Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 20-қисм

1618 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 20-қисм

Усмон оғадан Илёс ғам қилгандек изтироб аломатлари сезилмади. Ийсонинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар отамни машаққатга солиб қўярмикан деган ҳадиксираши яхшиямки барбод бўлди. Усмон оға Ниёзали айтган ўринда ўғли ва пойтахтлик қадрдонларини бағрига босиб, қарши олди. Орадан кўп вақт ўтганига қарамасдан Усмон оға бардам ва саломат кўринарди. Устига кийган ҳарбий либоси ўзига жуда ярашган ҳолда турар, унинг келбатини кўрган инсон подшоҳмикан деб ўйлар ёки йўқ деганда бирор бўлим ажратиб берилган саркарда деб ўйлаши мумкин. Аммо у Ниёзали ортида юрувчи оддий бир суворий эди холос.

Усмон оға шунча умр кўриб, кексаликка қадам қўйгунига қадар бирон мансабни, бирон лавозиму-унвонни истаган инсон эмас. Ҳалққа, одамларга қай йўсинда ёрдами тегадиган бўлса, бас ўша ҳол билан кўмакка қилишга ошиқарди. Қавмга етакчи-қавмбоши бўлишни сўрашганда ҳам – уларнинг истакларидан келиб чиқиб, қавмбошиликка рози бўлган эди. Давралар ва мажлислар тўрисида ўтиришга ҳечам ҳуши йўқ инсон эдилар. Оддий инсон каби юришни жонидилидан севарди. Такаббурликни ёмон кўрар, ундай инсонларни кўрса жини суймас, “астағфируллоҳ” дея, кибрнинг, манманликнинг ёмонлигидан Яратгандан паноҳ сўрарди.

   Ўзининг истаги билан, мансаб-мартабани яхши кўриб интилажак одамлрни ҳам одам ўрнида кўрмас, улардан йироқроқ бўлишни махбуб санарди. Қавм суймаса ҳам уларнинг устидаги амалга ошиққан одам ҳақида қавмлари ва қадрдонлари олдида баъзан гапириб қолардилар. Ҳозир ҳам қадрдонлари ва ўғли билан кўришиб бўлиб, мажлис қилиб ўтиришар экан, яна айнан ўша ҳақида сўз бошлаган бўлди.

-Хумортегинга ҳайронман, нега энди шундай вазиятда бутун имкониятни – жияни ва қавмнинг суювчи Жалолиддинга бермай тахтга ёпишиб олди?! Халқ адолатпарвар ва ҳақни изловчи Жалолиддиндан бошқасини суймаслиги аниқ-ку, ёқмаган инсон қавм устида туришининг ўзи яхшилик эмас! Уч тоифа инсоннинг намози қулоғидан юқорига кўтарилмаслиги ҳақида, ваъзларда эшитганман; ўша уч тоифа: биринчиси – хожасидан қочган қулнинг; иккинчиси – эрига азият етказувчи аёлнинг ва учинчиси эса айнан – қавми суймаган имомнинг! Эътибор беряпсизларми қавм устида – фақат улар суядиган ва ардоқлай биладиган етакчи туриши лозим.

-Оға, Амин келса мен ҳам қавмбошиликни унга топширайми? Хумортегин жиянига тахтни бермаяпти деяпсиз, мен ҳам Аминндан ўрнимни қизғанаётган бўлмай тағин! – деди Ниёзали ҳазил аралаш.

-Бекорларни айтибсан, Хумортегин сингари сени исёнчи амирлар эл устига олиб келгани йўқ, кейин эса сен Аминнинг турган ўрнидан суиқасд билан туширганинг йўқ! Сени мен халқнинг раъйини билиб туриб, уларнинг тепасига олиб келганман, Аллоҳга шукр шу кунгача менинг ишончимни оқлаб, қавмдагиларнинг ишончини оқлаб иш кўриб келяпсан. Бу сўзни бир бор айтдинг, қайтиб бу сўзни айтганингни эшитмай, айниқса бундай сўзларни Аминим олдида айта кўрма, унинг қалбига дарз етказасан! – деди жиддий важоҳат билан Усмон оға.

   Уни бундай алфозда Ниёзалидан бошқа ҳеч ким  кўрмаган эди. Унинг ҳайбатидан ҳатто сарой атрофидаги ишлар билан машғул бўлган пойтахтликлар ҳам бир сесканиб қўйди ва билдиларки , Усмон оға қанча мулойим, раҳмдил инсон бўлмасин, ҳақиқат олдида қаттиқ ва жиддий туришлигидан тоғлар ларзага келадиган мувозанатга тушади. У ҳеч кимни ўшандай пайтда аямайди, ҳатто ўзи ўрнига қўйган қавмбошисини ҳам. Буни бир неча йиллардан бери бирга юриб, бирга ишлаб билган Ниёзали жуда яхши тушунади ва мана шундай ҳайбатли сўз ва насиҳатларидан кўнглига олам-олам қувонч киради.

-Демак ҳар бир етакчини эл суйиши ва эҳтиром қилмоғи лозим экан-да?! – сўради Билол оға.

-Ҳа, - деб қовоғини сал очгандек бўлди Усмон оға, - Етакчи ўз қўл остидагиларнинг ишончига айланган уларнинг иззат-эҳтиромига сазовор бўлган киши бўлиши зарур! Мен сизларга бу мавзуда, сизлар яхши биладиган одамни мисол қилиб айтиб бераман, шояд бу мисол сизларга тушунарлироқ ва эсларингда қоладиганроқ бўлсин!

   У – Қобил ҳожидир! Нега у бу ерларни ташлаб кетган эди?! Ундек малакали, содиқ ва элга куядиган одамлар жуда кам-ку?! Чунки у – Жалолиддин валиаҳдликдан олингандан сўнг бошини олиб кетди. Демак унга суймаган инсонининг  тахтга келиши - таъсир қилдими?

-Таъсир қилди! – деб орадан жавоб қилди Қосим оға.

-Ҳа ана, кўрдингларми! У – бир кишига қилган таъсирининг эвазидир. Агар Қобил ҳожига ўхшаб юзлаган, минглаган инсонлар ўзининг керакли ёрдамларидан воз кечса нима бўлади? Яхшиямки у қайтиб келиб, салтанатга ҳатто сизу-бизга кўмаги тегди шундайми, қадрдонларим?!

-Тўғри, ўшандай! – деб бир овоздан жавоб беришди атрофидагилар.

-Киши ўзи қавмга суюкли бўлай деб ҳаракат қилса, ҳечам уларга суюкли бўла олмайди. Фақатгина қилажак ишларини юракдан чиқариб, Ягона Аллоҳнинг розилиги асосида меҳнат қилиш керакки, агар Аллоҳ бандасини суйиб қолса, ўша бандасини Жаброил алайҳиссалом кейин эса барча суйиб, махбуб санайдиган қилиб қўяди. Шунинг учун бошлиқ инсон ишини холис ва садоқат билан қилиши лозим! Кўп одамлар бор қилаётган ишларида ўзларини ўйлайдилар холос. Ўзларининг манфаати, барчанинг манфаатидан устун. Бошқа биров билан заррачалик юмуши бўлмайди. Қирғину-қирон келиб, одамлар селдек оқишлари уларнинг парвойига келмайди. Иш ўз аҳлидан бошқасига топширилса, қиёматни кутавер деган далил бежиз эмас, қадрдонларим. Гапимнинг хотимаси шуки, қандай иш бўлмасин – ўша ишнинг устида фақат ўша ишнинг усталари туриши элга манфаатлидир!

   Мардон Али қумғонда турган сувдан идишга қуйиб, даврада ўтирганлардан бошлаб узата бошлади. Унинг тарқатаётган сувини ичаётган ҳар-бир киши унга миннатдорчилик билдириб, ташаккур айтарди. Усмон оға гапини ниҳоялаб, Мардон Алининг сув улашаётганига қараб, ҳаваси келди. Даврада ўтирган қадрдонларига яна гапиргиси келиб, деди:

-Мардон Алини сафарга келаётиб, бирга олганим мана сизларга ҳам асқотмоқда деб ўйлайман!

-Қўли-оёғи енгил бундай дастёрни ким асқотмайди деб айта олади?! – таъкидлади Тоҳир оға.

-Мен ҳам бир пайтлар, кичкиналигимда қавм давра қилиб, узоқ суҳбатлашиб қолишса, уларга сув улашиб, соқийлик қилардим. Соқийлигим кўп манфаатлар бериб, қавмдаги олим ва ҳикматли кишиларнинг зарур гапларини тинглашга муяссар бўлганман. Нафақат ўз қавмимизнинг балки бошқа шаҳар ва қишлоқлардан ташриф буюрган етук инсонларнинг ҳам суҳбатларидан баҳраманд бўлганман – деди Усмон оға.

-Шунинг учун кўп нарсаларда бизнинг сизчалик фаҳмимиз ишламаслиги аниқ, - деб гап қўшди Ниёзали.

   Мардон Али бўшаган қумғонни олиб, унга сув тўлдирмоқчи бўлиб кетмоқчи эди, ўзлари томон от елдириб, чоптириб келаётган кимсага кўзи тушди. Даврадагилар эса гап билан бўлиб, унга аҳамият беришмас эди. Мардон Али тик туриб, бир томонга анграйиб қолганини кўриб, Илёс унга қарата деди:

-Мардон Али нега тик турганча, қаққайиб қолдинг?

-Анави келаётган поччам – Амин аками?!

    Ҳаммалари нигоҳини ўша томонга қадади. Дарҳақиқат келаётган отлиқ – Амин эди. Ҳаммаларининг қалби сурурга тўла бошлади. Айниқса Мардон Али қўлидаги сув олиб келмоқчи бўлиб турган қумғонини ерга қўйдида, шодлигидан ичига сиғмай Амин томонга чопди. Отдан тушган Аминнинг бағрига ўзини отди. Мусофирликда биринчи гал юрган бу ўсмир, яқин таниши бўлган ва мардлиги қойил қолдирадиган Аминни жуда соғинган эди. Амин билан кўришиб бўлиб, дарров унинг отини тутиб, боғлашга ошиқди. Амин унга тикилиб турди-да, ўзига кўрсатилган укалик меҳридан хурсанд бўлди. Амин биринчи маротаба ўзидан кичик ёшдаги кимсадан оқибат кўриши – қалбини шодликка тўлдирди.

-Мардон Али уйингиздагилар барчалари тинч-омон эканлар, сизнинг саломингизни етказдим, улар ҳам сизга ўзларининг саломларини айтиб юборишди.

-Тинч ва саломат бўлишсин, сиз ўзингиз яхши етиб келдингизми? Жиянларим йўлда сизларни қийнашмадими, онам жиянларимни кўриб роса хурсанд бўлган бўлсалар керак-а?!

   Амин бошини ирғаб, Мардон Алига қараб табассум қилди ва ўзи томонга шошиб келаётган Усмон оға ва унинг атрофидаги қадрдонлари сари юра бошлади. Усмон оға Аминни бағрига босиб кўришаркан, ортида яна Амин билан кўришишни кутиб турганларни унутгандек эди. Ҳар доим очиқ чеҳра, очиқ юз билан кўришувчи Усмон оға бу гал ғам-ғуссага ботган одамдек махзунликка ўралган эди. Кўзидан шошқатор кўз ёшининг қатралари тушиши янада Аминни ажаблантирди. Ундан нега бундай кайфиятда эканлигини сўраш жуда-жуда мушкул эди.

   Усмон оға кўз ёшларини артиб, Ниёзалига Амин билан кўришиш учун ўрин бўшатиб чекароққа чиқиб, синиққан ва қизарган кўзлари билан кўришаётганларга бирма-бир боқиб турди. Навбат ўғли билан Аминга келганда унинг қалби яна маюсликка чулғанди. Кечагина жажжигина ҳовлисида чопқилаб юрган болакай – Амин шу турганлар ичидаги энг серғайрат ва кучли ботир эди. Йиллар, ойлар оқин дарёнинг сувидан ҳам тез ўтарлиги билинди қолди. Усмон оға ўзларининг ўрнини ёшларга бўшатиб, ўзлари лахад сари кетаётганидан эмас, уларнинг дийдорига, гурунглашиб ўтиришига халал бўлаётган, ҳамда галма-гал ораларидан бир-икки нафардан қадрдонларни йўқотишга сабаб бўлаётган урушнинг совуқ нафаси уни махзун қиларди.

    Усмон оғанинг қалбига илиқлик олиб кираётган важҳлар ҳам йўқ эмасди. Амин билан майдонга биринчи марта бирга тушиши бўлса, айнан мана шу ўрин иккаласи ҳам суйган Жалолиддин бошчилигидаги маърака бўлиб, уларнинг кучига куч, қувватига қувват қўшар эди. Билол оға олиб келган хабарларга кўра душман билан тўқнашув яқин кунлар ичида содир бўлиши кутилмоқда экан. Тоҳир оға Усмон оға, Илёс, Мардон Али ва Амин билан хайрлашиб, Билол оға ва Қосим оғалар билан биргаликда ўзларига ажратилган алоҳида чодир томонга жўнашди. Бу гал Аминни Усмон оға билан бирга бўлишига айнан Тоҳир оғанинг ўзи изн берган бўлди. Унинг муҳаббатини ўзи кўриб, ўзи билиб туриб, иккаласи йўлиққан бу галги маъракада бирга бўлишларини ирода этди. Ёшлигидан бутун имкониятини бағишлаб, улғайтирган Усмон оғани – меҳри тошиб турган Аминига яқин ўринда бўлишини ҳоҳлади. Бу ишдан Усмон оғанинг-ла эмас, Илёснинг ҳам кўнгли ниҳоятда кўтарилди. Укаси Ийсонинг ўрнини билинтирмаслигига қувонган Илёс бу хабарни эшитгани ҳамон, Аминни маҳкам бағрига босиб, елкасига шапатилади. Буларнинг ичида турган Мардон Али ҳам Амин улар билан бирга бўлишларини эшитиб, ичига сиғмай қувониб, шодликка тўлиб тоша бошлади.

- - -