Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 1

Шурайх Қози

1816 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 1

Шурайх Қози

Амирул-муъминийн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аъробийлардан бўлган бир кишидан от сотиб олдилар ва пулини тўладилар. Сўнг уни миниб, жўнаб кетдилар. Бир қанча юриб отда шикаст зоҳир бўла бошлади. Юришига ҳалақит бериш бошланди. Қаердан жўнаган бўлсалар, ўша жойга (аъробийнинг олдига) қайтиб келдилар. - “Отингни ол, унда шикаст бор экан”, дедилар. - “Уни қайтариб олмайман, эй амирал-муъминийн! Уни сизга соғ-саломат ҳолда сотган эдим”, дея жавоб қилди аъробий. - “Унда ўртамизга бир хакам қил(ки, у масалани ҳал этсин)!” дедилар. - “Бизнинг ўртамизга Шурайх ибн Хорис Киндий хакамлик қилади”, деди аъробий. - “Унга розиман”, деди Умар розияллоҳу анҳу.

Иккалалари Шурайхнинг олдиларига бордилар. Шурайх аъробийнинг сўзини тинглагач, Умар ибн Хаттобга бурилдида:

  • “Эй амирал муъминийн отни саломат ҳолда олган эдингизми?” деди.
  • “Ха!” деди Умар ибн Хаттоб.
  • “Эй амирал муъминийн сотиб олганингиздек сақланг ёки қандай олган бўлсангиз ўшандай қилиб қайтаринг!” деди Шурайх.

     Умар розияллоҳу анҳу Шурайхга ажабланган ҳолда қарадилар ва:

  • “Ечим шуми?! Қатъий сўз! Адолатли хукм! Сен Куфага боргин, дарҳақиқат мен сени унинг ишларига тайин этдим!” дедилар.

     Фазл эгалари ва пешқадам аҳллар Шурайҳни ўткир зеҳн эгаси, юксак ахлоқ соҳиби ва ҳаёт тажрибасида чуқур билимли деб баҳолар эдилар. У киши Кинд қабиласига мансуб бўлиб, жоҳилиятда ҳаёти осон кечмаган, яманлик кимса ҳисобланган. Араб жазираси (ярим ороли)га ҳидоят нури таралгач, ислом шуъласи Яман ерини ёритгач, Шурайх Аллоҳ ва Росулига аввалгилардан бўлиб иймон келтирганлар. Ҳидоят ва Хақни ижобат этганлардан бўлганлар. Шурайх узлуксиз равишда олтмиш йилга яқин мусулмонлар ўртасида қозилик қилдилар. У киши Умар, Усмон, Али ва Муъовия розияллоҳу анҳум вақтларида ўз мансабларида қарор топганлар.

     Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қадр-қийматли совутларини йўқотиб қўйдилар. Бир куни у киши совутини зимма аҳлидан бўлган бир зиммий киши (мусулмонлар орасида яшовчи аҳли китобдан бўлган киши)нинг қўлида кўриб қолдилар. Уни у киши Куфа бозорида сотар эди. Совутини таниб қолгач:

- “Бу совут меники! У фалон кечада туямдан тушиб қолган эди, фалон маконда”, дедилар.

- “Эй амирал-муъминийн, қўлимдаги совут ўзимникидир, балки?!” деди зиммий.

- “У совут меники, уни бирортасидан сотиб олган ҳам эмасман, уни бировга берган ҳам эмасман, ҳаттоки у сенга етиб келиб қолса!” дедилар.

- “Мен билан сенинг орангда мусулмон қози бор-ку!” деди зиммий.

- “Инсоф қилдинг, юргин унинг олдига!” дедилар Али.

Иккови Шурайх Қозига боришди. Алидан Шурайх мажоро тафсилотини сўрадилар. У киши бўлган ишни кўндаланг қилди. Шурайх зиммийга:

  • “Эй киши сен нима дейсан”, дея сўрадилар.
  • “Совут – ўзимнинг совутимдир ва у қўлимда турипти. Амирул-муъмининга ёлғон билан муттаҳамлик қилмайман”, деди.

Шурайх Алига қарадиларда, айтдилар:

  • “Шубҳа йўқки, сиз содиқсиз, айтаётган нарсада, эй амирал-муъминин! Албатта совут-сизникидир! Аммо, даъво этаётган нарсанинг тўғрилигига икки гувоҳ келтиришингиз лозим бўлади!”

Али розияллоҳу анҳу:

  • “Хўп!” дедилар ва: “Қулим Қанбар ва ўғлим Хасан иккови менга гувоҳдир”, дея жавоб қилдилар.

Шурайҳ деди:

  • “Лекин ўғилнинг отасига гувоҳлиги жоиз бўлмайди, эй амирал-муъминин!”
  • “Йа субханаллоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кимсанинг гувоҳлиги жоиз бўлмаса! Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман:
  • “Хасан ва Хусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир”, дегандилар”, деди Али.
  • “Лекин мен боланинг отасига гувоҳлигини жоиз бўлади, демайман”, деди Шурайх.

     Шу вақт Али розияллоҳу анҳу зиммийга қаради ва деди:

  • “Буни олгин! Икковидан бошқа менинг гувоҳларим йўқ”.
  • “Лекин мен эй амирал-муъминин бу совут сизники эканлигига гувоҳлик бераман” деди зиммий ва сўзига қўшимча дедики: “Эй Аллоҳ! Амирул-муъминин ўзининг қозиси ҳузурига мен билан даъволашгани келди. Унинг қозиси менинг фойдамга қозилик қилди. Бу ишга амр этган дин хақ эканлигига гувоҳлик бераман! Гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва албатта Мухаммад унинг бандаси ва росулидир! Эй қози билингки, совут амирул-муъмининнинг совутидир. Қўшин Сиффийнга кетаётганда қўшинга мен ҳам эргашган эдим. Совут у (Али)нинг кулранг туясидан тушиб қолган эди, уни олган эдим”.

Али унга айтди:

  • “Сен дарҳақиқат исломга кирдинг. Албатта мен энди совутни сенга бердим. У билан бирга бу отни ҳам сенга бердим”.

     Шурайҳ насиҳатгўйликда ҳам етук воъизлардан эдилар. Одамларга чиройли панд-насиҳат этиб, тўғри йўл кўрсатардилар. Насиҳатланган кимсалардан бири ҳикоя қилиб берган воқеани ўрганиб ўтамиз. 

     “Шурайх менинг дўстимга баъзи ташвишларим ҳақида шикоят этганимни эшитиб қолибдилар. Мени қўлимдан тутдиларда, четга етаклаб дедилар:

  • “Эй биродаримнинг ўғли! Сен Аллоҳ Азза ва Жалладан бошқасига шикоят этишдан сақлангин! Кимгаки шикоят этсанг, ё у дўст бўлади ёки душман! Агар шикоят қилаётган кимсанг дўст бўлса, уни ғамга соласан! Агар душман бўлса, сенга тушган нарсадан яйраб, хурсанд бўлади! Мана бу кўзимга қара!” дея кўзларидан бирига ишора қилди ва:

“Аллоҳга қасамки бу билан биронтасини кўра олмайман! Ўн беш йилдан бери бирор йўлни ҳам кўролмайман мана шу кўз билан! Лекин мен буни сенга айтишимдан бошқа ўринда бирортасига билдирган эмасман. Сен солиҳ банда (яъни, Яъқуб алайҳис-салом)нинг сўзини эшитмаганмисан?! “Мен ғаму-ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан”

 (Юсуф сурасини 86-ояти мазмунидан)

     Аллоҳ Азза ва Жалла ким ўзигагина шикоят қилса, ҳар-бир мусибатни бошқа нарсага ўзгартириб қўяди. Албатта У сўралаётганларнинг Сахийси ва дуо қилинаётганларнинг Яқинроғидир!” дедилар.

     Олимларнинг мана шу иши ҳам таажжубга моликдир! Чунки бугунги хаёт шуни кўрсатмоқдаки, шикоят ва нолишдан ҳоли одамларни ниҳоятда ва ниҳоятда кам топасиз! Ҳамма нарсаси бор ва сероб бўлиб тургани ҳолда шукрни, қаноатни билмайдилар. Олим инсон эса ҳатто кўриш аъзоси бўлган бир кўзининг кўрмаслигидан ўн беш йил шикоят қилмагани ҳақиқатда таажжубланарли ҳолдир! Фақат зарурат юзасидангина айтганлари бизга маълум бўлмоқда.

      Бир куни Шурайх бир кимсани бошқа бир кишидан бир нарса сўраётганини кўриб қолдилар ва у сўраётган кимсага айтдиларки:

  • “Эй биродаримнинг ўғли, кимки инсондан ҳожатини сўраса, дарҳақиқат ўз нафсини тутқинликка отган бўлади. Агар сўраган нарсани у бажараса, сен у кимсага тутқин бўлиб, эркингни берасан. Агар уни рад этса, у иккиси хор ҳолда қайтади. Бу бахиллик хорлиги билан, ана униси рад этилиш хорлиги билан. Агар сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўрагин ва ёрдам тиласанг, Аллоҳдангина тилагин! Билгинки Ундан бошқа куч ва қудрат йўқ ва Аллоҳдан бошқа ёрдам берувчи йўқ!”

     Куфада  “тоъун” деб номланган вабо касаллигининг бир тури пайдо бўлди. Шурайхнинг дўсти вабодан қочиб Нажафга жўнади. Унга Шурайх мактуб ёздилар:

  • “Аммо баъд, албатта сен тарк этган жой сенинг ўлимингни яқинлаштирмас эди ва сендан кунларингни ҳам тортиб олмас эди”, дея дўстига қаттиқ танбеҳ берганлар.

     Хақ ва адолатни севган, хаққоний хукм тарафдори бўлган Шурайх рохимаҳуллоҳнинг гўзал сийратидан биз заиф мутааллимларга ҳам Аллоҳ Таборока ва Таъоло насиб этсин!

- - -