Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 18-қисм

1429 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 18-қисм

Усмон оға сафга чизилмоқчи бўлган қўшинни кўриш иштиёқида чодирдан чиқиб кетмоқчи бўлиб турганида Мардон Али қичқириб қолди: -Усмон оға, Усмон оға опамлар келишибди, сизни Ниёзали оға майдоннинг сўл ёғига олиб боришимни тайинлаб, жўнатган эди. Усмон оға кутилмаган бу хабарни эшитиб суюнди, сафни томоша қилишни бас қилиб, Мардон Алига қўйнида ола кетаётган китобини тутиб, суюнчи қилиб тутқазди. -Оббо сен-ей, мени роса суюнтирадиган бўлдинг-ку Мардон Али! -Мен сиздан суюнчи сўрамадим, оға!

-Сен сўрамасанг ҳам, менга шодлик тортиқ этганинг жуда аъло бўлди!

    Улар етиб келишганда Амин давра қуриб ўтирганлар ичидан изн сўраб, уларга пешвоз чиқди. Мардон Алини қўлини маҳкам сиқиб, унга деди:

-Катта йигит бўлиб қолибсиз-ку, Мардон Али! Ҳўв анави ариқчадан ўтсангиз, дарахт соясидаги чодирча ичида опангиз, жиянчаларингиз ўтиришибди. Кўришиб бўлгач, иккала жиянингизни олиб, Усмон оғага олиб келинг, ўтган сафар кўриша олмай қайтгандилар.

-Ҳа, ҳа болажонларни тезроқ олиб кел, бир кўрай уларни! Ўзинг соғ-саломатмисан бўтам? Акаларинг қани, анавилар кимлар? Тоҳирбеклар кўринишмайди?

-Улар Кандаҳордан қайтишаяпти, мен йўлдаги бир манзилга аҳлимни қолдириб кетган эдим, Кандаҳорда муваффақият бўлгач, Тоҳир оға менга тезроқ аҳлим ёнига жўнашимни ва уларни овулимизга ташлаб, Ғазнига ўтишимизни тайинлаган эди. Анави ўтирганлар Қобил ҳожи оға исмли кишининг йигитлари, улар ҳам аввалроқ келишиб, бу ердаги баъзи хавсизликка доир ишлар билан шуғулланишади. Буларни вазифаси билан кўпроқ ишимиз бўлгани маъқулроқ!

   Мардон Али жиянларини кўтариб келиб, уларни бирма-бир Усмон оғага тутқазди. Жиянчалари эса янги кўраётган одамларига ётирқирамай, қувонган ҳолда талпинишарди. Усмон оғанинг қўлига ўтганида, унинг мўл соқолларини тутамлаб, ўйнашга тушишди.

-Ажойиб болачалар, ғаройиб кичкинтойчалар! Кечагина менинг Илёсим, Ийсоларим ҳам шундай жажжигина кулча эдилар. Энди эса паҳлавонларим мендан-да кучли бўлиб, шамшир ўйнатишмоқда.

   Аминнинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди, юзлари ўзгариб хаёллари тўзиди. Мардон Алига қараб, жиянларини яна олиб келган ерига олиб боришини ишора қилди. Ўзи эса Усмон оғанинг қўлтиғидан тутиб, болаларидан нарига етаклай туриб, гап очди:

-Усмон оға, мени маъзур тутасиз, бор гапни сиздан яширишнинг кераги йўқ, Ийсо акам омонатни Нисода топширганлар.

-Нима дединг? – дея олдинга юрди Ниёзали уларнинг ортида турган жойидан.

-Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун – паст товушда истиржоъ айтган бўлди Усмон оға.

-Амин сизни ҳожи оға чақирмоқда! – деди даврадан чиқиб келган йигитлардан бири.

   Амин келган йигитнинг гапига бош ирғагач, Усмон оғанинг юзига чўчиброқ қаради. У мийиғида кулиб, Аминга қаради ва деди:

-Боравер бўтам, мендан ҳижолат чекма! Идрислар хабарини эшитгандек ҳоли танг бўлади деб, ғам қилишга ҳожат йўқ! Аллоҳга шукр мен тетикман! Идрисларнинг хабаридан олдин Парвардигоримдан фарзанд доғига чидашни ҳеч сўрамаган эканман, уларни йўқотгач, Роббимдан ўшандай мусибатлар чоғи сабр беришини сўраб келмоқдаман! Бор, йигитлар сени кутиб туришибди.

    Амин ҳорғинлик ўралган Усмон оғанинг сиймосига қараб, орқага тисарила бошлади. Хабарни айтиб тўғри қилдимми ёки у хабарни Илёс айтгани яхшимиди, ўйланиб қолди. Амин бирортаси олдида бу қадар изтироб чекмаган эди. Усмон оғани энди хурсанд қилиб турган эди-я, шум хабар барибир, шум хабарда инсонга таъсир қилди.Ниёзали Усмон оғанинг қўлидан тутиб, дарахт сояси томон юришди.

-Амин энди, сен билан хайрлашайлик, Аллоҳ насиб қилиб йўлда бироз бўлса ҳам бирга бўлишни насиб этди. Мана бу йигитлар менинг вафоли сафдошларимдир, менга бирон кор-ҳол бўлса, буларга муҳим ишинг бўлса мурожаат қилаверасан! – деб тайинлаган бўлди Усмон оға ёнидан келган Аминга Қобил ҳожи оға.

-Ундай деманг ҳожи оға, яна кўп умрлар кўринг! Халқсевар, адолатпарвар султонларга чин кўнгилдан хизмат қилишда бардавом бўлишни Яратган Зот ўзи насиб этсин! – деб яхши тилакларини изҳор этди Амин.

    Унинг бу тилагига Қобил ҳожи оға атрофида турган ажойиб хулқли йигитлар қўшилиб, Аминнинг сўзини бир овоздан маъқуллашди. Улар бир-бирлари билан қучоқлашиб видолашди.

   Амин улар билан хайрлашиб, Усмон оғалар олдига қайтиб келди. Улар билан ҳам хайрлашиб, аҳлини овулга ташлаб, уларга қайтиб келишини айтиб жўнади. Усмон оға Амин аҳли олдига кетиши олдидан уларнинг ва ўзларининг ҳаққига дуо қилиб, қўлини илтижога кўтарди.

-Эй Яратган Роббим, мана бу мен суйган бўтамни ва аҳли-оиласини ҳар-хил балолардан ва офатлардан сақлагин! Эсон-омон бизнинг олдимизга соғ-саломат қайтиб келишини, ҳамда Тоҳирбек бошчилигидаги ўғлим ва шерикларини ҳам тинч етиб келишларини, яхшилик устида кўришишимизни насиб этгин! Бўтамнинг аҳлига саодат ато қилгин, келинимиз яқинлари билан дийдор кўришишини ато айлагин!

   Дуодан сўнг Амин Мадон Али ҳамроҳлигида Хуснинисолар олдига келишди. Мардон Али маофа ўрнатишга ёрдам бергач, опасига деди:

-Хуснинисо опа, уйдагиларимизга салом етказинг, мен тинчман! Ҳамиша Усмон оғанинг ёнида дастёр бўлиб юрибман! Жиянларимни эҳтиёт қилинг, уйдагилар барчаларингиз биз ҳаққимизда доим дуода бўлинглар, онажонимга айтинг, энди мен поччам – Аминнинг олдида туриб курашаман, мендан ғам қилмасинлар!

-Укажоним, Аллоҳга хамдлар бўлсинки, сен улғайиб кўзимизни қувонтирадиган бўлибсан! Албатта саломингни етказаман, поччанг каби довюрак, адолатпарвар бўлгин!

   Хуснинисо болаларини маофага ўтқазиб, кейин Аминнинг ёрдамида улов устига чиқди. Кулиб турган укасига қаради, аёвсиз йиллардан сўнг унча узоққа чўзилмаган, вақтинча дийдор улардан юзини ўгирар эди. Кечагина уй – ҳовлиларини шодонликка тўлдириб юрган опа-укалар мана ҳаётнинг турли машаққатлари ортида фақатгина лаҳзалик дийдор кўришишгагина муяссар бўлмоқдалар холос. Хуснинисо яхши биладики; бу ҳаётнинг ўзи ҳам шундоқ вақтинчалик, бир баҳялик ғаниматдир, эртага бу узунга ўхшаб кўринадиган умр чақмоқ янглиғ ёнади-ю, ўчади. Аммо абадий ҳовли бўлмиш охиратнинг неъматлари каби, дийдорлашуви ҳам абадийдир!

    Эр-хотин икки уловда ўз ўй-фикрлари билан банд бўлиб, чурқ этмай боришар эди. Хуснинисо овулидан сафарга кетганидан бери кўп нарсаларнинг гувоҳи бўлди, кўп яхши – ёмонни кўрди. Бу фоний оламнинг макр-ҳийлалрга тўлалигини ҳам оз ва ноёб бўлсада яхши одамлар борлигини ҳам, уларнинг эзгуликлари, вафодорликларини ҳам кўрди. Эри билан қилган йиллар давомидаги сафари уни ақлан, ҳаётан пишиб етилишига катта туртки бўлган эди.

   Унинг биринчи кўрган садоқатда мустаҳкам одамлари Сора момо ва унинг қизи Сокина эди. Сора момо то ҳалқумига ғарғара келгунига қадар Хуснинисони еру – кўкка ишонмас эди. Худди Аминни Усмон оға фарзандларидан ортиқ кўргани каби Сора момо Хуснинисони қизи Сокинадан ортиқ кўришга ҳаракат қилди. Мусофирлигини билдирмасликка жон-жаҳди билан ҳаракат қилди.

    Қизи Сокина жуда ажойиб қиз эди, отасидаги ҳиммат, онасидаги мурувватнинг барча тури унда мавжуд эди. Ҳатто уни кундош қилиб олишга ошиққан кунлари ҳам бўлди, аммо эри бунга рози бўлмади. “Мени отасининг мулкига қизиқиб, қизини олибди дейишларини истамайман”, деб қаттиқ рад қилди. Кейин уни Қобил ҳожи оғанинг аёли қазо қилган ўғлига турмушга беришди. Хуснинисо дугонаси Сокинанинг валиймаси кунлари энг кўп елиб-югурган одам эди. У Мадинага кўчиб кетишларини айтиб келган куни, бу олам ёруғлиги зимистонга айлангандек бўлди. Унинг кета туриб, уйининг ақчаларини бериши ҳам кўнглини равшан тортқизмади. Сокина кўчиб кетгач, анча вақт Хуснинисо ўзига келолмай юрди. Унга қаттиқ меҳр қўйгани билинди қолди. Сора момони йўқотганда Сокина борлиги уни билинтирмаганини ичидан ҳис қилган бўлди.

   Хуснинисо  эрининг атрофида вафоли инсонлар борлигини бу сафарлар асносида яққол билиб олди. Айниқса оз кунли танишувдан кейингина ўз жонини таҳликага қўйиб чиққан, Сокинанинг отаси   Хорунбек оға жуда жонкуяр инсон эди. Тоҳир, Қосим, Билол оғалар, айниқса Қобил ҳожи оға бор-будини унга ишониб топширди. Улар Кандаҳорга кетиши арафасида Хуснинисо ва болаларига манзил топиб, унга қараб турадиган кампир топиб берган ҳам – Қобил ҳожи оға эди.

  Усмон оға эса Аминнинг энг яхши кўрувчи шахсларнинг подшоҳи деса, муболаға бўлмайди. Ҳатто аввалги уч паҳлавон ўғилларини йўқотганда ўзининг аёлларига айтган экан; “Мен фарзандларимнинг доғини кўтаришим мумкин, лекин Амин борасида бундай кафолатни айта олмайман, чунки Роббим менга у етимлик чоғидаёқ ажойиб бир муҳаббатни ато қилган. Уни ўзимдан ҳам яхши кўраман, шунинг учун Роббимдан мен ундан олдин бу оламни тарк этай, дея сўраб, илтижо қиламан!” Бу сўзларни келинлик либосига ўралаётганида Усмон оғанинг аёллари Хуснинисога айтган эди. Аёллари: “Нега Аминни яхши кўрсангиз уни пойтахтга, узоқ сафарга жўнатмоқдасиз”, деб берган саволларига Усмон оға шундай жавоб берган экан; “Аминни узоқларга юбориш менга ҳам оғир, аммо у Жалолиддиннинг вафоли одамларидан бўлишни ҳоҳлайди. У Ирғиз куни асосий қўшинга қўшилишни тоғаси Ниёзалига айтган экан. Аммо унда шижоат бўлгани билан малака йўқлиги учун уни вақт бор деб, шаштидан қайтарган. Мен эса Аминимнинг бу оламдаги барча-барча шаръий истакларини қодир бўлганимча адо қилгайман, деб аҳд қилганман. У ботир ва тажрибали, кўпни кўрган суворий бўлиши учун мен айрилиққа, узоққа кетишига йўл очиб беришим керак!”

   Мана бугунги воқеада ҳам Усмон оға, Аминни ғамга ботмасин дея, ўзини қўлга олди ва яхши истаклар ила дуо қилиб, кузатиб қолди. Бундай вафолар, мустаҳкам қадрдонликлар гувоҳи бўлиб бораётган Хуснинисо бир тарафдан ич-ичидан хурсанд бўлар, бошқа тарафдан эса бу қадрдонлар кун, ойлар ўтиб, охири кўринмаётган мўғул хунрезликларининг олдида бир-бирларини ерга топшириб бориши ичини кемирар эди. Аввал эрининг уч қадрдони – Идрис, Исмоил ва Исҳоқлардан ажраган бўлса, энди уларнинг сафига Хорунбек оға, Ийсолар ҳам қўшилди.

   Омонат бу ҳаётдан кетган қадрдонларининг  барча-барчаси эри Аминни жуда-жуда яхши кўришарди, ундан ҳеч нарсасини аяшмас эди. Айниқса аввал қурбон бўлган, уч ака-укалар оталари Усмон оғанинг Аминни ўзларидан кўра кўпроқ эркалатишларига муштоқ бўлган эканлар. Уларнинг учаласи ҳам ўғил кўрганларида ҳаммаси уни яхши кўришганидан ўғилларига бир хил исм бўлса ҳам “Амин” деб қўйишган экан.

-Нега хаёл суриб қолдингиз, – деган Аминнинг сўзи Хуснинисони ўйлар оғушидан ўзига келишига туртки бўлди. Атрофларида ҳеч ким бўлмаган кенг далада кетишаркан, Хуснинисо эрини кўриб кетиш учун маофанинг пардасини кўтариб қўйган эди. Ўзига савол бериш билан қараб турган Аминга совути ва ёнига тақиб олган шамшири янада чавандозликка хос хусн бериб турарди. Хуснинисо бир оз ўзи ўйлаб кетаётган жонажон жуфтига разм солди. У ўзига-ўзи “ростдан ҳам шу одам менинг ҳаёт йўлидаги жуфтимми”, деб савол берди. Яна ўзига-ўзи жавоб бериб “ҳа, мана шу одам, омонатдор, жасур ва оғаларининг меҳрини қозонолган саййидимдир, менинг ҳаёт йўлимдаги йўлдошимдир!” – деди.

-Хусниойим, сизга нима бўлди паригинам? Мазангиз йўқми, нега жимсиз?

-Ҳеч нарса бўлгани йўқ тобим Аллоҳга шукр яхши, фақат ҳаётимизни ўйлаб, хаёл суриб қолибман узр, саййидим!

-Узр сўрашга лойиқ иш бўлгани йўқ-ку Хусниой! Фақат жимлигингиз мени саросимага солди холос! Ҳаётимиздаги нималарни ўйладингиз, билсам бўладими?

-Сизга меҳр билан қарайдиган оғаларингизни Аллоҳим етказганига ажабланмоқдаман, наҳотки инсон болаларининг ичида ўшандай лутфга эга одамлар ҳам бор экан-а?!

-Ҳа, Аллоҳнинг иродаси улуғ! Мен ҳам ўшалар ҳақида ўй суриб қолган эканман, айниқса Қобил ҳожи оға билан хайрлашувимиз сўнггиси бўлмасин дея,  қайғураяпман! Ёши Усмон оғадан уч ёшгина кичкина бўлишига қарамай жуда хавфли ишлар ичида юради. Мен у кишини  ўғлига дугонангиз Сокинани олиб бериб, Мадинага кетгач, қайтиб келмаса керак, деб ўйлаган эдим. Аммо Жалолиддинга бўлган муҳаббати иш бериб, яна диёримизга қайтиб келди.

-У киши аввал ҳам хуфя бўлиб ишлаган эдими?

-Ҳа, Жалолиддиннинг бобоси Такашнинг подшоҳлигида содиқ кишилардан бўлиб, салтанатнинг кенгайиши ва ободлиги йўлида меҳнат қилганлардан. Туркон хотун ва амирларнинг қилган ишлари у одамнинг виждонини қийнаган. Жияни Қосим оғага оз муддат ёрдамчи бўлиб ишлаган-да, биз таҳликага қолиб, ишлар чигал бўлганда қўлдан келган маслаҳатларини берди-да бу юртдан бошини олиб кетган.

-Ийсо оғанинг маййитини қандай топа олди, мисгар нима бўлди саййидим?

-Қобил ҳожи оға мўғулларнинг жосуслари ортидан ажойиб тадбирлар орқали муваффақиятга эришган, яъни уларни мисгарнинг уйида жамланиб, разил режалар қилаётганининг тагига етиб, уларни уйини йигитлари билан қуршовга олган. Унинг ертўласида асирлар мавжуд бўлган, мўғуллар ўзларига ишлашга кўнган шу ерликларни Бухоро томонга жўнатар, рози бўлмаганларни қийноқларга солиб қатл қилишар экан. Ийсо оға уларга бўйин бермай, виқор билан тургани учун уни қатл қилишган. Уларнинг орасида ўша пайт, махсус иш билан чиқиб кетган мисгар бўлмаган.

-Уни қаердан топишди, унда?

-Шошиб кетасиз-да пари, ҳали сўзимни тугатмасимданоқ мисгарнинг тақдирини билмоқчи бўласизда!

-Хўп энди сўзингизни бўлмай, шошмай эшитаман.

-Мисгар уларга ҳамтовоқ эканлиги икки жиҳатдан аниқланган. Биринчи жиҳати – ёвлар унинг уйида турганлигида бўлса, иккинчи жиҳати эса – айнан у шу ерликларни тил билгани учун мўғуллар ваъда қилган катта пуллар эвазига ертўласигача олиб келиш макрларида қатнашган. У одамларни, айниқса Ийсо оғани нима деб, алдаб олиб келганини мен билмайман. Мисгар бизнинг ишдан сўнг пойтахтдан кўчиб келиб шу томонларга келган экан, мўғуллар қўли баланд келиш бошлангач, уларнинг хизматига хоинона кирган. Қобил ҳожи оға уни пойтахтда юрган кезларидан яхши билар экан. У одам топмас кўчаларда бирор уйни вақтинча ижарага олиб, ўша ерда нашахўрлик қилар экан. Бу ерда унинг изидан тушган ҳожи оға унинг жин кўчалардан бирида ижарага уй олганини қидириб билган. Яширинган жойидан албатта ўша ижарага олган ерига дарди тутганда келади деб кетаётганда йўлда ҳожи оғани кўриб ўша жин кўчада жон сақламоқчи бўлиб қочади ва узоққа етмай ушланади...

- - -