Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 15-қисм

1593 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 15-қисм

ТАРИХИЙ МАНБАЪ: “Мўғуллар Самарқандга яқинлашганларида Мухаммад Хоразмшоҳ Хазар денгизи бўйида жойлашган Обескун шаҳри яқинидаги Ашур ада оролидан паноҳ топди. Оғир бемор бўлган Хоразмшоҳ ўғилларини жамлаб, Жалолиддинни валиаҳдликка тайинлади. Жалолиддин укалари Оқшоҳ ва Ўзлоқшоҳ билан бирга Гурганж мудофаасига йўл олади.” (Манбаъ тафсилоти тугади) Хуфтондан сўнг Амин Тоҳир оғаларникига кириб келди. У ерда Тоҳир оға, Қосим оға ва Илёс билан Ийсо гурунглашиб, эртага Гурганжга бориш режасини муҳокама қилишар эди. Амин ўзига ажратилган

ўринга ўтираркан, Усмон оғанинг қиёфасини эслатиб турувчи икки шахсга маъноли боқди. Улар ҳам бу назарни илғаб, унга жилмайиб қарашди.

-Илёс Ўтрордан сўнг не жараёнларни бошдан кечирдинглар, Амин ўша ишлар тафсилотини эшитишга ошиқмоқда, – деди Тоҳир оға.

-Ийсо икковимиз Ўтрор қамалида қатнашиб, Инолчиқ тириклай қўлга тушганда, уни халос этиш учун қилинган тадбирлар самара бермади. Душман қўли баланд келиб, шаҳар талон-тарожда қолди. Биз эса улар талончилик билан машғул бўлаётган онда сизларга келиб қўшилишни ихтиёр қилдик.

-Ийсонинг айтишича, Бухоро ва Самарқанд мудофааларида ҳам қатнашган эмишсизлар, – дея гапга аралашди Қосим оға.

-Ҳа, укажоним Ийсо айтгани ҳақ, биз Бухоро ва Самарқанд мудофаасида ҳам иштирок этдик. Лекин у ерларда ҳам мўғулларнинг қўли баланд келди.

-У ерлардаги иштирокимиз жуда қийин кечди, муваффақиятни кўриш насиб бўлмади оғалар! Ҳозир эртанги сафаримиз ҳақида келишиб олсак яхши бўларди, – деди Ийсо.

-Билол оғангларнинг ҳам келадиган вақти бўлиб қолди. У келса, вазиятга қараб, режа қилар эдик. Чунки у Жалолиддинга вафодор кишилар мажлисида қатнашади. Бугун ёки эртага Гурганжга у қайтар экан, қайтганда ҳам юрт етакчиси бўлиб қайтади. Бу кунни биз қанча кутганмиз, унутмадингми Амин?

-Йўғ-ей Тоҳир оға, нега унутар эканман?! Бу ҳол бизларнигина эмас, ҳақни-адолатни суядиган ҳар-бир фуқаронинг қалбига оро бўлиб кирди шекили.

-Ҳа, ҳа! – деди Қосим оға ва Усмон оғага қараб, деди:  - Бу пайтгача келиш керак эди оғайним Билол, нима бўлди экан-а, жуда ҳаяллаб қолдику ахир!

-Келинглар, ҳаммамиз туриб икки ракатдан намоз ўқиб, Яратган Эгамдан илтижо қилиб, сўрайлик биз фақир бандаларига нажот йўлласа, чунки Қуръон оятларида: “Сабр ва намоз ила ёрдам сўрайлар”, дейилган. Роббимизга ўзи оятда айтганидек намоз билан ўзига боғланиб сўрайлик, қадрдонларим.

    Барчалари худди шу калималарни кутиб тургандек, Тоҳир оға сўзига эътироссиз қулоқ солишди. Барчалари намозга шўнғиб, уни адо этишга киришди. Улар намозларига салом бериш арафасида турганларида Билол оға ранг-рўйи бир аҳволда кириб келди. Токчада турган идишдаги муздеккина сувдан бўлиб, бўлиб ичди. Ҳаллослаб келганда пешоналарига томчи-томчи бўлиб чиққан терилари пешонасидан пастга оқиб тушар, саросимада уни артишга ҳаракат ҳам қилмас эди.

    Намозни аввалроқ тугатиб, сандал ёнига келиб ўтираётган Қосим оға унга ҳайратомуз тикилди. Ундан кейин намозни тугатган Тоҳир оға эса, унинг ҳолатини кўриб, уни саволга тутди:

-Тинчликми қадрдоним, кетаётганингда кайфиятинг кўтарингки руҳда эди, энди нима бўлди?

-Мен билиб келган нарсани сизлар ҳам билсанглар, сизларнинг ҳам кайфиятларинг сел ёққан кундаги ариқ мисоли лойқаланади, қолади.

-Ў-ў-й, оғзингга қараб гапир! Барчамиз эртангги тадорик ҳақида сен билан маслаҳат қилиб, кенгашамиз деб турсак, қанақа кайфият ҳақида гапираяпсан ўзи? – деди ўдағайлаб Қосим оға.

-Гапимга қулоқ тутинглар, эртага Гурганжга бориш режаси дабдала бўлди! – эҳтиросланиб, жазаваланиб гапирди Билол оға.

-Тушунтириброқ гапирсангчи, бундоқ! Нега режа дабдала бўлади, ахир ўзинг Гурганжга Жалолиддин келар экан, унга қўшилиб у ерни мудофаа қиламиз деб айтаётган эдинг-ку?! – дея савол ташлади Тоҳир оға.

-Унда ҳали фитна аниқ эмасди-да! – кўзлари ола-кула бўлиб гапирди Билол оға.

-Яна қанақа фитнани айтяпсиз оға, – деди Амин.

-Жалолиддинга қарши фитна! – деди оғзи қурий бошлаган Билол оға, яна сувдан қуйиб, томоғини ҳўллаш учун уни ича бошлади.

Мажлисга йиғилган сув сепгандек жим бўлиб қолишди. Ҳамма сув ичаётган Билол оғанинг сув ичишдан тўхтаб, уларга воқеа тафсилотини айтишини кутар, бошларида ҳар-хил ўйлар ва фикрлар ғужғон ўйнашни бошлаган эди. Сувни идишнинг тагигача симириб қўйган Билол оға ўзини кутиб, сўзига муштоқ бўлиб турган қадрдонларига қараб сўзини давом этказди.

-Жалолиддинга қарши суиқасдни кўзлаган амирлар, унинг ўрнига Туркон хотуннинг қариндоши бўлган – кимсани султон деб эълон қилишибди. Бундан хабар топган Жалолиддин навкарлари билан жанубга қараб жўнабди. У етиб борган ерида бутун ҳокимларни жамланиб жипслашишга чақирар эмиш.

-Туркон хотуннинг қайси қариндошини айтаяпсан? – сўради Қосим оға.

-Акаси бор экан-ку – Хумортегин деган, ана ўшани амирлар султон деб эълон қилишибди.

-Темур Малик ҳам Жалолиддин билан бирга бўлади деганмидинг, боя кетишингдан олдин? – яна сўради Қосим оға.

-Ҳа, Жалолиддин Темур Маликнинг уч юз қўшини билан Гурганжни тарк этиб, Хуросонга йўл олибди. Шунинг учун энди, Гурганжга эмас биз ҳам Хуросонга йўл олмоғимиз даркор.

   Тоҳир оға гапларни диққат билан эшитгач, Билол оға тўхтаган паллада ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиб, ўрнидан турди. Майин соқолларини худди Усмон оғадек силаб, гапни бошлади:

-Қадрдонларим, вазият билан танишиб чиқдик. Билол иним айтганидек, энди биз ҳам йўлга отланишимиз зарур. Амин сен уйингга бор, оилангнинг тадоригини тезлат, Илёс, Ийсо ва Қосим учалаларинг ҳозироқ йўлга тушинглар! Мен, Билол ва Амин оиласи билан эрталаб жўнаймиз. Барчамиз учрашадиган манзил – Нисо шаҳри бўлади, эшитдингларми?

-Ҳа эшитдик, – дейишди ҳамма бир овоздан.

-Аллоҳим барчамизга Ўзи мададкор бўлсин! Жўнайдиганлар сафарларинг бехатар бўлсин, сизларга Қосимни бошлиқ этиб, тайинладим, то учрашиб, йўлиққунимизгача унга итоат этгайсизлар, бир-бирларингни эҳтиёт қилинглар!

-Хўп бош устига, албатта кўришгунимизга қадар Қосим оға бизга пешво, биз эса унга тобеъмиз, – деди табассум билан Ийсо.

   У ҳар кунгидан мамнунроқ кўринар, сафар буйруғи бўлган ҳамоноқ шошилишга тушган эди. Илёс эса эрталаб Аминникига бориб, у билан бироз гаплашиб, жиянларини кўриб кетмоқчи эди. Тоҳир аканинг сўзи тугагач эса, шошиб турган укаси Ийсонинг гапини маъқуллашдан бошқа иложи қолмади. Уч нафар кетувчи, уч нафар ортидан етиб борувчи билан хайрлашишга тушишди. Амин билан Қосим оға, Илёс, улардан сўнг эса Ийсо хайрлашаркан, Аминни маҳкам бағрига босди ва унинг қулоғига пичирлаб деди:

-Укажоним яна Аллоҳ ўғил кўришни насиб этса, мени эслаб юраман десанг – Ийсо деб қўй!

   Амин Ийсонинг бу гапни нега айтганига ҳайрон бўлиб турган ўринда, Қосим оға иккала ака-укага деди:

-Аллоҳнинг номи ила қани ортимдан кетдик!

   Илёс ундан сўнг эса Аминга жилмайганича ортига қараб-қараб Ийсо отига қамчи урди ва Қосим оғага етиб олиш учун жўнаб кетишди...

- - -