Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 26-қисм

1734 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 26-қисм

ТАРИХИЙ МАНБАЪ: “Жалодиддин Исфаҳонга келганда аҳоли уни катта тантана билан кутиб олади, қўшини қурол-аслоҳа билан таъминланади. Бу ҳол Ғиёсиддин Пиршоҳга ёқмайди, у акасига қарши ўттиз минг отлиқ қўшин билан йўлга чиқади. Бироқ Жалолиддин унга совға-саломлар билан мирохур Одекни элчи сифатида жўнатган ва ўзаро низони тинчлик билан ҳал этган. Қўшин бошлиқлари Жалолиддин томонига ўтган. 1225-йил Жалолиддин Озарбайжонга юриш қилади. Сўнг Бағдодга қарши юриш ҳозирлик кўради. Халифа Носирга элчи жўнатиб, мўғулларга қарши бирлашишга чақирди. Бунга жавобан Халифа Жалолиддинга қарши ўзининг мамлуки амир Жамолиддин Қуштемур бошлиқ йигирма минглик қўшин жўнатди. Басра яқинидаги жангда Халифа қўшинлари тор-мор келтирилди. Халифа Бағдод мудофааси билан машғул бўлади. Жалолиддин Бағдод атрофида ўн икки кун тургач, Озарбайжон томон кетади. Озарбайжон ва Аррон отабеги Ўзбек ичкилик, маишатга берилиб давлат ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган эди, давлатни амалда унинг хотини Малика хотун бошқарарди. 1225-йил майда Жалолиддин Мароға шаҳрини жангсиз қўлга киритади. Дамашқ, Эрбил ҳокимлари у билан иттифоқ тузишга рози бўладилар”. (Манбаъ тафсилоти тугади)

Амин Исфаҳондан қайтаркан Қосим оғанинг йўлдаги вафотини ҳисобга олмаса қўшиннинг шукуҳи яна қайта жонланаётганига хурсанд эди. Жалолиддиннинг бирлашишга қилаётган чақириқларини рад этаётганлар эса Аминнинг қалбига яра янглиғ ўрнашар, нима учун чақмоқдек ёндириб келаётган ёв олдида уларни бирлашмай, ўзини ўйлашлари уни қийнар эди.

   Хуснинисо ва ўғли Ийсо билан қайта кўриши унга малҳамдек туюлди, аёли Хуснинисога зарур васиятларини айтаркан, аёли унинг сўзига тоқат қила олмай юзини тўсиб, йиғлашга тушди.

-Хусниой, мана Аллоҳнинг иродаси ила бирга турмуш қуриб, уч фарзанднинг онаси бўлиш бахтига муяссар бўлдингиз. Ҳар бир маҳлуқотнинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам мавжуддир! Жалолиддин Озарбайжон томонларга жўнади, мен эса бу ерларда қолишим дуруст эмасдир. Сизлар эса бу ерларга энди кўникиш ҳосил қилдиларинг. Мабодо ажал найзасини менинг кўксимга қадалиш палласи келгудек бўлса, ҳаргиз иккиланманг, дарду-ҳасратга ҳам кўмилманг! Бу олам мангу эмаслигини мендан-да яхши биласиз парийим, шунинг учун мен бу фоний оламдан ўтгудек бўлсам, бу ердан Мадинага кетинглар! Зурриётимни улуғ дин бўлмиш – Исломда улғайишини таъминланг! У ҳам зурриётларига биз не учун дарбадарликда, фироқларда қолиб яшаганимизни билдирсин, юрт узра ободлик қуёши барқ уриши учун қўлидан келган имконларини аямасинлар! Неча авлод ўтса ҳам менинг сўзларимни зарҳал харфлар ила ёдда сақловчи бўлсинлар! Мен балки тирик қоларман, унда учрашувимиз яна қайта бўлар, Ийсойимнинг бўйлари ўсиб, улғайиб янада кўзимнинг қувончи бўлар, мен балки Усмон оғам, унинг ўғиллари ва тоғамлар ортидан охират ҳовлисига сафар қиларман, бу иш эртами-кечми албатта ҳақдир! Хусниойгинам, парийим менга сўз беринг, Аллоҳнинг номи ила ваъда беринг, авлодим – Ислом йўлида, Ягона Яратганга таслим бўлган, росулига итоатда забардаст бўлган иш устида тарбия этишингизга аҳд қилинг жуфтгинам!

    Хуснинисо эса йиғлаган кўйи бошини ирғади, бор куч-мадорини тўплаб, эрининг юзига зўрға бошини кўтариб қаради. У эрини сўнгги бор кўраётгандек, томоғига бирон нарса тиқилгандек хўрсиниб қўйди.

-Аллоҳимнинг номи ила айтаманки, зурриётингизни омонат деб биламан, тоқатим борича уни ҳақ йўлда тарбия этаман! Қайта кўришишимизни Яратгандан илтижо қилишда бардавом бўламан, ҳар куни йўлингизга нигоҳимни қадайман, мен учун ҳаётимнинг мазмуни эдингиз, энди фарзандингиз сизнинг сиймойингизни менга эслатиб туради. Майдонларда Аллоҳимнинг ўзи сизга куч-ғайратлар ато айласин, енгинг асло енгилманг! Енгилганингизда ҳам мардларча, ҳақ устида қалқон бўлиб енгилинг, зеро авлодларимиз сизни иймонан ва жисмонан паҳлавон эканлигингизга асрлар оша ҳавас қилсин! Бизни ўйлаб махзун бўлманг, бизни деб ёвга бўйин эгманг, бу оламда йўлиқишни агар Роббим насиб этмаса, қайта тирилиш ҳовлиси бўлмиш – охиратда йўлиқишни умид қилинг, ҳурлар қатори мени ҳам жаннат ҳовлисида қарши олишнинг ниятини қилинг саййидим! Сизга ожизлик ила итоатсизлик қилган бўлсам, мен ожизани кечиринг, Роббимдан мени мағфират этишини илтижо қилишингизни сўрайман! – дея Хуснинисо боягидан ҳам тунд аҳволга тушди, йиғламсираганича қиблани чамалаб, ерга сажда қилишлик учун йиқилди.

    Хуснинисонинг сажда ўрни тупроқ  ер бўлса ҳам саждада узоқ вақт қолди. Йиғи ўз томчиларини йўқотгач, Хуснинисода фақат пиқиллаш, хўрсиниш ҳолатидан иборат бўлган асорат билиниб турар, Амин эса боласини аёли қўйган ўриндан қўлига олганича, аёлининг гаплари таъсирида унинг ҳам кўзи намланиб турарди.

-Хусниойим туринг энди, бола ҳам безовта бўлаяпти парийим!

    Хусниой эрининг сўзини ҳечам жавобсиз, ижобатсиз  ташлаб қўйган эмас, ўшандай ташлаб қўйишни суймайди ҳам, кўзларининг қовоқлари шишган ҳолда ўрнидан туриб, боласини қўлига олди. Айрилиқ ҳисси ниҳоятли аламли ва аянчли бир ҳол. Аммо иймон эгаси бўлган Хуснинисо бу айрилиққа Аллоҳдан нажот сўраб, қаноат этса унинг ортидан Парвардигори олам томонидан ажрлар берилишини билиб, сабр этишга қасд қилди. Аминнинг ёнига келиб унга тикилди ва Ийсони унинг қўлидан олиб бағрига босди. Аминга охирги сўзини айтиб, уни кетишга руҳлантирган бўлди.

-Саййидим, менга Аллоҳим ажойиб бир ҳисни инъом қилмоқда!

-Қандай ҳисни айтмоқдасиз, Хусниой?

-Хожар онамизни эсланг, ўғли билан бир ўзини жуфти кимсасиз саҳрога ташлаб кетган эди. У ерда на таом бор эди, на сув! Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, эрига итоат этиб, ўша масканда қолдилар. Натижада ер устидаги энг ажойиб ва шифо бўлган замзам суви ила неъматландилар. У онамиз босган Сафо ва Марва оралиғидаги ўрин, хаж ибодатидаги саъй амалига сабаб бўлди ва барчамизга ўрнак бўлган аёллардан бўлди. Мен сажда этганимдан кейин қалбимга Роббим Хожар онамиздек чидамли бўлиш ҳиссини берганини пайқамоқдаман саййидим, сиз мен ва боламиздан хавотир олмай йўлга чиқинг! Бизни Робб Таъолога омонат ташланг, зеро Аллоҳ ўзи муҳофаза қилгувчи Меҳрибон зотдир!

-Аллоҳимнинг ўзи сизларни паноҳида асрасин, бизнинг авлоддан масканимиз қайта сажда ўрнига айланишининг меҳнатини қиладиган зурриётлар чиқишини насиб этсин! – деб, Амин юзига фотиҳа тортди. Отига миниб, аввал ўғлига сўнг аёли – Хуснинисога боқди.

    Хуснинисо бояги ғамли ҳолдан ўзгариб, ўзи айтганидек тароватли ҳис бўлмиш Аллоҳга боғланув ва унинг ўзигагина таваккул этиш ортидан қалбларни эгаллайдиган сакинат ҳиссига бурканган эди. Инсон қалбига Аллоҳнинг ўзи ўшандай тароватли ҳисни ато этмаса, сакинат туширмаса, у ҳисни бозорларда, карвонсаройларда олтину-кумушларга топиб бўлмас!

   Қани, дунёда саройи жавоҳиру-дурларга тўлган шоҳлар ўша сакинатни, оромни иймонсиз равишда топа оладиларми?! Туя-туя карвонларга қимматбаҳо юкларни ортган тужжор-савдогарларда Аллоҳга боғланмасдан ўша қаноатни, чидамни топа олиб бўладими?! Энг сўлим масканларда истироҳат ичида дунё неъматларига ғарқ бўлган ошиқу-маъшуқларда борми омонли ҳаловат?!  Албатта йўқ!!! Нима учун? Чунки ором ва сакинат, қалб хотиржамлиги – Аллоҳни  зикр этув биландир!

   Хуснинисо бошидан шунча дарду-аламларни ўтказиб туриб, яна жонажон ва самимийликка тўла инсонини узоқ йўлларга кузата туриб, қалби сакинат ва ҳаловатга тўлиши Аллоҳга бўлган ихлосли боғлануви натижаси эди. У эрини кўзидан ғойиб бўлгунича ортидан термулиб турди, сўнг Ийсонинг пешонасидан меҳр билан ўпиб, унга ва унинг авлодига нурли келажак тилади.

ТАРИХИЙ МАНБАЪ:

   “1225-йилда Жалолиддин қўшини Гарни қалъаси яқинида гуржиларнинг Иване Мхаргрдзели бошлиқ  олтмиш минглик қўшинини тор-мор келтиради ва Тифлисга қараб юради. Грузия маликаси Русудана Кутаисига кўчиб ўтган. Жалолиддин Двин, Лори шаҳарларини эгаллайди, Сурмари шаҳри ҳокимлари ўз тобеликларини билдиришган.”

                                   (Манбаъ тафсилоти тугади)

    Амин Қофқоздаги ғалабалар ортида денгиз бўйига саёҳат учун борди. У денгиз соҳилида юраркан, узоқларда қолган жуфти ва ўғлини эслаб, чуқур ўйга толди. Улар нима қиляпти экан, ўғилчаси бемалол босиб, югургилаб юргандир. Хуснинисо йўлларга термулиб, уни узуккун интизорлик билан кутаётгандир.

-Иним Амин сени кўрар куним ҳам бор эканку?!

   Амин ўйга берилиб қолгани учун ортидан келган шарпани ҳам сезмаган эди. У товуш келган томонга қараб, ярадорликдан оёқ-қўли ва юзлари боғланган киши турганини кўрди. Уни бу ҳолатидан таниш жуда мушкул эди. Аммо товуш Аминга таниш эди.

-Танимадинг-а, Амин?! Мен Яхёман, энди эсладингми?

-Яхё! – дея Амин унинг ёнига бориб, уни бағрига босди. –Тинчмисиз, Аллоҳга хамдлар бўлсин! Яна қайта кўришишни насиб этди!

-Оила, фарзандларинг қалай?

-Бир ўғлим ва онаси қолган холос, улар ҳам мендан йироқ ерларда.

-Аллоҳимнинг биз инсонларга битган тақдири жуда сирли, биз ҳеч қачон эртага нима бўлишини кимни кўрамиз, кимни йўқотамиз, мутлақо билмаймиз иним! Аллоҳ сенга сабр берсин, албатта йўқотган болаларинг сенга яхшилик бўлиб, охират ҳовлисида кутиб туришади. Балоғатга етмай, норасидалигида вафот топган жажжи фарзандларинг иншааллоҳ жаҳаннамдан сизларга парда бўлади!

-Иншааллоҳ айтганингиз насиб бўлсин! Жароҳатларни қаерда оширдингиз?

-Биласанку, мен сендек майдонларда чапдаст эмасман, аммо ёвга қарши турмай юз ўгиришни истамайман. Малакам хуфяликка етса ҳам, иқтидорли жангчиликка етишмайди. Шунинг учун ёв томонидан жароҳатлар оширдим.

-Ҳечқиси йўқ, муъминга кичик бир зирава кирса ҳам гуноҳларига каффорат ва даражотлари кўтарилишига сабаб бўлади!

-Жуда тўғри иним!

-Қобил ҳожи оға қани?

-Қофқозга янги келган кунлариёқ оламдан ўтганлар, мағфират қилингур, ажойиб киши эдилар!

-Наҳотки, оламдан ўтди дейсизми?

-Ҳа иним, ҳаётини унумли ишлар билан ўтказди деб биламан. Роббим охиратини мунаввар этсин!

-Жалолиддин ҳақида не дея олурсиз?

-Кўп гап ўшанга тақалади-да иним, ахир унга сен ва мен каби барча хайриҳоҳ бўлганида эди, Қофқоз тарафларда эмас ўз юртимиздаёқ ёвлардан устун келардик.

-Жалолиддинга анчагина ҳоким ва етакчилар тобеъликларини билдиришмоқдаку, ўша нарса унинг кучига куч қўшади деб ўйламайсизми?

-Бўлиши мумкин аммо мен ички ҳолатлардан хабардор киши сифатида бу тобеъликларни вақтинча деб ўйлайман, эртага иш қайси томонга ўзгариши мумкин ақлим етмайди!

-Тўғри айтасиз, шу пайтгача жуда кўп хиёнатларни кўрдик, айниқса сиз ва ҳожи оғалар ундан-да кўп разилликларнинг гувоҳисизлар деб биламан!

-Нима бўлса ҳам Жалолиддин омон бўлсин, қандай синовлар бўлса кўраверамиз, иним!

 

ТАРИХИЙ МАНБАЪ:

 “1227-йил сентябрда Исфаҳондан ўттиз чақирим шарқдаги Син қишлоғини яқинида Жамолиддин мўғулларнинг Тайнол нўён бошлиқ қўшинини енгган. Тайнол нўён Жалолиддин ҳақида: “Замонасининг ҳақиқий баҳодири экан, ўз тенгқурларининг сарвари экан”, деган.

   Жалолиддиннинг Кўнияда султони Алоуддин Кайқубод, Жазира ҳокими ал-Малик ал-Ашраф Музаффариддин Мусо, Дамашқ ҳокими ал-Малик ал-Муаззам Шарафиддин Исо ва Миср ҳокими ал-Малик ал-Комил Муҳаммадга номалар ёзиб, уларни мўғулларга қарши курашиш йўлида бирлаштириш йўлидаги ҳатти-ҳаракатлари беҳуда кетди.

   Устига устак Алоуддин Қайқубод мухолиф кучларни Жалолиддинга қарши бирлаштиришга м уваффақ бўлди. 1230-йил ёзнинг охирларида Арзинжон яқинидаги жангда Жалолиддин кучлари мағлубиятга учради. Жалолиддиннинг кучсизланганидан фойдаланган мўғуллар катта қўшин билан Озарбайжонга бостириб кириб Мароға, Табризни эгаллаб (1231-йил)  Жалолиддинни таъқиб этишган.”

                                      (Манбаъ тафсилоти тугади)

   Яхё айтган хавотирлар секин аста ўз тасдиғини топа бошлади. Жалолиддин билан бирга бўлиш ўрнига унга қарши туриб, мўғуллар олдида заифлашишга етаклаб борди.  Син қишлоғи ёнидаги жанг арафасида Амин қаттиқ бетоб бўлганича оёққа туриши қийинлашди. Яхё олиб келган табиб ҳам уни кўриб бўлгач, Яхёни четга бошлади.

-Яхёбек  иним, танишингиз жиддий касалликка чалинган!

-Қандай?

-Оёғидаги шиш қайтиши қийин кечади, бир пайтлар теккан шамширлар ва совуқларнинг асорати беморликка асосий сабаб деб биламан! Шу беморликлар билан бирга қалбида ҳам бир дард борга ўхшайди!

-Син ёнидаги мухорабага чиқмоқчи бўлган кундан бери аҳвол шу, табиб оға! Бу танишим ҳар-бир мухорабада қатнашишни канда қилмас эди. Ўзингиз билиб, Арзинжон  яқинидаги жангда Жалолиддин мағлубиятга учраганини эшитиб, дардига сиз айтган дард ҳам қўшилди.

-Эшитишимча мўғуллар Арзинжондаги Жалолиддиннинг мағлубиятидан бошлари кўкка етиб, бирин-кетин Қофқоз тарафдан энди Табризгача келиб, ўша ерни ҳам эгаллаганмиш!

-Тиш-ш! Жим бўлинг табиб оға! Бетоб агар бу хабарларни ҳам эшитса, аҳволи янада оғирлашмасин!

-Майли мен борай, манави дори-дармонларни бетобга берасиз! Истеъмоли ва муолажани мунтазам қилинг, бетобнинг инжиқлигига қараманг!

    Яхё табибни кузатиб қайтаркан, Амин иситмадан куйиб ёнишда давом этар, нималар деб инграр эди. Яхё табиб тайинлаган баъзи дориларни унга берди. Амин бироз жим ётгач, кўзини очди ва Яхёни аранг топгандек бўлиб, деди:

-Мен аср ўқимоқчиман!

-Амин иним, ҳали аср бўлганича йўқ! Эндигина табиб келишидан аввал менга иқтидо этиб, пешинни ўқидингиз-ку!

-Ўшандайми, агар аср вақти кирса менга эслатинг, Роббимнинг олдига намозимни тахир ёки қазо этган ҳолда олиб боришдан қўрқаман!

-Хўп майли, майли иним!

    Амин кўзини яна аста юмди, аммо ухламади балки алаҳсирашда давом этди. Пешонасидан совуқ терлар тирқираб оқар, паҳловонона келбати зирқираб титрарди. Яхё яна хотиржамлигини йўқотиб, дориларни беришга тушди. Амин эса ўзи билмаган ҳолда гапирар эди.

-Усмон оға, жон оғажон сиз айтганларни қилолмадим! Жалолиддин ҳимояси учун туролмадим, хоинлар ёвларга илҳомчи бўлди оға! Қобил ҳожи оға сиз нега мендан нари кетмоқдасиз, Тоҳир оға сизчи, тоға, тоғажон, Ниёзали тоға нега сизлар мендан юзингларни ўгирмоқдасизлар! Агар мен туролганимда ёвга қўшиб, хоинларни дабдала этардим, мана-мана ишонмайсизларми!

   Амин алаҳсирай-алаҳсирай ўрнидан турмоқчи бўлди. Кўзларини очди, қаттиқ оғриётган оёғи билан юролмади, ҳамда иситманинг ҳарорати баландлигидан боши айланиб ерга зарб билан қулади. Ётган ерида ҳам ҳаракат қилмоқчи бўлди, Яхё энгашиб уни тинчлантирмоқчи бўлар, у эса турмоққа интилиб кўрди. Лекин унда оёққа туриш учун ҳеч қандай қувват йўқ эди. У ётган ерида бўкириб йиғлашга тушди.

-Усмон оға, Ниёзали тоға мен ярамасам ҳам менинг ўғлим бор, унинг болалари бўлади ўшалар, ўшалар иншааллоҳ ишончларингни оқлайди! Мени ташлаб кетманглар мени олгач кетинглар, Усмон оға сизни соғиндим отам ўрнида ота эдингиз! Улар мени ташлаб кетган эди, энди сиз ҳам ташлаб кетасизми, тўхтанг мени ола кетинг!

   Амин яна анча вақт нималардир деб гапирди, уни ўриндиғига ётқаза олмай қора терга ботган Яхё ўтган инсонларнинг баъзисининг номини эшитибми, ёки салобат тўкиб юрган Аминнинг изтиробли ҳолга тушиб қолганини кўриб, қайғудан йиғлаб юборди. Амин унинг қўлидан яна бир бор қулагандан сўнг чиройли бир жилмайди, ётган ўрнида “Ар-рохман” сурасининг  “Куллу ман алайҳа фаан” деган оятидан чиройли тиловат этган бўлди-да жони ғарғарага келди. Яхё ўзини йиғлашдан тўхтатиб, унинг олдида шаҳодатни талқин қилди. Сўнг Аминнинг иякларини танғиб, кўзларини юмдирди. Ерга сажда қилиб, пиқиллаб яна йиғлашга тушди.

 

ТАРИХИЙ МАНБАЪ:

    “Майофариқин вилоятидаги қишлоқлардан бирида мўғуллар тунги ҳужум натижасида Жалолиддиннинг оз сонли қўшинини тор-мор келтирадилар. Жалолиддинни ўз эса таъқибдан қутилиб Курдистон тоғларига чиқиб кетган. Бу ерда қароқчи курдлар қўлига асир тушиб, фожиали равишда ҳалок бўлган”.  

                                       (Манбаъ тафсилоти тугади)

 

   Қақраб ётган саҳро бағридан чиқиб келаётган чавандознинг оти ҳолдан тойгани пайқалиб турсада, эгаси каби ожизликни хуш кўрмагани учун ўзининг толиққанини билдирмасликка ҳаракат қилар эди. Чавандоз саҳро ҳавосининг жазирамасига ўрганиб кетган дарахт олдига келиб тўхтади, отидан сакраб тушиб уни дам олдирмоқчи бўлди. От кишнаб олгач, эгасига бир қараб қўйди, яккам-дуккам ўсиши тўхтаб қолган ўтларни ялаб-ямлаб ея бошлади. Чавандоз чамалаб қиблани излаган бўлди. Қибла деб эътибор қилган тарафига қараб намози – пешинни  ўқишга тушди.

   Бу чавандоз ким бўлди, қай тарафдан ва не сабабдан бу узундан узоқ кимсасиз саҳроларни кезиб келмоқда?!

   Бу чавандоз – Аминнинг ўғли Ийсонинг еттинчи авлоди бўлмиш Искандар эди. У чўли Жалолий аталмиш ўринда пешинни адо қилгач, ота-боболарининг мағфират этилишини сўради ва мўғуллардан узил-кесил муваффақиятга эришган ғалабаси шукронасига яна ерга йиқилиб, сажда қилди.

ТАРИХИЙ  МАНБАЪ:

“Милоднинг 1371-1390 йиллари давомида мўғул ҳукмдорлари Анқотўра ва Қамариддин устидан ғалаба қозонилиб, ички тарқоқлик, ўзаро низолар ва мўғуллар томонидан бўлиб турган тазйиқларга чек қўйилди. Бу пайтда Темурийлар давлати вужудга кела бошлаган эди.”

- - -