Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 16-қисм

1611 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 16-қисм

ТАРИХИЙ МАНБАЪ: “Жалолиддин Мангуберди Темур Малик бошчилигидаги суворийлар билан Хуросонга йўл олиб кетар экан, уларни Нисо шаҳри яқинида мўғулларнинг етти юз нафар суворийси кутиб турарди. Шиддатли жангдан сўнг Жалолиддин уларни тор-мор келтириб, муваффақият қозонди. Ғазнига кетаётиб, йўлда унга қайнотаси бўлмиш – Аминалмулк ўн минг кишилик қўшини билан келиб қўшилди. Кандаҳорни қамал қилиб турган мўғул қўшинларини эса уч куннинг ичида кулини кўкка совурди.” (Манбаъ тафсилоти тугади) Усмон оға Ниёзалининг кенгашига мувофиқ бир неча сонли навкарликка саралаб олинган кишилар билан Балхга етиб келишди. Балх волийси Аъзам Малик Ғазнига келиши кутилаётган

Жалолиддинга қўшилиш учун ўттиз мингга яқин қўшин ҳозирлаш тараддудида эди. Усмон оға Жалолиддиннинг келишини эшитиб, унинг ортида туриб душманга қарши жанг қилишни орзу этиш билан бирга ўғилларини, айниқса Аминнинг ҳам келишини интизорлик билан кутарди.

-Ниёзали Жалолиддиннинг келиши чинмикан, бўтам?

-Албатта чин оға! Маълум бўлишича Жалолиддин бу ерга келгунига қадар Нисо шаҳри ёнида ва Кандаҳорда мўғулларни ажойиб ғалабалар билан енгибди. Ҳозир эса олтмиш минглик куч билан келмоқда экан. Яна икки хушнуд бўлажак хабар ҳам бор, агар сиз мана шу кутилаётган Ғазни жанггидан сўнг овулимизга қайтиб кетишга ваъда қилсангиз ўша иккисини ҳам айтаман!

-Қачондан бери менга шарт қўядиган бўлиб қолдинг, бўтам?

-Шарт эмас, овулимиз ҳувиллаб қолди, сиз ўша ерда бўлишингиз жуда яхши эди-да оға! Менинг бошқа муддаойим йўқ!

-Майли айтавер, иш сен айтгандек бўлаверсин!

-Биринчиси; ўғилларингиз Ўтрордан келиб Аминларга қўшилган экан. Иккинчиси эса; Амин ва унинг оиласи Тоҳир оғалар билан бирга қўшин ортида келяпти экан.

-Бунга қандай ишондинг, далилинг борми?

-Мана Амин юборган мактуб, чопар биз овулдан чиқмасимиздан олдин менга берган эди.

Усмон оға кўзи аниқ илғамагани учун мактубни кўзининг олдига яқинроқ олиб келиб, уни ичида ўқиган бўлди.

-Бунинг эски хат-ку, Амин уни Нисога етиб келмасидан олдин битган экан. Ундан бери қанча ишлар ўтгандир бўтам?!

-Йўғ-эй, мана кўрасиз иншааллоҳ улар билан юз кўришамиз!

-Иншааллоҳ, – дея бурилиб кетаркан Усмон оға шеър ўқий бошлади:

Тоатдаги ғафлатдан,

Кофирга хос хислатдан,

Қабрдаги зулматдан,

 Аллоҳ  Ўзи асрасин!

 

 Табиий талофатдан,

Кўнгилсиз фалокатдан,

Дўстига хиёнатдан,

 Аллоҳ Ўзи асрасин!

 

Яқиндаги узоқдан,

Хусуматли тузоқдан,

Қиёматда дўзахдан,

 Аллоҳ Ўзи асрасин!

 

Ниёзали у айтаётган шеърнинг мазмунини чақиб, ундан таъсирланганини бошини сарак-сарак қилиш билан билдирарди.

   Эрталаб бомдоддан сўнг Ниёзали хурсанд ҳолда, чодирга кириб келди. Чодирда Усмон оғадан ташқари беш-олти нафар кишилар билан бирга Аминнинг қайнукаси Мардон Али ҳам бўлажак ишлар хусусида гаплашиб ўтиришар эди. Ниёзали ўтиришга ҳафсала қилмай, тик турганича, қайрилган чопонини тўғрилаб деди:

-Жалолиддин сафига яна уч нафар бошлиқлар ўзларининг ўттиз мингдан бўлган қўшинлари билан қўшилмоқда экан! Булар; Халаж қабиласи бошлиғи – Сайфуддин Иғроқ, афғонлар сардори – Музаффар Малик ва қарлуқлар бошлиғи – Хасан Қарлуқлар экан!

-Бўтам сенга икки нарса айтайми? – деди Усмон оға жиддий оҳангда.

-Албатта-да, эшитаман! Сиз билган нарсанинг баъзилари бизда йўқ оға, айтинг эшитамиз!

Ҳамма Усмон оғага қаради. Авваллари Усмон оғанинг ажойиб, ҳикматларга ва тажрибаларга тўла гапларини эшитган қавмдошлари унинг сўзларини соғинганиданми ёки эртанги мушкулотлар ечими чигал бўлиб турганиданми, уни жон қулоғи билан эшитишга чоғланишди.

-Биринчиси; гап кўпликда эмас! Чунки Ҳунайнда нима бўлган, пайғамбар алайҳиссалом даврида?! Душман оз сонли бўлишига қарамай, улардан тумтарақай бўлиб тарқалишган, осмон узоқ, ер тор бўлиб қолган. Иккинчиси; Хасан Қарлуқни билмадиму, аммо Аминалмулкдан бошқасига мен ишонмайман. Қолганлари ҳатто волийингиз Аъзам Маликка ҳам қалбим чопмайди. Ёв шиддатли босқин қилаётганда иложим йўқлигидан Аъзам Малик қўшинига келиб қўшилдим холос, мақсадим Жалолиддиннинг қанотига оддий бир пат бўлиб ёвни бу ерлардан қадамини қиришдир!

-Опам, жиянларим ва поччам Амин ҳам келадими? – деб даб-дурустдан сўради Мардон Али Ниёзалидан.

   Усмон оғанинг сўйлаётган сўзларидан бошининг капалаги учаётган Ниёзали Мардон Али берган саволга аҳамият қаратмади. У бир Усмон оғага, бир чодир ташқарисида юрган одамлар тарафга қараб қўяр эди.

-Бўтам сендан Мардон Али Амин ва жиянлари ҳақида сўраяпти. Дарҳақиқат улар келса, улар билан кўриша оламизми?

-Улар бизнинг келганимиздан хабардор эмаску, оға!

-Сен волий ёрдамчилари билан учрашганда, келаётган Жалолиддин қўшини ортидаги  Аминларнинг хабарини, улар билан йўлиқишинг зарурлигини айт! Агар зарур бўлса, Аминга мактуб битиб, у мактубни Аминларга етказишини илтимос қилиб топшир!

-Хўп, ишни сиз айтгандек қиламиз, сиз фақат – жангга жамланаётган етакчилар ҳақидаги ҳалиги гапларни бошқа ердан келганлар олдида айта кўрманг! Мен ва қавмдошларимиз сизни тўғри тушунамиз, лекин юзини ювмаган баъзи ахмоқлар сиз ва бизни сафни бузиш учун келган ношудлар дея ўйламасин!

-Мендан хавотир олма, сен жамланаётган одамларнинг кўплигига, Жалолиддин атрофидаги бисёрликка берилиб кетаётганлигинг учунгина айтдим холос! Ҳали мени айтди дерсан, Амналмулкдан бошқасини мен ҳаётда эшитиб, билганим учун айтмоқдаман-ки, субутда мустаҳкам эмаслар. Айтишларича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу масжиддан чиқиб келаётган бир кишидан бошқа бир одамнинг қандай одамлиги ҳақида сўрабди. У одам сўралган одамни “яхши одам” дея гувоҳлик берибди. Шунда Умари Одил “у билан бирга сафарда бўлганмисан, ён-атрофида қўшни бўлиб яшаганмисан ёки савдо ишида муомала қилиб кўрганмисан” қабилидаги саволларни берса, ҳалиги одам “йўқ” деб жавоб қилибди. Умар ибн Хаттоб “унда нега у ҳақида сўрасам, яхши одам деб гувоҳлик бераяпсан?” деса, у одам “ахир уни намозга, масжидга кираётганини кўраманда”, деб жавоб қилибди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “сен уни яхши танимас ва билмас экансан, кетавер”, деган экан.

-Тўғри, ҳақ мисолларни айтмоқдасиз, – дейишди чодир ичидаги ёши каттароқ кишилар. Ниёзали ҳам уларнинг айтганларига маъқул дегандек маънода қараб қўйди.

- - -