Солиҳ зурриёт сари

Ота-онанинг фарзандлар орасида айри майдон ҳосил қилиши

1825 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Ота-онанинг фарзандлар орасида айри майдон ҳосил қилиши

Инсон ҳаёти бира тўла текис эмаслиги барчага маълум ҳақиқат. Гоҳи-гоҳида эр-хотин ўртасида (албатта бу ўриндаги эр-хотин, ўз хақ-ҳуқуқларини тўла англаб етмаган, худбинлик балосига гирифтор бўлган жуфтлар назарда тутиляпти) зиддият пайдо бўлса, фарзандларини ҳам ўзлари томонга оғдириш ҳолати пайдо бўлади. Эр мавқеи устун бўлса фарзандларини ўз майдони таъсирига, аёл мавқеи кучлироқ бўлса у ҳам ўз майдони таъсирига уларни айирмоқчи бўлади. Фарзандларнинг баъзиси у майдон ёки бу майдон томонга ўтган ҳолатлари учраб туриши ҳам кузатилган. Ота-она мана шундай зиддият пайдо бўлганда ўрталаридаги яхшиликни сақлаб қолишлари зурур. Бўлмаса фарзанд ўртасидаги айри

майдонлар ҳосил бўлиши отага нисбатан ёки онага нисбатан ғаразни вужудга келишини таъминлайди.

     “Мухлисанинг уйидагилар тез-тез жанжаллашадиган, отаси дарғазаб бўлиб эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетадиган, онаси эса пиёла ва ликопчаларни ирғитиб, рўмолларини ечиб, дод-вой соладиган одат чиқарди. Бу ҳолатдан таажубланган Мухлиса бу жанжал сабабчиси ким эканлиги, нима учун бу ғалвалар бўлаётганига мутлақо ақли етмасди.

     Шу зайлда кунлар ўтиб бораверди. Мухлисанинг онаси дадасини тез-тез ёмонлайдиган бўлиб қолди. Дадаси уйдамас пайтларда онаси кўзёши қиларди ва дадасининг “гўрига ғишт қаларди”. Бу гаплар Мухлисанинг қалбидаги нозик тўрларга секин-аста ўралаша борди. Дадасини кўрса ғаши келадиган, иш буюрса ҳоҳласа қилиб, ҳоҳламаса дўнғиллайдиган бўлиб қолди.

     Дадаси ишга эрта кетиб, қоронғу тунда қайтадиган бўлди. Бир куни кечқурун Мухлиса қаттиқ ухлаб қолган экан, қаттиқ чинқириғдан чўчиб уйғонди. Дарвозалари ланг очилган, тез ёрдам машинасидан усти оқ мато билан ўралган замбилда кимнидир уйларига олиб киришди, онаси эса “дадажонингдан айрилдик”, деб уввос солиб йиғларди, дадаси автоҳалокатда жон таслим қилган эди.

     Йиллар ўтиб Мухлиса улғайди, етимлик изтиробларни бошидан ўказди. Онасининг ҳатти-ҳаракатларни кеч бўлсада тушинди, оиласидаги келишмовчилик ва жанжалларнинг асосий сабабчиси онаси эканлигини англаб етди. Оиласида жанжаллар бошланган кезларда, дадасининг рўзғор тебратиши анча қийинлашган бир пайтда, орзу-ҳавасли яшашга ўрганган шаддод ойижониси   дадасидан кўп нарсалар харид қилиб беришни талаб қиларди экан. Бу ғалва-жанжаллардан тоқати тоқ бўлган Мухлисанинг дадажониси кеч тунда қайтишни одат қилган ва мана шундай кеч қайтаётган кечалардан бирида маст ҳолатда келаётган ҳайдовчи, машинани бошқара олмай уни уриб кетган эди”.

     Ота-онанинг фарзандлар орасидаги айри майдонлар ҳосил қилишига туртки бўлаётган сабаблардан яна бири - эр кишининг янги оила  билан турмуш қуришлигидир.

      Эр киши шаръий никоҳ асосида қурган кейинги оиласи гўёки биринчи оила таянчига, бўлиб ҳам фарзандлар қалбига зарба етказади, деган жоҳилона сарқит мавжуд. Аслида ислом мухитида улғайган ҳар-бир ўғил-қиз адолат сари боғланган оилага ғаразлари бўлмайди. Ғараз фақат ислом мухитидан бегоналикдан ва оила қурувчи эрнинг адолатни эмас, ўз нафсини устун қўйишидан келиб чиқади десак, муболаға қилмаган бўламиз.

     Хаёт силсиласида ҳақиқатдан ҳам аксар эр кишилар кейинги оила қуришларидан сўнг аҳволлари ўзгаради, биринчи аёлига ва фарзандларига тажанг муомала қила бошлайди. Бунинг натижасида фарзандлар отасига ёвқараш қила бошлайдилар. Адолатни бош мезон қилмаган ота ҳолати оиласида ҳам, жамиятда ҳам инқирозга учрайди.

     Бундай адолатсизлик устига барпо қилинган оилалар тарихда ҳам учраб, қон тўкилишларга, тожу-тахт талашишларга, мерос тақсимланишда кўплаб жанжалларни келтириб чиқарганлигини ҳам унутмаслик лозим, албатта. Аммо масалани бир ёқламалик билан изоҳлаш, инсоният ҳаёт тарзига путур етказиши мумкин.

      Аллоҳ ўзи адолатни бош мезон қилмоқчи бўлган эр кишиларга кейинги оилалар билан муносабат ўрнатишга изн берган. Шу изн остида бўлган отага нисбатан фарзандларда келишмовчилик, ғараз чиқармоқчи бўлишнинг ўзи катта хатодир.

     Тарихда адолат билан тузилган оилалар ҳам бўлганки, она бошқа фарзандлар бир-бирлари билан аҳил бўлганлар, оталарини юксак мартабада эъзоз этганлар.

     Иброҳим (а.с)нинг икки аёлларидан Исмоил (а.с) ва Исхоқ (а.с) исмли ўғиллари бўлган. Булар оталарини беҳурмат қилган эмаслар, аксинча ота шахсиятига эҳтиром билан қарашган. Исмоил (а.с)ни қурбонликка сўймоқчи бўлганларида, бу эҳтиром даражаси отасига нисбатан ниҳоятда улуғ бўлган. Бўғзига пичоқ тормоқчи бўлганда Исмоил (а.с) падари бузрукворидан юзларини олиб қочганлар ва: “Жон аччиғида сизга кўзимни тик қилишдан ҳаё қиламан”, деб айтганлар.

     Фотима (р.а) онамизнинг оталари Росулуллоҳ (с.а.в) кўп оилали бўлишларига қарамай, бирор марта оталарига қарши чиққанмилар?!

     Оиша, Хафса (р.а) ва бошқа қанчадан-қанча солиҳ фарзандлар падари бузрукворига қандай қаттиқ сўзлар айтган эканлар-а?! Хулоса шуки, адолатдан воз кечган оила бошлиғи танқидга ва танбеҳга лойиқдир, лекин адолатни, оилага ғамхўрлик, муваффақият излаган оила бошлиғи эса оила бузувчиси ёки фарзандларининг юзини ерга қаратувчи сифатида баҳоланмаслиги керак.

- - -