Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 13-қисм

1614 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 13-қисм

Ўтрор мўғуллар тарафидан эгаллашга муваффақ бўлингач, унинг аҳолиси шаҳар ташқарисига ҳайдаб чиқарилди. Баъзи одамлар эса қатл қилинди ва шаҳар таланишга тушди. Илёс билан Ийсо шунча ой давомида тоқатлари етгунича шижоат билан душманга қаршилик кўрсатишди. Шаҳар олингач, иккаласи жуда ўйга ботди. Биринчи томондан улар қўшилиб жанг олиб борилган ўринда мағлубиятга рўбарў бўлинган бўлса, иккинчи томондан оталарининг олдига енгилган ҳолда қайтиб бориш алами уларни қийнар эди.

    Ака-укалар Ўтрор қамалида жуда машаққатли кунларни бошидан ўтказишди. Шаҳарга оқиб кирувчи ариқлар мўғуллар томонидан кўмиб ташланган эди. Манжаниқлардан шаҳар ичига қарата тош ва ёнувчи ашёлар ирғитилди.

   Айниқса хиёнат сингари ҳали тушларида ҳам кўрмаган разилликларни ҳам кўришди. Оғир дамлар бошдан ўтказилаётган паллаларда Қорача ҳожиб номли етакчи Инолчиқ ёнига келиб, шаҳарни мўғулларга топширишни таклиф этди. Инолчиқ мардонаворлик билан туриб, унинг таклифини рад этган.

Аммо бунга кифояланмаган Қорача ҳожиб ўн минг аскари билан Ўтрорнинг Сўфийхон аталмиш дарвозасидан чиқиб, ўзларини душманга таслим қилиб беришди. Мўғуллар Қорача ҳожибнинг қилган бу ишидан суюниб кетишмади, балки хиёнаткорлик билан чиққан етакчини ҳам, аскарларини ҳам қатл қилишди.

   Охирги бир ой ичида Илёс ва Ийсо Инолчиқнинг йигирма минглик навкарлари иштирокидаги мудофаага жуда қойил қолишди. Чунки, бот-бот хиёнатлар, сафдаги йўқотишу-сийраклашишлар ва душманнинг ўзларидан неча юз баробар ортиқликларига қарамасдан қаҳрамонона ҳимояланишни амалга оширишди. Ёвнинг устида турган қўмондон Чиғатой қаттиқ буйруқ қилиб, Инолчиқни тириклайин тутишни амр этган. Шиддатли жанглардан сўнг қўлга туширилган Инолчиқ Самарқандда турган Чингизхонга ўғиллари Чиғатой ва Ўқтойлар томонидан юборилди. У ўша ерда бешафқат қатл этдирилди.

   Ғамга тўла Илёс ва Ийсо Тоҳир оғаларни топиб, Амин билан бирга ёвга қарши жангни давом этдириш мақсадига тўхталишди. Ота олдига қуруқ қўл, яъни мағлубият билан боришни ҳазм қилолмасликларини билишди.  Уларнинг овуллари томон тинч, лекин Бухоро ва Самарқанд тарафларда  эса, мудофаа талаб этилаётгани маълум.

   Ўтрор мўғуллар қўлига ўтибди, деган хабар Усмон оғанинг қулоғига чалингани ҳамон, ўғилларининг тақдири уни ўйлантирмай қўймади. Аҳлига бу ҳақида сўз очмай анча кун юрди, яхшиямки Илёс йўлда учратган бир савдогарга ҳамёнидаги ақчалардан инъом қилиб, овулига ўзи ва укаси тинч-омон эканликлари хабарини етказишни тайинлаган эди. Бу хабар Усмон оғага анча далда бўлди, аҳли-хонадонига бориб, ўғилларининг соғ-саломат эканликларини айтиб, уларни ҳам кўнглига ҳотиржамлик олиб кирди.

    Усмон оға кўчага қараб юраркан, Ниёзалини кўриш иштиёқи унинг қалбини эгаллади. Эрталаб, бомдоддан сўнг йўлиқишганига қарамай уни тез-тез кўришни истаётгани ўғиллари ҳамда Аминнинг йўқлигига далда деб, билаётган бўлса, энди ўзларига ҳам душманнинг келиб қолиш хавфи уларни чоралар қидиришга етаклар эди.

-Ассаламу алайкум, Ниёзали бўтам, нима хабарлар?

-Ва алайкум ассалам, эй Усмон оға ғанимларнинг шашти сўниш ўрнига кундан-кунга ривожга қараб кетмоқда.  Бухорога кетаётган Чингизхоннинг асосий қўшини Зарнуқ ва Нур қалъаларини ҳам қўлга киритишибди. Қиш фасли бўлишига қарамасдан, душман тўдаси ваҳшийлардек ёпирилиб, аста-секин бизнинг заминимизга ҳам яқинлашиб келмоқда.

-Аллоҳнинг иродаси не бўлса, кўрмай иложимиз йўқ бўтам. Фақат бизнинг айбимиз-гуноҳларимиз эвазига бу талофатлар бўлаётган бўлса, бу жуда катта мусибат бўлади. Агар синов тариқасида берилаётган имтиҳон бўлса, унда сабот билан туришимиз даркор.

-Иншшааллоҳ буни бир имтиҳон деб, билгаймиз оға. Чунки қавмимиз ила тоқатимиз етганича Аллоҳнинг ўзига ибодат этиб, ўзигагина илтижо қилиб келмоқдамиз!

-Иншааллоҳ бўтам, иншаалоҳ бу оламда бўлмаса охиратда  нажотга эришиб қолсак,бўлгани яна қандай янгиликлар бор бўтам?

Ниёзалидан кўра кўпроқ хабарларни билиб турадиган Усмон оға охирги пайтларда нохуш хабарлар эшитавериб, ўзининг саломатчилигига тўғри келмаётганини пайқаб, қавмбоши Ниёзалидангина хабар эшитишни қасд қилган эди. Ниёзали илм сохиби бўлганлиги учун ҳар қандай хабарни мулоҳаза билан тушунтиришга ҳаракат қилади.

-Сирдарё этакларида жанг олиб бораётган Чингизхоннинг лашкарбошисидан бири Жўжи босқинчиликни кучайтириб, Сиғноқ шаҳрини таслим бўлишга чақирибди. Хасанхожа исмли бир элчисини жўнатиб, ўша хабарни етказдирмоқчи бўлишибди. Аммо сиғноқликлар Хасанхожани ўлдириб юборибдилар. Бундан дарғазаб бўлган Жўжи аскарлари билан шаҳарни эгаллаб, бутун бошли аҳолини қириб солибди. Бундан ваҳимага тушган ўзгандликлар жангсиз таслим бўлган эмиш.

-Ҳечқиси йўқ бўтам, шишаётган пуфакнинг бир кун ёрилиши бор. Мўғулларнинг кундан кун босқини кучайиши ўзларининг йўқ бўлишига ишора.

-Дарҳақиқат ўшандоқ оға! Мен мутоъала этган бир китобда, гуноҳкорлик устига ишнинг ривожланиб, юриб туриши – яхшилик белгиси эмас экан, балки “даражама-даража” Аллоҳ уларни гуноҳ сабабли йўқ қилар экан. Душман инсониятга жуда ёмон муомала қилмоқдаки, кўчаларда қон оқмоқда. Аёлми, қариями, ёш гўдакми фарқи йўқ, барча-барчаси қатлиом қилинмоқда. Ваҳоланки бир бегуноҳ инсонни қатл қилиш, ер устидаги барча нисонларни қатл қилиш эканлиги ҳақидаги қоида – Қуръоний қоидадир оға!

-Албатта гапингнинг ҳаммаси ҳақ бўтам, не қилишни ирода этмоқдасан энди?

-Қўлиги найза, камон кўтарувчи ҳар-бир ердошимиз жангга ҳозирлик кўриши зарур деб биламан. Эртами-кечми бизнинг турган еримизга ҳам қора қузғунлар келиб қолиши мумкин!

-Мени ғаним талофати учун қўлига камон олувчилар сафидан деб билавер, бўтам! Фарзандларим қатори мен ҳам пок тупроғимизни, бағрига сажда ила пешоналар теккан заминимизни албатта, албатта ҳимоя қиламан!

                                

                     (БИРИНЧИ ҚИСМ ТУГАДИ)

 

 

              БИРИНЧИ ҚИСМДАГИ НОТАНИШ СЎЗЛАРНИНГ  ИЗОҲЛАРИ:

 

  1. “Хазар денгизи” – ҳозирги Каспий денгиз.
  2. “Ўзлоқшоҳ” – Жалолиддиннинг кенжа укаси, Мухаммад Хоразмшоҳнинг кенжа ўғли.
  3. “Хотун” – саройдаги обрўли аёл атамаси, яъни “малика” деганидир.
  4. “Гурганч” – ҳозирги Урганч шаҳри.
  5. “Ирғиз” – ҳозирги Қозоғистондаги дарё.
  6. “Ўтрор” – 13-асрда мавжуд бўлган, ҳозирги Тошкентнинг шимолроғида жойлашган шаҳарнинг номи.
  7. “Балх” – ҳозирги Қобул шаҳрининг шимолий-ғарбида жойлашган шаҳар бўлган.
  8. “Ғазна” – ҳозирги Қобул шаҳрининг жанубида мавжуд бўлган шаҳар бўлган.
  9. “Сиғноқ” – Сирдарёнинг бўйида жойлашган шаҳар.

10.“Марв” – ҳозирги Туркманистондаги Мари шаҳри.

- - -