсонини англаган эдилар.

  • Сени неча маротаба кўрган бўлсам ҳам фақат қўрқувчи-хушуъчилардан деб ҳисобладим, деганлар устози ибн Масъуд.

     Уламоларимиз таъкидлашича Абдуллоҳ ибн Масъуд унга берган баҳоларида ҳеч муболаға қилган эмасдилар.

     Робиъ ибн Хусаймнинг дўстларидан бири шундай деганлар:

“Робиъ ибн Хусайм билан бирга йигирма йил сухбатдош бўлганман. Унинг “кўтариладиган” сўздан бошқа сўз айтганини эшитган эмасман. У Азза ва Жалланинг каломини тиловат қилди:

“(Ҳар-бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур”

(Фотир; 10-оят мазмунидан)

    Абдуррохман ибн Ажлон айтганлар:

     “Робиъникида бир кеча тунаб қолдим. Ётгани кирсам, у намоз ўқиётган эди. У қироат қилаётган эди: “Ёмонлик касб этганлар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва солих амаллар қилган кимсалар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон ҳукм қилурлар-а?!”

(Жосия; 21-оят мазмунидан)

     Кечани ўша оятни ўқиб, намозни қоим қилиб чиқдилар. Уни бошларди ва яна такрорлаб, қайтарар эди. Ҳатто тонг отди. Икки кўзи кўз ёшга тўлиб, намланган эди”.

     Робиъ ибн Хусаймга ўлим шарпаси яқинлашиб қолганда, қизи йиғлай бошлади. Шунда Робиъ қизига дедилар:

  • Эй қизчам, нега йиғлайсан! Ахир отангга яхшилик юзланяптику!

     Сўнг омонатни Яратганга топшириб, охират сафарига равона бўлдилар...

- - -