Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 17-қисм

1763 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 17-қисм

Нисо шаҳри томон йўлга отланган кичкинагина карвончада Тоҳир оға сарбон бўлиб борар, унинг ёнида Билол оға, кейин эса Амин, унинг ортида эса улов устидаги маофа ичида Хуснинисо ва унинг болалари келишар эди. Шаҳар томондан келаётган баъзи сипоҳилар бир-бирлари билан ҳазил-мутойиба қилишиб, шод ҳолда шерикларини муборакбод қилиб ўтишар эди. Улар Тоҳир оға билан келаётганларга ҳам “зафар муборак” деб ўтганидан маълум бўлдики, Нисо шаҳри яқинидаги жангда мўғуллар устидан янги саркарда Жалолиддиннинг қўли устун келган эди. -Барча хурсанд бўлса-да, менинг қалбим нотинч, - деди маофа четини кўтариб, Хуснинисо ва болаларидан ҳол-аҳвол сўрагани келган Амин.

-Нега саййидим, ахир бугун сиз меҳр қўйган Жалолиддин ёвни ер тишладибди-ку, бу унинг йўл устидаги ногоҳ ғалабасидир. Бевафо амирлардан, юз ўгириб кетаётган, тоғаси билан ади-бади айтишмай, ҳокимиятдан халқини суйган одамнинг – зафари-ку, нимага шод бўлмайсиз?!

-Мен ҳам унинг ҳеч бўлмаса, ортида туриб Илёс ва Ийсо акамлар билан тенг келиб қатнашмаганим алам қилмоқда! Бу зафарга менинг ҳеч қандай ҳиссам йўқ бўлса, нега суюнаман, қандай шод бўлай?! Ўтган сафар Жалолиддинни отаси ўрнига тайинлабди дейилганда роса суюнган эдим, афсуски ўша суюнишнинг ҳам умри қисқа экан, дарров унга қарши суиқасд уюштиришибди.

-Тушкунликка тушманг саййидим, сиз ўзингиз ўйингиз ёки фикрингиз ила акаларингиздан ортда қолганингиз йўқ! Сизга ва Билол оғангизга Тоҳир оға – яъни етакчингиз буйруқ қилгани учун эртасига йўлга чиқдик. Агар ўша туни акаларингиз, Қосим оғангиз ортидан сизни ҳам жўнанг деганда, мен ўша туниёқ болаларни тайёрлаб, сиз билан йўлга чиқишга ҳозиру-нозир бўлардим! Ғам еманг саййидим, яна кўп ўринларда ажаб эмас, сизнинг ҳам бу шавкатли – Жалолиддин қўшинига нафингиз тегса! Бу оламнинг ўзи шунақа; бир кун қувончли, бир куни эса ҳасрат ва қайғу олиб келади. Абадий ва рохат манзили жаннат эканлигини унутманг, саййидим!

-Иншааллоҳ, айтганингиз келсин Хусниойгинам, менинг қоронғуга бурканаётган ичимга ёруғлик тақдим этдингиз!

    Амин ўзларидан анча нарида тўхтаган Тоҳир ва Билол оғалар тин олаётган ерга келиб, уларининг даврасига қўшилди. Тоҳир оға ўта ҳушёр эмасми, аҳли олдига бориб, қайтиб келаётган Аминга синчиклаб қаради-да, у даврага қўшилиши билан унга савол берди:

-Иним Амин, нега аҳлинг сари кета туриб, хомуш эдинг? Энди бўлса, янги чиқаётган ой мисоли юзингга ёруғлик оралай бошлабди?!

-Сиз одамни яхши тушунасиз, Тоғир оға! Менга шунча йиллар ҳақиқий ака, ҳақиқий биродар бўлиб, кўп нарсаларни таълим бериб уқдирдингиз! Йигит киши учун, зулмга қарши туриш, адолатпарвар бўлишдан суюкли нарса борми ўзи?! Ўз жонажон шаҳридан айрилган, саноқли суворийлар билангина қолган Жалолиддинни ёнида, ҳеч бўлмаса ортроғида бўлмаслигим менга жуда-жуда алам қилди. Мени Усмон оға сизларнинг олдингизга жўнатаётганда, ўзимга-ўзим аҳд қилиб, Жалолиддинга агар у – адолат устида, халқпарварлигида турар экан, содиқ бўламан деганман! Нафақат мен ўзим, балки мендан насл бўлиб қоладиган ҳар-бир фарзандимга, неварамга, авлодимга васият қилишни ният қилганманки, биз адолатга содиқ қоламиз иншааллоҳ!

-Субханаллоҳ – деб, кўзига ёш қалқиган Билол оға юзини улардан бурди.

-Аллоҳга хамдлар бўлсин, сендек эзгулик учун туришни ният қилиб, ўша нияти учун интиладиганларни чиқарган! –деди Тоҳир оға ҳам ҳолати ўзгариб.

-Мени хурсанд бўлиб, аҳлимдан қайтганимга келсак, Тоҳир оға худди Ҳудайбия куни Умму Салама онамиз Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга яхши насиҳатлар айтиб, маслаҳатлар қилгани каби, келинингиз ҳам менинг кўнглимни илиқ иршодлари ила кўтарди.

-Аллоҳга шукр, Аминим сенга Роббим солиҳа аёлни ато этгандир! Мана шунча йилдан бери сизларининг кўркам турмушларингизни кўрмоқдаман. Инсонга берилган бойликларни биласанми ўзи?!

-Айтинг оғажон ўзингиз!

-Бойлик, бу – тилла-кумуш, дуру-жавоҳир эмас! Бойлик бу учта нарсададир; биринчиси – Аллоҳга ишонувчи қалб, иккинчиси – Аллоҳни зикр этувчи тил, учинчиси эса – охиратингни эслатиб, дунёда сенга ёрдами тегувчи солиҳа аёлдир!

    Билол оға рўбарўсида келаётган одамни кўриб, биринчи танишга ўхшатди, сўнг таниш эканлигини билиб ҳанг-манг бўлиб қолди. Тоҳир оғанинг эса биқинига туртиб, анави кишини қаранг дегандек имлади. Тоҳир оға ҳам гапини тўхтатиб, Билол оға ниқтаб кўрсатган томонга қаради. Мисгар юзини гоҳ очиб, гоҳ беркитиб,  бир олдига, бир орқага қараб қўйиб, жин кўчалардан бирига кириб кетди. Шу онда унинг ортидан отда ёши кексароқ киши шошиб келди-да, муюлиш ёнида чамалаб, мисгар кирган кўчага у ҳам кириб кетди. Мисгар ҳам, ёши кекса отлиқ ҳам Билол оғалар томонга қарашга ҳам улгурмади. Улар кўздан ғойиб бўлгач, Билол оға деди:

-Тоҳир оға танидингизми?

-Ҳа, у Хорунбек оғанинг ўлимига сабабчи – мисгар!

-Кейинги отлиқни-чи?

-Йўқ, танимадим!

   Амин уларнинг гапларига ҳайрон бўлиб, гоҳ уларга гоҳ от тўзитиб, кириб кетган чангли кўчага қараб қўйди. Билол оға, гапида давом этиб деди:

-Наҳотки танимадинглар?!

-Сен ўзинг танидингми?

-Ҳа, Тоҳир оға уни танидим, лекин сизлар ишонармикансизлар, уни айтсам!

   Тоҳир оғани ҳам, Аминни ҳам бу гапдан сўнг таажжуб эгаллади. Улар Билол оғани сарой ишларидан хабардор, кўп янгиликларни биринчи айтиб келувчи деб билишади. Ҳозир эса у ҳадеб, ўтирганлардан қайта-қайта сўрайвериши уларни янада ажаблантирган эди.

-Айтавер, балки сен таниган кимсани биз танимасмиз!

-Сизлар ҳам танийсизлар, айниқса сен Амин уни яхши танишинг керак! У – Қосимнинг амакиси Қобил ҳожи оға!

-Нима???

   Амин ҳам, Тоҳир оға ҳам ўрнидан даст туриб кетишди. Тоҳир оға ўрнида ўтирган Билол оғанинг елкасига уриб, яна ажабланиш ичида сўради:

-Сен иним янглишмаяпсанми ўзи?

-У киши Мадинада бўлсалар, Нисода нима қилиб юрибди? Мисгарнинг ортидан кетишига нима зарурат бор?

   Тоҳир оға иккала сохибига бир қараб қўйди-да, уларга тездан йиғиштириниб, Қосим оғалар билан келишишган ўринга етиб боришлари зарур эканликларини тайинлади. Улар айтилган маконга етиб келганларида, Қосим оға у ёқдан бу ёққа юрар, кўзи эса нам, ундан нарироқда эса дарахт сояси остида оқ матоҳга ўралган нарса олдида Илёс тиззалаб, энгашганича пиқ-пиқ йиғлар эди.

   Қосим оға уларнинг келаётганини кўриб, қўлидаги хивчинни ерга ирғитди, улар тарафга келиб, Тоҳир оғадан бошлаб кўриша бошлади

-Ийсодан айрилдик, қадрдонларим!

-Илёс Аллоҳим сенга сабр берсин! – деди, Қосим оға билан кўришиб бўлиб, Илёс сари кетаётган Тоҳир оға.

   Оқ матога ўралган – Ийсо эди. Оқ матонинг баъзи ерларида қон асоратлари сезилиб турарди. Амин Қосим оға билан ҳам, Илёс билан ҳам кўришмай тўғри Ийсонинг маййити устида чўккалаб ўтирди-да уни бағрига босиб, уввос тортиб йиғлай бошлади. Бу ҳолни кўрган Илёс, сўнг эса ўша ерда ҳозир бўлганлар ҳам унинг ўксик тўла йиғисига дош беролмай, йиғлашга тушишди. Маофа ичида эса Хуснинисо ўзидан узоқроқ ўриндан эрининг йиғлаётгани товушини эшитиб, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Унинг нега йиғлаётганига аввал тушунмади. Орадан бироз ўтиб, улар йиғидан тўхтаб, бир бирлари билан гаплашишга ўтган заҳоти гап нимада эканлиги ойдинлаша бошлади.

-Қосим гапирсанг-чи нималар бўляпти ўзи?! Жалолиддин билан лашкарлар бу атрофда кўринмайди, сизларга нима бўлди, Ийсога нима бўлди? Қобил ҳожи оға келган деб эшитдимми?

-Биз бу ерга мўғуллар мағлубиятга учрагандан кейин кириб келдик. Ҳамма шод, ҳамма хурсанд эди. Биз бу ерда жойлашиш учун, жой қидирмоқчи бўлдик, бир новвойнинг уйида меҳмон бўлдик. Сизлар билан учрашиб, кейин Кандаҳор тарафга кетаётган Жалолиддин қўшинига етишни режа қилиб турган эдик. Кўчага чиққан Ийсони мисгар бор эди-ку, Хорунбек оғага суиқасд уюштирган – ўша алдаб, уйига олиб бориб, бу ерда яширин юрган мўғул жосусларига топширган. Унинг ва бошқа ўшандай яширин қўлга ҳийла билан туширганларни бу ердан мўғуллар турган ерга жўнатишмоқчи бўлишган. Биз бундан бехабар шомгача Ийсони кутдик, у келмади. Хуфтондан сўнг бизнинг келганимиздан хабар топган Қобил ҳожи амаким олдимизга ташриф буюрди.

-У қачон келибди бу ерларга? Бу ерлардан бошини олиб кетган эдику?

-У кетишидан олдин, агар Жалолиддин ҳокимиятга қайтса, келишини менга махфий айтган эди. У умра-хажга борганлардан Жалолиддиннинг оролда отаси ўрнига ўтирганини эшитиб, зудлик билан йўлга чиққан. Жалолиддинга суиқасд бўлаётганининг хабардорлигига ҳисса қўшганлардан бўлган бўлиши мумкин.

-Амакинг қани, Ийсони қандай топдинглар?

-Хуфтондан сўнг у биз билан кўришгач, Аминни сўради. Уни етиб келишини эшитиб, хурсанд бўлди ва ишим битиб қолиб, кетиб қолмасам у билан учрашарман деб, биз билан хайрлашиб кетмоқчи бўлди. Мен уни кузатиб чиқаётиб, ичимиздаги Балх томондан келган мусофир навкар – яъни Ийсо ҳалигача кўчадан келмаётганини, биз уни интизорлик билан кутаётганимизни айтдим. Шунда у – шерикларингга қаттиқ тайинла, бу омонатни сизларга айтаяппан бошқа биров эшитмасин, ҳушёр бўлинглар, душман енгилгани билан ортга шунчаки мағлуб ҳолда қайтмайди, бирон разиллик қилади. Биз билишимизча, бу ерда қолган-қутган изғувчи мўғуллар ўзларининг ювиндихўрлари билан баъзи одамларни ушлаб, асир қилиб олиб кетишяпти, ўшаларга рўбарў келмадимикан, деди. Мен елка қисган эдим, эрталаб мана шу турган еримизга келишимизни айтиб, жўнади. Биз кечаси билан ухлолмадик, айниқса Илёс жуда қийналди, бошқа нима қила олар эдик, бу ерни билмасак. Эрталаб келсак, амакимнинг ёрдамчилари келиб бизни тинчлантиришди. Бирор соат олдин эса, Ийсонинг мурдасини ўраган ҳолда мана шу ерга олиб келишди. У – мўғул айғоқчилари қўлида аянчли тарзда ҳалок бўлибди. Ийсодан ташқари яна ҳалок бўлганлар бор эди, уларни бу ердан олиб кетишди. Мўғулларнинг махфий тўдаси амакимлар томонидан фош қилиниб, баъзилари мисгарнинг уйида қатл қилинган, баъзилари эса тириклай ушланган.

-Айтдим-ку бояги юзини беркитиб, очаётган мисгар, ортидан отда ўтиб кетган Қобил ҳожи оға бўлади, – деди шошиб Билол оға.

-Мисгар Аббос уйи қуршовга олинганда йўқ экан, у ишдан хабар топган бўлса, яшириниб қочишга уриниши мумкин! – дея пешонасини артди Қосим оға.

-Мисгар Аббос бу ерга нимага келган, мўғуллар билан қандай алоқага чиққан бўлиши мумкин, – деб сўради Амин.

-Буни амаким келгач аниқроқ биламиз, ҳозир эса новвойникига Ийсони олиб бориб, жанозага тайёрлайлик, буни ерга топширгач, маслаҳатни кейин қиламиз, нима дейсиз Тоҳир оға?

-Тўғри айтасан, маййитни тезроқ ерга қўяйлик, бошқа ишлар бир гап бўлар.

- - -