Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 10-қисм

1556 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 10-қисм

Тоҳир оға эрталаб бомдод намозидан сўнг Хорунбек оғанинг ҳовлисида бўлиб ўтган машъум воқеадан хабар топди. Унга етган хабарга кўра;Балхдан келган йигит Туркон хотунга тарафкаш бўлган амирлардан бирининг сипоҳилари билан кечги тунда қиличвозлик қилганмиш. Ўта чапдаст йигит бўлганлигидан бир қанча сипоҳиларни ер тишлатиб, уларнинг бошлиғини бошини узиб ғоиб бўлганмиш. Қонга бўялган чолни зиндонбанд қилиб, олиб кетишган эмиш. Тоҳир оға шунга ўхшаш, шаҳарда кезиб юрган хабарларни эшитиб, Қосим оғанинг уйига келди. Қосим оға ҳам эшитаётган хабарлар билан Тоҳир оға иккаласи ўртоқлашди. Сарой ишларидан пуҳтароқ хабарга эга бўлган Билол оғанинг улар ёнига кириб келиши уларни сергак тортиб, унга синчковлик билан қарашига сабаб бўлди.

-Дўстим, Тоҳир оға аскарлар Аминнинг изидан топиша олишмаяпти. Яхшиямки, унинг қайлиғи бор эканлигини ҳеч ким билмапти. Қайлиғини Хорунбек оға қизининг дугонаси деб ўйлашмоқда. Бечора Хорунбек оға ва кампирининг аҳволи оғир эмиш. Кампир ва икки қиз уйда қаттиқ назорат остида қўриқланмоқда экан.

   -Хорунбек оғаникида Амин турганини ким амирлардан бирига етказган бўлиши мумкин,-деди Тоҳир оға Билолга қараб.

   -Ким билади дейсиз, ҳамма ишлар хамирдан қил суғиргандек кетаётган эди. Аминнинг келганига ҳали ўн кун ҳам бўлгани йўқ.

   -Билол оғайни, бу ишни шундоқ ташлаб қўймаслик керак! Аминнинг орқасидан тушган одамни ер тагидан бўлса ҳам топишимиз керак,-деди Қосим оға.

   -Биринчи қиладиган вазифамиз,-дея иккала сохибининг диққатини ўзига жалб қилиб, гапира бошлади Тоҳир оға,- Хорунбек оғани зиндрндан бўшатиш ва Амин қўшни қишлоққа Қобил ҳожи оғаникига етиб борган бўлса, шу кунлар ичида умуман кўринмай туришини ҳамда қайлиғидан ғам чекмаслигини айтиб етказмоқликдир!

   Буюринг Тоҳир оға нима қилишимиз зарур!

   -Сен Билол жиддий ҳаракат қилиб, шу бир-икки кун ичида Хорунбек оғани зиндондан олиб чиқиш тадоригини кўр! Қосим сен эса зудлик билан амакинг Қобил ҳожи оғаникига етиб бор-да, Аминни ҳотиржам қилиб, қорасини мутлақо кўрсатмай туришини тайинла!

   -Хўп бўлади, Аллоҳ яхшилик устида кўришишимизни насиб этсин!

   -Амийн!

   Амин қуршовда қолган лаҳзада баданларига теккан қиличларнинг учини жароҳати етган ўринлари энди оғрита бошлаганини ҳис қила бошлади. Ўзининг танасидаги оғриқлардан ҳам, Хорунбек оғанинг аҳволи, уларникида қолган аёллар тақдири уни безовта қилар эди. Айниқса Хуснинисонинг аҳволи не кечмоқда экан-а?! У йўлда келаётганда зорланиб, эҳтиёткор бўлиш ҳақида куюниб гапирган эди. Аминнинг ўзи ҳам, иш бунчаликка боради деб ўйламаган эди.

   Аминни яна бошини қотираётган муаммолардан бири – унинг Хорунбек оғаникидаги истиқоматини ким айтганлиги эди. У тонг саҳарда кетиб, оқшомда қайтиб бировнинг кўзидан нари иш қилаётган эди.

   У ана шундай ўйлар исканжасида туриб Қобил ҳожи оға олиб кирган нон ва таомга ҳам қўл урмади. Чошгоҳ пайти оҳиста очилган эшикдан Қосим оға кириб келди.Ўрнидан қўзғалмоқчи бўлган Аминнинг елкасидан шапатилаб, қўзғалмай, безовта бўлмай ўтираверишга буюрди. Гап бошлашдан аввал Аминнинг ҳорғин чеҳрасига разм солди, унинг изтироб тўла кўзларига боқиш жуда мушкул эди. Шунинг учун қўлида хашакни ғижимлаб-ғижимлаб, шаҳардаги ҳолат ҳақида батафсил гапириб, Тоҳир ва Билол оғалардан уларнинг саломини етказган бўлди.

   Хорунбек оғанинг оғирлашиб қолгани, зиндон қўриқчиларини табиб чақиртиришга мажбур этди. Табиб жароҳатланган оғани кўраркан унинг аҳволи жуда мушкуллигини айтди. Кечқурунги тўпалонда иштирок этиб, Аминнинг зарбидан деворга урилган сипоҳидан бири табибнинг ёқасидан олиб ўшқирди:

   -Табиб бўлганингдан кейин, бу чолни тирик олиб қолишга уринишинг керак, йўқса мендан яхшилик кутма!

   -Барчамизнинг жонимиз, умримиз Яратганнинг иродасида! Сиз қанча менга бдўқ-пўписа қилманг, қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Агар инсонни жони табиблардан бўлганда эди, ҳали қанча инсонлар ер устида тирик юрган бўларди.

   Сипоҳи табибга бошқа гапиришнинг ҳожати қолмаганини англаб, уни қўйиб юборди ва орқасида турган шеригига деди:

   -Бу ишлардан Жалолиддиннинг одамлари хабар топмасликлари керак, тушундингми?

   -Хабардор бўлганда ҳам, нима қилишади Жалолиддинга етказишадими? Ўзлоқшоҳни маликамиз Туркон хотун қўйган бўлса, Жалолиддин момосига қарши нима ҳам қила оларди.

   -Сен кўп вайсамай, ақлингни пешлаб ол! Жалолиддин ва Ўзлоқшоҳ барибир иккаласи ҳам шаҳзода ҳисобланади, билиб қўй! Жалолиддин валиаҳдликдан туширилган бўлса ҳам, обрў-эътибори баланд кишилардан ҳисоблинадию Бу ишни калласидан жудо бўлган сипоҳи боши фақат ақчага ишлаш учун дабдаба қилмоқчи бўлувди. Унинг сарой ишларига мулақо алоқаси йўқ.

   -Сипоҳи боши кимнинг буйруғи билан қилди деб ўйлайсиз.

   -Амирлардан бири мисгар Аббос билан танишлиги бор экан. Ўша мисгарнинг илтимоси билан амир бошлиғимизни  чақиртириб, мисгар берган юз тиллодан эллик тиллосини олиб қолиб, эллигини бериб мана бу чолнинг уйидаги йигитни  гумдон  қилмоқчи бўлишган.

   -Нега энди сиз, бу чолни тириклай қолишини истаяпсиз?

   -Ахир бу чол вафот топгудек бўлса, яқинлари саройга арз қилса, бизнинг-ла эмас сипоҳи бошига амр қилган амир ҳам ғалва тагида қолади. Шунинг учун у мени эрталаб чақириб, роса сўкди. Биз ҳам сипоҳи эмишмиз, битта овулдан келган ялангоёққа кучимиз етмагани шармандалик эмиш. Сипоҳи бошини амир зудлик билан олинган калласини бир кафан ичига ўратиб, ювдирмай, жанозасини ўқитдириб, дафн этказиб юборди. Мени эса тезда зиндонга бориб, жароҳатланганни тузатиб уйига кузатиб юбор деди. Сени йўлда учратиб, ҳеч нарса демай, шошиб келганимнинг боиси шу эди.

   -Энди нима қилиш керак?

   -Энди гап бундай, манави зиндон қўриқчиларига икки тилло бериб, чолни уйига ташлаб клишга буюрамиз, уйдагиларга бундан кейин бировни уйида беркитмагани яхши эди, деб ташлаб келишади, вассалом!

   -Икки тиллони қаердан топасиз?

   Сипоҳи мўйлабини бураб кулди ва шеригининг қулоғига пичирлаб деди:

   -Сипоҳибоши танасидан жудо бўлгач, унга қайғурган одам бўлиб, ҳамёнидан амир топширган эллик тиллони олиб қўйган эдим.

   -Ишлар битса, менга ҳам тиллодан тортиқ қиларсиз! Очкўз сипоҳини деб деворда ўпкам ёрилай деди, мени ҳам.

   -Манабу беш тилло, икки тиллони ташлаб келувчиларга бериб, уч тиллони ўзинг оласан, бўл тез! Чол тағин уйига етгунича бу оламдан кетиб қолмасин! Тахта яна бир ишни тайинлаш ёдимдан кўтарилай дебди; бу чолни қўриқлаётганларга ҳам етказиб қўй, жой-жойларига кетишаверсин!

   -Хўп бўлади, яхшиям сипоҳи бошининг калласи кесилгани, сиз қирқ беш тиллолик мен эса уч, анави қўриқчиларбир тиллодан иккитаси ишлаб оладиган бўлди.

   -Бўлди овозингни ўчир хумпар, сенга айтдимку, амирнинг ўзи ишни ёпди-ёпди қилиш учун сипоҳи бошини кўидириб юборди деб!

   -Мисгарга нима дейди энди амир?

   -Сенинг ишинг бўлмасин! Мисгар айтган иш бўлди-ку ахир, Балхлик йигитнинг капалаги учиб, қочиб қолди аблаҳ!

   -Лекин жуда паҳловон эканми-а?!

   -Тур йўқол, маҳмадона! Ишингни қил!

   Бу манзарани ва уларнинг гапларини маҳбусга ўхшаб, эшик орқасида кўринмай ётган Билол оғанинг чопари жон қулоғи билан эшитиб турарди. Чолни ўрнидан турғазиб, кўтараётган кимсаларнинг чеҳраларини яхши кузатди-да, қайта яна ўрнига ётиб олди.

   Хорун оға уйига келтирилганини ҳам жон оғриғида мутлақо сезмади.Сокина билан онаси Сора момо қўриқчилар уни ташлаб уйларидан чиқиб кетгач, югургилаб келишди. Хорунбек оға жон таслим қилишга яқин қолган эди. Сокина бетини юмганича йиғлаб, Хуснинисо томонга юриб чиқди ва унинг елкасига бошини қўйиб, йиғлай бошлади. Бироздан сўнг Сора момо ҳам чиқиб келиб, йиғлаганича қизига деди:

   -Болам Аллоҳнинг қадарига рози бўлишдан бошқа чорамиз йўқ! Қўшни аёлларга чиқиб, хабар беринглар! Эрларига айтишсин отангни бандачилик қилганини...

   Тоҳир оғанинг ҳижолатчилиги тобора ортиб борар, ишлар энди қай йўсинда ривожланишига ҳайрону-лол эди.Яхшиямки унинг изтиробларига ҳамнафас, вафодор шерик-укалари бор. Билол оғанинг юзлари қизарган ҳолда ҳаллослаб кириши, унинг яхши хабар келтирганидан далолат эканлигини билдириб турарди.

   Усмон оға Аминнинг кетганига уч йига яқин вақт ўтибдики, фақатгина келаётган чопарлардан олаётган мактубидан бошқа маълумотга эга эмас эди. Тоҳир оғанинг Усмон оға ёнига қилган ташрифи Усмон оғани беҳад қувонтирди. Кўп йиллар дийдор кўришмаганликлари ва шу билан бирга Амин ҳақидаги хабарларни эшитиш Усмон оғанинг кайфиятини янада кўтарди.

   -Усмон оға, Амин сизга салом айтаркан, унга тайинламоқчи бўлган ишингиз устида бўла олмаганидан кўп таассуфлар билдирди. Икки ўғлингиз билан бирга унга топширмоқчи бўлган ишингиз хусусида ҳижолатда экан.

   -Ҳа энди, Тоҳирбек  Амин учун мен топширмоқчи бўлган ишдан кўра муҳим ишлар уни кутиб турибди. Аминнинг ўзи яхшими, қайлиғи соғ-саломатми? Фарзандли бўлганини мактубида ёзган эди.

   -Мен келишимдан аввал яна фарзандли бўлди, Усмон оға! Менинг бир танишим бор эди, исми – Хорунбек. Ўша оға Аминнинг ҳимоясига чиқаман деб нобуд бўлди. Амин ва қайлиғи у кишининг ўлимида ўзларини сабабчи деб, кўп қайғуришди.

   -Нега?

   -Улар пойтахтга етиб боришганида биз йигитлар билан уларни ўша – Хорунбек оғаникида туришсин деб, келишган эдик. Амин уларникида истиқомат қилаётган паллада, Хорунбек оғанинг биттагина қизи ўша уйда эди. Бир мисгар қудаси бор эди. Ўғлини Хорунбек оғанинг меросига эга қилмоқчи бўлиб юрган экан. Аммо бадхулқ куёв Хорунбек оғанинг қизига зулмлар қилишни бас қилмай, талоғини берган. Отаси эса Хорунбек оғанинг бойлигига кўз тикиб, боласини қайтадан ҳайдалган келинига қайтармоқчи бўлиб юрган. Амин ўша кунларга тўғри келиб, Хорунбек оғаларникига бориб қолган. Мисгар Аминни ичкуёв қилиб олади деб қўрқиб, таниш бир амирига Амин устидан арз этиб, юз тилло пора берган. Амир эса Аминни уч-тўрт кун ўзига қарашли сипоҳилар орқали кузатиб, мен билан учрашаётганини пайқаган ва шу иш боҳона Аминни зиндонбанд қилмоқчи бўлган. Аммо сипоҳилар Аминни ушлашда ожизлик қилиб, уни қочириб юборишган.

   Оппоқ соқолларини силашдан тўхтаган Усмон оға Тоҳир оғага тикилиб сўради:

   -Сипоҳилар амирнинг буйруғи билан келганига қандай асосларинг бор?

   -Эй Усмон оға, Билол укангизни биласизку, қандай ўткирлигини! У Амин борган куниёқ, ишни олишнинг бир йўли деб, бозорда бир танишига жанжал чиқартириб, атайлаб зиндонбанд қилдирган. У таниши Билолга ўхшаб саргузаштларни жону-дилидан яхши кўрадиган одам экан. Амин ўша куни қўшни қишлоққа қочиб, Хорунбек оға ҳибс қилиниб, олиб келинганида ҳам Билолнинг таниши зиндонда бўлаётган ишлардан хабардор бўлган. Билолнинг яна бир таниши ундан ҳол-аҳвол сўрагани борган одам бўлиб, тафсилотларни билиб турган. Амин ўлдирган сипоҳининг икки одамининг сўзлашуви айнан ўша зиндонэшиги ёнида бўлган. Кейин эса улар айтганидек, Хорунбек оға уйидаги қўриқчилар кетказилган, Хорунбек оға зиндондан бўшатилиб, уйига келгач вафот этган.

   -Кейин Аминни изидан тушишмаганмиди?

   -Биринчи куни ҳаракат қилишган эди, аммо изини йўқотиб қўйишди. Қосим укангизнинг аввал хуфя бўлиб ишлаган амакиси бор эди-ку, қўшни қишлоқлик, ким эди?

   -Қобил ҳожими?

   -Ҳа,ҳа ўша! Хотирангиз жуда бикр, Усмон оға, ўша Қобил ҳожи оға моҳирлик қилиб, изқуварларнинг тинкасини қуритадиган услубларни қилди. Иккинчи кун эса амир тафтишни бас қилиб, Туркон хотуннинг баъзи фармонларини бажариш учун узоқроққа кетди. Биз эса сергакликни қўлдан бой бермай, Аминни қишлоқдан силжитмадик. Хорунбек оғани жуда яхши кўриб қолган экан, жанозасига қатнашаман деб туриб олса ҳам, унамадик. Бечора икки кун йиғламсираб, махзун бўлиб юрди.

   -Қайлиғичи, Хуснинисо?

   -У уй бекаси бўлган Сора момо ва дугона бўлиб қолган қўли ногирон қиздан жуда ҳижолатга тушди. Айтганимдек ўзини ва Эрини уларнинг уйидаги мусибатга сабабчи деб билди. Лекин Сора момо ва қизи Сокинанинг сабр-қаноати жуда комил экан, Усмон оға! Аминнинг қайлиғига қаттиқ танбеҳ бериб: “Қайтиб ўзингларни бу ишда айбдор деб ҳисобламанг! Агар шундай деяверсангиз, биз билан алоқани йиғиштириб жўнанг! Бу мусибат, Аллоҳдан! Ҳеч ташвиш чекманг!” дейишипти.

   -Балли, жуда ўринли гапни айтишибди.

   -Бир ҳафтадан сўнг Амин бориб пойтахтдан қайлиғини қишлоққа, яширинча олиб кетди. Сора момо жуда қайғуга қолди, қизи ҳам. Чунки улар Амининг қайлиғига жуда ўрганиб қолишган экан. Биз аминни пойтахтга олиб келиш учун мисгарни у ердан кетказишимиз керак эди. Чунки у келинига бшлган умидни узмаган эди. Тўғрироғи келинига эмас, отасидан қолган бойлигига! Бир кун ўша мисгарни сарой хазинабонидан ўғринча мис олаётгани хабари бизга етди. Билол билан ҳалиги икки таниши уларни қоронғу тунда тутиб олишди. Агар бу ердан тезда узоқроқ ерга кўчиб кетмаса иши очилиб кетишидан огоҳлантиришди. Мисгар жуда қўрқоқ экан-да ўзи, бир куннинг чида ғоиб бўлди, қолди. Хазинабонни эса Билолнинг саройдаги таниш бир вазирга айтиб, зиндонбанд этказди ва ўша вазирнинг хос одамларидан бўлиб қолди. Кейин билсак, ўша вазир ҳам Жалолиддинга меҳр қўйган кишилардан экан! Икки йил Аминнинг қайлиғи ўша оила билан борди-келди қилиб турди. Ўтган йили Сора момо жуда қаттиқ бетоб бўлиб, ётиб қолди. Амин момони кўргани зиёрат қилгани борганда, Хорунбек оғанинг васиятини Аминга айтибди.

   -Қанақа васият?

   -Эҳ Усмон оға, Аминдек зийрак, ақлли йигитни меҳмон қилиш Хорунбек оғага катта шараф олиб келган. Хорунбек оға фарзандлари ёшлигида ўтиб кетиб, ўғил фарзанд меҳрига ошиқар эди. Амин пойтахтга борганда, уч кунга деб олиб кетган Хорунбек оғанинг қалби унга тушган. Васиятида бор мол-мулкининг тўртдан бирини Аминга беришни айтиб юрар экан.

 -Ҳа Тоҳирбек, Хорунбек оғангизнинг Аминга бўлган мухаббатини мен бир неча йиллар аввал мана бу еримда ҳис қилганман! Амин кетганидан сўнг яна ҳам у менга фарзандларимдан суюкли эканлиги билинди, қолди. Шу ерим билан уни соғиндим! - деб кўкрагининг чап томонига ишора қилди.

 -Аминни довюрак,ахлоқли инсон бўлиб етишишида сизнинг ҳиссангиз катта!

  -Тоҳирбек Аминнинг олдига эсон-омон етиб бориб, унга мендан кўп саломлар етказинг, оиласи билан тинч бўлсин!

   -Хўп бўлади!

   -Мен унга, ўғилларим Илёс ва Ийсога  айтмоқчи бўлган ишим, Идрис, Исмоил ва Исҳоқнинг бевалари иддаси тугагач, ўшаларни қарамоғига олишлари эди. Илёс ва Ийсо ўшандоқ қилишди.Лекин Амин йўқлиги учун бу ишни унга айта олмадим. Унга тегишли бева келинимни бошқасига узатдик, Аллоҳга шукр яхши яшашяпти. Набираларим вақти-вақти билан келиб, менинг ҳолимдан хабар олиб туришади.

   -Усмон оға, сиз ҳар-бир ишни ўйлаб, маромига етказиш пайида бўласиз, қойил! Ўтиб кетган болаларингизнинг аҳли ҳақида жон куйдиришингиз бунга яққол далилдир.

   Шу пайт уларнинг ёнига Ниёзали кириб келди. Аввал Тоҳир оға Ниёзали билан кўришмаган, лекин у ҳақида Усмон оғадан эшитган эди.

-Бир-бирларинг билан танишинглар! Мана бу келган – бизнинг қавмбоши Ниёзали бўлади, Аминнинг тоғаси!

-Ассаламу алайкум, - дея биринчи бўлиб саломлашди Ниёзали.

-Ва алайкум ассалам, яхшимисиз иним! Амин сизга салом айтди, аҳли ва хонадони билан тинч, омон юришипти!

-Саломат бўлишсин, сиз ўзингиз чарчамай етиб келдингизми?

-Ҳа алхамдулиллаҳ, яхши келиб олдим.

Ниёзали меҳмон билан ҳол-аҳвол сўрашиб олгач, Усмон оға билан қўшқўллаб кўришиб, меҳмондан қуйироқда ўтирди. Бироз гаплашишгач, Ниёзали меҳмонга қараб, деди:

-Айбга буюрмайсиз, сиздан бир нарса сўрасам майлими?

-Майли, майли бемалол!

-Эшитишимча, Хоразмшоҳ билан Чингизхон ёвлашиб қолганмиш, шу ҳақида ҳеч гап-сўз йўқми?

-Ҳозирча мен ҳам тўлиқ маълумотга эга эмасман, аммо иккала подшоҳлар ораси бузилиб келаётгани бор ҳақиқат иним! Аллоҳимдан яхшилик ва офият сўраймиз.

   Улар яна бироз гаплашиб ўтиргач, меҳмон кетишга изн сўради. Тезроқ пойтахтга бориши кераклигини айтиб, жўнашга ҳозирлик кўра бошлади.

- - -