Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 21-қисм

1519 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 21-қисм

Жалолиддиннинг катта муваффақиятли ғалабасидан бўлган Валиён қалъаси олдидаги жанг кўп қалбларга қувонч улашди. Аммо Амин учун бу зафар шодиёнаси қалбни ларзага солувчи воқеалар ортидан келганлиги учун, ўз ёғида ўзи қовурилмоқда эди. Уч нафар кимсанинг жасади ўралган маййитлар олдида бели букилиб ўтириб қолган Амин атрофида бўлаётган ишларга бефарқ эди. У уч маййит ичидаги ёши улуғроқ жасад олдида йиғлайвериб, кўзининг намлари тугашга бориб тақалди. У маййит – Усмон оғанинг жасади эди. Олдидаги икки маййит эса Илёс ва Мардон Алининг жасадлари эди. Амин биринчи бўлиб, Усмон оғанинг юрагига найза еб, қорамтир отидан қулаганини душман билан

олишаётиб кўрди. Унинг олдига етиб келгунига қадар бир неча сонли ёв навкарларини тиғидан ўтказишга тўғри келди. Унгача ўнг ёнида жанг қилаётган Илёснинг калласи танасидан жудо қилинди. Унинг калласи узра қилич кўтарган ёвни қувиб, етиб унинг ҳам калласидан жудо қилди. Усмон оғанинг олдига қайтгунича, уни олдига чўккалаб ўтириб, унга ёрдам бермоқчи бўлган Мардон Али ҳам душманнинг найзасига рўбарў бўлиб, бўйнининг ўнг томонидан кириб, чап томонини ёриб чиққан, ўзи эса типирчилаганича жон таслим қилган эди.

   Душман чекиниб, майдон ҳоли бўла бошлагач, Амин Илёсни кўтариб, Усмон оға ва Мардон Али ётган ўринга олиб келди, сўнг эса танасидан узилган бошини эҳтиётлаб ўрнаштирган бўлдида, Мардон Али иккаласининг юзини ёпиб қўйиб, тўлиб-тўлиб йиғлади. Кейин Усмон оғанинг олдига ўтирганича унинг оппоқ соқолларига тикилиб турди, унинг ёшлик кезлари ўйноқлаб силаб-сийпалаганларини эслаб, ҳўнграб йиғлашга тушди. Доим келганда бағрига босадиган Усмон оға бу гал жонсиз аҳволда, Аминни айрилиққа ташлаб, охират ҳовлиси томон сафар тортган эди. Авваллари ҳам Усмон оғани зиёрат қилиш, унинг суҳбатидан тўйиб-тўйиб ором олишни қўмсаб яшайдиган Амин энди тушуниб турардики, Усмон оғанинг энди сўзларини эшита олмайди, унинг эркалашлари, ёшлигида ўғилларидан юқори қўйиб, тиззасида олиб ўтиришлари, ҳақ йўл устидаги насиҳатлари – энди тарих бўлди, қолди.

-Тур ўрнингдан, бунчалар куюнма! Аллоҳнинг тақдирида нима битилган, унда бўлажак ҳар-бир ишга  рози бўлмоғимиз лозим! – деб, жиянининг елкасига қўлини қўйди Ниёзали.

   Қалбига етиб турган жароҳат туфайли тоғасининг олдинги сафда кўрганидан буён, келганини ҳам илғамаган Амин оғирлик, вазминлик билан ўрнидан турди. Ўзига тикилиб турган тоғасининг бўйнига осилиб, яна паҳлавонларга хос йиғи билан уни бағрига босди. Ниёзали жияни Аминни Ирғизда махзунлигини кўрган, шоҳиди бўлган эди. Лекин бугунгидек Усмон оға ва унинг ёнида ётган қадрдонларига бўлаётган қайғуланишдек қайғуланганини энди кўриши.

-Тоға Илёс акамнинг жангга кира туриб, менга нима деганини биласизми?

   Ниёзали Аминга боқди, аммо унга ҳеч нарса демади. Аминдан бу ҳолда бирон нарса сўраш жуда мушкул ва оғир эди. Унинг кўзидан яноқларига шошқатор ёш томчилари дувуллаб тўкилар эди. Аминнинг ўзи Илёснинг айтган сўзларини гапиришга тушди. У гапираётган паллада, димоғи тўлиб, нутқ қилишга қийналар, тўхтаб-тўхтаб сўзлар эди.

-Отам мана шу мухорабада шаҳид бўлишни – овулдан  чиққанидан бошлаб сўраган экан. Мардон Али унга доим ҳамроҳ эмасми, биз уларнинг олдида йўқ палламизда, отам Мардон Алига сен “омийн” деб тур мен дуо қиламан, сўнг сен дуо қилсанг мен “омийн” деб тураман депти. Отам яна одатига кўра шаҳидликни сўрапти, Мардон Али эса дуо қилаётиб, “Усмон оғага не тақдирни насиб этсанг менга ҳам ўшани беришингни сўрайман”, деган экан. Мана ўша воқеани айтиб берган Илёс акам ҳам, ўша воқеа иштирокчилари ҳам бизни тарк этишди.

-Жуда ажойиб инсонлар эди, булар! Охиратлари обод бўлсин энди, кел жиян бу қадрдонларимизни олиб боришимиз зарур ўринга элтайлик, бизни кутиб қолишди.

    Ўша кун Амин учун жуда қайғули кун бўлди. Еган таомида, ётмоқчи бўлган ўриндиғида кўзига мутлақо уйқу келмай, ором олишдан мосуво бўла бошлади. Намоздан сўнг узоқ қолиб кетиб, қўлини дуога очганича йиғларди. Бу ҳолни кўриб турган Ниёзали унга далда бериб, айтди:

-Амин, сен Усмон оғанинг васиятига биноан туришни ўрнига унинг аксига ўтмоқдасан.

    Усмон оғанинг исмини эшитган заҳоти Амин ўзини қўлга олиб, тоғаси Ниёзали томон бурилди. Унинг юзига савол назари билан тикилди. Бу эса Усмон оғанинг қандай васиятининг бузилиши демоқчидек қарагани эди. Худди шундай вазият бўлишини интизор бўлиб кутаётган Ниёзали тилга кирди.

-Усмон оға сени яхши кўришини биласан, у сени яхши кўра туриб, нега сени ўзидан йироқларга жўнатди. Чунки сени иқтидорли ва етук суворий бўлишингни истаган, сенинг истагингни амалга ошириш учун, сендан айрилиш азобларига ҳам чидаган эди. Сен бўлса унинг умидини тўла рўёбга оширишда ожизлик кўчасига кириб бормоқдасан.

-Қандай?

-Усмон оғанинг мотами сабаб, белинг букилиб бормоқда. Сендан бошқа суворийлар эса келгуси мухорабага ҳозирлигини кўриб, шамширларини яланғочламоқда. Ахир биз Валиён қалъасини қамал қилаётган мўғул қўшинини уч кун ичидаёқ, кўп аскарларини тиғдан ўтказиб, зафар қучдик-ку! Нега улар шунча одамларидан ажраб туриб ҳам сендек ўтириб олмаяпти, қани сендаги қатъийлик?!  Йўқотган одаминг  ортидан қилажак сабринг  қаерларга учиб кетмоқда!

   Ниёзали жиянини яхши билган одам қатори унга керакли сўзларни топиб айтаркан, Робб Таъолодан ўша сўзларини Аминга таъсир этишини сўради. Амин тоғасидан эшитган сўзлари олдида худди ёш боладек бошини эгиб қолди. Тоғасининг сўзлари тугагач, ўрнидан турди, боғлоқлиқ турган отининг ёнига бориб, ундаги хуржунда турган қиличини даст суғурди-да, тоғасига қараб деди:

-Тоғажон иншааллоҳ мана уч кун ўтди, қадрдонларимга мотамим тугади. Энди ёвлар қиличимдан қочиб қутилиб бўпти, Аллоҳим қодир қилганича саботли бўлишга ошиқаман. Қани бошланг мен сизнинг ортингизда қаерга бўлса ҳам бораман, фақат Жалолиддин ғолиб бўлса бас!

   Тоғанинг қалбига илиқлик сизиб кириб, жиянининг қайта жонланганини кўриб, хурсанд бўлди. Отига миниб, унга йўл бошлаб, қўшин томонга уни бошлади. Улар аввалига бир-бирларига индамай, сукут сақлаб боришди. Бу сукутни Амин бузди.

-Тоғажон, Усмон оғанинг ўтганлиги хабарини аҳллари қандай қарши олар экан-а?

-Усмон оғанинг аҳллари иймонда сен билан мендан кўра пухтароқ, мукаммалроқ деб биламан! Улар албатта бу хабар етгани ҳамон, истиржоъ айтишлик билан сабрга бурканадилар деб ўйлайман.

-Аёллари оғамизга нақадар вафоли, садоқатли эдилар!

-Тўғри айтасан жиян, мен кўп йиллар Марвда ва яна бошқа шаҳару-қишлоқларда бўлдим. Аммо Усмон оғанинг аёлларидек иноқ ва эрининг сўзини жон қулоқлари билан эшитиб, итоат этадиганларининг гувоҳи бўлган эмасман! Биласанми, Усмон оға мени қавмбоши қилган кезлари жуда оғир бетоб эди, кейинги йиллар ичида эса оёққа туриб, мухорабага боришдек жазмга эга бўлганини сири нимада?

-Айтинг тоғажон, у пайтлар мен оғажонимдан йироқларда эдим!

-Аёллари аҳллик билан уни қарашди, ҳатто ўғилларига, қизларига ташламай ҳамма ишларини йиғиштиришиб оғанинг атрофида гирдикапалак бўлишди. Улардаги садоқатни тил билан айтишга ожизсан, жиян!

-Аёлларида мен рашк асоратини уларнинг ҳовлиларига кириб юрганимда ҳам сезмас эдим. Ўғил-қизларини бир-биридан ажратмай, ҳаммасига бирдек муомала қилишгани ҳам таажжубли эди.

-Ҳар қандай аёлда рашк бўлиши табий, аммо келинойингни айтишича, Усмон оғанинг аёллари “эримизнинг саломатчилиги бизга, фарзандларимизга жуда муҳим, унинг бошини ташвишлар билан қотириш, ғамга тўлғазиш – бизга бегона бўлиш керак”, деб аҳдлашиб олган эканлар. Усмон оғанинг барчасига қилган мурувват ва меҳрининг олдида улар ва болалари ожиз бўлиб қолардилар. Агар Усмон оға бировдан ранжиб қолсалар, бир-икки кун унга мутлақо қарамас ва гапирмас эди.

-Ҳа шундай одатлари бор эди, оғажонимнинг!

-Аёллари ҳам ўша одатларини яхши билганидан, Усмон оғани ўзларидан юз ўгириб, ҳатто бирор соат бўлса ҳам ранжимасликларига ҳаракат қилар эканлар. Айтарканларки: “Хўжайинимизнинг биздан ранжиб, гапирмай қўйишидан кўра, осмондан чақмоқ тушиб, бизни ёндириб юборгани афзал”.

-Усмон оға фақат бировдан камчилик ўтсагина  ва ўша камчилиги шариатга хилоф бўлсагина – ўшандай ранжишликка тушарди. Агар айб ва камчилик ўзидан ўтса, ҳатто мендан ҳам кечирим сўраб, ўзини камтар олганликларининг  гувоҳи бўлганман, тоғажон!

-Ҳа жияним, ичимиздаги нодир кимсамизни йўқотдик, у киши билан охиратда кўришишимиз насиб этсин энди!

-Илоҳим, айтганингизни насиб айласин!

- - -