Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 25-қисм

1574 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 25-қисм

Амин овулига етиб келганида теварак-атрофрофдан душман ҳамласининг хавфи сезилиб турар эди. Овулида қари-қартанглар, ёш болалар ва аёллардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Амин барчани йўл тадоригини кўриб ортидан юриши зарур эканлигини уларга тайинлади. Ҳоли оғир кимсалар уловларга ўтқазиладиган, қолганлар эса бир-бирлари билан алмашиб уловларга минишадиган бўлишди. Амин қайнотасининг уйига кирганда, ёши кекса чол ва кампир уни кутиб олди. Улар Хуснинисонинг ота-оналари эди. Аминнинг келгани қанчалик уларни шод қилган бўлса, бу ерлардан кетиш ҳақидаги сўзи уларни шунча махзун қилди. Қўшни хужрадан чиқиб келган Хуснинисо эрини кўриб, унга салом берди: -Ассаламу алайкум саййидим, тинч-омонмисиз!

-Ва алайкум ассалам, ўзларингиз ва фарзандларимиз яхшими? Энди йўл тадоригини кўрмасангизлар бўлмайди, қавмнинг барча мавжуд аъзоларига мен ҳозир тайинлаб келмоқдаман.

-Мана шу ҳолатда-я, – деди секин пичирлаб Хуснинисо эрига. У ўзининг яна фарзандли бўлишлигига ишора қилган ва шу ҳолатда сафарга бориш зарурми, дегандек қараган эди.

-Бошқа иложимиз йўқ, душман бизга қараб турмайди! Бўлинглар кун кечкирмасдан аввал йўлга чиқишимиз керак!

-Мардон Али қани, укам?

-Кейин гаплашамиз, ҳозир вақт зиқ!

-Иккови болангиз нариги хужрада ухлаётган эди, уйғотайми?!

-Йўқ, сиз оналаримизга ёрдамлашинг, мен уларни ўзим кириб уйғотаман! – деб, қўшни хужрага қадам босди Амин.

    Болалар мазза қилиб, мириқиб ухлар, дунёда не хавотиру-ғамлар бўлаётгани билан ишлари йўқ эди. Амин уларни уйғотмасдан, юз-кўзларидан ўпиб, уларнинг бошидаги сочларини бир-бир силаб, ўзининг ёшлик кезларидаги қувноқ дамларига хаёли кетди.

    Уларнинг кичкинтойлик паллаларида уруш машмашалари йўқ, ҳамма осойишта истиқомат қилишар, ота-онасининг йўқлиги унга махзунлик олиб келарди холос. Ҳозир эса унинг фарзандларининг ота-оналари бор, аммо улар билан хотиржам ўтириб, қувнаш ва шод бўлишга шароитнинг ўзи йўқ. Айниқса янги таваллуд топиши мумкин бўлган чақалоқ ҳам уйида эмас, сафар асносида туғилишига тўғри келмоқда.

 -Саййидим, ташқарида эркак кишилар сизни чақиришмоқда!

-Сиз болаларни ўзингиз уйғотинг, уларни безовта қилгим келмай ўтириб қолибман.

 

ТАРИХИЙ МАНБАЪ:

   “Чингизхон катта қўшин тўплаб Жалолиддинга қарши шахсан ўзи отланган. Ғардиз қалъаси яқинида Жалолиддин Чингизхон қўшинининг илғорини тор-мор келтиради ва кучи озлиги сабабли Синд  дарёси томон чекинади.

   Чингизхон қўшини Жалолиддиннинг дарёдан ўтишига имкон бермай қуршаб олади. 1221-йил кузда бўлган тенгсиз жангда (Синд дарёси бўйида) мағлубиятга учраган Жалолиддин тўрт минг жангчиси билан Синднинг ўнг соҳилига сузиб ўтиб, чўл ичкарисига кириб кетди (Бу чўл ҳозирда ҳам Чўли Жалолий деб аталади).

   Чингизхон Жалолиддиннинг бу жасоратидан ҳайратда қолиб, ўз ўғилларига қараб: “Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим!”, деган.”

                                          (Манбаъ тафсилоти тугади)

 

   Амин ўз аҳли ва қавми билан оғир кунларни бошидан кечириб, йўл юриб келмоқда эди. Сафарга отланишганнинг буёғида сафларидаги қанча-қанча ногирон ва ёши кекса одамлар жон таслим қилишди. Уларни охирги манзилларига жўнатиш, маййитларнинг яқинларининг фарёди барчанинг юрак-бағрини тилар эди. Хуснинисонинг ота-онаси ҳам сафар машаққати сабаб бўлиб икки кун оралиғида жон беришди.

    Амин Хуснинисо ва туғилажак боласига зара етишидан Яратгандан паноҳ сўрар, аёлига сабр қилишни тавсия этар эди. Бу қийинчиликлар асносида Хуснинисо янги чақалоқни Аминга ҳадя қилди. Унга Ийсо деб ном қўйишди. Амин бу исмнинг танлагани айнан акаси Ийсонинг ўлими олдидаги ўтинчининг инобати эди. Қалбларига энди ором кириб турган шу кунларнинг бирида тўсатдан Синд атрофидан қайтаётган, Жалолиддинни тутолмай аламзада бўлган душманнинг тўдалари уларга ҳужум уюштириб қолди.

-Аёллар ва болалар ҳамда йўлда давом этаверинглар, қолганлар мени атрофимга келиб, жипсланинглар! Эй Аллоҳим ўзинг бизга мададкор бўл! – деб нидо қилди Амин.

    Ёши улуғроқ бўлса бирга келаётган кимсалар ҳам ҳаёт тақозоси билан олдиларидан чиққан душманга мардларча ташланиб, кўксини қалқон қилиб Амин ёнида туриб, жанг қила бошлашди.  Майдон чанг-тўзонга буркалди, аёллар ва болалар Аминнинг сўзига биноан ва ўзларини ёвуз душман хамласидан эҳтиёт қилиш учун қочишга тушди.

   Аминнинг чапдастлиги олдида мўғул лашкарлари ўзларини қўйгани жой топа олмас, қолганлари эса заифҳол кишиларни тиғдан ўтказиб, Аминга рўбарў бўлишдан ҳайиқиб қочар, уларнинг кетидан қувалаган Амин уларни ер тишлатиб, қийратар эди. Тайёр ўлжага дуч келдик деб ўйлаган душман тўдаси шерюрак Амин жасурлиги олдида майдонни ташлаб қочишдан бошқа илож топа олишмади.

   Амин уларни ортидан бориб, кучи етганларини яна тиғидан ўтказмоқчи бўлди, бироқ уларнинг хамласидан жароҳатланган ва ҳалок бўлган овулдошларига қараш зарурлиги учун ниятидан қайтди. Бир қанча кекса кишилар ерда инграб ётар, кўплари эса бу олам билан видолашишга улгуриб бўлган эди. Жароҳат олганларнинг жароҳатини кийимини аямай йиртиб, боғлар хумдонидаги сувни эса уларнинг оғзига навбат билан ичирар ва баъзиларининг эса юзидаги қон доғларини артиб, тозалар эди. Уларнинг баъзилари эса базўр товуш чиқариб, унга дейишди:

-Амин, сен бизга қарагандан кўра ўз жонингни ўйлагин! Душман яна қайтиб келиб, сенга ҳам зиён етказмасин! Биз кўрадиган кунимизни кўрармиз, сен вақтни ўтказма, аёллар, болалар нима бўлди экан-а?!

-Сизлар мендан ҳижолат бўлманглар қадрдонларим, овулимнинг катталари! Душман яна қайтгудек бўлса ҳам мен сизларни сира бу алфозда ташлаб кетмайман! Аёллар ва болаларга иншааллоҳ етиб оламиз, ана кўриб турганларингиздек ҳалок бўлган душманларнинг бир қанча от-уловлари бизга қолди. Сизларни бир-иккитадан қилиб уларга сиғдирамиз ва йўлга отланамиз!

   Амин жуда машаққатли курашдан чиққан бўлса ҳам, яна янгидан куч тўплагандек, ғайрат ва шижоат билан ҳалок бўлган сафдошларига қабр ковлаб, қонли либослари билан уларни ерга қўйиб, тупроқ тортди. Уларга жаноза ўқиб бўлишгач, ярадорларни  уловларга ўтқазиб йўлга тушишди. Бир неча чақирим юришиб, жилға бўйида уввос тортаётган аёлларга етиб келишди. Улар Хуснинисо ва унинг овулидан бўлган аёллар эди.

   Баъзи эркакларнинг тирик келиши ҳам уларнинг қалбидаги доғни кетказмади. Чунки ҳар-бир оиладан бу тўсатдан бўлган ҳужум натижасида бирон-бир кимса ҳалок бўлган ёки жароҳатланган эди. Аминнинг оиласидан эса тўқнашув пайти икки боласи ва икки кампирни олиб келаётган улов ҳуркиб қочганида катта боласи уловдан тушиб ҳалок бўлган қолганлари эса жилғага улов билан қулаб, унинг остида жон беришган эди. Янги чақалоқ – Ийсо онаси Хуснинисонинг қўлида бўлганлиги сабаб ҳаёт қолган эди.

   Бу ер аза очиб ўтириш манзили эмас, ҳамма қайғу-аламга ботган бўлса ҳам фақат олдинга қараб юришдан бошқа илож йўқ. Ҳалок бўлган икки кампир ва Аминнинг болаларини аёллар ювиб, топган-тутган нарсалар билан кафанлашиб, ўрашган эди. Амин ва эркаклар уларга ҳам жаноза ўқиб уларни ерга топширишди. Амин болаларини қўйган ўринда чўккалаб ўтириб қолди, фарзанд доғи унинг паҳлавонлардек келбатини чўктирган, тоғни урса талқон қиладиган ғайрати эса муғайиб қолган қалбининг асоратида букилиб қолган эди.

   Эрталаб, тонг ёришган палладагина қувноқ ўйнаб, кампирларни шодон кулдириб келаётган болачалар мана энди, охират ҳовлисининг остонаси бўлмиш – қоронғу қабр соҳибларига айланишди қолди. Ҳатто уларга етгулик кафан насиб бўлмади, бир пайтлар тоғаси Ниёзали сахоба Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг ҳаётини айта туриб, унга кафанлик етмай, оёғига изхир ўсимлигини қўйиб кўмилганини эслаб, кўзига ёш олган эди. Амин кишига кафан етмаса қандай бўлишини мана энди изтиробли кунларда шоҳиди бўлиб, кўрмоқда.

   Эҳ-ей бу фоний олам, нақадар бевафо! Кўп нарсалари эса инсонга тажриба, кўп нарсалари эса пушаймонлик олиб келади! Амин болаларининг қабридан оғир кайфиятда қўзғолиб кўтарилар экан, Усмон оғанинг фарзандлари доғида ерга қулаган кунини эслади, унинг сабрига, чидамига мана энди яна қойил қолмоқда.

   Улар қанча шаҳар ва қишлоқлардан ўтмасин, уларнинг кўплари вайрон ҳамда харобага айланган. Ҳали вайронага учрамаган жойларнинг одамлари эса эс-ҳушини йўқотажак тарзда ваҳимага тушган эди. Айниқса Жалолиддиннинг мағлубияти умидсизликка сабабдек туюларди. Аммо Амин қўлидан келганича чўккан ва яраланган қалби ила базўр уларга далда берар, Жалолиддин бугун бўлмаса эртага яна атрофига одам жамлашини, Ҳиндистон тарафлардан қайтиб, қувватланиб келишига ўзини ва одамларни ишонтирарди.

   Усмон оғанинг аҳллари аёлларга тушунтириш ишларида Хуснинисога катта кўмак беришди. Одамлар улардан насиҳатни жуда чиройли қабул қилишар эди. Чунки улар қавмдаги кўзга кўринган кишиларнинг аёллари бўлиши билан бирга, оиласидан одам йўқотишдек мусибатга йўлиққан кимсалар эди. Айниқса бошга мушкулотлар ёғилаётган шу кунларда эса энг кўп мусибат эгалари ҳам Хуснинисо ва Усмон оғанинг уйидагилар эди. Хуснинисо аввал укаси Мардон Алидан, кейин эса ота-онасидан, икки фарзандидан айрилган бўлса, Усмон оғанинг хонадонида эса кичкина болачаларни ҳисобга олинмаса, уларнинг хонадонида  мутлақо эркак кишининг ўзи қолмаган эди.

ТАРИХИЙ МАНБАЪ:

 “Синд воқеасидан бир неча кун ўтгач, Жалолиддин қўшини сони етти мингга етди. Унга Кўлбарс баҳодир, Кабкуҳ ва Саъдиддин Али аш-Шарабдор каби лашкарбошилар ўз кишилари билан келиб қўшилди.

    Жалолиддин Шимолий Ҳиндистоннинг нотаниш чўлида оч, жулдур кийимли жангчилари билан саргардонликда қолди. Унинг бу ҳолидан фойдаланмоқчи бўлган Шатра вилоятининг ранаси (шоҳи)  Жалолиддинга ҳужум қилди. Жалолиддиннинг мерганлик билан отган камон ўқидан рана ҳалок бўлади, қўшини эса пароканда бўлиб қочади. Жалолиддин катта ўлжани қўлга киритади.

    Бу ғалабадан сўнг Синд, Учча, Мўлтон, Лоҳур ва Пешавор ҳокими Носириддин, Қубачанинг Нандана ва Сакундаги ноиби Қамариддин Кармоний – Жалолиддинга  ўзларининг хайриҳоҳлигини изҳор этиб, совға-саломлар жўнатган”.

                                        (Манбаъ тафсилоти тугади)

 

   Амин Исфаҳон йўлида Қосим оғани учратиб қолди. Анча муддатдан бери яқин бир қадрдонини йўлиқтирмаган Амин хурсандчиликка бурканди.

-Амин сенмисан, наҳотки сени кўрадиган кун ҳам бор экан-ку?!

-Қосим оға ҳа мен Аминман, қаерлардан келяпсиз?

-Сендан ажралгандан бери кўп ҳодисалар бўлиб кетди, тоғангдан, Тоҳир оғадан ажралдик. Сенинг овулингга кетганингни амакимдан уқдим.

-Амакингиз ҳожи оғаданми?

-Ҳа, менга у Бағдодга кетаётганимда мактуб йўллаган экан!

-Ахир уларни мен айтилган ўриндан излаб тополмадим-ку?!

-Амакимнинг Яхё исмли йигитидан бошқа йигитлари хоинлар тўрига илиниб, ҳалок бўлгач Қофқоз томонларни ихтиёр қилиб кетишибди.

-Яхёдан бошқа барча йигитларни ҳалок бўлган дедингизми?

-Ҳа ўшандай деб ёзилган эди мактубда!

   Амин яна қадрдонлари ўлимининг хабарини эшитиб, юраги музлагандек бўлди. Тоғаси Ниёзалининг фироқи унга таъсир қилмай қўймади. Усмон оғадан кейинги суюкли бўлган қадрдонининг  ғойибларда ҳалок бўлиб, ғойибларда дафн этилиши Аминнинг янада махзун бўлишига сабаб бўлди.

-Амакимнинг сенга тайинлаган ишлари бор эди!

   Амин қуйи солган бошини аранг кўтариб Қосим оғага қаради. Қосим оға эса ҳам унга мунгли равишда қараб турар эди.

-Айтинг оға, унинг тайинлаган ишини иншааллоҳ  бажараман!

-Ортга қайтиб, Ҳинднинг шимолида юрган Жалолиддиннинг қўшинига кўмакка қўшилгаймиз! Шояд ерга ишқаланган елка яна қайтиб, тикланиб, офтоб кўрса!

-Нима бўлишидан қатъий назар душман билан охиригача курашиш зарур! Мен Жалолиддинни сўнгги томчи қоним қолгунича тарафдори бўламан ва унинг ҳам қўлидан келганича ёвга қарши туришига ишонаман!

   Амин аҳлини ва Мадинага кетмасдан қолган баъзи овулдошларини яқин орадаги тинчроқ ўринларга жойлаштирган бўлди. Жажжи ўғилчаси Ийсони бағрига босиб, юз-кўзидан ўпди ва унга узоқ тикилди. Отасини ҳали бери танимасада унга қараб жилмайиб туриши – кўркам  бир манзарани ҳосил қилган эди. Унга бутун вужуди билан қараб турган Амин унинг ёнида туриб қолиши узоққа чўзилмади. Уни яна қайта бағрига босиб, онаси Хуснинисога узатди. Ўзи эса ортга қарамай, отини чоптирганича Қосим оға билан ваъдалашган ўринга жўнаб кетди.

- - -