Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 12-қисм

1532 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 12-қисм

ТАРИХИЙ МАНБАЪ: “Милоднинг 1218 – йилида Ўтрор ҳокими, Туркон хотуннинг амакиваччаси бўлган Инолчиқ Ўтрор шаҳрига келган мўғул савдогарларининг тўрт юз эллик нафарини ҳибс этдириб, молларини мусодара этказди. Қочиб қолган бир одамдан бошқаси қатл қилинади. Ўша қочишга муваффақ бўлган кимса Чингизхонга Инолчиқ томонидан содир этилган воқеани айтиб беради. Чингизхон Мухаммад Хоразмшоғдан Инолчиқни топширишини сўраб, Кафрож, Буғро билан бирга икки кишини элчи қилиб жўнатади. Хоразмшоҳ эса уларни ҳам қатл этдиради. Мана шу ишлар асносида Чингизхон Мавороуннаҳрга бостириб боришнга режа тузади. Икки юз мингдан ташкил топган қўшинни тўрт қисмга бўлиб, уларни ҳар қайси томон ва ҳар қайси шаҳардан киришга жалб этади. 1 – қисм. Чиғатой ва Ўқтой бошчилигидаги қўшинлар Ўтрор шаҳри томон юришга юборилади. 2 – қисм. Жўжи бошчилигидаги қўшинлар эса Ўзганд орқали киришга юборилган бўлса, 3 – қисм. Олоқ нўён етакчилигидаги аскарлар Хўжанд шаҳрига отланишади. 4 – қисмдаги қўшинлари эса айнан Чигизхоннинг ўзи бошчилигида Бухоро сари юриш бошлайди.” (Манбаъ тафсилоти тугади)

Пойтахтга кираверишда интизор бўлиб турган Амин тўртта отлиқни узоқдан кўриб, юраги ҳапқира бошлади. Улар яқинлашган сайин, уларнинг сиймо-чеҳралари ҳам аниқлаша бошланди. Аввалги келаётган қорамтир от устида оқ саллали, оппоқ соқолли ва келбати кенг кимса – Усмон оға эди. Ундан бир газ орқароқда эса Ниёзали, унинг ортида эса Илёс билан Ийсо иккаласи тенг от чоптириб келишар эди. Ўтган ҳафта бу томондан келган хабарчилардан бири, Аминга тоғалари айнан шу куни пойтахтга кириб келишининг хабарини тоғаси орқали етказган эди.

   Амин уларни кўриши билан отидан тушиб, югургилаб бориб Усмон оғанинг отидан тушишига ёрдамлашди. Унгача тоғаси Ниёзали, Илёс ва Ийсолар отларини четда турган дарахтларга боғлашиб, Усмон оға билан кўришаётган Аминнинг олдига етиб келишди. Улар ҳам Амин билан кўришгач, жомеъ сари юришди. У ерда икки ракатдан намоз ўқишгач, Тоҳир оғанинг уйи томон жўнашди.

    Усмон оғанинг доимий одати – бирон жойга сафар қилса ёки ўз овулига бирон жойдан қайтиб келса, биринчи борадиган жойи масжид ҳисобланади. Аввал у ерда икки ракат намоз ўқийди-да, кейин бошқа ишга ўтади. Ҳозир ҳам жомеъда намоз ўқиши зарурлигини айтиб, ҳаммалари у ерга кирган эдилар.

-Суюкли пайғамбаримиз Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам намозни жуда яхши кўрганлар, сафарга кетаётиб ҳам уловлари устида фарз бўлмаган намозларни тушмай ўқиб кетаверар эдилар. Банданинг қиёмат куни биринчи сўраладиган амали ҳам – намоз эканлиги бизни намозга эътиборли бўлишга чақиради. Киши билмайдики, унга намоз фарз бўлганидан бошлаб, қанча намози кам бўлиб қолганини, шунинг учун қўшимча намозларни кўпайтиравериш керак, тўғрими Ниёзали?!

-Тўғри, банданинг Аллоҳга муқарраб бўлишининг асоси сажда қилгувчи бўлган ҳолда туришлигига ҳам боғлиқ!

-Мени маъзур тутасизлар, аввал уйимга таклиф этишни ният қилган эдим, лекин Тоҳир оға бу ниятимга кўнмадилар. “Усмон оғанинг кавуши биринчи мени остонамни ҳатлаб кирмагунича, сеникига бормайди, чунки сизлардан аввал у киши мени танишим ва қадрдоним эди”, деб туриб олдилар, - деди ҳижолат бўлиб Амин.

-Ғам қилма бўтам, Тоҳирбек ана шунақа ўзининг мақсадини амалга оширмагунича кўнгли ўрнига тушмайди. Барака топгур, у жуда ажойиб, меҳрга бой инсон, - дея тарифлади Усмон оға.

-Мен ҳам овулимизда уни биринчи гал кўришимдаёқ, истарали инсон эканлигини қалбим билан ҳис қилдим. Аминни у кишининг қўлига топширганингизни яхшилигини яна бир карра тасдиғини кўрган бўлдим ўшанда, - деб, Аминга қараб қўйди тоғаси.

-Биз Ийсо билан овга кетиб, у кишининг келганини ҳам,кетганини ҳам кўра олмадик, - деди Илёс.

-Ҳечқиси йўқ, ҳозир иншааллоҳ уйига боргач, кўриб оласизлар ўғилларим!

    Улар кўчада кутиб турган Тоҳир оға билан бир-бир кўришишди, ҳамма билан кўришиб бўлган Тоҳир оға Усмон оғанинг қўлидан тутиб, ичкарига бошлади. Қолганлар эса уларга эргашишди.

-Алхамдулиллаҳ бизникига ҳам келажак кунингиз бор экан-ку, қадрдоним Усмон оға! Яхшиям, Амин шу ерда бўлмаса, бизни излашни унутиб юборар экансизда-а?!

-Йўқ, асло ундоқ эмас, Тоҳирбек! Икки йилдан ортиқ ўз дардим билан ўзим бўлиб, ташқарига чиқишга мутлақо имконият бўлмади. Ҳаттоки, қавмбошилик ишини эплай олиш устида хавотирим кучайиб, мана укам Ниёзалига бу омонатни топширган эдим.

-Бу иккала йигит ўғлингиз шекили-а, борганимда кўрмаган эдим.

-Ҳа, бу иккиси ўғлим, мана буниси Илёс, мана буниси эса Ийсо!

-Ирғиз воқеасида мен Ниёзалини кўра олмадим, лекин у етаклаб келган уч баҳодирни эса кўриб, улар билан кўришиш насиб этган экан. Овулга борганимда у ҳақида индамаган эдим, Усмон оға! Ҳозир мана бу икки ўғлонни кўриб, ўша уч фарзандингиз ҳам ёдимга тушди. Бир-бирларига жуда ўхшаш экан. Жанг охиригача, мўғуллар чекингунича курашдим, майдонда жароҳатланганларни йиғиштираётганимизда, уч баҳодирни бир-бирига яқин масофада жон таслим қилганликларининг гувоҳи бўлдим. Билолга бу хабарни овулидан келган бир кишига етказиб қўйишини тайинладим. Билишимча, Ниёзали ўша машъум хабарни сизга етказишган, шундайми?

-Ҳа, шундай!

    Эшик тақиллаши буларнинг сўзлашувини узди, Тоҳир оға ўрнидан туриб юрди. Ташқаридан эса таниш товуш “Тоҳир оға” деб чақирарди. Тоҳир оға уни ичкарига бошлади, у – Билол оға эди. Ниёзали уни қўмондонлар йиғиладиган чодирда, Усмон оғанинг ўғиллари хабарини эшитиш чоғида уни кўрган эди. Билол оға келган меҳмонлар ва Амин билан сўрашиб олгач, Тоҳир оғага тикилди. Бу унинг “гапимни гапираверсам, бўлаверадими”, дегани эди. Буни фаҳмлаб турган Тоҳир оға гапираверишлигига ишора қилди.

-Оғалар ва қадрдонлар! Биз айтган гаплар ҳақиқатга айланмоқда, мўғуллар қўшини Ўтрорга етиб келибди, шаҳарни қамал қилиш бошланди.

-Астағфируллоҳ ал-Азийм, нима дедингиз иним? – сўради Усмон оға.

-Ўтрор қамали бошланди, Чингизхоннинг ўғилларидан Чиғатой ва Ўқтой бошчилигидаги қўшин ҳужум бошлаган. Менинг билишимча, Чингизхон қўшинини тўрт қисмга тақсимлаб, тўрт томондан кириб боришни режалаштирган. Ҳозир ўзи Ўтрор атрофида йўқ эмиш.

-Чингизхон Мухаммад Хоразмшоҳнинг камчиликларидан унумли фойдаланиши мумкин, - дея соқолини силади Усмон оға.

-Қандай камчиликларни айтаяпсиз? – сўради Ниёзали.

-Аҳолидан бир йил учун уч маротаба хирож йиғса, ҳамма шаҳарлар ўзини мудофаа қилсин деса, аркони давлат ичида парокандаликлар юзага келаётган бўлса, бу камчилик бўлмасдан нима?!

-Ҳа Усмон оға биздан кўра тафаккури етук кимса, айтаётганлари ҳақ! Мен Жалолиддиннинг отаси эканлиги ва уни подшоҳ эканлиги эътибори билан сийлайман, сизларга ҳам у ҳақида ўйланиб гапиринглар, деб айтган эдим. Усмон оға эса бизга гапираётган гапини керак бўлса, саройнинг ўзида ҳам бу гапларини айта олади. Дарҳақиқат камчиликлар мўғуллар фойдасига иш бермаса бўлди, -  деди Тоҳир оға.

-Муфтийнинг кенгаши ҳам жуда уддаланган фикр бўлган экан-а?! Душманни жамланган қўшин билан қарши олиб, уларни кираверишдагина парчалаб ташлаш, ажойиб режа бўлган экан. Душман қўшини ўшанда тўртга бўлинмай, бир ўринда яксон этилиши мумкин эди, - деди Амин.

   Улар энди курашга жиддий шайланишлари лозимлигини гаплашдилар. Усмон оға зудлик билан Ниёзали ва ўғилларини олиб уйига жўнаш зарурлигини айтди. Аминни эса Тоҳир оға билан бирга бўлишини тайинлаб, бир-бирларини бағрига босиб, хайрлашар экан, Усмон оға барчанинг диққатини ўзига тортиб, хитоб қилишга тушди.

-Менинг суюкли яқинларим, бошимизга қора кунлар яқинлашиб келар экан ишимизни Аллоҳга топширайлик. Аллоҳ бизнинг Роббимиз ва таваккул қилувчи илоҳимиздир! Бу оламда қанча яшашимиз ва қанча ризқланишимиз  фақатгина Роббимизга маълум, шуни билинглар-ки, қачон бўлмасин барибир бир-биримизни бошқа тақдирнинг важҳлари ила тарк этамиз, абадий бирга бўлиш иншааллоҳ жаннатда бўлади! Биз Аллоҳимиздан охират ҳовлисида, жаннат остонасида кўришишни сўрайлик, келаётган ёвга эса мардонавор руҳда рўбарў бўлиб, шижоат ила курашмоғимизни доим илтижо қилайлик! Аллоҳим яхши кунда яна кўришишимизни насиб этсин!

    Бу хитоб гўёки, сўнгги видолашувдек шу ердагиларнинг қалбига алланечук ҳисларни, довулнинг тўфонидек чайқалишни олиб келгандек бўлди. Айниқса Тоҳир оға қарилик остонасига қадам қўйиб улгурган Усмон оғанинг оппоқ соқолларига қараб, унинг нотиқона сўзлаган сўзларига қулоқ тутган ҳолда уни яна қайта бағрига босди. Охирги марта кўришаётгандек, хўрсиниб хайрлашди.

 

ТАРИХИЙ МАНБАЪ:

“Милоднинг 1219-йили куз фаслида мўғуллар қўшини Ўтрор шаҳрини ишғолига киришди. У шаҳарни беш ойдан ортиқ қамал қилиб, ўз қўлларига олишди. 1220-йил эса мўғулларнинг қўли баланд келиши кузатила бошланди. Чор атрофдан уларнинг босқинлари ривожлана борди.” (Манбаъ тафсилоти тугади)

   Усмон оға йўлда қайтиб келар экан, чуқур  ўйга толди. У шу ёшга кириб, юртига ғанимлар бу қадар ёпирилиб келганига мутлақо гувоҳ бўлган эмас. Қани эди, ўзида ўғилларининг ёшлик шижоатлари ва билагидаги куч-қувват бўлса! Аллоҳга шукр, ҳали ақлида қанча-қанча яхши фикр ва тадбирлар бор, тана қарилик сари одимлаётган бўлсада, ақл пишиб етилиб, ҳикматга тўлиб бормоқда.

-Ўғлонларим биз – Ниёзали икковимиз овулга қайтамиз, сизлар эса Ўтрорга бормасанглар бўлмайди. Ҳозирча биз томонда хавф йўқ, биргина Ўтрорни олиши душманлар ғайратига ғайрат қўшади. Бунинг олдини олишни йўли эса уларга ёрдамчи тариқасида бормоқдир.

-Хўп бўлади, ота! Биз Ийсо иккаламиз, шу ерданоқ сизлар билан хайрлашиб, Ўтрорга жўнаймиз.

-Мабодо душмандан қўлларинг баланд келса, зудлик билан уйга қайтишга тараддуд кўринглар! Агар душман сизлардан қўли баланд келса, охиригача олишишга бел боғланглар!

    Ниёзали бир-бирига меҳри боғланган бу оила кишиларини кўриб, ҳаваси келди. Отанинг доим жўяли сўзлар айтиши, фарзандларнинг эса унга ҳамиша итоатда бўлишга шайланиши кишини лол қолдириш даражасида эканлиги Ниёзалини тушуниб турарди.

    Илёс ва Ийсо улар билан хайрлашиб, отларини Ўтрор томонга бурганича чоптириб кетишди. Усмон оға отини минганича, ўғиллари кетган томонга қараб турди. У иккиси кўздан ғойиб бўлган бўлсада Усмон оғанинг кўзи ҳали ҳам ўшалар тарафга қараб, гўёки қотиб қолгандек эди. Айрилиқ нақадар оғир бир қафасдир. Инсон ҳарчанд уринмасин, бу қафас исканжасидан қутулиши мураккабдир. Айниқса Усмон оға мисолидек инсон учун жуда –жуда оғир ва машаққатлидир. Аввалида уч полапонидан ажраган бу инсон, энди бисотида қолган иккигина ўғлонини ўз бағридан узоқларга жўнатди. Айниқса ҳаммасидан ҳам яхши кўрган, фарзанди бўлмасада оғанинг юраги тўридан жой олган Аминни энди кўриб, дийдорига тўймасдан олдин, уруш нафасининг кириб келиши, уларнинг йиллар давомида энди кўришгани хурсандлигини бўронли шамолдек тўзитиб юборди.

-Аминнинг уйига боришга насибамиз қўшилмаган экан-а?! – оғир хўрсиниб, отини ва кўзини Ниёзали томон бурди Усмон оға.

-Ҳа! Тақдиримизда содир бўлаётган ишларга фақат рози бўлиб, яхши қарши олишдан бошқа иложимиз йўқ оға! Пойтахтга шу ерларда кечагина кетаётганимизда бизни бугун бу айрилиқлар кутаётганини билган эдик-ми?

-Рост айтасан, бу ердан ўтаётганимзда барчамиз хушчақчақ ҳолда Аминни соғиниб, унинг олдида ҳафталаб турамиз деган ниятда кетаётган эдик. Ие, Аминни уйидагиларга олган нарсаларимиз ёддан кўтарилиб, ўзимиз билан бирга келяпти экан-ку?!

-Билол деганлари хабар олиб келганидан сўнг, ҳамма нарса чилпарчин бўлиб кетди-да оға! Майли энди бу сафар Аминникига боролмаган, уйдагиларига нарсаларни беролмаган бўлсак, иншааллоҳ юрт тинчиб, ғанимнинг қадами бу ерларда артиб, тозалангандан сўнг албатта келиб, кўришамиз ва нарсаларни бериб кетамиз!

-Иншааллоҳ, иншааллоҳ...

- - -