Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 22-қисм

1728 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 22-қисм

ТАРИХИЙ МАНБАЪ: “Жалолиддин Валиён қалъасини қамал этаётган Такажук ва Малғур бошчилигидаги мўғулларнинг қўшинига ҳужум қилиб, уч кунлик жангда уларни тор мор келтирди. Ўша жангда мингларча душман ўлим аламини тотди. Бу мағлубиятдан сўнг Чингизхон яна бошқа бир етакчи бошчилигида, яъни Шики Хутуху нўён етакчилигида қирқ беш минглик қўшин жўнатади. Ғазна яқинидаги “Парвон жанггида яна Жалолиддин ажойиб ғалабани қўлга киритади. Бироқ унинг лашкарбошиларидан бўлган Сайфуддин Иғроқ, Аъзам Малик ва Музаффар Маликлар ўлжа устида жанжаллашиб, Жалолиддинни тарк этишади”. (Манбаъ тафсилоти тугади) Ниёзали ғалаба билан Аминни табриклаб хурсанд бўлиб, кейинги режалар хусусида маслаҳат қилмоқчи бўлиб турганларида уларнинг

олдига Тоҳир оға, Қосим оға ва Билол оғалар етиб келишди. Улар жуда ҳорғин эдилар, ғалаба ҳақида гапирмадилар.  Фақат лашкарбошиларнинг ўлжа устидаги низоларини айтиб, ғамга ботишди. Усмон оғаларнинг қурбон бўлганларини эшитибоқ, Тоҳир оғанинг аҳволи яна ҳам тажанглашди.

-Фитналар, хиёнатлар юзага келаётган паллада Усмон оғадек вафодорларимиз, бизга жўяли маслаҳатлар берадиган кишимиз бўлса эди.

-У кишининг айтганлари зоҳир бўлаётганини кўриб, юрак-бағрим тилинаяпти, Тоҳир оға! – деди Ниёзали.

-Нимани назарда тутаяпсиз иним, – деб сўради Тоҳир оға.

-Аминалмулкдан бошқасига ишонмайман, деб айтган эдилар Усмон оға. Мана энди бунинг зоҳир бўлиш ҳақиқатини билиб, эшитиб турибмиз-ку! Мен унга қўшинлари билан лашкарбошилар Жалолиддиннинг  ҳузурига келишаётганининг хушхабарини айтаётганимда, ўша гапларни Усмон оға менга уларга ишонма деб, айтган эди.

-Усмон оғадек оқил инсон, одам боласининг орасида жуда кам бўлади – деб, узоқ ўйга толди Тоҳир оға.

-Энди Жалолиддинни жиддий синовлар олдинда кутиб турибди, – деди Билол оға.

-Қандай синовлар? – сўради Амин.

-Чингизхоннинг ўзи илғор қўшини билан Жалолиддинга қарши келмоқчи эмиш!

-Агар ўшандай бўлса, жуда яхши! Олишиш керак бўлса, айнан энг зўри билан олишиш керак, Чингизхон ўзи келса ҳам Жалолиддин шаштидан қайтмайди. Исёнчи ва молга муккасидан кетган лашкарбошиларсиз ҳам ёвга рўбарў бўлаверамиз, иншааллоҳ! – деди Амин.

-Душманга рўбарў бўлишни орзу қилишдан шариатимиз манъ қилган, лекин унга Аллоҳнинг ўзи йўлиқтирса орқа ўгириб, қочмаслик керак! – дея жавоб қилди Ниёзали.

- Қобил ҳожи оға сени эртага учрашингни менга тайинлаган эди, – деб  Аминга қаради Қосим оға.

-Тоҳир оға рухсат-изн берсалар албатта бориб, учрайман!

-Энди, сенинг асосий ишинг Қобил ҳожи оғалар билан бўлишдир, унинг ўзи бу ҳақда Валиён ва Парвон мухорабаларидан олдин менга айтган эди.

-Аминни яна хўб соғинамиз эканда яна, – гапга аралашди Билол оға.

-Унинг хизмати бизникидан кўра жиддийроқ, Аминнинг чапдастлиги, довюраклиги Қобил ҳожи оғага роса маъқул келган, Кандахорга бориб, келгунича Аминга нафақат ҳожи оға, унинг садоқатли ёрдамчи йигитлари ҳам қизиқб қолганлар. Шунинг учун Амин улар билан бирга бўлади, барчамизнинг эса асосий ниятимиз – душманни бу она тупроғимиздан қадамини қиришдир! Шу кунгача жон берган қадрдонларимизнинг ҳам нияти шундай эди, тўғрими?! – деб Тоҳир оға Ниёзалига қаради.

-Тўғри, энди шу ниятимизни Робб Таъолонинг ўзи берсин!

-Сенга баъзи-бир тушунтирадиган ишларимиз бор! – деб, Тоҳир оға ва Қосим оға Аминни бир кулба томон бошладилар.

-Қобил ҳожи амаким сен билан фақат сафар юзасидан гаплашган, аммо ҳали иш юзасидан гаплашиб, бирон амал қилганларинг йўқ. Шунинг учун сенга айтиб қўйишимиз зарур бўлган гаплар бор! – деди Қосим оға.

-Қосим оғанг айтганидек Қобил ҳожи оға билан энди ҳақиқий иш жараёнига ўтаркансан, бошқа одам ва бошқача муҳитда бўласан. Бир пайтлар у киши менга хизмат учун жияни мана – Қосимни берган эди. Вақти соати келиб, мен унга ўзим тайёрлаган одамни, яъни – сени унга хизмат юзасидан бермоқдаман. У пайтлар бизнинг ишимиз муҳимроқ эди, унинг устига Қобил ҳожи оға Жалолиддин валиаҳдликдан кетгач, ишлашни хуш кўрмай қолган эди. Ҳозир эса у киши йигитлари билан қаттиқ меҳнат қилмоқдаларки, унинг маҳсулини мана – сен билан биз ҳам кўриб турибмиз, – сўз қўшди Тоҳир оға.

-Охирги воқеалардаги муваффақиятлар амаким ва унинг йигитларини синчковлик ва уддабуронлик билан иш кўруви натижаси деб, айтсак муболаға бўлмас! – деб Қосим оға Тоҳир оғага қаради.

-Қобил ҳожи оға ишларини доим Аллоҳга боғланиб, унинг ўзидан ёрдам сўраб қилади ва ҳар-бир ишнинг муваффақиятини Аллоҳдан деб билади, – деб жавоб қилди Тоҳир оға.

-Менга қандай зарурат бор экан, оғалар? – сўради Амин.

-Боя Билол оғанг айтганидек олдинда жиддий синовлар бизни кутиб турибди. Айниқса Қобил ҳожи оғанинг олдида душман томоннинг тайёргарлиги, қўшинининг адади ва улар қачон, қай тариқа келиши кутилаётир, мана шу масалаларни билиш, ўрганиш турибди. Бу ишларда эса энди сен ҳам унинг маслаҳати ва йўл-йўриқларига қулоқ солган ҳолда жиддий меҳнат қилиб берасан! – деб насиҳат қилган бўлди Тоҳир оға.

-Душманни ўзинг кўриб турибсан, ҳар мухорабада уларни енганимиздан сўнг янада кучлироқ бўлиб ҳужумга шайланишмоқда. Мана икки йилдирки, уларнинг ёвуз кучларини бира тўла қўпориб ташлашнинг имкони бўлмаяпти, – деб ўз ўйини айтди Қосим оға.

-Тоҳир оға менга дуо беринглар, иншааллоҳ сизлар айтаётган ва Қобил ҳожи оға мендан кутаётган ишларни шарафли бажаришимни Яратган Аллоҳимнинг ўзи менга насиб айласин!

-Эй Роббим Аллоҳ, мана шу овунчоғимиз ва кўзимизнинг қувончи бўлган Аминимизни сенга омонат топширдик, уни ўзинг ҳифзу-ҳимоятингда сақла! Унинг ақлига донолик, билагига Али ва Холид розияллоҳу анҳулардек куч-қувват ато этгин! Иймонида собиту-барқарор қилгин, насл-зурриёти ила эзгуликка хизмат қилгувчи инсонлардан қилгин! Мана шу йигитни униб-ўсишида, паҳлавону-виқорли бўлишида ёшлигидан меҳнат қилган Усмон оғанинг қилган саъйу-ҳаракатларини Роббим ўзинг мустажоб айлаб, у кишининг охиратлари обод бўлишини насиб айлагин! – дея юзига фотиҳа тортди Тоҳир оға, Қосим оға эса омийн деб турарди..

   Амин икки оғанинг дуоларидан қалблари эриди, айниқса унинг етук инсон бўлиши йўлида ҳаракат қилган Усмон оғанинг ёдга олиниши юрак-бағрини эзди. Кўзларидан у кишига бўлган эҳтиром ва соғиниш туйғуларидан бўлган кўз ёшлари қатра-қатра бўлиб сизиб чиқди.

- - -