Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 23-қисм

1773 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 23-қисм

Амин Қобил ҳожи оға билан ишлай бошлагач кўп нарсаларнинг ҳақиқатини яқиндан билишга муваффақ бўла бошлади. Айниқса кишиларнинг кайфияти, ҳоллари уларнинг ҳатти-ҳаракатларига боғлиқ эканлигига хос жиҳатларини қунт билан ўрганди. Қобил ҳожи оға Аминга таълим бериб, уқтираркан аввало иймонни барча нарсадан афзал билишни тавсия қилди. -Иймон энг биринчи Аллоҳга ишонувдан бошланади. Аллоҳга ишонув билан киши Аллоҳнинг дўстига айланади. Иймонлиларга Аллоҳ шундай фаросатни берадики, у фаросат орқали бошқа кишиларга номаълум нарсаларни билдиради. Дарҳақиқат иймонлиларга Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъоло баъзи нарсаларнинг ҳақиқатини кўра билишлиги учун фаросат аталмиш хислатни инъом этган, – дея

фаросат ҳақидаги Қуръон ва ҳадисларда, ҳамда уламолар қовлларида келган далилларни сабоқ қилиб ўта бошлади:                                               

       “Абу  Саъид   ал-Худрий   розияллоҳу   анҳудан  ривоят  қилинганки:  Росулуллоҳ   соллоллоҳу  алайҳи  васаллам: “Муъминнинг фаросатидан қўрқинглар! Албатта у Аллоҳнинг нури билан қарайди”,  дедиларда, ’’Албатта, бу  (ҳодиса) да  фаросатли  кишилар  учун  оят  ибратлар  бордир’’, деган  оятни  ўқидилар’’

         Иймонли  муъминга  ана  шундай  илғаб  олиш  жуда  қулай  бўлган  фаросатни  Аллоҳ ато  этган. У  билан  бошқаларга  номаълум  бўлиб  турган  нарсаларни  билишга  муваффақ  бўлинади.  У  фол  ҳам, сеҳр  ҳам, башоратчилик  ҳам  эмасдир!

          Анас  розияллоҳу  анҳу  айтдилар:”Росулуллоҳ  соллолоҳу  алайҳи  васаллам: “Албатта  Аллоҳнинг  бандалари  (борки), улар  одамларни  фаросат  билан  биладилар  (англайдилар)”,деган  эканлар.

                                                                                                

   Аллоҳ Табарока ва Таъоло иймон аҳлига ана шу ажойиб хислатни ато этганини Қуръон оятлари ичида баёнини берганига уламоларимиз ишора этганлар. Юсуф алайҳис-салом туш кўриб, у тушни оталари Яъқуб алайҳис-саломга айтганда, оталари ажойиб фаросат ила унга эҳтиёт бўлиш тадоригини маслаҳатини берган эканлар.

      “Эсланг, Юсуф отасига деган эди: “Эй ота, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш. У (отаси) деди: “Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар. Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир”. Шунингдек, (яъни, сенга шундай улуғ туш кўришни насиб этгани каби) Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга барча тушларнинг таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исхоққа комил қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам, Ўзининг (пайғамбарлик) неъматини комил қилиб берур. Албатта, Парвардигоринг илм ва ҳикмат соҳибидир”.

                                                        

   Пайғамбарлар - иймонлиларнинг сардоридирлар. Уларга ақл-заковат, зеҳн ва фаросат берилганки, Яъқуб пайғамбар ҳам  ўғли Юсуфга кўрган тушини ҳаргиз акаларига айтмасликни тайинлаган. Чунки отаси бу иш ортида ёмон оқибат келиб чиқмаса деган  ўйга борган экалар.

         Шунинг учун бўлса керак, акалари Юсуфни ўйнагани олиб боришлари учун сўраганларида, хавотирланиб уларга сўз сўзлаганлар.

        (Юсуфнинг акалари Яъқуб алайҳис-саломнинг олдига келиб) дедилар: “Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз уни шак-шубҳасиз холис яхши кўрувчилармиз-ку. Уни эртага биз билан айланишга юборгин, ўйнаб ёзилиб келсин. Албатта, биз уни қўриқлаб муҳофаза қилгувчилардирмиз”. (Яъқуб) деди: “Уни олиб кетишларингиз мени махзун қилур. Мен сизлар ғафлатда қолиб уни бўри еб кетишидан қўрқурман”.

                                                                                                   

       Бадниятли акалар Юсуф алайҳис - саломга хасадлари келиб, уни отасидан сўраганларида, отаси ўшандай хавотирни билдирган бўлди. Улар эса оталарига аҳд ва ваъда беришиб Юсуфни ўзлари билан олиб кетишди.

       Яъқуб алайҳис - салом билдирган хавотир ўз тасдиғини топди. Акалари Юсуфни қудуққа ташлашиб, унинг кўйлагига ёлғондан қон томизишиб, оталарининг ҳузурига (макрли) йиғи билан кириб келишган.

        “Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келишиб: “Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан’’, дедилар. Ва унинг (Юсуфнинг) кўйлагини ёлғон қонга (яъни бир қўйни сўйишиб ўшанинг қонига) бўяб келтирдилар. (Шунда Яъқуб) айтди,” Йўқ, сизларга ҳавойи нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса (айрилиқ, мусибат) устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир’’.

   Фаросат ила гапирган Яъқуб алайҳис - салом қиссасини Қуръондан ўқиган кимса, унинг фаросатини тез ва равшан илғаб олиши қийиин эмас. Аллоҳ ана шундай қилиб, ўзининг ҳоҳлаган бандаларига баъзи ишларнинг оқибати ва уни қилиш ёки қилмаслик борасида кўнгилларига ажойиб ҳолатларни солиб қўяр эканки, ўшандай ҳолатлардан бири - фаросат ишлатиб, ишнинг оқ-қорасини  ажрата  билиш  экан.                                                                                       

        Юсуф   ҳақида   қилган  ҳавотиридан   ташқари, ўғилларининг ҳавойи нафслари  ёмон  нарсани  чиройли қилиб  кўрсатишлари  ҳақидаги  хавотирни  англаб, айтиши  ҳам  у  кишининг  яна ўткир  фаросатларига  ёрқин далилдир.

        Қуръон  қиссалари  ичида  Билқийс (яъни  Яман  мамлакатининг  Сабаъ  шаҳрида  маликалик  қилган   аёл) донолиги, фаросати ҳам баён этилган.

       (Қачон ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб малика Билқийснинг олдига ташлагач) у деди: “Эй одамлар, ҳақиқатан менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Сизлар менга кибр – ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйинсунган ҳолингизда келингиз!” (Малика) айтди: “Эй одамлар, менга бу ишимда фатво – маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилгувчи эмасман”. Улар дедилар: “Бизлар куч – қувват ва журъат эгаларидирмиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар эса сенга итоат этурмиз)”. У айтди: “Аниқки подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этурлар, аҳолисининг обрў – эътиборлиларини эса хор – зор қилурлар. Уларнинг қилмиш – одатлари шудир. Мен уларга бир ҳадя юбориб кўрайчи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар”.

     Билқийснинг:   “Ҳадя  юбориб  кўрайчи”,  деган  фаросатли  тадбирлари  жуда  донолик  белгисидан  аломатдир. Чунки, Билқийс - доно  малика   эди. У  ҳадя  юбориш  билан  Сулаймон  алайҳис -  саломнинг  ҳақиқий  пайғамбарми  ёки  оддий  босқинчи  подшоҳми  эканлигини  имтиҳон  қилади. Маликанинг  фикри шундай  эди: “У  агар  оддий  подшоҳ  бўлса, ҳадяни  дарҳол  қабул қилади, демак унга қарши ҳужум уюштириш ҳам мумкин бўлади. Энди агар у Аллоҳ Таъолонинг пайғамбари бўлса ҳадя қабул қилмайди, у ҳолда унга бўйинсуниш лозим бўлади”.

        “Бас қачонки (Билқийснинг элчилари унинг юборган ҳадясини олиб) Сулаймон (ҳузурига) келгач, у деди: “Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингизки), Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку-давлат) У зот сизларга берган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқдир). Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгинки, агар ҳузуримга бўйинсунган ҳолларида келмасалар) албатта биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида қувиб чиқарурмиз”.

       Билқийснинг элчиси унинг олдига ҳадя билан қайтиб бориб Сулаймон алайҳис-саломнинг жавобларини етгазгач, у: “Бу оддий подшоҳ эмаслигини билган эдим”, деди ва Сулаймон пайғамбарга: “Мен сенинг кимлигингни ва даъват қилаётган дининг қандай дин эканлигини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга бормоқдаман”, деган хабар билан чопар юбориб, ўзи ўн икки минг одам билан йўлга тушди.

       (Қачонки маликанинг келиши яқинлашиб қолгач, Сулаймон унинг фаҳму-фаросатини синаш учун) деди: “Унинг тахтини танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўйинглар, у (ўз тахтини танишга) йўл топурми ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан бўлурми, кўрурмиз”. Энди қачонки у келгач: “Сенинг тахтинг шундаймиди?”дейилди. У ҳайратга тушиб: “Худди ўшанинг ўзи-ку”, деди. Шунда Сулаймон айтди: “Алхмдулиллаҳки”, бизларга ундан илгари илм маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз. Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофир қавмдан эди. (Маликага): “Саройга киргин”, дейилди. Энди қачонки у (саройни) кўргач, уни сув деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон): “Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир”, деди. (Малика) айтди: “Парвардигорим, дарҳақиқат мен жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар ҳожаси Аллоҳга бўйсундим”.

       Шу тарзда Қобил ҳожи оға Аминга таҳсил бера бошлади. Кейинги куни ҳам Амин унинг ҳузурига келгач, кечаги мавзунинг қолган жиҳатларини сўзлашга тушди:

      Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (ўзларининг фаросат - зеҳнлари кучлилигига далолат этиб) : “Мендан бирортаси бирон нарса (ҳақида) сўраса унинг фақиҳ ёки фақиҳ эмаслигини биламан”, деганлар.

       Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: “Одамларнинг фаросатлироғи учтадир;

Юсуф давридаги Азиз. У аёлига: “У (Юсуф) ни яхшилаб жойлаштиргин! Шояд бизга фойдаси тегса ёки уни ўзимизга фарзанд қилиб олсак”, деган эди.

 Шуъайбнинг қизи отасига Мусо ҳақида: “Уни ижарага олсангиз!”  деган эди.

  Абу Бакр ўз ўрнига Умарни ўринбосар этиб тайинлаган эди”.

         Ибн Масъуднинг бу ривоятидан маълум бўлаётган нарса шуки, фаросатлироқ бўлган кимсалардан бири Юсуф алайҳис- салом замонасидаги Азиз (яъни Миср юртнинг катталаридан бири) Юсуфни қудуқдан олиб сотишганда харид қилиб олиб, ўзининг аёлига Юсуфни топишра туриб, у боладан яхшиликни умид қилган экан.

        Иккинчиси, Шуъайб пайғамбарнинг қизи ўзларига ёрдамлашиб , уларга нигоҳ ташламай, тақво билан иш кўрган Мусо алайҳис-саломни ишчи қилиб ёллаш борасида, отасига маслаҳат солган эканлар.

            Учинчиси, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафотларидан аввал Умар розияллоҳу анҳуни ўзларининг ўринларига номзод этиб кўрсатишлари, мусулмонларга фойдайи кон бўлган.

             Бошқа ривоятда эса  яна фаросатли кимсалар рўйхатига Фиръавннинг аёли (Осиё) ҳам қўшилган.

             “Фиръавннинг хотини (унга):  “(Бу бола) мен учун ҳам,сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни            ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса уни бола қилиб олсак”, деди”.

 

      Боладан мурод Мусо алайҳис –салом бўлиб, оналари Фиръавн зулмидан Мусони қутқариб қолиш учун, уни сандиққа солиб ташлайди. Сандиқда кетаётган жажжи Мусони Фиръавннинг аскарлари тутиб олиб, Фиръавн ҳузурига олиб келишганда, Осиё онамиз эри Фиръавнга юқоридаги оятда васф этилганидек, болани болани олиб қолганлар.

                  Абдуллоҳ ибн Равоха розияллоҳу анҳу шеър (назмий) ҳолда Набий соллоллоҳу алайҳи васалламга: “Дарҳақиқат фаросат билан сизни билдимки, сизда яхшилик бор, билурман уни!

 Аллоҳ билувчироқдир, дарҳақиқат мен кўришнинг собит-мустаҳкамидурман!” деган эканлар.

                   Умар розияллоҳу анҳу олдиларидан Саввад ибн Қориб ўтиб қолганларида, у кишини мутлақо танимас эканлар: “Менинг гумоним хато қилди, албатта бу коҳин (фолбин) ёки жоҳилиятда коҳинликни билган (кимса) бўлган дептилар. Қачонки (ибн Қориб) келиб, у (Умар)нинг ҳузурида ўтиргач, ўша сўзни Умар унга айтди. (Шунда ибн Қориб): 

-Субханаллоҳ, эй муъминларнинг амири сизнинг суҳбатдошларингиз сиз менга кўндаланг қилган нарсага ўхшаш нарсани бирортаси кўндаланг қилмаган эди, деди.

   Умар розияллоҳу анҳу дедилар:

-Биз жоҳилиятда ундан-да улуғроқ (гуноҳ) ичида бўлганмиз. Лекин сен мен сендан сўраган нарсамнинг хабарини айтчи!

-Тўғри сўзни айтдингиз, эй муъминларнинг амири! Мен жоҳилиятда коҳин бўлган эдим, деди.

        Имоми Шофеъ ва Мухаммад ибн Хасан икковлари Каъба (атрофидаги) кенгликда эдилар. Бир киши масжид эшиги олдида эди. Икковларидан бири:

-Менинг билишимча эшик олдидаги киши уста-дурадгордир, деди.

Бошқаси айтдики:

-Балки темирчи бўлса керак!

Кишининг олдида ҳозир бўлишга шошилишди ва ундан сўрашган эди, у киши:

-Уста -дурадгор бўлган эдим. Ҳозирги кунларда эса темирчиман, деб жавоб қилди.

       Абдуллоҳ ибн Салом яҳудийлар ичидаги олим кишилардан бўлиб, пайғамбарни Мадинага келгани борасида сўзлаб, шундай деган эдилар:

       “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган чоғларида одамлар у кишининг ҳузурига шошиб кела бошлашди. Мен одамлар орасида у кишини кўришлик учун келдим. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг юзида равшан-очиқликни кўрдим. Билдимки, у кишининг юзи –  ёлғончининг юзи каби эмас эди...”

 

    Дарҳақиқат Аллоҳ Хақ Таъоло иймон аҳлига ана шундай  фаросатни ато этдики, у хислат  иймонсизларда топилинмас, ноёб хилқатдир. Шунинг учун иймонсизлик-кўзнинг кўр бўлуви, қулоқнинг кар бўлуви  каби хақни ажратолмаслик, тўғриликка юра олмаслик дардига мубтало этади. Иймонсизлик оқибатида қанчадан-қанча қавм, кимсалар сиротул –мустақийм йўлидан тойилдилар, Ягона илоҳга сиғиниш ва иймон-ислом мазасини тотгувчи бўлмадилар. Иймонлилар эса иймон лаззатини тотиш билан бирга қувватли зеҳн, мустаҳкам ақл-идрок ва фаҳм-фаросатга ҳам муяссар этилдилар” – дея диққат билан ўтирган Аминга уқтирган бўлди Қобил ҳожи оға.

- - -