Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 9-қисм

1616 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 1

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 9-қисм

Тонг саҳарда уйғонган Амин, аёли билан бирга намоз ўқишди. Хақ Таъолодан эзгулик ва офият сўраб, намози бомдодни йўлда ўқишни ният қилиб. Сафарга отланишди. Усмон оғадан йўлиқиши зарур бўлган кишиларнинг таржимайи ҳолларини яхши билиб олган Амин улар билан қандай ишларнинг гувоҳи бўлиши ҳақида ўйланиб борар эди. Хуснинисо эса эрининг ортига мингашган суратда ўзи учун бегона ерларга кетиб борар, ўн етти ёшга қадам ташлаётган бўлишига қарамасдан, ўзининг яшаётган еридан бошқа жойга ҳеч сафар қилмаган эди. У бир томондан кўрмаган ерларини кўриш иштиёқи ҳам куёви билан биргаликда

сафарга отланиши хурсанд қилса, иккинчи томондан эса ўз еридан кетиш айрилиғи  ва бегона ерда қандай савдолар уларни кутаётганлиги хатари қийнар эди. Шунинг учун ўз хаёли билан бўлиб, кейинги қишлоққа етиб келганини ҳам сезмади.

   -Хусниой, сиз уловдан тушиб, мана бу жойда намози бомдодни ўқиб, мени кутиб туринг! Мен эса анави масжидга кириб, жамоат билан адо қилиб чиқай!

   Намозлар адо бўлгач, улар яна сафарларида давом этишди. Энди бу гал қалбига ёруғлик кира бошлаган Хуснинисо куёвига гапира бошлади.

   -Сизни пойтахтга боришингизжуда муҳимми? Шу кунлар ичида менга ҳеч нарса демаган эдингиз-ку?

   -Мен ҳам бу ҳақда билмас эдим, Хусниой! Ўзингиз кўрдингизку, Ийсо оға келиб уйимизда мени чақириб кетди. Қачон Усмон оғанинг олдига борганимдагина бу сафар ҳақида эшитдим!

   -Дарров рози бўлдингизми?

   -Албатта-да! Чунки Усмон оғанинг сўзини икки қилиш менинг ҳулқимга тўғри келмайди. Сўнг эса Илёс ва Ийсо оғамлар туриб, бундай иш менга юклатилиши – мен учун катта масъулият ва шарафдир!

   -Масъулиятингиз чўзилиб, кўп вақт қолиб кетсак-чи?

   -Иш қандай бўлишидан қатъий назар, икковимиз бирга бўламиз, намунча хотиржамсизликка тушяпсиз Хусниой?

   -Ҳозир аввалгидек хотиржамлик пайти эмас, буни сиз мендан кўра яхши биласиз. Сиз эса Жалолиддин тарафдорисиз ва ўша кишига яқин бўлган, у кишига вафодорлик билан турувчи кишилар олдига кетмоқдасиз. Ахир салтанат унинг кичик укаси Ўзлоқшоҳга ишониб топширилиб, у валиаҳд қилиб тайинланган бўлса, Жалолиддиннинг ва унга қарашли одамларнинг ҳолини ўйлаб кўринг, саййидим!

   -Аммо аҳвол шундай экан деб, ҳамма ўзи билган ишни қилиб юравериш керакми?

   -Йўқ, албатта хайрли ишлар ва тадбирлар бўлса, иштирокчи бўлган яхши, аммо эҳтиёткорлик билан иш кўришни назарда тутяпман холос!

   Улар пайшанба куни асрга яқин пойтахтга етиб келишди. Амин асрни жомеъда адо этгач, ўша ердаги баъзи одамлардан такяхона суриштиришга тушди. Намозни ўтаб чиқиб келаётган мўйсафидлардан бири Аминга тикилиб турди, икки-уч одам билан гаплашиб бўлгач, унинг ёнига бориб, қўлтиғидан тутди.

   -Бошқа ердан келган мусофирга ўхшайсан болам, нима керак айтавер!

   -Ҳа, мен мусофирман Балх томондаги овулларнинг биридан келдим. Такяхона керак эди.

   -Бизнинг шаҳримизга келган меҳмонни такяхонада эмас, уйимизнинг тўрида кутиб оламиз болам! Такяхонада савдогар, доим сафар юмуши билан юрадиган кимсалар тураверсин. Юр болам, меҳмон қилиш уч кун, сен эса бугун келибсан, юр бизникига!

   -Оғажон мен ўзим-ла эмасман, ташқарида уловим ёнида қайлиғим ҳам бирга келган.

   -Майли, майли болам! Ўн нафар бўлсаларингиз ҳам кампирим иккаламиз сизларни бемалол кузатамиз, юринглар!

   Мўйсафид тут дарахтига боғланган отини ечиб минди-да, Аминга “орқамдан юр” дегандек қараб қўйиб, олға силжиди. Амин қайлиғини мингаштириб, мўйсафиднинг уйи томон юрди. Уйига етиб келгач, мўйсафид отдан тушиб, Амин томонга қарамай, деди:

   -Болам, қайлиғинг шу ерда тура турсин! Кампирим чиқиб, кутиб олади. Сен эса отингни етаклаб, ортимдан оғилхона томонга юр!

   Амин Хуснинисони уловдан тушишига ёрдам бериб, у тушгач ўша ерда чиққунига қадар туришини айтиб, отини етаклаб мўйсафид айтганидек, оғилхона тарафга юрди. Бироздан сўнг ёшлари етмишлардан каттароқ бўлган момо эшик ёнида пайдо бўлди ва Хуснинисони уйга таклиф қилди. Улар кирган ҳужра шинам ва ораста эди. Қўшни ҳужрага эса мўйсафид ва Амин кириб, ўтиришди.

   -Хўп, мусофир болам! Менинг исмим Хорунбек, заргарман! Кўзим хиралашиб қолгандан бери, у ишни ташладим! Уйимда кампир билан китоб мутоъала қиламиз тоат-ибодат қилиб, кексалик айёмларини ўтказяпмиз! Сен тўнингни ечиб, астойдил ўз уйингдек, бемалол ўтир! Қайлиғингдан хотиржам бўл, уни кампирим Сорахон қўшни ҳужрага олиб кирди. Мен ҳайвонларнинг  ўт-сувига қараб келай!

   Хорунбек оға оғилхона томон ўтиб кетгач, кампир Хуснинисо орқали кичик саватда нон, қанд-қурс, қуритилган туршак киргизиб юборди.

   -Яхши жойлашиб олдингизми, саййидим!

   -Худога шукр, ўзингизчи Хусниой!

   -Мен ҳам Аллоҳга шукр яхши жойлашиб олдим. Топган одамларингиз жуда яхши одамларга ўхшайди. Сиз учрашишингиз лозим бўлган кимсалардан бирими – бу хонадон сохиби?

   -Йўқ, бу кимса эмас! Уларни иншааллоҳ эртага жума намозидан кейин қидириб топаман. Бу хонадонга вақтинча қўндик холос. Сиз мўйсафид келмасидан бурун, кампирнинг олдига чиқинг!

   -Бўпти майли!

   Хорунбек оға Амин ўтирган дастурхон ёнига келиб ўтирди. Ёши анча кексайиб қолган бу мўйсафид, кийиниши ораста, соқоллари ва юзлари нуроний, жилмайиши Усмон оғага ўхшаб кетарди. Амин дастурхондаги ноз-неъматлардан олиб, майда чайнар экан, Хорунбек оғанинг ортида турган токчадаги китобларга тикила бошлади. Китоблар адади жуда кўп эди. Хорунбек оға Аминнинг тикилиб турганини сезиб, уни гапга тутди:

   -Китобларга қизиқасан шекилли болам!

  -Ҳа, Хорунбек оға! Инсоннинг энг яқин ва содиқ дўсти китоб-ку!

   -Жуда тўғри, мен бу китобларни сендан ҳам кичикроқ ёшимдан буён тўплаб келаман. Топган ақчамнинг ҳеч бўлмаганда йигирмадан бирини шу ишга сарфлаганман! – дея, токча томондаги китобларга назар ташлаб сўзлади Хорунбек оға.

   -Фарзандларингиз борми, оға!

   Хорунбек оға китоблар томондан Амин томонга бир қараб қўйди, кўзини маъюсона эгиб, дастурхондан бир туршакни оғзига солиб, шимиди.

   -Етти фарзандни қора тупроққа ўз қўлларим билан қўйганман, Аллоҳнинг иродаси экан, уларга биз яшаётган оламда яшаш насиб этмади. Фақатгина кенжа қизимиз ҳаёт қолган холос. У ҳам қўли сал ногирон бўлиб туғилган, бечоранинг бахти юришмади. Тўрт ойча бўлиб қолди, катта ваъдалар эвазига олган мисгарнинг ўғли уйимга ташлаб кетган. “Бизга қўлининг сал эгилмаслиги ҳеч нарса эмас, асосийси кўркам хулқлилиги”, деган бу мисгарлар қизим уларникига келин бўлиб тушганнинг бу ёғида хўрлагани, хўрлаган. Кейин билишимча, менинг заргарлигимга, молу-давлатимга қизиқиб, қизимни олишган экан. Улар сўраган нарсаларни рад этиб, уларга “қизимни яхши қаранглар”, десам ҳам унга дағал муомалаларини бас қилишмади. Аксинча “Отанг минг тилло бериб турсин, сени тўла ҳаракатланмайдиган қўлинг билан ҳеч ким олмас эди. Биз келин қилиб олдик. Энди фойдаси тегса отангнинг бизга фойдаси тегсин, бўлмаса бу ердан жўна”, дейишипти. Мен “майли минг тилло бўлса, минг тиллодир”, десам қизим бечора “қўйинг ота, буларга тилло бера кўрманг! Буларда хайр йўқ , менинг ҳам бу бадхулқлар ичида яшай олишга кўзим етмаяпти”, деди. Ўша куни куёв бола қизимнинг талоғини берибгина қўймай, юз-кўзини уриб-ёриб, кўчага солиб ҳайдади. Ҳозир эса бечорагинам қўшни махалладаги холасиникига кетган.

   -Қайғурманг Хорунбек оға, қайғурманг! Албатта мазлумларга қўли билан ёки тили билан зиён етказиб золимлик қилган ноинсофлар албатта тавба қилмасалар қаттиқ афсус-надоматга кўмиладилар!

   -Ҳа ўшандай болам, ёмонларнинг жазосини Холиқи Таъолонинг Ўзи берсин! Тур энди, шом намозига бориб келайлик, биз келгунимизча қайлиғинг билан Сора момойинг таом пишириб қўйишар, юр жўнадик!

   Хуснинисо айтганидек бу хонадон сохиблари жуда ажойиб кишилар эди. Меҳмоннинг иззатини жойига қўйишга уста ва моҳир одамлар эди. Шомга азон садолари эшитилмай туриб, хонадон сохибларининг биргина ҳаёт қолган ва аччиқ турмушида яшай олмай, ажрашиб уйига қайтган Сокина уйга кириб келди. Аввалига Хуснинисо бу кўриниши жуда кўркам ва истарали бўлган қизни қўшни қизлардан деб ўйлаган эди. Фақатгина Сора момонинг унга айтган сўзлари, Сокинани – шу  уйнинг бекаси эканлигини  бидирди.

   -Кел, Сокина қизим! Уйимизга меҳмон келди. Отажонинг аср намозига чиқиб, мусофир бўлган ёш қайлиқларни уйимизга етаклаб келди! Танишиш  қизим, бу Балх томонлик – Хуснинисо!

   -Ассаламу алайкум, келинг дугонажон! Уйимизга мархабо, анчадан буён ўзим тенги дугоналарни кўриб, гаплаша олмай юрувдим.

   -Ва алайкумус-салам Сокина яхшимисиз? Кўчангларда сиз тенги қизлар нега йўқ экан?

   -Барчаси уйли-жойли бўлиб кетишди-да, дугонажон!

   Сокина меҳмон билан кўриша туриб, ўнг қўлини авайлай кўришди. Улар таом таёрлашда давом этишаркан, унинг тез-тез ўнг қўлини эҳтиёт қилиши Хуснинисонинг эътиборини тортди.

   -Нега қўлингизни авайлайсиз, дугонажон? Уни чиқазиб олганмисиз дейман!

   Она-бола бир-бирига зимдан қараб қўйишди. Ажабланаётган Хуснинисо эса берган саволига жавоб кутиб турарди. Шу он Сора момо Хуснинисога деди:

   -Қизим, дугонангизга Яратган Парвардигорим қўл синовини юборган. Ўша сизайтаётган қўли туғилаётган палладаёқ тўла ишлатила олмайдиган ҳолда туғилган. Отаси бечоранинг кўрсатмаган табиби қолмади. На илож, шу синов бор экан биз ҳам дугонангиз ҳам сабр ила яшаб ўтамиз.

   -Узр, мени маъзур тутасизлар, билмай сўраб юборипман.

   -Ҳечқиси йўқ! Аллоҳ бандаларнинг иймонлари қувватига яраша имтиҳонлар юборади. Бу мен ва ота-онам учун яхшилик белгисидир!-Деди Сокина Хуснинисога боқиб.

   -Энди қизлар, эркаклар намоздан қайтгунларига қадар, таомни идишларга солиб, уларнинг ҳужрасига олиб киринглар! Ташқаридан уларнинг келаётган товушлари эшитилмоқда тез-тез бўлинглар қани!

   Шу зайлда Амин ва унинг қайлиғи бир ҳафтадан ортиқ Хорунбек оғаларникида истиқомат қилишди. Келганларининг эртаси куни жума намозидан кейин Усмон оға айтган атторхонада келишилган уч нафар кишини йўлиқтирди. Тоҳир исмли кимсага олиб келган мактубни берди. Амин ўзи ва қайлиғига алоҳида ҳужра берилади деб ўйлаган эди. Аммо вазият нозиклиги эътибори билан Усмон оға айтган кишилар буни вақтинчалик ортга суриб туришини айтдилар.

   -Мен Усмон оға ёзган мактуб билан танишиб чиқдим. Бу юборилган йигит Амин экан. Ишончли, оилали эканлиги қайт қилинипти. Сизлар Билол ва Қосим нима дейсизлар, Аминни навкарлар таёргарлик ўтайдиган ерга олиб борайликми?

   -Биз Усмон оғани яхши кўрамиз. У киши ишониб жўнатган кимсани ҳам яхши қарши олишимиз, Усмон оғага ҳурмат нишонаси деб, ўйлайман – деди Билол исмли Ниёзали ёши қурамли киши.

  -Мен ҳам шундай деб ўйлайман,Тоҳир оға!-деди Қосим. У ҳам ёши Билолнинг ёшидек чамада эди. Улардан фақат Тоҳир деганлари уч-тўрт ёш каттароқ эди.

   -Бўлмаса бундоқ қиламиз! Амин оиласи билан вақтинча Хорунбек оғаникида яшаб туради. Мен у киши билан самимий дўст ва ака-укаларданмиз. У кишига тушунтириб айтаман, ҳозирги паллада Туркон хотун фойдасига изғиб юрган амирларнинг хуфёларидан жуда эҳтиёт иш қилишимиз зарур. Бу ишда синчковлик билан иш кўришимиз ўзимиз ва Жалолиддин учун жуда муҳимдир

   -Хорунбек оға Аминни нега келганлигини билишининг зарари йўқми?-сўради Қосим.

   -Йўқ, ҳеч қандай зиёни йўқ! Биринчидан; Хорунбек оғанинг оиласи кичик, кампири ва қизидан бошқа ҳеч кимиси йўқ. Аёллари у кишининг ишларига, келаётган меҳмонларига мутлоқо қаршилиг йўқ. Иккинчидан; Хорунбек оға – Жалолиддиннинг энг иҳлосли талабгорларидан биридир. Унинг валиаҳдлилиги бекор бекор қилинган куни – энг кўп қайғурган ва мен билан хуфтондан то бомдод намози пайти киргунига қадар уйида дардлашиб чиққани ҳамон ёдимда. У кишидан кўнглинглар тўқ бўлсин. Зеро Жалолиддиннинг қайта валиаҳд бўлиши, юрт назоратининг унинг қўлида бўлиши-нафақат сизу-бизнинг, балки Хорунбек оғанинг ҳам қалб тилагидир. У буни, яъни Аминни ишончлилар сафига келиб қўшилишини жуда жуда хурсандчилик билан қарши олади.

   -Иншааллоҳ, иншааллоҳ – деб бош ирғади Амин ва Тоҳир аканинг маслакдошлари.

   Хақиқатан, Хорунбек оға Тоҳир оғадан Амининг тафсилотини эшитгач, жуда-жуда хурсанд бўлди ва Тоҳир оғанинг елкасига шапатилаб, уни табриклади.

   -Жуда ажойиб тадбир Тоҳиржон ука! Бир кундаёқ Амин менинг ишончимга айланди, қолди. Кўзим хиралашиб, китоб ўқигани ҳам қиналаётган эдим. Аминнинг гўзал мутоъаласини тинглаб, қалбларим равшанлашди. Икки-уч кунда кетиб қолишса, уйим ҳувиллаб, зерикиб қоламан деб ўйлаб, хавотирланаётган эдим. Мана Аллоҳнинг марҳамати ила мусофир болам билан яна ҳамхона бўлар эканманда. Аминга айтинг Тоҳиржон укам, юмушларидан бўшаб, фориғ бўлган чоғ, бемалол бораверсин. Қайлиғи ҳам кампирим ва қизим билан тез фурсатда апоқ-чапоқ бўлишиб эски танишлардек иноқ ўтиришипти.

   Амин Тоҳир оғадан Хорунбек оғанинг меҳрибонона сўзларини эшитиб, қалби шодликка тўлди. Яна қайси жойга кўчиб ўтамиз деган ташвишдан ҳоли бўлиш уни қувонтирган эди. Уларнинг яна бир қанча кунлар яшаб туриши хабари – Хуснинисо каби Сора момо ва қизи Сокинани ҳам беҳад хурсанд қилди. Амин бомдодни Хорунбек оға билан жомеъда ўтаб бўлгач, Тоҳир оға тайинлагантерга қатнар, шом намозидан сўнг қоронғу тушган паллада уйга қайтиб келарди.

   Уларнинг истиқомати тўққизинчи кунга етган кечада, хуфтон намозини ўқиб қайтишган Амин ва Хорунбек оға Қуръон ўқимоқчи бўлишди. Амин шам шуъласига Мусхафни яқинроқ қўйиб, тиловатни бошлади. Амин ўқиётган оятларни ёддан билса ҳам, Хорунбек оға ёнида адшиб кетмаслик учун китобга бир-бир қараб қўяр эди.

   Девор томондан дупур-дупур товушлар эшитилди. Қўлида тасбеҳ ўгириб, тиловат тинглаётган Хорунбек оға сергак тортди. Амин қироатни тўхтатиб, жим бўлгач, дупурлаш шовқини тинмади. Аксинча кучая бошлади. Қўшни ҳужрадан Сокинанинг даҳшатли қичқириғи янгради. Хорунбек оға ўрнидан қўзғала бошлаганда, Амин сапчиб туриб унга қаради ва:

   -Хорунбек оға сиз безовталанманг! Мен ташқарига чиқиб, ҳолатни биламан!-деди.

   -Қизим Сокина нега қичқирди, нега?

   Амин эшикни тез суратда очиб, ҳовлига чиқди. Ҳовлида йигирма нафар юзларини ниқобда тўсиб олган, камон-найзали кишилар турарди. Уларнинг уч-тўртасининг қўлида, ёқилган шамлар бор эди. Аста эсаётган тун шабодасида шам ёғдуси липиллаб турарди. Эшик очилганини кўрган бир ниқобли Амин томонга юрди ва ёнидаги қиличини чиқариб, деди:

  -Балх тарафдан келган қузғунча қани?

   -Қузғун эмас, меҳмон деб айт бадбахт!-дея ичкаридан чиқиб келди Хорунбек оға.

   -Оға сиз кира туринг, булар мени қидириб келганга ўхшайди.

   Ҳалиги ниқобли киши ортига қараб, ниқоблиларга ишора қилди. Улардан тўрт нафари югуриб келиб, Аминни ушламоқчи бўлишди. Амин чаққонлик билан авал келаётган иккитасини бир ҳамладаёқ йиқитди, кейинги иккитасини эса баравар суриб бориб, деворга гурсиллатиб урди. Иккаласи орқа елкасига теккан девор зарбидан ерга чўзилишди. Хорунбек оға кўрсатма бераётган ниқобли томон юрди.

   -Сен тушунтириброқ айтсангчи, муддаойинглар нима ўзи?

   -Сен қари чол нари тур, аввал манави қузғунни тутайлик, кейин бу қузғунга жой берган сен билан алоҳида гаплашамиз,-дея ниқоблиларнинг бошлиғи Хорунбек оғани  бурчакка зарб билан туртиб юборди ва орқасида турган ниқоблиларга ўшқирди:

   -Қани ҳамманг ташланиб, бу қузғунни ушлаб, оёқ-қўлини боғлаш!

   Амин ерда ётган бир ниқоблининг ёнидан қиличини суғирдию Ўзи томон чопиб келаётган  ниқоблилардан чапдастлик билан ҳимояланар, бирин-кетин уларни ер тишлатар эди. Зарбдан бурни ва лаби қонашга тушган Хорунбек, ўтирган аминга бақирди:

   -Қоч болам, буларга кучинг етгани билан, яна келиши мумкин бўлганлар олдида барибир ушланиб қоласан! Буларнинг нияти бузуқлиги кўриниб турибди. Бўлмаса куппа- кундузи, изн билан киришиб, сени олиб кетишлари керак эди. Биздан хавотир бўлма, қайлиғингдан ҳам, болам!

   Амин Хорунбек оғанинг илтимос оҳангидаги сўзларини эшитсада, уни эшитмаганга олиб, ёнига келаётганлар билан моҳирона уришиб, уларни енгар эди. Ён ҳужрадан чиққан Сора момо эрига ўхшаб Аминга илтимос қилди:

   -Айланай болам, биз қарияларнинг, аёлларнинг сўзини ерда қолдирма болам! Оғанг айтган ишни қил!

   Шу пайт ердан турмоқчи бўлган Хорунбек оғани ниқоблиларнинг бошлиғи келиб, иягига тепди. Оға ерга вайрон бўлаётган бинодек йиқилди. Бу ҳол етмагандек, ҳужрадан чиқиб турган Сора момони ҳам бўйнидан ушлаб, ичкарига зарб билан туртиб юборди. Ичкари Хуснинисо ва Сокиналарнинг қичқириғига тўлди.

   Амин ўзига бир неча кунлардан бери ота-онасидек бўлиб кетган кимсаларнинг разил кимса томондан калтакланиши манзарасига чидаб туролмади. Атрофини ўраб турган барча ниқоблиларни ёриб ўтиб, шерлардек ҳайқирганича ниқоблиларнинг бошлиғига ташланди ва бор кучи билан уни уриб йиқитди ва калласини танасидан жудо қилди. Жуда тезликда оғилхона томон ўтиб, зудлик билан отини ечиб, уни миндида, ўзи томон югургилаб келаётган ниқоблиларни оти устида туриб уриб-ёриб ҳовлидан чиқиб, қочди. Ташқарида қўшниларни киритмасликни пойлаб турган тўрт нафар соқчи, Аминни йўлини отлари билан тўсиб, ушламоқчи бўлишди. Аммо кўзига қон, билагига куч жамланиб турган Амин олдида ипак эшишга қодир бўлиша олмади.

   Амин отининг тезлигини тўхтатмай, шаҳардан чиқиб кетди. Қоп-қоронғулик босган тунда шаҳардан кейинги қишлоққа етиб борди. Тоҳир оғалар билан келишган режага биноан, агар бир кўнгилсиз воқеа юз бергудек бўлса, шу қишлоқдаги Билолнинг амакисиникига келиши лозим эди.

   Отнинг дупурлашидан уйғониб чиққан Билолнинг амакиси Қобил ҳожи оға дарвозасининг қанотини очди. Аввалда бир кўришга улгурган Қобил ҳожи оға Аминнинг отидан тутиб, уни ўзини зудлик билан кийимларини алмаштириб, ювиниб оғилхонадаги хашакхонага яширинишини тайинлади. Ўзи оғилхонада турган еттита отини бўшатиб, Аминнинг отга қўшиб, пойтахт томондаги далага хайдади.

   Қобил ҳожи оға кўпни кўрган , Мухаммад Хорзмшоҳнинг отаси даврида хуфя бўлиб ишлаган одамлардан эди. Шунинг учун ҳам Амин оти билан босиб келган изларни йўқотиш пайида етти отни Аминникига қўшиб, ҳайдаб солди. Топилса бу отлар топилди, мабодо ғоиб бўлиб йўқолса, инсон умридан азиз эмаслигини билган бу оға шу ишни бажаришдан бошқа чора йўқ эди.

- - -