Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 14-қисм

1566 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 14-қисм

Аминнинг бугунгидек хушҳол бўлганини Хуснинисо ҳали кўрмаган эди. Унинг кайфияти шундай кўтарингки руҳда эдики, бирин-кетин Мовароуннаҳр ерлари қўлдан чиқаётганига қарамасдан шодликдан ичига сиғмас эди. -Ҳа саййидим, хушҳол кўринасиз сабабини билсам бўладими? -Нега? – кулимсираб сўради Амин. -Ахир солиҳа аёл учун эри хурсанд бўлса хурсанд бўлиш, ғамга ботса хафақон бўлиш зарурку!

-Тўғри айтасиз, Хусниойим! Менинг хурсандлигимнинг икки сабаби бор. Биринчиси; акамлар Илёс ва Ийсонинг бизни излаб келиб, қўшилиши бўлса, иккинчиси; Мухаммад Хоразмшоҳ ўғилларини ёнига чорлаб, кенжа ўғли Ўзлоқшоҳнинг ўрнига яна қайтадан Жалолиддинни валиаҳдликка тайинлабди.

-Аллоҳга беадад хамду-санолар бўлсин, мени ҳам шод этдингиз саййидим, Жалолиддиннинг бундай мақомга келиши барча адолатсевар инсонларни хурсанд этмай қўймайди. Лекин айтингчи, Мухаммад Хоразмшоҳ Хазар денгизидаги оролга кетиб қолган деб эшитган эдим.

-У денгизда Ашур деган орол бор. Ўша ерда подшоҳ қаттиқ бетоб бўлиб қолибдилар ва олдинги қарорини ўзгартириб, катта ўғли Жалолиддинни ўрнига ўринбосар этиб тайинлабди. Ўзи эса кейин вафот этибди.

-Акаларингизни нега уйга таклиф этмадингиз, саййидим?

-Улар Тоҳир оғаларникида, эртага йўлга чиқишимиздан олдин, тонгда бизникига келишади.

-Менга берган аҳдингизни унутмагандирсиз-а?

-Икки фарзандимизни қараб, уларни парваришлаганингиз кифоя қилса керак, Хусниой?

-Аммо сиз, қаерга сафарга отланмай, сизни бирга олиб кетаман дегансиз!

-Сизга болалар билан бирга, маофа қилдиришим керак экан-да, ундай бўлса?

-Аҳдга вафо этмоқ, муъминлик белгисидур, саййидим! Мен эса сизнинг ортингизда юриб, сизнинг қийинчиликларингизга шерик бўламан, ҳолингиздан хабар оламан. Ишлар осонлик сари кўчса, овулимизга ҳам бир бориб келамиз, ота-онангизни, укаларингизни кўриб оласиз деб ҳам айтган эдингиз!

-Хусниой, яна қандай ваъдаларим яна сиздан унут бўлмоқда экан-а, минажак уловингизнинг юганини тиллодан, эгарини кумушдан қилиб бераман, демаганмидим?

   Хуснинисо ҳазилга йўғрилган жуфтининг бу сўзларини эшитиб, ёнида турган кичкина фарзандининг бешигига юзини тўсиб, кулди.

-Агар ўшандоқ қилиб беринг десам, қилиб бера оласизми, саййидим? – деди, кулгудан тўхтаб.

-Сизга фақат иймондан сўнг мен-ла керак эканлигимни яхши биламан, мен ёнингизда эканман, сиз учун бу оламда олтин-кумушлар керак эмас, деб биламан. Ёки ундоқ эмасми?

-Албатта айтганингиздек, саййидим! Асл маконимиз жаннат бўлса, жаннат учун мен сизни рози қилишим зарур бўлса, сиздан яна ортиқ бойлик борми, ҳаёти-дунёда?! Ким нима деса десин, ким қандай ўйласа ўйласин, аммо менга бу дунёни сизнинг розилингизсиз зарурати йўқдир. Агар уловимнинг юганидан тутиб, Балхгача пиёда босиб бор, мутлақо сув ҳам, туз ҳам тотма, денг – албатта мени ўзингизга итоат этган ҳолда топасиз. Сизга осий – итоатсиз бўлиб бу оламдан ўтгандан кўра, саҳролардаги ваҳшийларга қуролсиз дуч келиб, ичак-чавоғим чиқарилган ҳолда, уларга тириклай ем бўлиб кетганим афзалдир, саййидим! Мен ўшандай алфозга тушиб қолишдан эмас, сизни норози этган ҳолда вафот топишдан, жуда-жуда қўрқаман! Агар истасангиз, мени бу қишлоққа ташлаб кетинг, сиз келгунингизча болалар тарбияси билан машғул бўлай, сизни айтган сўзларингизни аҳд деб эмас, узрли гап деб эътибор қилай!

-Йўқ, йўқ! Қандай ҳол бўлса ҳам, сизни ва болаларни олиб, сафарга отланаман. Буни акамлар ҳам, Тоҳир оғалар ҳам билишади. Сиз ҳеч ҳижолат бўлманг, ҳамма тараддудларни қилаверинг!

- - -