Солиҳ зурриёт сари

Фарзандларни ортиқча эркалатиш ва дунёга қизиқтириш ортидаги зарарлар

1861 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Фарзандларни ортиқча эркалатиш ва дунёга қизиқтириш ортидаги зарарлар

Фарзанд кўз қувончидир, насл давомчисидир. Одам зоти фарзандига шу қадар меҳрибон бўладики, ўзи емаса емаслиги мумкин, ичмаса – киймаса мумкин, аммо фарзандини ғамини еб уни едириши, ичириб – кийинтириш учун жонини таҳликага солиши ҳам муқаррардир. Бундай табиат бошқа мавжудотларда ҳам мавжуд. Ота-оналари болалари учун ин қурадилар, емиш-озуқа ғамлайдилар, хавф-хатар олдида ўзларининг жонларини ҳам аямай қурбон қиладилар. Одам боласи онги, ақли, нафсини идора этиш жиҳатлари билан ҳайвонот дунёсидан фарқ қилмоғи лозим.

     Агар фарзанд суйилиб, эркалатилиб жиноятга, гуноҳга йўл очиб берилса, уни ҳалокат жарига туртиш бўлади. Болани ортиқ даражада эркалатиш, болада кибр, манманлик, худбинлик каби ёмон иллатларни келтириб чиқаради. Турмуш тарзида ота-онани ўзини ҳам изтиробу-хижолатчиликка соладиган воқеаларни содир қилади.

     Ёшлик палласи – бу ернинг баҳор фаслидек ўзига тушган нарсани ундириб берадиган палладир. Ёш ўғил-қизларга шу паллада нима таълим берилса, қандай ишга кўндирилса уларнинг табиати шуни ушлаб қолади. Шунинг учун ёш ўғил-қизларга бойлик, мол-дунё ҳаваси каби истакларни қалбидан узоқлаштириш зарур. Агар бундай қилинмаса, болада дунё матоҳларига қизиқиш ортади ва ҳамма нарсани пул билан, молу-дунё билан ўлчайдиган бўлиб қолади.

     Ҳар-бир нарсани пул билан ўлчайдиган хонадонлардан бирида, бола эркатой бўлиб ўстирилади. Эркатой бўлишининг сабабларидан бири кенжатойлиги ҳисобланар экан. Гувоҳи бўлганимиз, ундан каттароқлари у қадар бевош эмас, дағал ҳам эмас. Аммо у кенжатой, эркатой эса димоғдорлиги етмагандай, уйдаги нарсаларни ҳам ўз ота-онасига пуллайдиган бўлади. Ҳатто бу қилиғидан онаси хурсанд ҳолда: “менинг ўғлим ишни кўзини билади, ўзи боқаётган товуқларининг тухумини ҳатто менга ҳам пулга сотади”, деб мақтангани мақтанган. У эркатой келажакда ким бўлиши мумкин?! Ўзини гўдакликдан ўстираётган ота-онасига шундай муомалада бўлган молпараст, дунёпараст бундай бола бошқа ён атрофдагиларга қандай муомала қилиши мумкин?!

     Фарзандни ўз меъёрида эркалатиш ва унга дунё матоҳларидан оқилона, ҳалол фойдаланишни ўргатиш яхши ва мақтовга сазовор иш. Аммо унинг чегарасидан ташқи ҳолат бола тарбиясига зарар бериб, ижтимоий келишмовчиликларга сабаб бўлиб қолади.

- - -